Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти жуда кучли бўлгани учун устозлари уни ниҳоятда ҳурмат қиларди ва олдида дарс айтишдан қўрқиб турарди. Фатҳ ибн Нуҳ Нишопурий: “Мен Ибн Маданийни олдига келганимда, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий унинг ўнг тарафида ўтирганини кўрдим. Ибн Маданий ҳадис айтганида хато қилиб қўйишдан қўрққанидан унга қараб қўярди”, деди [1]. Муҳаммад ибн Салом: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий мени олдимга кирганида ҳайратланардим ва мени қўрқув босарди. Яъни, уни олдида хато қилиб қўйишдан қўрқардим”, деди [2]. Абу Амр Хафоф: “Агар мен ҳадис айтиб турганимда, мана шу эшикдан Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий кириб қолса мени қўрқув босади”, деди [3]. Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти кучлилигини билиш учун содир бўлган имтиҳон бир неча манбаларда келган.
Бағдод
Бу имтиҳон ўша давр халифалигининг маркази Бағдодда содир бўлган. Бағдод уламолари Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилиятини кучлилиги ҳақида кўплаб хабарларни эшитган. Бу хабарлар исломий ўлкаларда кенг тарқалган ва кунма-кун хабарларнинг шуҳрати ошиб борган. Шунда улар Имом Бухорийни имтиҳон қилиб кўришни хоҳлаган.
Ўша кунлари муҳаддислар имоми, Имом Бухорий халифалик ва илм пойтахти бўлган Бағдод шаҳрида эди. Муслим ибн Иброҳим: “Мен Ироқдан чиқмаган ҳолимда саккиз юзта шайхдан ҳадис ёзиб олдим”, деган [4]. Яъни, Бағдод шаҳрининг ўзида шайхлик мартабасига етган саккиз юзта устоз бўлган. Ҳақиқатда, муҳаддислар, фақиҳлар ва мутакаллимлар ер юзининг барча тарафидан келиб Бағдод шаҳрида тўпланарди. Ўша пайтда Бағдод шаҳрида табиблиги ҳақида шаҳодатнома бериладиган имтиҳонга қатнашган табибларнинг сони тўққиз юзтага етган. Яна машҳурлиги учун имтиҳонга қатнашмаган кўплаб табиблар бўлган. Демак, у ердаги муҳаддис ва адибларнинг сонини билишга қодир эмасмиз.
Имом Бухорийнинг шон-шуҳрати баланд ва номи чиққан ҳолида Бағдодга кириши аҳамиятсиз иш бўлмаган. Бағдоддаги кўплаб муҳаддислар Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти кучлилигини синаб кўришга келишиб олишди ва бу учун бир режа тузишди.
Улар юзта ҳадисни олиб, уларнинг матн ва санадларини алмаштирдилар. Ўнта санаднинг матнини бошқа санадга ва ўнта матннинг санадини бошқа матнга қўйиб, уларни ўн кишига ўнтадан бўлиб беришди. Ҳар бир кишига ўнтадан ҳадис тўғри келди. Уларга мажлис бошланганида бу ҳадисларни Имом Бухорийга айтиб беришини тайинлашди. Имом Бухорий билан мажлиснинг жойи ва вақтини келишиб олишди. Уларнинг барчаси тўпланишди. Хуросон ва бошқа шаҳарлардан ҳам кўплаб одамлар тўпландилар.
Мажлис бошланиши билан ҳалиги ўн кишидан бири туриб, Имом Бухорийдан ўша ҳадислардан бири ҳақида сўради. Имом Бухорий: “Мен буни билмайман”, деди. Кейин бошқа ҳадис ҳақида сўради. Имом Бухорий: “Мен буни билмайман”, деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Имом Бухорий: “Мен буни билмайман”, дейишда давом этди.
Мажлисда ҳозир бўлган уламолар бир-бирига қараб: “Имом Бухорий билиб турибди”, дейишарди. Воқеани билмайдиган кишилар эса Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти суст экан деб ҳукм чиқаришарди.
Сўнгра ҳалиги ўн кишидан яна бири туриб Имом Бухорийдан ўша алмаштириб қўйилган ҳадислардан бири ҳақида сўради. Имом Бухорий эса: “Мен буни билмайман”, деди. Сўнгра у Имом Бухорийдан яна бошқаси ҳақида сўради. Имом Бухорий яна: “Мен буни билмайман”, деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида Имом Бухорийдан сўради. Имом Бухорий эса: “Мен буни билмайман”, дейишда давом этди.
Сўнгра учинчиси, тўртинчиси ва ўнинчисигача бирин-кетин сўради. Ҳатто, уларнинг барчаси ўзларининг алмаштирилган ҳадислари ҳақида сўраб бўлди. Имом Бухорий эса: “Мен буни билмайман”, дейишга зиёда қилмади.
Шунда Имом Бухорий уларнинг саволлари тамом бўлганини билганидан кейин биринчи одамга қараб: “Аммо сизнинг аввалги ҳадисингиз бундай, тўғриси мана бундай, иккинчи ҳадисингиз бундай, тўғриси эса мана бундай, учинчиси, тўртинчиси”, деб ўнтанинг барчасини кетма-кет тартиб билан айтиб берди. Ҳар бир матнни ўз санадига ва ҳар бир санадни ўз матнига тўғри ҳолда қўйиб чиқди. Охиригача худди шундай давом этди.
Шунда одамлар Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти кучлилигига тан бердилар ва фазлини эътироф этдилар [5]. “Мирқот” китобининг соҳиби: “Инсонлар ҳайрон қолиб Имом Бухорийнинг фазлини эътироф этдилар”, деди [6].
Аҳли илм ва танқидчиларнинг наздида алмаштирилган санадларни тўғрилаш муҳаддиснинг ниҳоятда комил эканлигига ҳужжатдир. Лекин унданда муҳимроғи ва ажойиброғи, Имом Бухорий ўзи эшитган юзта алмаштирилган санадни бир марта эшитганди. Сўнг уларни эшитган тартибига кўра такрорлади ва уларга фалон санад хато, фалон санад фалон матнники ва фалон матн фалон санадники деб бирма-бир баён қилиб берди.
Самарқанд
Имом Бухорий Самарқандга келганида, яна бир имтиҳон бўлиб ўтди. Самарқандда катта уламолардан тўрт юзтаси бор эди. Уларга Имом Бухорийнинг зеҳни ва ёдлаш қобилияти кучлилиги ҳақидаги хабарлар етиб келди. Шунда улар йиғилишиб жон-жаҳдлари билан Имом Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилдилару, бирор хато билан тўхтата олишмади.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Мен Сулайм ибн Мужоҳиддан эшитдим. У: “Мен Абул Азҳардан эшитганман”, деди. Абул Азҳар: “Самарқандда тўрт юзта муҳаддис етти кун тўпланиб Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилдилар. Шомни санадини Ироқни санадига, Ироқни санадини Шомни санадига, Яманни санадини Ҳарамайн (Макка ва Мадина)ни санадига ва Ҳарамайн (Макка ва Мадина)ни санадини Яманни санадига алмаштирдилар. Улар Имом Бухорийни санадда ҳам матнда ҳам бирор хато билан тўхтата олишмади”, деган эди [7].
Ислом дунёсида “Ҳадис илмининг султони” дея шуҳрат топган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси даврлар оша ўз қадру қийматини йўқотмаган. Демак, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, халқимизга етказиб бериш ва ёшларимизни аждодларимизга муносиб ворис қилиб тарбиялаш бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифалардандир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