Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНД ҚОҒОЗИ ТАРИХИДАН

САМАРҚАНД ҚОҒОЗИ ТАРИХИДАН

Тарихидан маълумки, қадимги даврларданоқ инсонлар бир-бирлари билан алоқа қилишда, маълумот алмашинишда ёзувдан фойдаланган. Ёзувлар қоя тошлари, суяклар, сопол идишлар каби турли буюмларга ёзилган. Инсонларнинг ёзувга бўлган эҳтиёжи оқибатида ёзиш учун турли нарсалар ихтиро қилишига сабаб бўлиб, бу бора-бора қоғозни ихтиро қилинишига олиб келди. Қоғоз ишлаб чиқаришдан илгари яъни, эрамиздан авв. IV асрданоқ папирус ишлаб чиқарилган. Нил дарёси дельталарида папирус ниҳоятда кўп ўсади. Бизгача унинг қандай ишлаб чиқарилиши қадимги манбалар орқали етиб келган. Антик даврдаги папируслар ҳозирги кунгача кам миқдорда етиб келган. Уларнинг энг қадимийси эр.авв. IV асрда Арастуни асари ва Гиперидни хатидир.

Эрамиздан авв. II асрга келиб, папирус билан беллашадиган нарса ишлаб чиқарилади. Клавдий Птоломей V папирусни Мисрдан экспорт қилиб чиқаришни таъқиқлайди. Бу даврда Пергам[1]да катта кутубхона ташкил этилган эди. Кутубхона учун папирус варақлари жуда зарур бўлган. Аммо Миср билан Пергам ўртасидаги зиддият сабабли, кутубхона фаолияти хавф остида қолади. Иложсиз қолган Пергам ҳунармандлари папирусни ўрнини босадиган терини ўйлаб топишади. Улар бузоқ терисини икки томонини ҳам ошлаб, ёзиш учун пишиқ мато тайёрлашган. У грек тилида “Пергамон”, римликлар тилида эса “мембрана”, дея аталган. Эрамиздан авв. II асрдан то эрамизнинг XVI асригача пергам ишлатиб келинган. Энг қиммат пергамент ярим шаффоф кўринишда бўлиб, у ҳали туғилмаган бузоқ терисидан ишланган. Бу тери “Бокира тери”, дея аталган ва унга қимматли китоблар кўчирилган.

Йиллар ўтиб, қоғоз ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Илк қоғоз намуналари 1957 йилда Хитойнинг шимолида жойлашган ғордаги мақбарадан топилган. Тадқиқотлар натижасида мазкур қоғоз парчалари 2000 йил олдин ишлаб чиқарилганлигини кўрсатди. Шунгача қоғоз яратилиши эрамизнинг 105 йилида яшаган Цай Лунга нисбат берилган. Берунийнинг хабар беришича, Хитойда асосан каноп ҳамда каноп пўстлоғидан қоғоз тайёрланган ва сув ёрдамида қайта ишланган.

Қоғоз ишлаб чиқариш сирлари 751 йил июл ойида Талос водийсида араблар ва хитойликлар ўртасида бўлиб ўтган урушда асир тушганлар орқали Самарқандга ва Самарқанд орқали бутун дунёга тарқалди [3: 289; 6: 218; 12: 273 ]. Самарқанд қоғози ўша даврдан ўрта асрларнинг охиригача шарқ ва ғарб бозорларини эгаллаган. VIII асрдан XIX асргача нафақат Ўрта Осиёда, балки Яқин шарқ, Европа Испания, Франция, Германияда шу қоғозда ёзилган. Самарқанд қоғозининг турли навлари бўлган.

Тадқиқотчи А. Ҳакимовнинг келтиришича, Хитойда қоғоз тайёрлашда асосан тут ва бамбукдан фойдаланилган. Самарқанд қоғозига эса турли мато бўлаклари асосий хомашё бўлиб хизмат қилган. Бу маълумот Ибн Надимнинг “Фиҳрист” асарида ҳам келтирилган бўлиб, муаллиф Хитой қоғозидан фарқли равишда, мато қўшиб ишланган қоғоз тури ҳақида гапирар экан, бу усулнинг келиб чиқиш санаси борасида турли ихтилофлар мавжудлигини зикр этган (унингча, айримлар бу услуб Умавийлар даврида вужудга келган деса, айримлар Аббосийлар даври дея кўрсатади). Самарқанд қоғозгарлари силлиқ, қаттиқ (пухта) ва кам сиёҳ кетадиган қоғоз ишлаб чиқарганлар. Самарқандда 5 аср давомида қоғоз ишлаб чиқариш технологиялари сир сақланган. 794 йилда Ҳорун Рашид даврида Бағдодда қоғоз фабрикаси очилади. Қоғознинг ўша даврда машҳур бўлган бир неча турлари, жумладан, “Сулаймоний”, “Нуҳий” (бухороликлар Нуҳ ибн Наср Сомонийга нисбат берилган ушбу қоғоз турини ишлаб чиқардилар), “Жаъфарий”, “Тоҳирий”, “Фаръуний” ва бошқаларни санаб ўтган [4:23]. Бундан ташқари қоғознинг “Самарқанд султон қоғози” (у оқлиги билан, майин ва юмшоқлиги билан бошқа қоғозлардан ажралиб турган), “Самарқанд шойи қоғози” (у ҳам юмшоқ ва майин бўлган. Аммо ранги оч сариқ бўлган), “Мир Иброҳимий” (оқ думалоқ шаклдаги (сув) белгилари бўлган”, “Нимканоп қоғози” (ипак қолдиқлари, каноп пўстлоғи билан аралашади. Жигар рангли бўлган).

Амир Темур даврида қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчиликнинг асосий тармоғи бўлган. XV асрларда Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ўша даврнинг қоғоз саноатида энг йирик маркази бўлган. Бу даврдаги қоғозлардан “қоғози абрешимий” (фақат ипак лослардан, ҳеч қандай пахта толаси қўшилмай тайёрланган бўлиб, пишиқ, жуда чиройли, яхши оҳор берилган, тоза ва силлиқ бўлган) ва “қоғози нимкатоний” (ярим ипакли бўлиб, ипак ва каноп толасининг тахминан эллик фоиз аралашмасидан тайёрланади. Бу қоғоз пишиқ, салмоқли ҳамда яхши оҳорли бўлган). Бундан ташқари, Қўқонда ҳам “жайдари”, “ним каноби” номи билан аталувчи қоғоз турлари ишлаб чиқилган, лекин уларнинг сифати яхши бўлмаган.

Қоғознинг ҳар икки томонига буғдой унидан қилинган аталасимон елим (оҳор) юпқа қилиб суркаб, сояда қуритилгандан сўнг, ақиқдан қилинган тиш ёки чиғаноқ (муҳра) билан пардозланган. Қоғозни ялтироқ қилиш учун уни етти мартагача пардозлаганлар. Бу қоғоз “оҳор муҳрали” деб номланган. Ушбу қоғоз хаттот кўчираётганда агар хато қилиб қўйса, хатни юмшоқ булут орқали сув билан ювиб қуритилгач, бир оз крахмал суркаб қуригандан сўнг қайта кўчирса бўлар эди. Айни шу қоғоздан турли қўлёзмаларни кўчириш учун махсус “ҳафтранг” деб аталадиган қоғозлар ва муқованинг ички томонига қўйиш учун “абри баҳор” қоғозлари ҳам ишланарди.

XVIII аср бошларида Самарқанд ва унинг атрофларида 42 та қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритган. Бухоро ва Самарқанд ҳукмдорларининг ўзаро кураши натижасида минтақада иқтисодий таназзул рўй бериб, қоғоз ишлаб чиқаришнинг ҳам сифати пасайиб кетади. Ҳунармандлар Қўқон, Қоғозгар ва Чорку қишлоқлари яқинига кўчади. Шундай қилиб қоғоз ишлаб чиқариш маркази Қўқонга кўчади. XX асрнинг бошларигача ҳунармандлар қоғоз ишлаб чиқарган. ХIХ асрнинг охирлари ва ХХ асрнинг бошларига келиб Самарқанд, Бухоро ва Қўқонда қоғоз ишлаб чиқариш тўхтатилган. Яъни, 1924 йилда тугатилган. Чорку қишлоғида эса 1930 йилгача охорланмаган қоғоз ишлаб чиқарилган.

Турли даврларда яшаган олимлар Самарқанд қоғозини юқори баҳолаб унга турли таърифлар берганлар. Қуйида шу таърифларни ҳамда қадимги даврларданоқ қоғознинг ардоқланиши, шу соҳада фаолият юритган инсонлар ҳақидаги ривоятлар келтирилади:

X асрларда яшаган Мақдисий: “Хоразм камони, Шош идишлари, Самарқанд қоғозининг тенги йўқ эди”, дея таърифлайди. Абу Мансур Саолибий ҳам Самарқанд қоғозини Мисрникидан яхши дея таърифлайди. Султон Али Машҳадий фақат Самарқанд қоғозига ёзишга тавсия қилган. Кейинчалик Вамбери ҳам эътироф этган: “Бухоро ва Самарқандда ишлаб чиқарилган қоғоз бутун Туркистон ва донғи кетган шаҳарларда ишлатилади”.

Нажмиддин Умар Насафий ўзининг “Китобу-л-қанд” номли асарида IX асрда Самарқандда қоғоз бозори борлиги, муҳаддислардан бири Абу Сулаймон Довуд Марвазий (ваф. 281/895 й.) ўша қоғоз бозорида даллоллик қилганлигини эслатиб ўтган [5:14]. У Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Наср Розий Варроқ, Абу Али Исмоил ибн Яҳё Варроқий Самарқандий ва бошқа кўплаб қоғоз ишлаб чиқариш ҳамда унинг савдоси билан шуғулланган олимлар ҳақида ҳам қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган [2:321]. Араб исломшуноси Эҳсон Зунуннинг таъкидлашича, қоғоз бозоридаги дўконларда варроқлар (қоғозфурушлар) янги келган китоблар борасида фикр алмашиш учун йиғилганлар. Мазкур илмий муҳокамаларда талабалар ҳам фаол иштирок этган. Шундай бозорлардан бири Бухорода фаолият юритган. Бухоро варроқлари орасида тарихчи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор, Муҳаммад Даллол дўкони, фақиҳ Солиҳ Жазранинг уйига яқин бўлган Комил ибн Маккий ибн Муҳаммад ибн Вардон, Аҳмад ибн Шуайб ибн Солиҳ, Муҳаммад ибн Закариё ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Динор ва Муҳаммад ибн Яҳё ибн Назр ибн Муовиялар машҳур бўлган [10:337].

Абдулкарим Самъоний эса Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ёрдамчи соҳа ходимлари, яъни ҳаззом (қоғоз ўрайдиган ишчилар)лар хусусида маълумот берар экан, Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан Ҳаззом Марвазийнинг шу соҳада танилган инсонлардан бири бўлганлигини зикр этади. Манбада 259/873 йилда вафот этган “Қоғизий” (Коғизий) нисбаси билан танилган Саид ибн Ҳошим Коғозий Самарқандий ҳақида ҳам маълумот берилган [7:34; 83]. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1070 й.) ҳам “Тарихи Бағдод” асарида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Коғизий Самарқандий ҳақида зикр этган [1:32-33, 101].

Қадимдан қоғозга бўлган эҳтиёж унинг ардоқланиб келинишига сабаб бўлган. Ҳатто, фиқҳий манбаларда қоғозни исроф қилмаслик борасидаги турли ривоятларнинг мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, XIV асрда яратилган “Салоти Масъудий” номли асарда қуйидаги ривоят келтирилади: “Ҳайрату-л-фуқаҳо ва хижлату-л-фузалода келтурубдурки, “Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорий айтибдурлар: “Мен таҳоратсиз ҳолимда қоғозфурушлар расталаридан ўтмас эрдим” [8:153. 21-23-қаторлар].

Шунингдек, “Ҳайрату-л-фуқаҳо” асарининг бошқа бир ўрнида Имом Абу Ҳанифадан қуйидаги ривоят баён этилган: “Агар таҳоратсиз бўлсанг қоғоз сотиладиган жойга борма. Бу мусулмонликни улуғлашдир. Ёзилган қоғозларни оёқости қилиш, ҳарфларни хор қилишдир” [11: 98б в.].

Қоғознинг ардоқланиши, унинг қийматини ошишига ҳам сабаб бўлган. Аҳмад ибн Қож Варроқ (IX-X) 800 ёки 700 динор меросининг барчасига қоғоз сотиб олиб, йиллар давомида унга ҳадис ёзгани, Абу Али ибн Шиҳоб эса қоғознинг ўзидан 1025 дирҳам фойда кўргани, яъни, 5 дирҳамга қоғоз сотиб олиб, унга уч кеча-кундузда девон ёзиб 200-150 дирҳамдан сотганидан [1:425, 339-340] илк ўрта асрларда ҳам саноатнинг бу соҳасидан унумли фойдаланганлар талайгина эканлигини кўрамиз. Ўша даврдаги қоғознинг нархини бошқа нарх-наволар билан солиштирадиган бўлсак, (Асад ибн Абдуллоҳнинг аскарлари 118/736 йилда 20 дирҳамдан маош олган, яхши даромад топадиган ҳунармандлар эса ойида 10-15 дирҳам, Иброҳим Тамғочхоннинг вақф ҳужжатларида кўрсатилишича, мадраса талабаларининг нафақалари 30 дирҳам, Басрада эса эчкилар қўзилаган маҳалда эчки гўшти 10 дирҳамни ташкил этган [3:305-306]) анча қиммат турганини гувоҳи бўламиз. Зотан, ҳунарманднинг бир ойлик иш ҳаққига 2-3 та қоғоз сотиб олиш мумкин бўлган. Шу сабабли ҳам юқорида зикр этилганидек, фиқҳий манбаларда қоғозни исроф қилмаслик ва қадрлаш борасида кўрсатмалар берилган. Ҳатто Хоразмий бир дўстини мактуб ёзмаганлиги боис унга ҳазиллашиб Самарқанддан анча йироқда яшаганлиги ва у учун қоғоз ниҳоятда қадрли эканлигини айтиб, дўстини авф этгани хусусида ривоят мавжуд.

Самарқандда қоғоз ишлаб-чиқариш ҳозирги кунга қадар ҳам давом этиб келмоқда. Самарқанднинг “Конигил” қишлоғида ишлаб чиқарилган қоғозлар хорижлик меҳмонлар эътиборини жалб этиб келмоқда. Самарқанд ҳунармандлари ўзларининг қадимий қоғози шуҳратини янгидан тиклаш мақсадида илмий изланишларни олиб бориб, қадимий хомашёдан шу ернинг ўзида турли совғабоп буюмлар тайёрламоқда [9].

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, Самарқанд қоғози Миср папирусини муомала бозоридан сиқиб чиқариб, бу ерда 5 аср мобайнида қоғоз ишлаб чиқариш технологиялари сир сақланган. Қоғознинг кўплаб турлари кашф этилган. Мовароуннаҳрнинг аксарият шаҳарларида қоғоз расталари, ҳатто алоҳида қоғоз бозорлари борлиги ҳамда қоғоз ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари мавжудлиги ушбу соҳанинг кенг ривожланганидан дарак беради. Самарқанд қоғози ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Лобар АСРОРОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
катта илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Байрут: Дору-л-кутуб ал-илмийя, 2011. Ж.X.; Ж. IV. Ж. VII.
  2. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламо Самарқанд / Йусуф Ҳоди таҳрири остида. – Теҳрон: Ойинаи мерос, 1420/1999.
  3. Беленицкий А.М., Бентович И.В., Большаков О.Г. Средневековый город Средней Азии. – Ленинград: Наука, 1973. – С. 289. – С. 305-306.
  4. Муҳаммад ибн Исҳоқ Надим. Китабу-л-фиҳрист. Ризо Ибн Али Зайнул Обидин Ҳоидий Мозандароний таҳрири остида. – Теҳрон: 1971. Ж. I.
  5. Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.
  6. Саъолибий. Латоифу-л-маъриф. – Қоҳира: 1960.
  7. Самъоний. Ансоб. Ж. II. – Б. 34, Ж. IV. – Б. 83.
  8. Салоти Масъудий. Манбалар хазинаси. Тошбосма. №175.
  9. Тўрақулов З. “Adolat” мухбири. http://www.gglit.uz/. 05.11.2012.
  10. Эҳсон Зунун Абдуллатиф Сомирий. Ат-тариху-л-ҳадори лимадинати Бухоро. (94-389/712-999). – Урдун: 1997.
  11. Ҳайрату-л-фуқаҳо. Шахсий кутубхона. Қўлёзма.
  12. Hill D.R. Physics and mechanics Civil and hydraulic engineering Industrial processes and manufacturing, and craft activities. – UNESCO Publishing. 2000.
[1]  Эллинлар давлати. Кичик Осиёнинг шимолий ғарбида жойлашган. 281-133 йилларда пойтахти Пергам шаҳри бўлган.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …