Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ТАФСИР ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ТАФСИР ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Ҳадис асарларида мустақил тафсир бўлимларини ажратиш одатини Бухорий бошлаб берган. У билан бир даврда яшаган Муслим “Саҳиҳ”ида “Тафсир” номли етти бобдан иборат кичкина бир бўлим ажратган. Термизий “Сунан”ида, Насоий ҳам “ас-Сунан ал-кубро”сида тафсир бўлимларини очганлар.

Ҳадис асарларидаги тафсир бўлимларида оятлар боб номи шаклида зикр қилинган, кетидан оятларга алоқаси бор деб билинган ҳадислар нақл қилинган. Бу шаклда тартибланган боблардан тафсир бўлимлари ташкил топган.

Қуръони карим оятларининг Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобийлар сўзлари билан тафсир қилиниши ривоят тафсири деб юритилади. Тафсири маъсур ёки ривоят тафсири деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиъийндан нақл қилинган сўз билан баён этишни тушунилади.

Тафсири маъсурнинг вужудга келиш даври икки босқичдан иборатдир. Биринчиси ривоят даври бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳобларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобаи киромлар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир-бирларига, кейинчалик тобиъийнларга етказганлар. Ўз навбатида Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар. Тобиъийнлар ҳам ўз даврларида оятлардаги баъзи махфийликни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар устига ўзлари ҳам ижтиҳод ва раъй билан халққа тушунтирганлар. Тафсирдаги шундай ўзгариш ва кенгайиш табаъа тобиъийнлар (тобиъийннлардан кейинги авлод)нинг даврида ҳам давом этди. Иккинчиси тадвин давридир. Бу даврда биринчи бўлиб тафсири маъсур (ривоятлар асосидаги тафсир) ёзилди.

Тобиъийнлар ва табаъа тобиъийнлар даврида фиқҳ ва ҳадис илми билан бир қаторда тафсир илми ҳам қисман бўлса-да алоҳида ривожланган. Жумладан, тобиъийнлар давридаги тафсир илмининг “Макка”, “Мадина” ва “Басра” мактабларининг мавжудлиги фикримизнинг яққол исботидир. Илк муфассирлар сифатида Муқотил ибн Сулаймон (р.а.) (ваф. 767), Имом Аҳфаш (ваф.793), Абу Убайда (ваф. 825) ва Қосим ибн Сулаймон (ваф. 837)нинг тафсирлари энг машҳур тафсири маъсур тафсирлар сирасига киради. Шунингдек, буларга қўшимча равишда 1964 йилда Мисрнинг Дору-л-кутуб ал-Мисрийя кутубхонасидан топилган Имом Мужоҳид (р.а.) (ваф. 721) тафсири [5] ва Ҳиндистондан топилган 1965 йилда Рампурда илк нашри амалга оширилган Суфён Саврий (р.а.)нинг (ваф. 778) тафсирларини [10: 16] ҳам мазкур тафсирлар қаторига қўшиш мумкин.

Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Ана шундай ҳадис тўпламлари сирасига Имом Бухорий (810-870)нинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ҳам киритиш мумкин.

Ҳадис илми билан бир қаторда тафсир илми билан ҳам шуғулланган олимлар қаторидан жой олган Имом Бухорийнинг мустақил тафсири бўлгани ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Ҳожи Халифа Имом Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ваф. 932)нинг маълумотларига таянган ҳолда Имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид асарларидан ташқари мустақил тафсири бўлганлиги ҳақидаги маълумотни ўз асарида келтириб ўтади [9: 443]. Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Холқу афъол ул-ъибод” асарини таҳқиқ қилиб нашр эттирган Доктор Абдурраҳмон Умайра ҳам Имом Бухорийнинг “ат-Тафсир ал-кабир” номли мустақил асарининг мавжудлиги ва ҳозирда Жазоир Миллий кутубхонаси ҳамда Парижда ушбу асарнинг икки нусхаси сақланаётгани ҳақида маълумот бериб ўтган [8: 23]. Аввал қайд этиб ўтганимиздек, турли тафсир мактабларига мансуб муфассирлар қаторида бир муҳаддис сифатида Имом Бухорийнинг ҳам мустақил тафсир ёзиши табиий ҳолдир. Олимнинг тафсир илмидаги ўрни ҳақида гап кетганда унинг бу жиҳатига эмас, балки Имом Бухорийнинг ривоят тафсири йўналишида биз учун энг муҳим жиҳати ичида илк бора мусаннаф бир ҳадис китоби ичида “Китоб ат-тафсир” сарлавҳаси остида тафсирга жой ажратиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Бухорийдан олдин ёзилган ҳадис китобларида тафсир номи остида ажратилган мустақил бўлимни учратмаймиз. Ҳатто, Бухорийдан 45 йил олдин вафот этган Абдураззоқ ибн Ҳаммом (ваф. 826)нинг “Ал-Мусаннаф” асарида бундай бўлим учрамайди [3: 9]. Шунингдек, Имом Бухорий билан замондош бўлган Имом Доримийнинг “Сунан” асарида ҳам тафсирга бағишланган бирор бўлимга дуч келмаймиз [6: 4]. Аммо Бухорийдан кейин ёзилган Имом Муслим (ваф. 874) ва Имом Термизий (ваф. 892)нинг ҳадис тўпламларида тафсир бўлимини учратиш мумкин. Бундан кўриниб турибди-ки, ҳадис тўпламларига илк бора тафсир Имом Бухорий томонидан олиб кирилган.

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг “Китоб ат-тафсир” бўлимида маълум оятлар боб сарлавҳалари сифатида ёзилган бўлиб, ортидан оятлар билан боғлиқ ҳадислар келтирилган. Шунингдек, “Китоб ат-тафсир”дан бошқа баъзи китоблар номи ҳам маълум бир оятлар билан номланган. Шу шаклда якунланган боблар тафсир китобини ташкил этади.

Имом Бухорийнинг тарожим (боб изоҳлари)ларининг сонини тадқиқ қилган Кирмоний ва бошқа олимлар изоҳларни 3450 ҳадисдан – 3882 ҳадислар оралиғида эканини айтганлар.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг тафсирга алоқадор боб изоҳларини ўрганиб чиқиш натижасида уларнинг сони 1129 тага етди. Бундан кўриниб турибдики, асарнинг учдан бири тафсирга бағишланган. Шу билан бир қаторда оятлар билан бошланувчи китоблар сони эса 18 тани ташкил этади. Тафсир китобидан ташқари изоҳлар бошқа бўлимларда 613 ўринда оятлар изоҳланган, тафсир китобида эса булар 516 тани ташкил этади. Фикримиз исботини қуйидаги жадвал орқали янада аниқроқ ифода этиш мумкин:

ЖУЗЛАР

ОЯТЛАР ИЗОҲИ

1-жуз

35 та изоҳ

2-жуз

32 та изоҳ

3-жуз

66 та изоҳ

4-жуз

42 та изоҳ

5-жуз

67 та изоҳ

6-жуз

97 та изоҳ

7-жуз

23 та изоҳ

8-жуз

516 та изоҳ. Бу – “Китоб ат-тафсир” (“Тафсир китоби”) бўлими

9-жуз

51 та изоҳ

10-жуз

33 та изоҳ

11-жуз

71 та изоҳ

12-жуз

30 та изоҳ

13 жуз

71 та изоҳ.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг ушбу хусусияти Имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бухорийнинг тафсир бўлимида бошқа ҳадис мусаннифларидан фарқли равишда тафсир имконларини кенгайтиришга ҳаракат қилган. У “Китоб ат-тафсир”нинг боб мавзуларида тафсирга оид маълумотларни берган. Бошқа томондан, ҳам асарнинг ҳаммасида, ҳам тегишли бўлимда ҳадисларни ўз фикрини баён қиладиган бир шаклда танлаши ва тартиблаши ҳам, унинг бошқа ҳадис асарларидаги тафсирга оид бўлимларидан кўра фарқли бир жиҳати бор эканлигини кўрсатади дейиш мумкин. Бухорийнинг ўз асарида ажратган тафсир бўлими бу турдаги ишларнинг илк намунаси бўлишига қарамасдан турдошлари орасида тафсир мавзуси бўйича юқори бир савияда эканлиги сабабли унинг тафсир анъанасидан кўпроқ истифода қилганлигини айтиш мумкин бўлади.

Бухорий баъзан боб мавзуларида оятларнинг тушунилишига ёрдам берадиган тафсир ривоятларни нақл қилади. Тафсир ривоятларини бевосита оятларнинг изоҳини кўзлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобадан ва тобиъийнлардан келган маълумотлар шаклида таърифласак, юқорида зикр қилинган айрим мисолларни ушбу гуруҳга киритиш мумкин бўлади. Фақат биз бундай маълумотларни “Сўзлар изоҳлари” мавзусида Бухорийнинг сўз изоҳларидаги бир бутунлик ёндашувига мисоллар келтириш учун зикр қилган эдик.

Бухорийнинг “Китоб ат-тафсир”да нақл қилган саҳобага нисбат қилинган тафсир ривоятларининг деярли ҳаммаси Ибн Аббос (р.а.)га тегишли эканини кўриш мумкин. Масалан, Бақара сурасининг “Шубҳасиз Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) шиорларидандир” шаклидаги 158-оятга бағишланган бўлимда санадини ҳазф қилиб “Қола Ибн Аббос (р.а.): “الصفوان”: “тошдир” (الحجر)” шаклида бир ривоятни нақл қилган [1: 1102]. Ушбу мисолда бир масала диққатга сазовор. Бухорийнинг “Сафо” сўзини изоҳлаш учун нақл қилган ривоят аслида Бақара сурасининг 264-оятида зикр қилинган “صفوان” сўзининг изоҳига тегишли эди. Табарий ва Ибн Аби Ҳотим ҳам ушбу ривоятни бу оятнинг тафсирида зикр қилишган [2: 518; 7: 591]. Бу мисолда Бухорий бир сўзнинг изоҳини берганда бир хил ўзакдан ясалган бошқа бир сўзга оид бошқа маълумотларни ишлатмоқда. Диққатни тортадиган бошқа бир жиҳат эса, тафсирларда санадли ҳолда зикр қилинган мазкур ривоятнинг бу ерда санадсиз ҳолда зикр қилинишидир. Бу ривоятни Табарий тафсирида “Ҳаддасаний ал-Мусанно: қола ҳаддасана Абу Солиҳ: қола ҳаддасаний Муовия ъан Али ъан Ибн Аббос (р.а.)” санади билан зикр қилган [7: 591]. Ибн Аби Ҳотим ҳам ал-Мусанно ўрнига “Аби” (Абу Ҳотим)ни зикр қилиб ушбу санад билан ривоят қилган [2: 518].

Бухорий Наас сурасига тегишли бобнинг мавзусида “Ибн Аббос (р.а.): “الوسواس” “Бола туғилган пайтда шайтон васваса қилади. Аллоҳ зикр қилинганда кетади. Аллоҳ зикр қилинмаса боланинг қалбига жойлашади” деган” деб санадсиз ривоят келтирган [1: 1282]. Ваҳоланки, Ибн Аббос (р.а.)нинг бу гапи озгина тафовут билан тафсир асарларида санади билан нақл қилинган [4: 540; 7: 709]. Аъроф сурасдаги “Мусо белгилаб берган жойимизга (Турга) келиб Парвардигор ҳам унга гапирганда “Эй парвардигорим! Менга (ўзингни) кўрсат, сенга қарайин” деди…” оятига оид бобнинг мавзусида Ибн Аббос (р.а.)нинг “أرني” (менга кўрсат) ифодасига боғлаб “менга бер” (أعطني) шаклидаги изоҳини зикр қилган [1: 1190]. Бухорийнинг санадсиз берган ушбу маълумоти Табарийнинг тафсирида “ҳаддасана ал-Мусанно, ҳаддасана Абдуллоҳ ҳаддасаний Муовия ъан Али ъан Ибн Аббос (р.а.)” санади билан нақл қилинган [7: 91]. Бунга ўхшаш бошқа бир мисол ҳам Анъом сурасига оид бўлимнинг бошида ушбу сураснинг 23-оятидаги “ثم لم تكن فتنتهم” ифодасини “узрлари” (معذرتهم) шаклидаги изоҳ Ибн Аббос (р.а.)дан санадсиз нақл қилинган [1: 1185].

Бухорийнинг боблар ичида тўплаган ривоятларнинг боб мавзулари билан мослиги билан бирга ўзаро ўзига хос мазмунга эга бир бутунликни ташкил қилишини айтиш мумкин. Албатта, бу ҳолатнинг ҳар бир бобда мавжудлигини аниқлаш батафсил тадқиқотни тақозо қилади. Яна ҳам жуда кўп бобда ҳадисларнинг тартиби билан боб мавзуларида ифодаланган ғоя орасида бир мувофиқликнинг мавжуд эканлигини бемалол айтиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Бухорий ҳам боб билан ҳадисларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳам ҳадислар орсидаги мувофиқлик ва буларнинг муайян маъно берадиган шаклда тартиблаш бўйича катта меҳнат қилган. Бу ҳолат унинг фақат ривоятларни нақл қилишга изн берган, талқинларга имкон қолдирмайдиган бир шаклда, шахсий қарашларини баён этишга имкон топиш кўринишида намоён бўлади. Таржималарда тақдим қилган тафсир маълумотлари билан бирга масалаларга мавзу қўйиши аслида ривоятларни нақл қилиш тамойилидан борган бир асарда тафсир имконларини имкон қадар кенгайтирган. Фақат бунинг билан бирга бир оятни барча қирраларини очиб бериш, бир хулосага бориш каби идеал бир изоҳ нуқтаи назаридан қаралганда, албатта, бу иш етарли эмас.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ал-жомиъ ас-Саҳиҳ. – Дамашқ: Дору ибн Касир, 2002. Китоб ат-тафсир.
  2. Абу Муҳаммад Абдурраҳман ибн Аби Хотим, Тафсир, I-Х, таҳқ.: Асъад Муҳаммад ат-Таййиб. ал-Мактабат ул-асрия. Ж. II.
  3. Ал-Мусаннаф. Абдураззоқ ибн Ҳаммом ас-Саноний. Дор ат-таъсил. – Қоҳира, 2015. Ж. 9
  4. Ибн Касир.Тафири ибн Касир. Ж. 8.
  5. Мужоҳид ибн Ҳажар. Тафсир ал-Имам Мужаҳид бин Ҳажар. Дор ул-кутуб ал-мийяҳ. – Байрут, 2005.
  6. Муснад ад-Доримий. Абдуллоҳ ибн Абдуссомад ад-Доримий. Дор ал-Муғни. – Риёд. 2000. Ж.4
  7. Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий. Жомиъ ул баён ъан таъвили айил-Қуръан. Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи. Муассасату-р-рисала. 1420/2000. Ж. 5.
  8. Муҳаммад ибн Исмаил ал-Бухорий. Холқу афъол ул-ъибод. Др. Абдурраҳмон Умайра таҳқиқи. Дор ул-Укоз. – Жидда.
  9. Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зуннун ъан асомий ал-кутуб ва-л-фунун. Дор иҳё ат-турос ал-арабий. – Байрут. 2008. Ж. 1.
  10. Sufyan ibn Said as-Sevriy, Tefsir us-Savriy, India-Rampor 1965.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …