Home / МАҚОЛАЛАР / “МАҲБУБ УЛ-ҚУЛУБ” АСАРИ ШАРҚ ПАНДНОМА АДАБИЁТИНИНГ НОЁБ ДУРДОНАСИ

“МАҲБУБ УЛ-ҚУЛУБ” АСАРИ ШАРҚ ПАНДНОМА АДАБИЁТИНИНГ НОЁБ ДУРДОНАСИ

Инсоннинг маънавий камолоти масаласи инсоният тарихининг барча босқичларида тафаккур аҳлининг диққат марказида бўлиб келган. Айниқса, бугун дунёда кечаётган глобализация ва ҳарбий-сиёсий рақобат жараёнида ҳамда тобора кучайиб бораётган мафкуравий кураш даврида комил инсон тарбияси масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Шу боис Ўзбекистонда ҳам замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда [4].

Айни шу нуқтаи назардан қараганда, қадим замонлардан буён орттирилган бой тарихий тажриба ва маънавий меросимиз мазмун-моҳиятини синергетик ёндашув асосида фалсафий тадқиқ ва таҳлил этиш умуминсоний фазилатларни шакллантириш ва тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Халқ ҳаётини тўғри йўлга солиш, уни эзгуликларга етаклаш улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ижоди ва фаолиятида ҳам асосий ўрин эгаллайди. Навоийнинг деярли барча асарларида ахлоқий қадриятлар у ёки бу даражада тараннум этилади. Бу асарлари билан шоир ўзининг чинакам маънода адиб, яъни адаб ўргатувчи, мураббий сифатидаги буюклигини намоён этган. Навоий ўз асарларининг дидактик характери устидаги изланишларини ўзигача бўлган панд-насиҳат ва ҳикматга мойил туркий ва форсий ёзма ҳамда оғзаки адабиёт анъаналарига суяниб олиб борди ва уларни янада бойитди [3: 42].

Алишер Навоий насрининг гултожи бўлган “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) Шарқ панднома адабиётининг дурдоналаридан ҳисобланади. Шоир ушбу асарни 1500 йилда [2: 21], яъни маънавий ижоднинг энг етук ва сермаҳсул палласига кирган бир даврда яратади-ки, бу ўз навбатида асарнинг илмий қимматини янада оширади.

Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарини ёзишдан кўзланган мурод-мақсадни мазкур асар дебочасида шундай баён қилади: “Фуқаронинг гадойи ва ғаройиб мастураларининг (яширин, пардаланганларининг) чеҳрасини очувчи фақир Навоий лақабли Алишер, – шундай арз қилур ва арзини охирига етказишни ўзига фарз билурким, хокисор ва паришонҳол йигитлик даврининг охиридан ўрта ёш даврининг даврон воқеаларидан ва айланувчи осмон ҳодисаларидан ва фитнаангиз (фитна қўзғовчи, ғавғо солувчи) замоннинг буқаламунлигидан ва замонанинг гуногунлигидан – ранго-ранглигидан узоқ муддат ва суратда қадам қўйдим ва ҳар хил йўлда ва ҳар хил либосда югурдим ва ўзимни яхши-ёмон хизматига ва суҳбатига етказдим. Гоҳо хорлик ва машаққат вайронасида нола қилдим ва гоҳо иззат ва бойлик бўстонида мажлислар туздим.

 

Маснавий:

Гаҳе топдим фалакдин нотавонлиғ,

Гаҳе кўрдум замондин комронлиғ,

Басе иссиғ, совуғ кўрдим замонда,

Басе аччиғ, чучук тоттим жаҳонда.

 

Ночор ва нотавонлик пайтларимда, фалокатли замонларда ва ноумид юрган пайтларимда гоҳо илм мадрасаларида охирги сафлардан жой олдим. Гоҳо уламолар мажлисларида илм нури билан кўнглимни ёритдим. Гоҳо тақводорлар мажлисларида уларнинг қадами теккан ерга юзимни қўйдим ва кўп сажда туфайли пешонам шилинди. Гоҳо поклар хонақоси аҳлининг обдасталарига сув қуйдим, уларнинг ҳурматини қозондим. Гоҳо пасткашлар олдида хор бўлдим ва разиллар олдида беэътибор бўлдим. Ва гоҳо ишқ бобида бепарво бўлиб, нигоҳи билан одамни ўлдирувчи паричеҳралар туфайли ҳалокатга учрадим. Гоҳо мажнунлик (тентаклик) маҳалласида разил кишилар бўйнимга шапалоқ урдилар ва ёш болалар бошимга тош ёғдирдилар ва гоҳо шаҳрим эли томонидан жабр кўриб, ғурбат тортиб, ғарибларга қўшилдим. Ва тоғлар чўққисида ором топдим ва саҳро этаги паноҳим бўлди. Гоҳо ғурбатда бемор бўлиб, ғариблар ичида ҳам хор бўлдим. Ва гоҳо бу аъзобларга чидолмасдан азму ватан қилдим (ватанга жўнадим). Ва хилватга чекиндим. Ва гоҳо азизлар хизматида улар суҳбатидан баҳраманд бўлиб, ўз сўзимни ҳам уларга ёқимли қилдим.

 

Рубоий:

Гардун гаҳ манга ижафоу дунлуққ қилди,

Бахтим киби ҳар ишта забунлуқ қилди,

Гаҳ ком сари раҳнамунлиқ қилди,

Алқисса: басе буқаламунлуқ қилди.

 

Шарҳи:

Фалак менга гоҳи жафою разиллик қилди, бахтим каби ҳар ишда ожизлик қилди, гоҳо мақсадим сари йўл бошлади, хуллас буқаламунлик қилди [1: 9-11].

Аммо бахтли кунларимда, давлат ишлари билан машғул вақтимда кўнгил мулки одамлар ҳужуми туфайли фитнага қолди. Амирлик мартабасида ўтирганимда ҳукумат маҳкамасида халқнинг додига етдим ва гоҳо подшоҳга яқинлик туфайли вазирлик қилдим ва менга умидвор назар солувчиларга мурувват кўргиздим. Гоҳо олижаноблик айвонини макон қилдим ва улуғ кишиларни, амалдорларни таъзим юзасидан меҳмон қилдим. Баъзан шодлик боғида зиёфат дастурхонини ёзиб, май қуювчи соқийлар ва созанда ва хонандаларнинг базму рақсидан баҳра олдим. Баъзан султонлар мухолифат қилганда, ўрталарига тушиб, уларни келиштириб қўйдим. Гоҳо уруш майдонига тушиб, жоҳил ва нодонлар туҳматига қолдим. Ва гоҳи яхши ишлар қилувчилар орасига ўзимни урдим ва жамоат учун бинолар қурдим, ғайратим туфайли турли работлар ва бекатлар барпо бўлди ва йўловчиларга шодлик етишди.

 

Байт:

Димоғима тушубон кўп тасаввуру пиндор,

Ўзумни жоҳу улуғлуққа айладим изҳор.

 

Шарҳи:

Кўнглимни кўп орзу-хаёллар эгаллаб,

Улуғ мансаб ва давлатга етишди.

 

Бу муқаддимадан мақсадим шуки, дейди Навоий, ҳар кўчада югурдим, оламдаги ҳар хил кишилар билан мулоқотда бўлдим ва яхши-ёмоннинг феълини ўргандим ва уларнинг ёмону яхши хислатларини синаб кўрдим. Яхши ва ёмондан шарбат ичиб, заҳрини ҳам тотиб кўрдим. Пасткаш ва сахийнинг захмини (ярасини, жароҳатини) ва малҳамини идрок қилдим. Ва замон аҳлидин баъзи суҳбатдошларим ва даврон аҳлидан баъзи дўстларим бу ҳоллардан хабарсиз ва кўнгилларида бу яхшилик ва ёмонликлардан асар йўқ.

 

Қитаъа:

Не билгай ул кишиким, шаҳду майни тотмайдур,

Ки васлу, ҳажр киби ул чучукдурур, бу ачиғ.

Билур залил мусофирки, пўя айларда эрирур.

Қуму тўзонг юмшоғ, тоғу хорадур қатиғ.

 

Шарҳи:

Асалу майни тотиб кўрмаган киши, висолу ҳижроннинг аччиқ ва чучуклигини қаердан билади.

Чўл қумининг юмшоқлигини, тоғ тошининг қаттиқ­лигини қийналган йўловчи мусофир яхши билади.

Шу боис ҳамсуҳбат ва дўстларни бу ҳоллардан хабардор қилмоқлик вожиб (шарт, зарурий) бўлиб қолди, токи улар ҳам ҳар хил тоифа хислатидан ва ҳар табақанинг аҳволидан хабардор бўлсинлар. Токи муносиб одамлар хизматида бўлгайлар ва номуносиб кишилар суҳбатидан ўзларини тортгайлар. Ва махфий сирларни ҳар кимга айтмагайлар ва шайтонсифат кишиларнинг макрига алданмагайлар. Кимки синалмаган одам билан суҳбатлашиш ва дўстлашмоқни ҳавас қилса, унга мен фақирнинг тажрибаси етарлидир.

