2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак”лиги тўғрисида алоҳида эслатиб ўтилди. Дарҳақиқат, буюк аждодларимизни ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш ёшларни миллий менталитетимизга хос бўлган фазилатлар ва қадриятлар асосида тарбиялашга ўзининг бебаҳо ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.
Марғилон уламолари орасида Бухорий домла номи билан машҳур бўлган Мирхалил Марғиноний XIX асрнинг иккинчи ярмида Марғилон шаҳрининг Хўжа Форсо маҳалласида ҳунарманд Мирҳайит бўзчи хонадонида таваллуд топган. Илм таҳсилини дастлаб Марғилонда, сўнгра Бухорога бориб, у ерда узоқ вақт таълимни давом эттиради. Унинг “Бухорий” нисбаси билан машҳур бўлишининг асли сабаби ҳам шундандир. Мирхалил Марғиноний мадрасага борган дастлабки пайтларидаёқ Бухоро амири таъсис қилган “даҳяк” мукофоти соҳиби бўлади.
Бухорога жўнаш олдидан акаси Мирҳайдар домла, “Ука, у ерга боргач астойдил ўқийсан-да, отамиз қийналиб бўз тўқисалар ҳам, сени таҳсилга юбораётганини унутмагин”, дея айтган насиҳатига у бир умр амал қилган. Бухорода қаттиқ риёзат эвазига таҳсил олган. Ҳатто, йўқчилик туфайли сабзи пўчоқларини еган кунлари ҳам бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни ейишга ҳеч нарса қолмади. Очлик тинкамни қуритган эди. Дарсни такрор қилиш ҳам юрагимга сиғмади. Бирор егулик умидида ночор кўчага чиқдим. Нарироқда бир одам бошига бир сават нонни қўйганча шу томонга қараб келарди. Яқинлашганда иссиқ ноннинг ҳиди димоғимга урди. Сотиб олишга бир танга ҳам йўқ. Сўрагани эса, ботина олмадим. Бирданига ўпкам тўлиб, йиғлагудек бўлиб, ҳужрамга қараб югурдим…
Буни кўрган новвой ҳам орқамдан югура бошлади. Мен эса, унга қарамай кетавердим. Охири қабристондаги ҳужрамга кириб кетдим. Орқамдан етиб келган, новвой мендан: “Сен кимсан, нима учун йиғладинг, бу ерда нима қиляпсан”, деб сўради. Мен ўзимни талаба эканимни, аҳволимни айтдим. Шунда у: “Ундай бўлса гапларимни яхшилаб эшит, мен новвойман, дўконим ҳўв ана бу ерда. Сен ҳар куни ўша ерга бориб, мендан бир донадан нон олиб турасан, бўлмаса хафа қиламан”, – деди ва бир дона нон бериб, йўлига кетди”.
Кези келганда Бухорий домланинг талабалик даврида Бухорода бўлиб ўтган иккинчи бир воқеа ҳам диққатга сазовордир. Қиш кунларининг бирида кечанинг охирги қисмида Бухорий домла таҳоратга чиқади. Совуқ жуда қаттиқлигидан ҳамма нарса, ҳатто, мадраса ҳовузи ҳам музлаб қолган, бошқа сув йўқ эди. У кўп ўйланади. Сўнгра ҳовуз бўйига келиб, Аллоҳдан сув сўраб, дуо қилади.
Шунда не бахтки, Аллоҳнинг қудрати билан ҳовуз усти битта обдаста сиғадиган даражада ёрилиб, сув кўринади. Бухорий домла Аллоҳга шукрона айтиб, дарҳол обдастани тўлдириб, орқага қайтадилар. Айни пайтда устозлари ҳам уйғониб, ташқарига чиқади.
У зотни болохонадан тушаётганларини кўрган Бухорий домла югуриб борадилар-да, икки қўллаб сувни унга узатади. Зийрак устоз бир зум атрофга назар ташлайди ва: “Совуқни зарбидан музламаган бирор нарса қолмабди, ҳатто ҳовузимиз ҳам. Сизда эса, янги сув, уни қаердан олдингиз”,– дейди. Бухорий домла бир оз хижолат бўлиб, воқеани айтади. Устози: “Ҳай-ҳай, шундайми, бўлмаса обдастани ерга қўйингда, қўлингизни очинг”, – дейди. Сўнгра қиблага қараб: “Омин, сизнинг “ишингиз битибди” – бу ерда сиз ўрганадиган илм қолмабди, бориб, бемалол Марғилон халқига дарс айтаверинг”, дея, дуо қилади.
Кейинчалик Бухорий домла Марғилонга қайтаётганларида устозлари, “Бу бола Бухоронинг ярим илмини ўзи билан бирга Марғилонга олиб кетди”, дея кузатиб қолган экан [1: 106].
Бухорий домла таълимни тугатгач, бир муддат Бухорода истиқомат қилиб қолади. Таърифлари Бухоро амирининг қулоғига етади. Бу хабарни унга унинг муфтийси етказган экан. Амир марғилонлик талабани ҳузурига чақириб, Бухорода қолишга таклиф қилади. Лекин Бухорий домла қабул қилмайди ва узрли сабабини айтиб, Марғилонга қайтади.
Марғилонга келгач, Чуқур мадрасада мударрислик қила бошлайди. Кейинчалик бош мударрис бўлади. Ўша даврда Марғилон шаҳрида Чуқур мадрасасининг ўрни Хонақоҳ мадрасидан кейин иккинчи ўринда турган ва юзта ҳужраси борлиги билан машҳур бўлган.
Мадраса шаҳарнинг ҳозирги Подшо Искандар деб аталадиган маҳалланинг кун чиқар томонида, эски бозор ўрнида жойлашган. Унда ўз даврининг кўплаб машҳур уламолари дарс берганлар. Марғилон ва унинг атрофидан кўп талабалар бу ерда таълим олишган. Жумладан, марғилонлик мулла Аҳмаджон охунд, мулла Зокиржон охунд, Алижон охунд, Абдуссамад охунд, мулла Умурзоқ охундлар ҳам мазкур мадраса талабалари бўлишган.
Замонасининг таниқли олими Холмуҳаммад қори ҳам бу ерда мударрислик қилган. Марғилонлик машҳур Муҳамаджон авлиёнинг ҳам бу ерда алоҳида ҳужраси бўлгани ва тез-тез келиб тургани нақл қилинган. 1912 йилда Марғилон Хўжа Маоз мозорида ўтказилган “талаб борон” маросимида ҳам Чуқур мадрасасининг талабалари фаол иштирок этганлар. Мазкур мадрасада таълим олган Қўрғонча қишлоғилик мулла Йўлчи домла (1903-2000) мадраса билан боғлиқ хотираларини шундай эслаган эди:
“Мадраса бош мударриси Бухорий домла эдилар. Ўша даврда масжидда “Аврод” ўқилар эди. Ҳар куни бомдод намозидан кейин офтоба олиб келган кишиларга масжид атрофи тўлиб кетар эди. Сабаби анҳор суви масжид олдига келиб, қайрилиб оқар эди. Сувга зикрнинг файзи тушган, деб одамлар табаррук билиб, олиб кетишар эди.
Масжид имом-хатиби мулла Орифжон охунд эдилар. Ўттизинчи йилларда вафот этганлар. Бухорий домладан кейин мадрасага куёвлари Почча домла (мулла Эгамберди) мударрис бўлдилар. Кейин Мирза Мусо охунд бўлдилар. Учинчи мударрис Аҳмадали махдум, тўртинчилари Гармдори маҳаллалик Маҳбубхон тўрам, бешинчилари Авлиёхон тўрам, олтинчилари мулла Ҳасан Тожик эдилар. Кейинроқ қатағон йиллари Аҳмадали махдум, Яҳёхон махдум ва Абдуллахон маҳдум почча ва улар билан бирга яна бир уламони НКВД бир кечада олиб чиқиб кетиб, қамаган эди. Абдуллахон махдум почча Кичик жомиъ масжидининг имом хатиби эдилар..”
Айтишларича, Чуқур мадрасада мударрислик пайтлари баъзан, Бухорий домлани мадрасага олиб келиш учун махсус бир извош Хожа Форсодаги ҳовлилари ёнига бориб турган. Бундай илтифотни Бухорий домла ҳар доим ҳам қабул қилмаган ва айрим ҳоллардагина унга мингашиб мадрасага қатнаб турган. Бир куни олиб кетиш учун келган ходимга: “Бугун пиёда кетамиз, чунки бугун бозор, кўчада одамлар кўп. Улар қийналиб қопини елкалаб кўтариб юрса, биз аравада юрамизми?! Бунинг ўрнига бировнинг юкини ташиб берса яхши эмасми?!” – дейди ва ерга қараганча келаверади. Нима қилишни билмаган аравакаш орқаларидан эргашиб мадрасагача келган экан.
Илму риёзат, ижодий меҳнат кишисидан ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатликни талаб қилади. Шу сабабдан ўтмишда вазият тақозоси туфайли марғилонлик уламоларнинг кўпчилиги, жумладан, Бухорий домла ҳам тиб илмидан ҳам яхши хабардор бўлган. Айтишларича, Бухорий домла тиб илмини Бухорода талабалик чоғида дарсдан бўшаган пайтларидан сўнг ўрганган экан. Муҳаммад Юсуфхон Хонақоҳий Ҳазрат – Ҳазин Марғинонийни (1840-1918) шогирдларидан Мадқосим қори Файзимуҳаммад ўғли (1890-1980) шундай ҳикоя қилади: “Талабалик пайтимизда бир куни мадрасага Ҳазрат Домланинг биродарлари Бухорий домла келадиган бўлдилар. Ҳазратнинг буйруқлари билан меҳмоннинг истиқболлари учун мадраса йўлагининг икки четига саф олдик. Ҳазрат бир неча асҳоблари билан кириб келдилар. Ўшанда Бухорий домланинг кароматларига гувоҳ бўлган эдим. Кириб келаётганларида менинг олдимга келдиларда тўхтадилар ва менга қараб, “Ийе, бу бола касал экан-ку, фалон табибга бориб фалон дорини олиб ичса тузалиб қолади, дедилар-да ўтиб кетдилар. Мен хайрон бўлиб қолдим. Негаки, мен ўша куни касал эдим. Лекин буни ҳеч кимга айтмаган эдим. Бухорий домлани ҳам биринчи марта кўриб туришим эди”.
Бухоро амири Олимнинг хос табиби, шарқ табобатининг билимдони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач Мўминжон Ҳаким Марғиноний (Алиев) (1894-1973) ҳаётининг энг оғир дамларида айнан илк устозларидан бири Бухорий домланинг ёрдамига ва маслаҳатларига таянганлигини кўп бор ўз хотираларида таъкидлаб ўтган:
“Эртаси бешинчи куни Фарғона турмасига отправка (жўнатишга) юборди. Шу эрта билан Бухорий домлам Юсуфжон қизиқ билан ҳовлига кириб, домлам ҳовлини ўртасида турди. Юсуфжон қизиқ кулгига олиб чопиб мени олдимга келди. “Ҳай, ҳай” деб милициялар қайтардилар. Ул вақтда мени бошим қаттиғ оғриб пешонамни бир рўмолчада боғлаб айвонда ўлтурган эдим. Йироқдан устозимни кўриб, таъзим билан ўрнимдан турдим. Ул киши йиғлаб туриб дуо қилдилар. Мени охирги кўришим бўлди. Чунки мен қайтиб келганимда ул киши вафот қилган эди. Қабрини зиёрат қилдим”.
Бухорий домла 1340/1922 йилда вафот этган. Вафотларига Бухородан мулла Низомиддин охунд бошчилигидаги алломалар ҳам ҳозир бўлишган. Хўжа Форсо қабристонига дафн қилинган.
Ҳозирда Бухорий домла вафотига ёзилган иккита тарих-марсия сақланиб қолган. Айтишларича, уни Мулла Алижон охунд Бухорий домланинг фарзандлари Мулла Исмоилжон махдумга ёднома тарзида ёзиб берган.
ТАРИХ
Ҳазрат Устозимиз хойрул башар,
Аълами аҳли улуми баҳри бар.
Ўзбекистон диёридан Марғинон,
Шаҳри покиза эрди олий макон.
Хўжа Форсодур маҳалла жойлари,
Ҳам шу ерда марқади олийлари.
Илму ҳолу, илми қол дарбар эди,
Ҳам таломиз аҳлига раҳбар эди.
Қолдириб бизлар учун махдумимиз,
Исмоилжон номлари махдумимиз.
Ҳазор се саду чеҳл бувад соли,
Барафт аз ин Домлойи Бухорий. 1340/1921/22. [2: 374].
Орифлар сандиғи номини олган Марғилон шаҳрида XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида Бухорий домла – Мирхалил Марғиноний сингари ўнлаб уламолар фаолият кўрсатиб, кейинги авлодларга бой илмий мерос қолдирдилар. Миллий меросимизнинг таркибий қисми бўлган исломий, тасаввуфий манбалари орасида Марғилон адабий муҳитида ижод қилган мазкур уламо ва фузалоларнинг асарлари ўзига хос илмий, ижтимоий-сиёсий, маърифий-маданий қадр-қимматга эга. Бу меросни тадқиқ этиш натижалари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш, ёшларни миллий менталитетимизга хос бўлган фазилатлар ва қадриятлар асосида тарбиялашга ўзининг бебаҳо ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.
-
Файзуллаев Р., Абдулаҳатов Н. Абдусамад Охунд Қойил Марғиноний. – Т.: Шарқ, 2015.
-
Файзуллаев Р., Абдулаҳатов Н. Муҳаммад Юсуф Ҳазин (Хонақоҳий Ҳазрат Марғиноний). – Т.: Шарқ, 2013.