Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АТ-ТАРИХ АЛ-КАБИР” АСАРИДАГИ ЖАРҲГА ОИД ИБОРАЛАР ТАҲЛИЛИ (“МУНКАР АЛ-ҲАДИС” ИБОРАСИ МИСОЛИДА)

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АТ-ТАРИХ АЛ-КАБИР” АСАРИДАГИ ЖАРҲГА ОИД ИБОРАЛАР ТАҲЛИЛИ (“МУНКАР АЛ-ҲАДИС” ИБОРАСИ МИСОЛИДА)

Имом Бухорийнинг (810-870 й.й.) ровийлар илмига бағишланган “ат-тарих” деб номланган уч асари маълум бўлиб, улар “катта”, “ўрта” ва “кичик” тарихлар сифатида номланган “ат-Тарих ал-кабир”, “ат-Тарих ал-авсат” ва “ат-Тарих ас-сағир” асарларидир. Улардан дастлабки иккитаси бизнинг кунимизгача етиб келган.

“Ат-Тарих ал-кабир” асари мазкур асарлар ичида мавзу ва маълумотлар қамрови билан ажралиб туради. Балки шунинг учун ҳам асар “катта тарих” деб номлангандир. Асар нафақат Бухорий ижодида, балки “жарҳ ва таъдил” илмида ҳам буюк аҳамиятга эга бўлиб, ровийлар илмига оид манбаларнинг дастлабки ва энг аҳамиятлиларидандир. Буни муаллифга замондош муҳаддислар томонидан берилган юксак баҳолар ҳам тасдиқлайди. Жумладан, “жарҳ ва таъдил” илмининг буюк имомларидан бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотам айтади: “Мисрнинг 30 дан ортиқ уламосининг дунёдаги ҳожатимиз Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Катта тарих”ини кўришдир, – деганини эшитдим” [8:12: 426]. Ибн Ҳажар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саид ибн Уқдадан ривоят қилади: “Мободо бирор киши 30 минг ҳадис ёзиб олса ҳам Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарих”ига муҳтож бўлади” [3: 485].

Асарнинг “жарҳ ва таъдил” илмига оид моҳияти ҳамда муаллиф ижодида тутган ўрнини баҳолашда унда учрайдиган “жарҳ” ҳамда “таъдил”га оид ибораларнинг ишлатилиш ўринлари, асарда жарҳ ёки таъдил қилинган ровийларга муаллифнинг бошқа асарларида берилган баҳоларни ўрганиш муҳимдир. Шу билан бирга, муаллиф ёки бошқа муҳаддисларнинг ўз тўпламларида асарда жарҳ этилган ровийлардан ҳадис ривоят қилишган ёки қилишмаганини ўрганиш ҳам аҳамиятга эгадир. Зеро, бу орқали Имом Бухорийнинг ровийларга баҳо беришда ўзига хос услуби ҳамда унинг муҳаддис сифатида бошқа муҳаддислар ўртасидаги мавқеини очиб бериш мумкин.

Шу мақсадда, дастлаб, “ат-Тарих ал-кабир”да энг кўп учрайдиган “мункар ал-ҳадис” иборасининг маъноси, ҳадис илмида атама сифатидаги таърифлари ҳамда асарда ушбу атама билан жарҳ этилган ровийларнинг муаллифнинг мазкур икки асарларида ҳам зикр этилишини қиёсий таҳлил қиламиз.

Мазкур атама жарҳ уламолари наздида ровийнинг заифлигига далолат қилувчи атама бўлиб, “мункар” сўзи билан боғлиқ учта жарҳ атамаси мавжудлиги ҳамда уларнинг орасида фарқ борлигини инобатга олиш лозим. Бу ўринда Абдулҳай Лакнавийнинг шарҳи эътиборга моликдир. У “мункар ал-ҳадис” ва “мункар ровий” ҳамда “мункарларни ривоят қилади” атамалари орасида фарқ борлигини, буларни билмаган киши эса [ушбу илмда] адашиб кетишини айтиб [1: 199], “Ушбу ҳадис мункардир” деганда унинг ровийси “сиқа” (ишончли) эмас деган хулосага келмаслик лозимлигини таъкидлайди. Зеро, аксарият ҳолатларда ушбу ибора “фақатгина бир киши томонидан ривоят қилинган ҳадис”га нисбатан ишлатилади. Мутааххир уламолар наздида, “мункар ҳадис” – заиф ровийнинг “сиқа” ровийга мухолиф бўлган ривоятидир. Сиқа ровийнинг ривояти бошқа сиқа ровийларга мухолиф бўлса, унда ушбу ҳолат “шоз” дейилади [1: 200]. Демак, ҳадиснинг мункар эканлиги ровийнинг ҳам мункарлигини англатмайди. Шу билан бирга, ровийга нисбатан жарҳда “мункарларни ривоят қилади” ёки “ҳадиси мункардир” дейилганда, ушбу ровийнинг заиф экани тушунилмайди. Бу борада, Зайн Ироқий “Тахриж аҳадис иҳё ал-улум” асарида, “кўп ҳолларда ровийга унинг биргина ҳадис ривоят қилгани сабабидан унга нисбатан мункар лафзи ишлатилади” [11: 162], – деган изоҳи аҳамиятга эга.

Саховий ушбу атама заиф ровийлардан “мункар ҳадис”лар ривоят қилган “сиқа” (ишончли) ровийларга нисбатан ҳам ишлатилишини айтиб ўтади. Далил сифатида эса, Ҳокимдан қилинган қуйидаги ривоятни келтиради. Ҳоким: “Дорақутнийга Сулаймон ибн Бинт Шураҳбилчи?” – дедим. У: “Сиқа”, – деб жавоб берди. Шунда: “Унинг мункар ривоятлари бор эмасми?” – дедим. Шунда у: “Ушбу ривоятларни заиф қавмдан ривоят қилган. Аммо, ўзи сиқадир”, – деди [11: 162].

Бирор ровийга нисбатан “мункар” баҳосини беришда унинг кам бўлсада “мункар” ривоятлари асос бўлаверади. “Мункар” бўлмаган бошқа ривоятлари инобатга олинмайди. Шу сабабли “мункар ал-ҳадис” бўлган ровийнинг барча ривоятлари ҳам “мункар” бўлавермайди. Бу ҳақда Имом Заҳабийнинг Абдуллоҳ ибн Муовия Зубайрий биографиясида келтирган изоҳи муҳим маълумот беради. Унда Заҳабий муҳаддисларнинг у ҳақдаги “мункар ал-ҳадис” баҳоси унинг барча ривоятлари “мункар” эканини англатмаслигини таъкидлайди. Буни изоҳлаб, бир ровий кўпгина ривоят қилган бўлса-ю, уларнинг баъзилари “мункар” бўлса, ушбу ровийга нисбатан “мункар ал-ҳадис” ибораси қўлланишини айтади [1: 201].

Ибн Ҳажар “Муқаддимату фатҳ ал-борий” асарида Муҳаммад ибн Иброҳим Таймий биографиясида тўхталар экан, Имом Аҳмаднинг у ҳақда “Мункарларни ривоят қилади”, иборасини ҳам шарҳлайди. Жумладан, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар томонидан бир кишидан ривоят қилинган ва ҳукм олинмайдиган ҳадисга нисбатан “мункар” ибораси ишлатилганини ушбу ровий тўғрисидаги жарҳнинг сабаби бўлиши мумкинлигини айтади [3:158].

Саховий: Ибн Дақиқ Ийд “Шарҳ ал-илмом”да: Мункарларни ривоят қилишларининг ўзи уларнинг ривоятларини тарк этишга асос бўлмайди, балки мункар ривоятлар кўпайиб кетгачгина, ровийга нисбатан “мункар ал-ҳадис” ибораси ишлатилади. “Мункар ал-ҳадис” ҳадиси тарк этиладиган ровийга нисбатан ишлатиладиган сифатдир. Бошқа ибора (“мункарларни ривоят қилади”, “ҳадисида накора бор” каби) давомийликни тақазо этмайди. Қандай қилиб, Аҳмад ибн Ҳанбал Муҳаммад ибн Иброҳим Таймий ҳақида “мункар ҳадисларни ривоят қилади” дейиши мумкин! Ахир, икки шайх “Амаллар нийятга мувофиқдир” ҳадисини ундан ривоят қилишганку! [10: 1: 179] – дейди.

Ушбу ривоятни юқоридаги фикрларнинг яққол исботи ўлароқ қабул қилиш мумкин.

“Ат-Тарих ал-кабир” асарида “мункар ал-ҳадис” ибораси 193 та ровийга нисбатан ишлатилган. Унда, шунингдек, 29 та ровий ва ривоят ҳақида “унинг мункарлари бор”, “ҳадислари орасида мункарлари бор” шаклида жарҳ иборалари ҳам учрайди. Ушбу атама ва у билан жарҳ этилган ривоятларнинг даражасни билишда Бухорийнинг ўзидан қилинган ривоят аҳамиятлидир. Жумладан, у: “Ким ҳақида “мункар ал-ҳадис” деган бўлсам, ундан ривоят қилишлик ҳалол эмасдир”, – дейди [1: 208].

Мазкур 222 та ровийнинг 27 тасига изоҳ ва қўшимча сифатида бошқа жарҳ иборалари ҳам ишлатилган. Жумладан, “جدا” (жуда ҳам) 2 марта [5: 1: 88 : 244; 8: 384: 3409][1], “تركوه” (уни тарк этишган) 1 марта [5: 5: 219: 713], “حديثه لَيْسَ بالْمَعْروفِ” (ҳадиси маъруф эмас) 1 марта [5: 1: 426: 1370], “ذاهب الحديث” (ҳадиси тарк этган) 1 марта [5: 1: 218: 687], “رماه بالكذب” (уни ёлғонда айблаган) 1 марта [5: 2: 367: 2787], “شبه لا شئ” (ҳеч нарса йўқ) 1 марта [5: 3: 244: 837], “ضعفه أَحْمَد” (Аҳмад уни заиф деган) 2 марта [5: 2: 288: 2500; 3: 10: 1938], “ضعيف” (заиф) 1 марта [5: 2: 189: 2148], “عنده عجائبب” (унинг ажойиб ривоятлари бор) 1 марта [5: 2: 342: 2684], “فيهِ نظر” (у ҳақда шубҳа бор) 1 марта [5: 5: 259: 835], “لَيْسَ بشئ” (ҳеч нарсаси йўқ) 4 марта [5: 1: 171: 512; 1: 417: 1332; 3: 243: 836; 6: 130: 1934], “قد خلط” (чалкаштириб юборади) 1 марта [5: 5: 140: 422], “يتكلم فِيهِ” (уни танқид этишган) 3 марта [5: 1: 163: 484; 1: 202: 602; 8: 429: 3595], “…لا يتابع على” (унинг ҳадиси эътиборга олинмайди) 3 марта [5: 1: 37: 59; 1: 37: 59; 4: 314: 2961], “لا يكتب حديثه” (ҳадиси ёзилмайди) 2 марта [5: 1: 88: 242; 6: 29: 1585], “يعرف وينكر” (маъруф ва мункар ривоят қилган) 1 марта [5: 8: 114: 2397] қўлланган.

Мазкур ровийларга нисбатан ишлатилган ҳукмнинг 3 таси Аҳмад ибн Ҳанбалдан [5: 3: 316: 1075; 5: 259: 835; 7: 291: 1242], 1 таси Яҳёдан [5: 6: 130: 1934] ривоят қилингани таъкидланган бўлиб, муаллиф фақатгина 6 та ровий тўғрисидаги ҳукмни ўзининг номидан “قال ابو عبد الله” (Абу Абдуллоҳ айтади) шаклида ишлатади [5: 1: 37: 59; 1: 40: 63; 1: 40: 64; 2: 342: 2684; 4: 161: 2336; 4: 357: 3135].

Мазкур ровийлардан дастлабки 50 тасини танлаб олган ҳолда, уларнинг “ат-Тарих ал-авсат”, “аз-Зуафо ас-сағир” асарларида ҳам келган ёки келмагани, келган тақдирга қайси лафзлар билан жарҳ этилгани масаласини ўрганилганда, қуйидагилар маълум бўлди (1-жадвал).

1-жадвал

Ровий

Ат-Тарих ал-кабир

ат-Тарих ал-авсат

аз-Зуафо ас-сағир

1.                   

مُحَمَّد بن اسماعيل الضبي

1/37/59

 

 

2.                   

مُحَمَّد بْن إِسْحَاق بْن إِبْرَاهِيم بْن مُحَمَّد الأسدي الأندلسي

1/40/63

 

 

3.                   

مُحَمَّد بْن حجاج اللخمي

1/64/142

2/224/2387

 

4.                   

مُحَمَّد بْن أَبِي حميد ويقَالَ حماد بْن أَبِي حميد الْمَدَنِيّ

1/70/168

2/184/2234

315

5.                   

مُحَمَّد بْن ذكوان

1/79/205

2/51/1756

316

6.                   

مُحَمَّد بْن زاذان

1/88/242

 

319

7.                   

مُحَمَّد بْن أَبِي الزعيزعة

1/88/244

 

 

8.                   

مُحَمَّد بْن عَبْد الرَّحْمَن بْن البيلماني مولى عُمَر

1/163/484

 

329

9.                   

مُحَمَّد بْن عَبْد الملك أَبُو عَبْد اللَّه الْأَنْصَارِيّ

1/164/487

2/215/2351

331

10.               

مُحَمَّد بْن عَبْد العزيز بْن عُمَر بْن عَبْد الرَّحْمَن بْن عَوْفٍ الزُّهْرِيّ

1/167/498

 

 

11.               

محمد بن عبيد الله بْن أَبِي رَافِعٍ مَوْلَى النَّبِيّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

1/171/512

 

232

12.               

مُحَمَّد بْن عون الخراساني

1/197/606

2/109/1972

335

13.               

مُحَمَّد بْن عقبة

1/199/614

 

 

14.               

مُحَمَّد بْن عِمْرَان

1/202/602

 

 

15.               

مُحَمَّدُ بْنُ عِيسَى الْعَبْدِيُّ

1/204/635

2/271/2568

 

16.               

مُحَمَّد بْن عثيم أَبُو ذر الحضرمي

1/205/641

2/109/1973

336

17.               

مُحَمَّدُ بْنُ فُرَاتٍ الْكُوفِيُّ أَبُو عَلِيٍّ التَّمِيمِيُّ

1/208/656

2/188/2251

339

18.               

مُحَمَّد بْن كثير أَبُو إِسْحَاق الْقُرَشِيّ

1/217/683

 

 

19.               

مُحَمَّد بْن كثير السلمي الْبَصْرِيّ

1/218/687

 

338

20.               

مُحَمَّد بْن ميمون الزعفراني

1/234/739

 

 

21.               

مُحَمَّد المحرم

1/248/790

 

 

22.               

إِبْرَاهِيم بْن جرير بْن عَبْد اللَّه البجلي

1/278/892

 

 

23.               

إِبْرَاهِيم بْن أَبِي حية أبو اسماعيل الْمَكِّيّ

1/283/913

 

 

24.               

إِبْرَاهِيم بْن الفضل أَبُو إِسْحَاق المخزومي الْمَدَنِيّ

1/311/989

2/96/1928

 

25.               

إِبْرَاهِيم بْن مهاجر بْن مسمار الْمَدَنِيّ

1/328/1033

2/290/2642

9

26.               

إسمعيل بْن قيس بْن سعد بْن زيد بْن ثابت أَبُو مصعب الْمَدَنِيّ الْأَنْصَارِيّ

1/370/1172

 

18

27.               

اسماعيل بن مخراق مدينى

1/374/1188

2/293/2654

 

28.               

إِسْحَاق بْن سَعِيد بْن جبير

1/392/1249

 

 

29.               

إِسْحَاق بْن نجيح الملطي، قردوسي أزدي

1/404/1293

 

 

30.               

أيوب بْن ذكوان

1/414/1320

 

 

31.               

أيوب بْن سيار.أَبُو سيار الزُّهْرِيّ

1/417/1332

لَيْسَ بِشَيْء 2/188/2252

 

32.               

أيوب بْن واقد أَبُو الْحَسَن الكوفِي

1/426/1370

عِنْده مَنَاكِير 2/265/2553

28

33.               

أبان بْن جبلة أَبُو عَبْد الرَّحْمَن (الكوفِي

1/454/1451

2/189/2254

31

34.               

أصرم بْن غياث النيسابُوري أَبُو غياث

2/56/1670

2/290/2643

34

35.               

أزور بْن غالب

2/57/1675

2/129/2043

36

36.               

أغلب بْن تميم بْن النعمان الكندى

2/70/1720

2/216/2354

 

37.               

بشير بْن ميمون أَبُو صيفِي واسطي

2/105/1847

 

41

38.               

بشار بن موسى بن عثمان الخفاف

2/130/1935

2/344/2828

 

39.               

ثابت بن زهير، أبو زهير، بصري

2/163/2064

2/189/2255

44

40.               

جعفر بن أبي جعفر. ميسرة. الأشجعي. أبو الوفاء الكوفي

2/189/2148

2/129/2041

47

41.               

جرير بْن أيوب البجلي الكوفي

2/215/2238

2/107/1964

50

42.               

جراح بْن المنهال أَبُو العطوف الجزرى

2/228/2289

2/107/1965

51

43.               

جارود بْن يزيد (1) النيسابُوري

2/237/2308

2/319/2750

53

44.               

جميع بن ثوب. الشامي

2/243/2331

2/190/2256

52

45.               

جزي بْن بكير العبسي

2/251/2360

 

55

46.               

الحارث بْن نبهان الجرمي

2/284/2481

2/146/2103

 

47.               

الْحَسَن بْن أَبِي جَعْفَر الجفري  الْبَصْرِيّ

2/288/2500

2/170/2185

63

48.               

الْحَسَن بْن علي الَهاشمي

2/298/2533

2/146/2106

65

49.               

حبيب بْن أَبِي الأشرس وهو حبيب بْن حسان الكوفي

2/313/2590

2/95/1925

67

50.               

الحكم بْن يعلى بْن عطاء  المحاربي الكوفي

2/342/2684

2/252/2502

 

Жадвалдан кўриниб турибдики, 50 та ровийдан 20 таси ҳар уччала асарда ҳам “мункар ал-ҳадис” сифатида жарҳ этилган.

Ровийлар вафот тарихига кўра тартибланган “ат-Тарих ал-авсат” асарида мазкур 50 та ровийнинг 27 таси айни ҳукм билан такрорланган бўлиб, қолган 2 таси “لَيْسَ بِشَيْء”, “عِنْده مَنَاكِير” шаклида, жами 29 та ровий жарҳ этилган. Заиф ровийларга бағишланган “аз-Зуафо ас-сағир”да эса ушбу 50 та ровийнинг 27 таси ушбу ибора билан жарҳ этилган.

“Ат-Тарих ал-авсат” асарида “мункар ал-ҳадис”атамаси билан 90 та ровий жарҳ этилган бўлиб, таҳлил қилиш мақсадида улардан дастлабки 10 тасининг “ат-Тарих ал-кабир”да ҳам зикр этилганлиги масаласини кўриб чиқилганда, маълум бўлдики уларнинг барчаси “ат-Тарих ал-кабир”да ушбу ҳам атама билан жарҳ этилган (2-жадвал).

2-жадвал

Ровий

ат-Тарих ал-авсат

Ат-Тарих ал-кабир

1.                   

ربيعَة بن سيف الْمعَافِرِي الإسْكَنْدراني

1/308/1491

3/290/987

2.                   

عَلِيّ بْن يزِيد أَبُو عبد الْملك الْأَلْهَانِي الدِّمَشْقِي

1/310/1500

6/301/2470

3.                   

عَمْرو بن خَالِد مولى بني هَاشم

1/310/1501

6/328/2543

4.                   

عبد الرَّحْمَن بن إِسْحَاق بن الْحَارِث أَبُو شيبَة

2/43/1725

5/259/835

5.                   

سُهَيْل بن أبي فرقد عَن الْحسن

2/48/1745

4/105/2124

6.                   

مُحَمَّد بن ذكْوَان

2/51/1756

1/79/206

7.                   

عبد الرَّحْمَن مولى سُلَيْمَان بن عبد الْملك

2/56/1723

5/369/1169

8.                   

رشدين بن كريب

2/60/1793

3/337/1144

9.                   

عَبْد الْوَاحِدِ بْن ميمون أَبُو حمزة المديني

2/61/1800

6/56/1703

10.               

زيد بن جبيرَة بن مَحْمُود بن أبي جبيرَة

2/63/1807

3/390/1299

“Аз-Зуафо ас-сағир” асарида “мункар ал-ҳадис” атамаси билан 157 та ровий жарҳ этилган бўлиб, таҳлил қилиш мақсадида улардан дастлабки 10 тасининг “ат-Тарих ал-кабир” асарида зикр этилганлиги масаласини кўриб чиқилганда маълум бўлдики, уларнинг барчаси “ат-Тарих ал-кабир”да ҳам “мункар” сифатида баҳоланган (3-жадвал).

3- жадвал

Ровий

аз-Зуафо ас-сағир

Ат-Тарих ал-кабир

1.                  

إبراهيم بن إسماعيل بن أبي حبيبة المدني الأنصاري الأشهلي

21

1/271/873

2.                   

إبراهيم بن أبي حيَّة أبو إسماعيل المكي

21

1/283/910

3.                   

إبراهيم بن الفضل أبو إسحاق المخزومي المديني

21

1/311/989

4.                   

إبراهيم بن مهاجر بن مِسْمار المدني

22

1/328/1033

5.                   

إسماعيل بن قيس بن سعد بن زيد بن ثابت أبو مصعب المدني

25

1/370/1170

6.                   

أيوب بن سيّار الزهري

27

1/417/1332

7.                   

أيوب بن واقد أبو الحسن الكوفي

27

1/426/1370

8.                   

أبان بن جَبَلة أبو عبد الرحمن الكوفي

29

1/453/1451

9.                   

أصرم بن غِيَاث النيسابوري أبو غياث

31

1/56/1670

10.               

أزور بن غالب

32

1/57/1675

Имом Бухорий томонидан “ривоят қилиниши ҳалол эмас”, – дея таърифланган юқоридаги ровийлардан бошқа машҳур муҳаддислар асарларида ривоятлар келтирилган ёки келтирилмагани масаласини таҳлил этиш юқорида олдимизга қўйган иккинчи мақсад етишишда, яъни унинг ўзига ҳос услуби ва муҳаддислар орасидаги мавқеини аниқлашда муҳимдир.

Юқорида келтирилган 50 та ровийдан дастлабки 10 таси мазкур шартлар асосида таҳлил қилинганда улардан 8 таси: Муҳаммад ибн Исмоил Зобий, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Муҳаммад Усдий Андалусий, Муҳаммад ибн Ҳажжож Лахмий, Муҳаммад ибн Абу Ҳамид (Ҳаммод ибн Абу Ҳамид Маданий ҳам дейилади), Муҳаммад ибн Заквон, Муҳаммад ибн Зозон, Муҳаммад ибн Абу Заъийзаъа ва Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Абдуллоҳ Ансорийлардан машҳур муҳаддислар томонидан ривоятлар қилинмагани маълум бўлди. Қолган икки ровий Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Байламоний ҳамда Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Абдураҳмон ибн Авф Зуҳрийлардан эса машҳур муҳаддислар тўпламларида ривоятлар келтирилган. Жумладан, Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Байламонийдан “икки шайх” ривоят қилишмаган бўлишса-да [13: 2: 271], бошқа муҳаддислар томонидан ҳадис ривоят қилингани маълум бўлди. Таҳлил натижалари Байламонийдан қилинган ривоятларнинг аксарияти, отасидан, у эса Ибн Умардан қилинган бўлиб, унда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмизишликнинг собит бўлишида кимнинг гувоҳлиги жоизлиги ҳақида сўралганда, бир эркак ва аёл, деб айтгани зикр этилади [4: 8: 511]. Дорақутний ундан таҳоратда масҳни 3 марта қилиш, маҳр, ҳадисларнинг бошқа ҳадисларни насх қилиши [9: 1: 161; 4: 357; 5: 255] масаласида ривоятлар келтиради. Байҳақий эса маҳр ва эмизишда аёл кишининг гувоҳлиги тўғрисидаги ривоятларни келтириш билан биргаликда, Байламонийнинг “заиф ровий” эканини ҳам алоҳида таъкидлайди [2: 7: 391, 764].

Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Абдураҳмон ибн Авф Зуҳрийдан “сиҳоҳи ситта”да ривоятлар келтирилгани кузатилмаса-да, бир қанча машҳур тўпламларда ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Ҳоким “Мустадрак”да “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироати”, “Абдураҳмон ибн Абу Бакрнинг маноқиби” ҳамда “тавба ва иноба китоби”да [13: 2: 252; 3: 542; 4: 280] ундан ривоятлар келтириб, ушбу ҳадисларнинг исноди саҳиҳлигини алоҳида таъкидлайди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, “мункар ал-ҳадис” ибораси аксар ҳолда ровийнинг ўзидан кўра ишончлироқ ровий ривоятига ихтилофли бўлган ҳадис ривоят қилишига нисбатан ишлатилади. Имом Бухорий томонидан ушбу атамага нисбатан берилган таъриф “сиҳоҳи” ситта муаллифлари қарашлари билан мувофиқ келади. Буни мазкур ровийлардан ушбу тўпламларда ривоятлар келмагани ҳам тасдиқлайди.

“Ат-Тарих ал-кабир” асари муаллифнинг жарҳ ва таъдилга оид бўлган “ат-Тарих ал-авсат” ҳамда “аз-Зуафо ал-кабир” асарларига қараганда кенг қамровли бўлиб, унда жарҳ этилган ровийларнинг барчаси ҳам мазкур икки манбада келтирилмаган. Аммо, мазкур икки асарда “мункар ал-ҳадис” сифатида жарҳ этилган ровийларнинг барчаси “ат-Тарих ал-кабир” асарида ҳам жарҳ этилган.

Дорақутний, Байҳақий ва Ҳокимлар томонидан Бухорий томонидан “мункар ал-ҳадис” сифатида таърифланган баъзи ровийлардан ривоятлар келтирилган. Ушбу ровийлар баъзи ўринларда заиф сифатида баҳоланган бўлишса, бошқа ўринларда Имом Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ сифатида баҳоланганини ҳам кўриш мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АБАДИЁТЛАР:

  1. Абдулҳай Лакнавий. Ар-Рафъу ва ат-такмил фий ал-жарҳ ва ат-таъдил. – Ҳалаб: Матба ал-матбуот ал-исламийя, 1987. – 432 б.
  2. Абу Бакр Байҳақий, Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Хусравжирдий Хуросоний. Ас-Сунан ал-кубро. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2003. – 10 ж.
  3. Асқалоний, Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар. Ҳадю ас-сари муқаддимату фатҳил-бари. – Риёз, 2001. – 524 б.
  4. Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал. Муснад ал-имом Аҳмад ибн Ҳанбал. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 2001. – 8 ж.
  5. Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил. Ат-Тарих ал-кабир. – Ҳайдаробод: Доира ал-маориф ал-усмонийя, нашр йили кўрсатилмаган. – 9 ж.
  6. Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил. Ат-Тарих ал-авсат. – Ҳалаб: Мактаба дор ат-турос, 1977. – 2 ж.
  7. Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил. Аз-Зуафо ас-сағир. – Халаб: Дор ал-ваъй, 1976. – 124 б.
  8. Заҳабий, Муҳаммад ибн Аҳмад. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 2001. – 18 ж.
  9. Дорақутний, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад. Сунан ад-Дорақутний. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. – 5 ж.
  10. Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад Зайъалий. Насб ар-роя ли-аҳадис ал-ҳидоя маъа ҳошиятиҳ бағийя ал-алмаъий фий тахриж аз-Зайлаъий. – Байрут: Муассаса ар-райён ли ат-тибаъа ва ан-нашр, 1997. – 4 ж.
  11. Саховий, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон. Фатҳ ал-муғис бишарҳи алфия ал-ҳадис лил-Ироқий. – Миср: Мактаба ас-сунна, 2003. – 4 ж.
  12. Суютий, Абдураҳмон ибн Абу Бакр. Тадриб ар-ровий фий шарҳи тақриб ан-Нававий. САП: Дор тийба, нашр йили кўрсатилмаган. – 2 ж.
  13. Ҳоким Найсобурий, Абу Абдуллоҳ Ҳоким Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. Ал-Мустадрак ъала ас-Саҳиҳайн. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1990. – 4 ж.
Нўъмонжон Тўраев
ЎзХИА таянч докторанти

[1] Изоҳ: бу ва кейинги ўринларда: a:b:c:d – манба: жуз: бет: ровий рақами

Check Also

САДАҚА (эҳсон) нинг энг ноёб 80 та ТУРИ

«Кимки бир ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша …