Ислом динининг манбалари “Қуръони карим” ва Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларида ислом дини арконлари – фарз, вожиб, суннат амаллари билан бир қаторда ахлоқий ва ижтимоий масалаллар, инсонпарварлик тамойиллари, жамиятдаги зиддият ва низоларнинг ечими, ўзаро меҳр-оқибатга чорловчи, ахлоқий-тарбиявий фикрлар ҳамда кўрсатмалар ҳам кенг ўрин олган.
Дарҳақиқат, Ислом дини маърифатпарварлик ва юксак ахлоқийлик ғояларини илгари суриш билан ажралиб туради. “Қуръони карим” ва ҳадисларда илгари сурилган ахлоқий қарашлар инсоннинг маънавий-ахлоқий тарбиясида энг таъсирчан, энг бақувват халқа ва энг самарали тарбия воситаси бўлиб, инсоннинг маънавий камолотга эришмоғини у сиз тасаввур қилиш қийин эмас. Айтиш жоизки, “Қуръони карим”нинг ҳар бир ояти ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари (ҳадислари) мўмин-мусулмонларнинг ахлоқ-одоб сифатларини ёритишга, уларнинг ўзига хос гўзал қирраларини очиб беришга ва шу руҳда тарбия топишга йўналтирилган. Шунингдек, уларда одоб-ахлоқ ва ибодат нормалари билан бирга жамиятдаги ижтимоий масалалар ҳам ўз ифодасини топган. Ҳатто, баъзилари ибодат даражасига кўтарилган. Ота-она хизмати, фарзанд тарбияси, оила мустаҳкамлиги, қариндош ва қўшничилик муносабатлари шулар жумласидандир. Уларда ҳар бир инсонни инсонпарвар, ватанпарвар, адолатли, маърифатли, маънавиятли, юксак ахлоқ-одоб соҳиби, бунёдкор, яқинларга ғамхўр бўлиши такрор ва такрор уқтирилади.
Умумийлик назарияси билан қараганда, Қуръон карим ва ҳадислар маънавий-ахлоқий тарбия ҳамда ижтимоий муаммоларнинг ечимига оид бўлган дастур ва кўрсатмаларнинг мукаммал тўпламидир. Қуръони карим ва ҳадисларни ўрганар эканмиз, уларда ахлоқий камолот, ҳалоллик ва поклик, имон ва виждон билан боғлиқ бўлган бирорта ҳам муҳим масала эътибордан четда қолмаганини кўрамиз. Шунингдек, инсон учун доғ бўлувчи куфр, разолат, ҳасад, адоват, хиёнат, ёлғончилик, текинхўрлик ва тенгсизлик каби салбий ҳислатлар аёвсиз қораланган.
Хулқнинг асл манбаи бўлган суннат ҳам Қуръон ва унинг нуридан ҳосил бўлгандир. Зеро, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ҳам Расуллуллоҳ ахлоқлари ҳақида сўрашганда: “Расулуллоҳнинг хулқи ахлоқлари Қуръон ахлоқи бўлган эдилар”[1], – деган сўзлари ҳам алоҳида эътиборга моликдир.
Имом Бухорий ҳазратлари ҳам Пайғамбаримизнинг ҳадисларини тўплаб, уларни турли китобатларга тақсим қилдилар. “Холқу афъолу-л-ибод”, “ал-Адаб ал-муфрад”, “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламлари мана шу олий хулқларни ўзида мужассам этган зотнинг маънавий меросидан бир намунадир.
Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби бутун ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг китоби Қуръони каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф этилган. Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўлами ўзида нафақат эътиқод ва ибодатларга оид ҳадисларни, балки инсониятни комиллик сари элтувчи ахлоқий ва ижтимоий масалаларга доир ҳадисларни ҳам киритганлар.
Мазкур ҳадис тўпламининг 2 ва 4 жилдларида айнан шу масалаларга бағишланган. Муҳаддис мазкур ҳадис тўпламида алоҳида “Одоб китоби”ни тасниф этиб, унда одоб-ахлоққа оид ҳадисларни келтирадилар. Агар эътибор қилсак, Имом Бухорий бу китобни ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг хизматига доим ҳозиру нозир туришга тарғиб бўлган ва ота-онанинг хизматини қилишнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар билан бошлайдилар:
Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: Аллоҳ учун энг маҳбуб иш қайсидир? Пайғамбаримиз айтдилар: Вақтида ўқилган намоз. Ундан сўнг қайси амал? Пайғамбаримиз: Ота-онага яхшилик қилиш, – дедилар[2].
Бу ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик қилиш, намоз ўқишдан сўнг энг афзал амал ҳисобланмоқда. Мана шундан биламизки, ота-онага хизмат қилиш буюк ишлардан экан. Исломда намоз ўқиш динни устунидир, буни ҳаммамиз биламиз. Ана шу динимиз устуни бўлган намоз ибодатидан кейин энг афзал ишлардан бири ота-онага яхшилик қилиш экан. Ота-она ҳар-бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишидир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар, уларни ҳурмат эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмоннинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлаик вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, Имом Бухорий мазкур китобда чиройли хулқ ва гўзал муамолот ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни ҳам келтириб, муъмин кишининг ҳаётида одоб-ахлоқнинг юқори ўринда туришини таъкидлайдилар:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам беҳуда фаҳш сўзламас, ўзгаларнинг ҳам беҳуда фаҳш сўзлашига йўл қўймас эдилар ва у зот : “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшингиз – хулқи яхши бўлганингиздир!” – деб марҳамат қилар эдилар,”–– дедилар.[3]
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сўконғич ҳам, шармсиз ҳам эмас эдилар. У зот: “Сизларнинг мен учун энг маҳбубингиз – хулқи энг яхши бўлганингиздир,” – дер эдилар.[4]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ширин сўз – садақадир,” – дедилар.[5]
Инсон ахлоқини тубанлаштириб, жамиятда турли муаммолар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқарадиган, муъмин кишига хос бўлмаган сифатлардан ота-онани норизо қилиш ва ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик беришдир.
Ёлғон гувоҳлик бериш ижтимоий бузғунчиликларга сабаб бўладиган ёлғоннинг турларидандир. Бу нарса кишиларнинг бекорга ўлиб кетиши, жабру жафо тортиши, ҳақ-ҳуқуқларини поймол бўлиши каби кўпгина ёмонликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам , Ислом ёлғон гувоҳлик беришни дунёдаги энг катта гуноҳ Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирган.
Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўпламида ахлоқий масалалар билан бир қаторда ижтимоий масалалар ва уларнинг ечимлари баён қилинган муборак ҳадислар ҳам ўз ўрнини топган. Шулардан: ғийбат, чақимчилик, гап ташиш, ҳасад, аразлашиш каби салбий иллатлар ва савдо-сотиқ, закот, етимлар, қариндошлар, ёши улуғларни ҳурматлаш каби ўзаро муамолотлар ечими баён қилинган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ахлоқий ва ижтимоий муаммоларнинг энг яхши ечими маҳалла, жамоат эканлигини алоҳида таъкидлайдилар: “Мўминларни ўзаро раҳмдиллик, дўстлик ва ҳамдардлик қилишликда бир аъзоси оғриса, қолган барча аъзолари биргаликда уни ҳимоя қилиб дарддан халос бўлишига кўмаклашувчи бир тана кабидир деб билгин!”[6] – деганлар.
Ушбу ҳикматли ҳадисда мўминлар жамоатининг муҳим белгилари ўзининг тўлақонли ифодасини топган. Бундай жамоатда яшаётган ҳақиқий инсон ўзини ягона бир жисмнинг, барча аъзолари ўзаро ҳамдард ва ҳамкор оиланинг бир қисми сифатида ҳис этиши лозим. Бу хил жамоатнинг ҳар бир аъзоси фақат ўзини, шахсий манфаатини ўйламай, жамиятнинг барча аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиши, унинг ҳар қандай муаммоларини ҳал қилишда иштирок этиши зарур. Жамоатга берилган ушбу таъриф, бизнингча, аввало, одоб-ахлоққа оиддир.
Одоб-ахлоқ мамлакатимиз халқлари маданий ҳаётининг ажралмас қисми, эзгу қадриятларимиздандир. Ҳар бир фуқаро маънавиятининг шаклланиши ва камол топиб боришида одоб-ахлоқни таъсир кўрсатиши муқаррар. Одоб-ахлоқ ўзига хос қонунлар, удум ва ананаларга амал қилади. Ҳар бир фуқаро одоб-ахлоқни аҳамиятини яхши англаб етиши зарур. Бу масъулият эса ақл идрок амрига риоя қилиш, ҳалолликни ҳаёт қонуни деб билиш, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятда одоб-ахлоқ муносабатини ҳам эътиборда тутиш, юксак одоб ва маданият соҳиби бўлиб юртдошлар дилига хушнудлик, яхши кайфият бағишлаш, ҳамиша адолатли ва ҳақгўй, ширин сўз ва мулойим, камтар ва саховатли бўлиш, маҳалла аҳлига ҳеч қачон озор етказмаслик, ғийбат, ҳасад, туҳмат, чақимчилик, манманлик каби иллатлардан йироқ бўлиш, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликдан ҳазар қилиш сингари хислатларга эга бўлишни тақозо этади.
Бу асарнинг замиридаги ахлоқий ижтимоий масалаллар аждодлардан мерос бўлиб халқимизнинг қон-қонига сингиб миллий ўзлигимизга айланиб кетган. Мана шу тамойиллар билан ҳар бир ота-она ўз фарзандларини одоб-ахлоқ руҳида тарбиялаб, аввало одоб-ахлоққа ўргатиши, саломлашишдан тортиб катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг насиҳатларига амал қилишга кўникма ҳосил қилдириши, одоб-ахлоқ билан таништира бориб, тўғри сўз ва мулойим, ожизларга мададкор, муҳтожлар дилига малҳам бўлиш таълимини бериши лозим. Улар вояга етганларида ҳалоллик ва меҳнатсеварлик, одоб ва ҳаё, дўстлик ва одамийлик билан муносиб ўрин олишга ўргатишлари зарур.
Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ – Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўплами нафақат ислом уммати, балки бутун дунё халқлари учун ҳам жамиятда ижтимоий ва ахлоқий меъёрлар мезонини кўрсатиб берадиган асардир.
[1] Байҳақий. Шуъбу-л-иймон. Дору-л-кутуби-л-илмия. – Байрут. 1990. Ж.2. – Б.154.
[2]Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2008. 2-китоб. “Одоб” китоби. 1-боб, 5970-ҳадис. – Б. 372.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Одоб китоби” 1-китоб, 23-боб, 3559-ҳадис. – Б 636.
[4]Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Одоб китоби” 1-китоб, 27-боб, 3759-ҳадис. – Б 673.
[5]Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Одоб китоби” 2-китоб, 34-боб, – Б 379.
[6] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Одоб китоби” 27-боб, 6011-ҳадис.