Эрамизнинг VII-VIII асрларида Косон шаҳри Буюк Фарғона ихшидлиги (шоҳлиги)нинг пойтахтига айланади. Буюк Ипак йўлининг қадимий Косон шаҳридан ўтиши миллий халқ ҳунармандчилиги (наққошлик, ганчкорлик, шойи атлас, беқасам, қандолатчилик, заргарлик, теришга ишлов бериш, дурадгорлик) ва савдонинг ривожланишига туртки бўлади. Шу билан бир қаторда, қадимий Косонда илм-фан ривожланади. Мазкур сарзаминдан етишиб чиққан буюк алломалар, шоиру фозиллар номлари бундан далолат беради. XI асрда яшаб ижод қилган ва ижодиёти ҳали ўрганилмаган машҳур файласуф ва фиқҳ олими Абу Бакр Алоуддин ибн Маъcуд Косонийдир.
Алоуддин Абу Бакр ибн Маъcуд ибн Аҳмад Косоний (ваф. 1191 й.) ҳам устози, ҳам қайнотаси бўлмиш Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфат ал-фуқаҳо” (“Фақиҳлар учун туҳфа”) асарини шарҳлаб “Бадоий’ ас-санойи’ фи тартиб аш-шаройи’” (“Шариат тартиблашда гўзал услуб”) асарини ёзади. Устози бундан мамнун бўлиб, ўз қизи Фотимани Косонийга турмушга беради. Шу тариқа икки аллома ўзаро қариндош бўладилар.
Олим номини машҳур қилган фақат асарлари эмас, унинг фиқҳ илмини билишда отасига тенг кела оладиган, фатволарга отаси билан бирга муҳр қўйиш ҳуқуқига эга Фотима бинт Муҳаммад исмли қизи ҳам бўлган. Алоуддин Самарқандий қизи Фотимани ёшлигиданоқ тарбиялаб, истеъдодли фақиҳа ва олима даражасига етказган эди. Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган.
Ибн Адим айтади: “Отам Фотима бинти Муҳаммад умр йўлдоши Косонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилганини ҳикоя қилиб берган эди”. Яна бир ўринда: “…олдинлари ҳазрат Фотима ва оталари тарафидан фатволарга имзо чекар эди. У турмушга чиққач, ҳар уччовларининг ҳам имзо ва муҳрлари босилган муштарак фатволар чиқадиган бўлди”, дейилган.
Демак, Исломнинг илк даврларида ва ундан кейинги асрларда ҳам оқила ва фозила аёллар диний ва дунёвий фанларни эгаллаб, турли соҳаларда ишлаб, тараққиётга ҳисса қўшганларига тарих гувоҳдир.
Алоуддин Самарқандийнинг шогирдларидан яна бири, илм аҳли орасида эътиборли бўлган Зиёуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Наср ибн Абдулазиз Навсухийдир (1150 йилда яшаган). Муҳаммад Навсухий қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр илм соҳибларининг энг буюкларидан “Ал-ҳидоя”асари муаллифи Бурҳонуддин Марғинонийга (1123-1197) фиқҳ ва ҳадис илмларидан сабоқ берган устозидир.
Алоуддин Косоний бир неча асарлар муаллифи бўлиб аксарияти бизнинг давримизгача етиб келмаган. Уларнинг айримлари фиқҳий асарлардир: “Бадоий’ ас-санойи’ фи тартиб аш-шаройи’”, “ас-Султон ал-мубин фи усул ал-дин” (“Усул илмининг аниқ мезони”). Манбаларда унинг “Қуръон” га ҳам тафсир ёзилгани ҳақида хабар берилса-да, бу асар бизгача етиб келмаган.
Илмий изланишлар натижасида Косонийнинг кам маълум бўлган бир асари “ал-‘Итиқод ал-Косоний” الإعتقاد للكاسانى (“Косоний эътиқодига оид рисола”) ёки яна бир номи “ал-Му‘тамад фи-л-му‘тақод” топишга муяссар бўлдик. Ушбу асар Париж миллий кутубхонасида № 825/3 инвентар рақами остида сақланади. Умумий ҳажми 4 варақдан иборат (322 а-325 б). Асар ҳажм жиҳатидан кичик бўлса-да, Мотуридий калом мактаби борасида қимматли маълумот беради. Муаллиф асарда асосан калом масалаларига тўхталиб, уни ўз изоҳлари билан бойитади. Косоний ҳар бир калом масалага Мотуридий қандай ёндашганлигини кўрсатиб, сўнгра эса ўз изоҳини келтиради. Лекин ушбу асар муаллиф кўчиб ўтган Сурияда кенг тарқалди Алоуддин Косоний қолдирган илмий меросини тадқиқ қилиш аллома яшаган даврдаги Мовароуннаҳр калом тарихи, ҳанафий мазҳабининг мавқеи ва илмий муҳит ҳақида янада чуқурроқ маълумот олиш имконини беради.
Абу Бакр Косоний саройда олимлар билан кўп тортишувлар, мунозара ва муноқашаларга боради. Натижада, ҳукмдор билан унинг ўртасида тушунмовчилик вужудга келади. Сўнг вазирлар маслаҳати билан Абу Бакр Косонийни Самарқанддан Шомга, Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн Зангининг (1146-1174) олдига элчи қилиб жўнатади. Ҳалабда уни жуда яхши кутиб олишади. Қисқа муддатда катта шуҳрат қозониб, олимларнинг истагига кўра, шахсан Нуриддин томонидан 1148 йилда бино этилган “Ал-Ҳаловийя” мадрасасига “Хожа” (бош мударрис) этиб тайинланади.
Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад Мовароуннаҳрга қайтмоқни ихтиёр этганларида, Ҳалаб ҳукмдори уларга шу ерда қолишларини сўраб, нома жўнатади. Ҳукмдор умр йўлдошлари раъйини қайтармаслигини билиб, номани атайин ҳазрат Фотимага юборади. Нома олиб келган киши эркак бўлгани сабабли ҳазрат Фотима уни қабул қилмайди. Элчи қайтиб кетади. Ҳазрат Фотиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор бошқа бир аёлни элчи қилиб жўнатади ва унинг бу илтимоси қабул қилинади.
Шу сабаб Фотима бинти Муҳаммад жуфти ҳалоли Алоуддин Косоний билан умрларининг охирига қадар Ҳалаб шаҳрида қолади.
“Ал-‘Итиқод ал-Косоний” ёзилиш сабабларни Косоний шундай таърифлайди:
Шундай қилиб, мен бидъат лойқалари ва залолат доғларидан покиза ҳолдаги аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасини жам қилдим.
و عملته مختصرا ليسهل حفظه و يعم نفعه راجيا أن يكون ذكرا لى فى الدنيا و ذخرا لى فى العقبى سميته المعتمد من المعتقد
Бу дунёда мендан ёдгорлик, охиратда мен учун захира бўлишини умид қилган ҳолда ёдлаш осон бўлсин ва ҳаммага манфаати етсин учун уни мухтасар (рисола) қилдим ҳамда уни “Ал-Муътамад минал-муътақад”, (“Ақидага оид ишончли рисола”) деб номладим.
Аллоҳ таоло мўмина, муслима аёлларимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва барокотли ҳаётни насиб қилсин.