Энди бу сўзларнинг қалбларга ёқимлилиги маълум бўлди, шу боис асарга “Маҳбуб ул-қулуб” – (қалбларга ёқимли) деб ном қўйилди, деб ёзади Навоий [1: 12].

Навоийнинг умри сўнгида яратилган “Маҳбуб ул-қулуб” асари ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган инсонларга, кўпроқ ёшларга мўлжалланган асар дейиш мумкин. Токи, дейди Навоий, улар жамият ичидаги барча тоифа ва табақаларда учрайдиган фазилат ва қусурлардан огоҳ бўлсинлар, кимга эргашиш масаласида адашмасинлар.

Асар уч қисмдан иборат бўлиб, “Халойиқ аҳвол ва афъол ва ақволининг кайфияти” (Халойиқнинг аҳволи, феъл-атвори ва гап-сўзларининг кайфияти ҳақида) деб номланган биринчи қисмида кишилик жамиятини ташкил этган барча табақа ва тоифаларга қирқ фаслда батафсил таъриф берилади. Уларнинг фазилатлари ва камчиликлари очиб ташланади. Бу ўқувчида жамият ҳақида яхлит тасаввур уйғотишга қаратилган. Шунингдек, мазкур қисмда тижорат аҳли, мунажжимлар, деҳқонлар, навкарлар, шайхлар, дарвишлар, мутрибу муғаннийлар, ҳофизлар, шоирлар, фақиҳлардан тортиб вазиру подшоҳгача ҳар бирининг аслида қандай фазилатларга эга бўлишлари талаб этилиши ва ўша даврда уларнинг табиатларида зоҳир бўлаётган қусурлар тилга олинади.

Жумладан, қозилар зикрида шоир – қози ислом биносининг таянчи ва мусулмонларнинг яхши-ёмон ишларида фармон чиқарувчидир. Қозининг кўнгли дин илми билан тўла ва дунёвий билимлардан ҳам хотири бенуқсон бўлиши керак. Кўнглида шахсий манфаатга майл бўлмаслиги, иккиюзламачиликдан ҳоли бўлиши керак. Унинг маҳкамаси шариат илмининг хазинаси бўлмоғи ва ҳукм қилмоқликда ошно-ю бегонага бир хил муносабатда бўлмоғи керак. Унинг илму тақвосидан кўнгилларда ҳурмат ва эътибор, фаросатидан диёнатсизлар кўнглида ғам-ташвиш. Агар қози порахўр бўлса, ислом қўрғонига раҳна солади. Агар қозининг ўзи пора бериб, мансабга ўтирган бўлса, албатта, пора олиб, шариат қонунини бузади. Қозининг ҳукми элнинг моли ва жонига дахлдор экан, унинг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим, дейди [1: 27-28].

Шаҳарда олибсотарлар зикрида эса, элнинг зарари – унинг (шаҳар савдогари) фойдаси, енгил олиб, оғир сотмоқ – мақсади. У олишда шойини бўз дейди, сотишда бўзни шойи дейди. Шолни тўрқа (канопдан тўқилган мато) ўрнида ўтказишда сустлик қилмайди, бўйрани зарбафт ўрнида сотишда ўйлаб ўтирмайди. Дўконида инсофдан бўлак ҳамма нарса бор, ўз айбига иқрор бўлишликдан бўлак, ноинсофликнинг барча тури топилади. Бозор олиб сотарга фойдали-ю, харидорга нуқсонли молга тўла. Олиб сотар ҳар икки томондан ёлғон онт ичган даллолдир, деб ўз муносабатини билдиради [1: 44].

“Маҳбуб ул-қулуб”нинг “Ҳамида афъол ва замима ҳисол хосиятида” (Яхши феъллар ва ёмон хислатлар тўғрисида) номли иккинчи қисмида кишилик жамиятида эзгулик ва саодатмандлик ҳукм суриши учун жамият аъзолари қандай тамойилларга асосланмоғи лозимлигини 10 та боб доирасида таҳсинга сазовор феъл-атвор, юксак хулққа эришиш тамойиллари орқали очиб беради. Булар тавба, зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозе ва адаб, зикр, ризо, таважжуҳ ва ишқдир. Мана шу фазилатлар инсон қалбини туғён ва исёндан сақлайди, унга ҳузур ва ҳаловат бахш этади, хулқини гўзал қилади, бардошини оширади. Иродасини бақувват бўлишига кўмаклашади.

Хусусан, шоир сабр зикрида – сабр нафсоний истаклар ва жисмоний лаззатлардан ўзини чиқармоқ ва ибодат машаққати билан нафсини ҳибс қилмоқ ва риёзат қаттиқлигида қадамини собит қўймоқликдир. Сабр аччиқдир, лекин фойдали, қаттиқроғдир, лекин зиён-заҳматни даф қилувчи. Сабр – роҳат-фароғат калити ва тугунлар ечими. Сабр дўстдир, лекин суҳбати зерикарли, аммо муродга етказувчи. Сабр секин юрадиган уловдир, аммо манзилга элтувчидир. Сабр – аччиқ сўзлаб, таъбни хира қилувчи насиҳатчи, лекин у туфайли охирида мақсад ҳосил бўлади. Дориси аччиқ табиб, бемор ундан озорланади, аммо охирида сиҳат топади. Ҳар балога гирифтор бўлган, жони хавф остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод, ҳар ноумиднинг тушкун руҳи сабр туфайли қувват топади, деб ёзади [1: 75].

“Маҳбуб ул-қулуб”нинг учинчи қисми “Мутафарриқа фавоид ва амсол сурати” (Ҳар хил фойдали маслаҳатлар ва мисоллар, ҳикматлар, танбеҳлар) деб номланган. Асарнинг ушбу қисмда Навоий тўғридан-тўғри ўқувчига мурожаат этиб турли панд-насиҳатлар ва ҳикматлар воситасида уларга маънавий камолот сирларини очиб беради. Асарда улар “танбеҳ” номи билан аталиб, жами 127 та танбеҳ келтирилган.

Жумладан, карам ва мардлик тўғрисидаги 13-танбеҳда “Карам – бир жафокашнинг оғир юкини кўтармоқ ва юкни машаққатидан уни қутқармоқ. Карам – бировнинг тиканли юкини кўтармоқ ва тикан санчилишидан гулдек очилмоқ ва шу қилган иши ҳақида қайта оғиз очмаслик. Ҳеч қачон миннат қилмаслик ва асло юзига солмасликдир” дейилади [1: 109].

Танбеҳларнинг аксарияти ҳадислар мазмуни билан уйғунлик касб этади. Хусусан, “Кимки биров билан дўст бўлса ёки дўстлик даъвосини қилса, у ўзига раво кўрмаганни, дўстига ҳам раво кўрмаслиги керак” дейилган 30-танбеҳда “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўмин бўлолмайди” ҳадисига мазмунан яқиндир. Қитъа:

Ёл улдурки, ҳар нечавким ўзига

Истамас, ёриға ҳам истамагай.

Ўзи истарки, ёр учун ўлгай,

Ани мунда шарик айламагай [1: 118].

Навоийнинг шу қадар ранг-баранг бадиий шаклларда ифодаланган маърифат, мавъиза ва ҳикматлар соҳасидаги фикрлари инсон табиатидаги, жамиятдаги қарама-қаршиликларни ҳисобга олган ҳолда илгари сурилиши ниҳоятда диққатга сазовор. Муаллиф ўз истаги ёки иродасини китобхонга шунчаки тиқиштирмайди. Ўқувчи олдига қўйиладиган талабларни халқ истаги, ҳақ истаги тарзида илгари суради [3: 45].

Хулоса қилганда, ҳазрат Навоий нафақат улуғ мутафаккир, улуғ шоир, балки ўз халқи, миллати тақдирига бефарқ бўлмаган буюк мураббий сифатида умри интиҳосида ҳам миллат ва халқ дарди билан яшади. “Маҳбуб ул-қулуб” асарида жамият билан боғлиқ орзу-умидларини ифодалади. Унда жамият ҳаётини юксалтириш, уни тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялаш каби ўзининг сўнгги армонларини васият қилиб қолдирди. Шундай экан, улуғ аждодларимизга муносиб бўлиш, уларнинг армонларини рўёбга чиқариш ва васиятларига амал қилиш биз ворисларга катта масъулият юклайди.

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
ИБХИТМ илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбларга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. – Т.: Sano-standart, 2018.
  2. Очилов Э. Алишер Навоий (рисола). – Т.: ABU MATBUOT-KONSALT, 2011.
  3. Ҳабибуллаев А. Алишер Навоий асарларида дидактик йўналиш // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар журнали. 1991 йил № 2.
  4. https://president.uz/uz/lists/view/2820 (23.08.2019). Мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …