Ўз даврининг етук олими, фақиҳи, мутакаллими, муҳаддиси, тарихчиси, тадқиқотчи-танқидчиси сифатида танилган Абдулҳай Лакнавий – Муҳаммад ибн Абдулҳай ибн Муҳаммад ибн Абдулҳалим Лакнавий Абу Ҳасанот. Манбаларда келтирилишича, Абдулҳай Лакнавийнинг келиб чиқиши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таниқли ансорларидан бўлган Абу Аййуб ал-Ансорийга бориб тақалади[1].
Абдулҳай фиқҳ соҳасида ҳанафийлик мазҳабига мансуб бўлган уламоларнинг фикр-мулоҳазаларини тўплагани, Мовароуннаҳр фиқҳ илми ва ҳанафийлик мазҳабининг ривожига муҳим ҳисса қўшганлиги сабабли “ал-фақиҳ” мақомига сазовор бўлган. У амал-мансабдан йироқ бўлиб, ҳаётини асосан илму маърифатга бағишлаган [2: 120].
Абдулҳай Лакнавий 1264 ҳижрий йили йигирма олтинчи зу-л-ҳижжа / 1847 йил 5 ноябрь сешанба куни Ҳиндистоннинг Бонда шаҳарчасида таваллуд топган. У ёшлигидан ўткир зеҳни ва эслаб қолиш қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турган. Бу хусусда Абдулҳай Лакнавийнинг ўзи: “Аллоҳ ёшлигимданоқ қувваи ҳофизамни кучайтириб, менга ёдлаш қобилиятини ато этди. Мен барча ўқиган ва эшитганларимни гўёки “Фотиҳа” сурасини ёддан ўқигандек, ёдлаб олгандим”, – деб ёзган [3: 9]. Абдулҳай Лакнавий беш ёшлигида Қуръони каримни ёдлашни бошлаб, ўн ёшга етганида уни тўлиқ хатм қилган. Ўспиринлик чоғидан турли илмларга оид китобларни кўп мутолаа қилиш ва мукаммал билим олишга интилган. Ўқиш-ёзишни ўргангач, турли-туман мавзудаги китобларни ўқиб, улардан маънавий озуқа олади. Шу тариқа у фиқҳ ва ҳадис каби илмларни мустақил равишда тўлиқ эгаллайди. Ўн етти ёшга етганда тиббиёт, мантиқ, калом ва тафсир илмларидан сабоқ ола бошлайди. У Жунфур шаҳарчасидаги мактабда мударрислик қилади.
Ота-боболари Ҳирот, Лоҳур, Деҳли, Сиҳолийга бориб, у ердан эса Лакнавга кўчиб ўтадилар. Лакнавда Франкий маҳалласида яшайдилар. Бу маҳалла қадимда насроний тижоратчилар қўнадиган манзил бўлган. У ўн икки ёшида Қуръони каримни ёд олиб, ўша давр одатларига биноан таровиҳ намозида имомликка ўтади. “Жунфур” шаҳарчасидаги мактабда мударрислик қилади. У ўн бир ёшида “Жунфур”да отасидан фиқҳ, наҳв, ҳадис илмларидан таҳсил олган.
Ўз даврининг етук олимлари Абдулҳай Лакнавийнинг илмини эътироф этганлар. Лакнавий араб ва ажам улкаларида машҳур ҳисобланган олимларнинг қаторидан ўрин олиш шарафига муяссар бўлади. Манбаларда келтирилишича, илмий йиғин ёки суҳбатларда ҳозир бўлганлар унинг маърузасини сукут сақлаб эшитганлар. Лакнавий кўпчилик тушунадиган тилда сўзлагани учун ҳар бир тингловчи унинг суҳбатидан қаноат ҳосил қилар, мажлислар эса ортиқча баҳс-тортишувларсиз якун топар экан. 1279 йили ражаб/1862 декабрда биринчи маротаба отаси билан Ҳайдарободдан ҳаж сафарига йўл олади ва у ерда турли илмларга оид кўплаб китобларга эга бўлади [4: 21-22].
Абдулҳай Лакнавий риёзиёт илмларини ўрганаётган пайтда, унинг отаси тўсатдан вафот этади. Отаси вафотидан кейин Лакнавий Ҳайдарободдаги шаҳарни тартибга солиш бошқармасидаги мансабга таклиф қилинади. Лекин Абдулҳай Лакнавий ундан бош тортиб, узр айтади. Чунки мансаб дарс бериш ва китоб таълиф этишдан ман қилар эди. У озгина нафақага рози бўлиб, таълим бериш, тасниф этиш ва илм тарқатишга юзланган эди.
Олим отаси ҳузурида “Шарҳи “Виқоя”ни бир неча маротаба ўқиб, кейинчалик уни изоҳлаб, бир шарҳ (ҳошия) ҳам ёзган. Бу ҳошия “ал-Виқоя” шарҳига ёзилган катта ҳажмли манба бўлиб, унда амалий фиқҳ масалаларини ечиш билан боғлиқ бўлган услублар батафсил баён қилинган [5: 41].
Лакнавий Бомбейга етиб келгач, бу ерда касалликка чалиниб, узоқ вақт ётиб қолади. У бу пайтда чамаси 30 ёшга кирган эди. Шунга қарамай у талабаларга дарс беришни тўхтатмади. Соғайиб кетгач эса, илм олиш мақсадида яна Бағдодга сафар қилиб, машҳур олимлардан сабоқ олади [4: 23]. Лакнавий Мадинада истиқомат қилган даврларда, уйига яқинроқ бўлган жойда ўз ҳисобидан мактаб очиб, уни “ан-Низомия” мадрасаси деб атайди. Мадрасада талабаларга турли илмлардан сабоқ беради. У таҳсил олиш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни муҳайё этар эди.
Лакнавий Мадинадан Дамашққа кўчиб ўтишга мажбур бўлган ва у ерда уч йилга яқин истиқомат қилган. Дамашқдаги машҳур олимлар билан танишган. Кейинчалик соғлиги ёмонлашгани боис, дарс беришни тўхтатиб қўйган [7]. Лакнавий 1304 рабиъу-л-аввал/1886 йили ноябрда, Лакнав шаҳрида ўттиз тўққиз ёшида вафот этган. У “Лакнав” шаҳридаги Аслафа қабристонига дафн қилинган.
Абдулҳай Лакнавий илмий сафар билан борган ислом юртларидаги кўплаб устозлардан сабоқ олган. У “Анбо ал-ҳуллон би анбои уламои Ҳиндустон” (Ҳиндистон олимлари ҳақидаги хабарларни дўсту биродарларга етказиш) номли рисоласида устозларининг ғамхўрлигини алоҳида қайд этган. Дастлабки устози отаси Имом Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий бўлиб, унинг (1239-1285/1824-1868) тўлиқ исми – Муҳаммад Абдулҳалим ибн Муҳаммад Аминулла Лакнавий Ансорийдир. Имом Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий фозил олим бўлиб, ҳикмат ва қадимги тиббиётдан хабардор бўлган. Абдулҳай Лакнавий отасидан асосан иншо, хат ва форс тилидаги китобларни ўқиб ўрганган, сўнг фиқҳ, наҳв, сарф, илм ал-маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тибб, усул, калом, ҳадис, тафсир ва бошқа кўпгина илмларидан сабоқ олган. Даставвал Қуръони каримни Қосим Али Лакнавий ёрдамида ёд олган. Отаси вафотидан сўнг Лакнавий тоғаси шайх Устоз Муҳаммад Неъматуллоҳга шогирд тушиб, ундан риёзиёт илмидан таҳсил олишга мушарраф бўлган.
Абдулҳай Лакнавийга сабоқ берган устозлардан аввал маккалик, ундан кейин ҳиндистонлик олимлар туради. Лакнавийнинг маккалик устозлари сирасига шофиъийлик мазҳабидаги муфтий аш-Шайх ас-Саййид Аҳмад ибн Зайн Даҳлон, ҳанбалий мазҳабининг муфтийси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд Ҳанбалий, шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ғарб шофиъий, шайх Абдулғани ибн Абу Саййид Умрий Ҳанафий Деҳлавий Маданий, Абу Фадл Муҳаммад Ҳафизуллоҳ Бандавий Аъзамий каби олимлар киради. Шунингдек, Лакнавий Муҳаммад Ходим Ҳусайн Музаффар Бурий Азим Обидийдан ҳисоб илмини ўрганган.
Манбаларда келтирилишича, Лакнавийнинг шогирдлари жуда кўп бўлган. Лекин уларнинг орасида Абдулфаттоҳ Абу Ғудда бошқаларидан алоҳида ажралиб туради. Чунки айни шу шогирди устозининг фиқҳ, ҳадис, наҳв ва тарих илмларига оид асарларини чоп қилиб, шу тариқа Абдулҳай Лакнавийнинг мазкур илмлар борасида қўлга киритган ютуқларидан мовароуннаҳрлик олимларни ҳам баҳраманд этиб турган.
“Ар-Рафъу ва ат-такмил” китобини нашрга тайёрлаган Абдулфаттоҳ Абу Ғудда 1336/1917 йили Ҳалабда туғилиб, 1417/1996 йили ар-Риёзда вафот этган. Унинг жасадини “ал-Боқия” мозорига дафн этганлар. Абдулфаттоҳ 1382/1962 йили Ҳиндистон ва Покистонга ташриф буюрган [4: 67].
Абу Ғудда Ҳиндистонга қилган сафари чоғида Лакнавийнинг қўлёзма хатини шайх Абулҳасан Али Ҳусний Надвий Лакнавий ёрдамида батафсил суратга туширишга муаяссар бўлган [1]. Олим Саид Абдул Али Ҳасаний акасининг (Лакнавий) шогирди – Абдулфаттоҳ Абу Ғуддага ўша диёрда етишиб чиққан улуғ алломаларнинг қўлёзма асарлари ҳақида кўпгина маълумотларни тақдим қилган. Шундан сўнг, Абдулфаттоҳ Алигарҳ шаҳарчаси ва Алигарҳ университетида бўлиб, Шайх Абдулҳайнинг мазкур даргоҳда сақланаётган қўлёзма асарлари билан яқиндан танишган. Шу ўринда айтиш жоизки, Лакнавийнинг отаси ҳам ўта зиёли зотлардан бири бўлган (у маҳаллий ҳукумат тасарруфидаги “ан-Нуаб зулфиқор” номли мадрасада 1264/1847 йилдан бошлаб ўқитувчилик қилган ва 1285/1868 йили Ҳайдарободда вафот этган).
Лакнавийнинг “Муқаддимат таълиқ” (Таълиқ муқаддимаси) номли китоби ҳадис илмига бағишланган бўлиб, 1292/1875 йилнинг охирларида йигирма етти ёшида араб тилида ёзишни бошлаб, лекин сафар ва ишлари кўпайиб кетиши натижасида 1295 йил шаъбон/1878 йил июл ойида ёзиб тугатади. Шайх Тақиюддин Надвий хатоларни тузатиб, асарга фиҳрист тузиб нашр қилди. Бу китоб Ҳиндистон ва Покистонда беш маротаба нашр этилди.
Лакнавий ўзидан олдин ўтган олимлар, жумладан, Носир ад-дин Тусийнинг “Шарҳ ал-ишорат” (Ишорат шарҳи) ва “ал-Уфқ ал-мубин”, “Қонун ат-тиб” (Тиббиёт қонуни) асарларини севиб мутолаа қилган ва уларни пухта ўрганган. 1288/1871 йили “Шарҳ ал-Чағминий” (Чағминий шарҳи), “Ҳавоши ал-Буржандий” (Буржандий ҳошияси) ва ат-Тусийнинг “ал-Устурлаб” рисолаларини ўқиб тугатган. Лакнавий ёшлик пайтларида бир куни туш кўради. Тушида “Тазкират” (Эслаш), “ат-Тажрид” (Ажратиш), “Таҳрир иқладис” (Иқладис (геометрия) )таҳрири) каби асарларнинг муаллифи Носир ад-дин ат-Тусий унинг илм соҳасидаги саъй-ҳаракатларидан беҳад хурсандлигини изҳор этиб, Лакнавийнинг келгусида илм-фан соҳасида катта ҳурмат-эътибор қозонишини башорат қилади.
Абдулҳай Лакнавийнинг “ар-Рафъу ва ат-такмил” асари уч маротаба нашр этилган. Асарнинг биринчи нашри 1963 йили Ҳалабда (Сурия) амалга оширилган. Асарда келтирилишича, Лакнавийга замондош бўлган ҳанбалия ва шофиъия мазҳабидаги мухолифлар Абу Ҳанифани ҳадисларни ривоят қилишда раъй ва қиёсга асосланиб иш кўргани учун “заиф” деб танқид қилганлар. Абдулҳай Лакнавийнинг “ар-Рафъу ва ат-такмил” асарида қайд этилишича, гарчи Абу Ҳанифанинг ўзи йирик муҳаддислардан бўлса-да, лекин у фатволар масаласида Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф. 120/738 й.) ва Муҳаммад ибн Боқир (VIII аср боши) каби тобиъийнлар ривоят қилган ҳадислардан ҳам бевосита истифода этган. Бу эса Абу Ҳанифанинг мужтаҳид алломалардан бўлганини кўрсатиб берувчи ёрқин мисолдир. Бошқача айтганда, Лакнавий яшаган даврдаги олимлар ҳадисларни ривоят қилишда уларнинг санадига эмас, балки фақат сонигагина эътибор қилишган. Абдулҳай Лакнавий мазкур асари орқали Абу Ҳанифанинг ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган беназир салоҳият ва юксак иқтидор соҳиби эканлигини ишончли далиллар билан кўрсатиб берди.
Ўз даврининг етук олими бўлган Абдулҳай Лакнавийнинг илмий-маънавий мероси, баъзи манбаларда келтирилишича, 120 дан зиёд асарлардан (шундан саксон олтитаси арабча, қолганлари эса ҳиндча) [6] таркиб топган. Мазкур асарлар бугун ҳам долзарб ва катта илмий аҳамиятга молик манбалар ҳисобланади.
“Ал-Фавоид ал-баҳийя”даги мавзуларни ёритиш ва асослашда мужтаҳид уламоларнинг фикрлари билан бир қаторда, саҳобалар, тобиъийнлар ва ўрта асрлардаги турли минтақа уламоларининг фикр-мулоҳазалари ҳам келтирилган. Бу ўша даврдаги фиқҳ, ҳадис, тарих, наҳв-сарф, мантиқ, соҳаларида фикр ва қарашларнинг ранг-баранглигини илғаб олишга, мазкур илмларнинг ўша даврдаги ҳолати ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиб, тегишли хулосалар чиқаришга имкон беради.
- Абу ал-Ҳасан Али ал-Ҳусний ан-Надвий ал-Лакнавий. Ал-Фиқҳ ал-муяссар. 3-нашри. – Эрон: Дор ал-Форуқ ал-Аъзам, 2008.
- Ал-Қураший. Ал-Жавоҳир ал-мудийя. Ж. II. – Б. 120.
- Ал-Лакнавий, Абдулҳай. Ал-Фавоид ал-баҳийя.
- Ал-Лакнавий, Абдулҳай. Ар-Рафъу ва ат-такмил.
- Ал-Лакнавий, Абдулҳай. Ҳошият шарҳи Виқоя. – Лакнав: Асаҳҳул матобиъ, 1328/1910.
- http://www.as-saqofa.com
- www. markaz buhus va dirosat al Madina al Munavvara. com.