Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИДА САҚЛАНАЁТГАН “ҚОҲИРА МУСҲАФИ”

МАРКАЗ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИДА САҚЛАНАЁТГАН “ҚОҲИРА МУСҲАФИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида “Усмон мусҳафи” нусхаларидан бирининг факсимилеси сақланмоқда. ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази (ИРСИКА) томонидан тақдим этилган ушбу бебаҳо бойлик Қоҳира шаҳридаги Имом Ҳусайн даҳмасида сақланаётган Қуръони каримнинг қадим нусхаси асосида тайёрланган.

Мазкур факсимиле туркиялик олим доктор Таййор Олти Қулочнинг “Қоҳира мусҳафи” устида олиб борган тадқиқотлари ҳосиласидир. Ушбу мусҳаф Тошкентда сақланаётган “Усмон мусҳафи” сингари дунёдаги мавжуд энг қадимги мусҳафлардан бири ҳисобланади. Халқ орасида, баъзи илм аҳллари ичида ҳам ушбу мусҳаф Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида кўчирилган 6 та мусҳафдан бири экани ҳақида қарашлар мавжуд.

Таййор Олти Қулочнинг ушбу тадқиқотида мусҳаф ҳақида яна қуйидаги маълумотларни ўқишимиз мумкин.

Мусҳафнинг ҳижрий 6-асргача бўлган тарихи ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. 6-асрга келиб уни Айюбийлар замонида Мисрда қозилик қилган Абдураҳим ибн Али Байсони Асқалоний (ваф. 594 ҳ/1200 м) уч минг динордан каттароқ пулга сотиб олган ва ўзи қурдирган Фозилия мадрасасига тақдим этган. Кейин мамлук султонлардан Абу Наср Малик Ашраф Қонсуҳ Ғурий (ваф. 922 ҳ/ 1514 м) буйруғи билан қурилган равоққа кўчирилган. Ҳижрий 874 йилда (мил. 1469 йил) мусҳаф учун махсус муқова қилинган. Ҳижрий 1305 йилда (мил. 1887-88 йил) Ҳусайний даҳмасига кўчирилган мусҳаф 2006 йилгача шу ерда турган. Ундан кейин эса реставрация учун исломий қўлёзмалар марказий кутубхонасига ўтказилган.

Мусҳаф 1087 варақдан иборат. Унда Қуръондаги барча суралар мавжуд. Сатрлар қатори 16та. Айрим йўқолган саҳифалар ўрни кейинчалик ёзиб тўлдирилган. Баъзи саҳифаларга асрлар ўтиши таъсир этиб, ёзувлар ўчган, ўқиш қийин ёки умуман имконсиз ҳолатга келган.

Бу мусҳафда Абул Асвад Дуалий[1] томонидан ҳаракатларни ифодалаш учун ишлатилган нуқта ва белгиларни учратмаймиз. Ўхшаш ҳарфлар орасини ажратиш учун чапга мойил қия чизиқчалардан фойдаланилган. Суралар ораси қизил қалин чизиқли безаклар билан ажратилган, ҳар ўнта оят охирида махсус белгилар қўйилган.

Мусҳафнинг халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида ёзилган мусҳафлардан бири ҳақидаги мулоҳазага келсак, доктор Олти Қулоч бу тахмин ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлайди. У ушбу хулосасини қуйидагича асослайди:

  • “على” [ъала] сўзи барча замонларда уламолар томонидан иттифоқ қилинган Усмон мусҳафида айнан шу шаклда ёзилади. Қоҳира мусҳафида эса атига йигирмата ўринда шундай келган, аксарият ўринларда “علا” шаклида, яъни охири алиф ҳарфи билан ёзилган.
  • “حتى” [ҳатта] сўзнинг охирини Усмон мусҳафларида “ё” ҳарфи билан ёзиш лозим бўлсада, биз ўрганаётган мусҳафда алиф билан “حتا” шаклида ёзилган.
  • “الاسباط” [ал-исбат], “اذان” [азан] сўзлари Усмон мусҳафларида охирги ҳарфидан олдин алиф қуйилиб ёзилган. Ушбу масҳафда эса алифсиз ёзилган. Шунингдек, “طعام” [тоъам] сўзи ҳам 14 жойда алифсиз келган.
  • Қоҳира мусҳафида кўплаб имловий хатолар мавжуд. Уларнинг баъзиси нусха кўчирувчининг адашиши, қалами тойилиши натижасида бўлган дейишимиз мумкин. Қолганлари нусха кўчирилаётган бош мусҳафдаги хатолардир. Ваҳоланки, Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафларида шундай хатоликлар ўтганини тасаввур қилиш мумкин эмас.
  • Қоҳира мусҳафида ўхшаш ҳарфларни ажратадиган, суралар, оятлар тугашини ифодалайдиган белгилардан фойдаланилган. Тадқиқотчи бу белгилар кейинчалик эмас, айнан кўчириш жараёнида қўйилганини аниқлаган. Усмон мусҳафида эса бундай белгилар йўқ.
  • Ушбу мусҳаф Мадина мусҳафидан 14 ўринда, Макка мусҳафидан 15 ўринда, Кўфа мусҳафидан 7 ўринда, Басра мусҳафидан 9 ўринда, Шом мусҳафидан 28 ўринда фарқ қилади. Фарқлар бирлаштирилганда умумий 44тани ташкил этади. Бу мусҳаф машҳур қироатларнинг бирортасига тўлиқ мос тушмайди. Унинг котиби машҳур қироат имомларидан бўлмасада, лекин қироат устозларидан бири бўлгани эҳтимолга яқиндир.

Дарҳақиқат, машҳур мусҳафлар билан кўплаб ўринда фарқ қилиши, мавжуд қироатларга тўла мос келмаслиги, ҳарфлар устида белгилардан фойдаланилгани, безаклар ишлатилгани “Қоҳира мусҳафи” Усмон розияллоҳу анҳу даврларида кўчирилган мусҳафлардан бири эмаслигини исботлайди. Тоййор Олти Қулоч тадқиқотида мусҳаф кўчирилган йили ҳақида ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярмида ёки ҳижрий иккинчи аср охирилари ёки бўлмаса ҳижрий учинчи аср бошида деган тахминлар келтирилган. Улардан қайси бири ҳақиқатга яқин эканини аниқлашнинг, албатта, иложи бўлмаган.

Ушбу тадқиқот иши ИРСИКА томонидан икки жилдда нашр қилинган. Китоб аввалида араб ёзуви тарихи, Усмон мусҳафи хусусиятлари, ҳозирда дунёдаги мавжуд энг қадимги мусҳафлар ҳақида маълумот берилган.

 Саҳифанинг тепа қисмида мусҳаф сурати туширилган. Пастда эса замонавий, ўқиш осон бўлган араб ёзувида расмдаги оятлар қайта ёзиб чиқилган. Пастки ҳавола қисмида айрим сўзлар Қоҳирада, Санъода (Яман) ва Маккада сақланаётган қадимги мусҳафлар билан солиштирилган. Қиёсий таҳлил қилинган.

“Қоҳира мусҳафи” бугунги кунда деярли тўлиқ шаклда сақланган кам сонли энг қадимги нусхалардан биридир. Биз бу тадқиқотда каломи шарифнинг қадимги нусхаси билан танишиш имкониятига эга бўлиш билан бирга, 14 асрдан бери Қуръоннинг бирорта ҳам ҳарфи ўзгармасдан бизгача етиб келганига яна бир бор имон келтирамиз. Аллоҳнинг “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз[2], деган ваъдаси амалиётига гувоҳ бўламиз.

Салкам 13 асрлик тарихга эга ушбу мусҳафнинг факсимилеси бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар фондини бойитиб турибди. Бу бизга Аллоҳнинг каломига доир қимматли бойлик бўлиш билан бир қаторда Қуръоннинг ноёб қўлёзмалари билан шуғулланишни мақсад қилган тадқиқотчилар учун муҳим манба вазифасини ўтаб беради.

Усмонхон Муҳаммадиев
ИБХИТМ илмий-тадқиқотлар бўлими бошлиғи
[1] Абул Асвад Дуалий, улуғ тобиъийнлардан, Исломнинг катта уламоси. Басрада қозилик қилган. Унинг икки иши тарихда қолган: наҳв (араб тили грамматикаси) илмига асос солган ҳамда аввал нуқталарсиз ва ҳаракатларсиз бўлган Қуръони карим ҳарфларига нуқталар қўйиб чиққан. Ҳижрий 67 (милодий 687) йили вафот этган.
[2] “Ҳижр” сураси, 9-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …