Исломий илмлар орасида “Қуръон илмлари” деб аталган соҳа мавжуд. Унда Қуръондаги “асбоби нузул” (“оятларнинг нозил қилиниш сабаблари ва тарихи”), “носих ва мансух” (“ҳукми бекор қилинган ва бекор қилувчи оятлар”), “муҳкам ва муташобиҳ” (“қатъий мазмунга эга ва эҳтимолли оятлар) каби мавзулар тадқиқ қилинади. Қуръонда ишлатилган истилоҳлар ва уларнинг мазмунини очиб берадиган, турли ўринларда уларнинг ҳар хил маъноларда ишлатилиши, оят ва ҳадисларда истилоҳларнинг кўриниши, терминологияси, араб тилшунослигида қандай маънода қўлланилиши, синоним, омоним ва антоним сўзларнинг ўзаро фарқлари, бир маъноли ва кўпмаъноли сўзлар каби жиҳатларни тадқиқ қилиш ҳам, аслида, “Қуръон илмлари” соҳасига тааллуқлидир.
Тилшунослик фанидан маълумки, араб тили синонимларга, яъни маънодош сўзларга энг бой тил ҳисобланади. Умуман, бирор тилнинг бойлиги ундаги синонимларга қараб белгиланади. Қайси тилда синонимлар – маънодош сўзлар кўп бўлса, ўша тил энг бой тил ҳисобланади. Шунингдек, қайси тилда омоним – шаклдош сўзлар кўп учраса, демак, ўша тил энг камбағал тиллар сирасига мансуб дея юритилади.
Тилшунослик соҳасида ҳам қалам тебратган баракали ижодкорлардан бири, таниқли мутасаввиф ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий (820-932) бўлади. Унинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” (“Қуръоннинг кўп маъноли сўзларини ўрганиш”) деб аталган асари тилшуносликнинг омонимлар ва кўп маъноли сўзлар мавзусига бағишланган.
Саҳобаларни кўрган тобиъийнлар давридан бошлаб Қуръон оятларини бир-бири билан солиштириб, қиёсий тафсир қилиш, оятни оят билан изоҳлаш услуби кенг ривожланган эди. Унда турли оятларда келтирилган ҳар хил ёки бир хил сўзларнинг қандай маъно-мазмунга эга экани кўриб чиқиларди. Қуръонни бу хилда ўрганишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлигини у зотнинг: “Қуръонда келган “қунут” сўзи “тоат” маъносидадир!”, деган гаплари орқали ҳам билиш мумкин.
“Қуръон таржимони” унвони билан танилган таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса “Қуръондаги “дийн” сўзи ҳамма ўринда “ҳисоб” маъносидадир!”, деганлар .
Таниқли саҳоба Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу эса “Қуръонда келган ҳар бир “риёҳ” сўзи “раҳмат” маъносида, “рийҳ” сўзи эса “азоб” маъносидадир!”, деганлар.
Саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу томонидан: “Сен Қуръондаги важҳларни билмагунча ҳаргиз тўлиқ фақиҳ бўла олмайсан”, дейилгани ҳам нақл қилинган.
Қуръоншуносликдаги бу услуб “Назоир ал-Қуръон” деган номдан бошқа яна “ал-вужуҳ ва ан-назоир”, “ал-ашбоҳ ва ан-назоир”, “вужуҳ ал-Қуръон” каби номлар билан ҳам аталиб келинади. Бироқ, улардан “ал-вужуҳ ва ан-назоир” номи кўпроқ тарқалган. Ибн Жавзий (1114-1201) битта сўзнинг турли маъноларга эгалиги “ал-вужуҳ”, турли сўзларнинг бир маънони англатиши эса “ан-назоир” эканини айтиб ўтган бўлса, Жалолиддин Суютий (1445-1505) эса “ал-вужуҳ” атамаси маъноларнинг ҳар хиллигига, “ан-назоир” эса маъно бир бўлса-да, сўзнинг турлича бўлишига қўлланади, деган. Унинг айтишича, Қуръондаги айрим атамаларнинг йигирмата ва ундан ортиқ маънолари борлигини зикр қилган.
Бу борада илк бор асар ёзган олим сифатида таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди Икрима Маданий (ваф. 723 й.) тилга олинади. Ундан сўнг Абу Талҳа Ҳошимий (ваф. 760 й.) бу борада қалам тебратган. Бизгача етиб келган бу соҳадаги илк манба Муқотил ибн Сулаймон Балхий (ваф. 767 й.) томонидан битилган “Ал-ашбоҳ ва ан-назоир” асари ҳисобланади. Ундан сўнг Ҳорун ибн Мусо (ваф. 786 й.)нинг “Ал-вужуҳ ва ан-назоир” асари ҳамда Яҳё ибн Салом (ваф. 815 й.)нинг “Ат-тасориф” асари яратилди.
Ҳаким Термизийнинг даврига яқин яна Абу Ҳилол Аскарий (ваф. 1004 й.) “Тасҳиҳ ал-вужуҳ ва ан-назоир” ва Абу Абдурраҳмон Исмоил ибн Аҳмад Зарир Найсобурий Жабарий (ваф. 1038 й.) қаламига мансуб “Вужуҳ ал-Қуръон” асарлари яратилди. Улар ҳам “Назоир ал-Қуръон” деб аталаверади.
Кейинги даврларда ҳам бу хилдаги бир қанча муҳим асарлар ёзилган. Қуръоннинг сўз ва атамаларининг маъноларига бағишланган бўлимлар “Улум ал-Қуръон” соҳасига оид китобларда ҳам ўз аксини топган.
Ҳаким Термизий тилшуносликдаги синонимлар мавзусига бир неча бор мурожаат қилган. Жумладан, олимнинг “Китоб ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф” (“Фарқлар ва синонимларни рад этиш китоби”) номли асарида 164 та маънодош сўзларнинг аслида синоним эмаслиги кўрсатиб берилган. Асар Қоҳирада икки марта нашр қилинган, француз тилига таржима қилинган.
Олимнинг тилшунослик муаммоларига оид асарларида масалалар асосан диний-ахлоқий меъёрлар асосида ёндашилган. Буни биз унинг “Баён ал-фарқ байн ас-садр ва-л-қалб ва-л-фуад ва-л-лубб” (“Қалб, кўкрак, ақл ва кўнгил ўртасидаги фарқнинг баёни”), “Масала фи-л-фарқ байн ал-илм ва-л-фиқҳ” (“Илм ва фиқҳнинг орасидаги фарқ масаласи”) ва “Ал-фарқ байн ал-айат ва ал-каромат” (“Мўъжизалар ва кароматлар ўртасидаги фарқ”) номли асарлари орқали ҳам билишимиз мумкин.
Ҳаким Термизийнинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асари бизгача етиб келган бўлиб, дунё қўлёзма фондларида, ҳозирча, унинг бешта нусхаси борлиги маълум. Асар Ҳусни Наср Зайдон томонидан 1969 йилда Қоҳирада нашр қилинган. Қўлёзмалардан тўрттаси Миср фондларида сақланса, бир нусхаси Тошкент ислом университети Манбалар хазинасида асраб келинади.
“Таҳсил назоир ал-Қуръон”да Қуръон маъноларидан завқ олишнинг ўзгача услубини кўрсатиб берилган. Унда ҳар хил истилоҳий сўзларнинг турли маъноларда акс эттирилиши, аксинча, турли маъноларнинг бир сўзда жамланиши каби мисоллар орқали ёритиб берилган. Турли маъноларга эга синоним сўзларнинг аслида битта бош ва ўзгармас маъноси бўлишини Ҳаким Термизий ўзининг “Китоб ал-фуруқ” асарида кўриб чиққан эди. Ушбу назария “Таҳсил назоир ал-Қуръон”да ҳам давом этилган. Масалан, ўзбек тилида “бет”, “афт”, “башара”, “чеҳра” ва “жамол” синонимлари учун умумий “юз” маъносининг ифодаланиши бирлаштирувчи маънодир. Шунингдек, омонимларда ҳам умумий маъно ўзаро боғлиқ бўлиши ёки бўлмаслиги маъноси мавжуд. Агар шаклдош сўзларда маънолар ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлса, унда ундай сўзларни тилшуносликда омонимлар эмас, балки айнан кўп маъноли сўзлар деб ҳам аталади. Ҳаким Термизий мазкур асарида омонимлар билан бирга уларнинг мана шу хилдаги маъноси бир-бирига боғлиқ кўп маъноли сўзлар эканлигини ҳам кўрсатиб бериб кетган. Масалан, ўзбек тилида “бош” сўзининг тоғнинг боши, одамнинг боши, йўлнинг боши каби маънолари бўлса-да, уларни умумий боғлаб турадиган жиҳати бош қисмнинг ифодаланиши мавжуд. Омоним ҳисобланган “ўт” сўзида эса олов, майса, ўтмоқ кабилар бошқа-бошқа маънолардир. Бу ерда, ушбу маъноларнинг ҳар бири алоҳида сўзда ифодаланган бўлиб чиқади.
Қуръондаги ўзаро ўхшаш маъноли сўзлар тўғрисида олдин ҳам бир неча асарлар битилган. Шулардан бири Ҳаким Термизийга маъқул келмаганлиги учун ўзи алоҳида асар битишга қарор қилади. Жумладан, олим асарнинг кириш қисмида: “Биз Қуръоннинг ўзаро ўхшаш сўзлари борасида ёзилган бу китобга қараб чиққанимизда, [унда] битта сўзни турлича изоҳланганлигини топдик. Бу ҳақида чуқур ўйланганимизда эса изоҳланган сўзларнинг шарҳида [бир-бирига тўғри келмайдиган] ҳар хиллик мавжуд экан. Битта сўзнинг изоҳидаги қайтармалар ўша сўзларнинг зоҳирий маъноларининг ҳам ҳар хиллигини келтириб чиқарган. Аслида, Китоб [яъни, Қуръон] бу сўзларни ўша вақтда юз берган [турли] ҳодисалар юзасидан нутқ қилган”, деган жумлаларни қайд қилган.
Ҳаким Термизий мазкур асарининг кириш қисмида танқид қилган олим ва унинг “Назоир ал-Қуръон” номли асари борасида бошқа ҳеч нарса дейилмаган. Айнан унинг қайси олимнинг асарига ишора қилаётгани ҳақида ишончли маълумот топиш ҳам мушкул. Лекин, бу ерда айтишимиз керак бўлган жиҳат шуки, аввалги олимнинг мақсади Қуръони каримдаги айнан омонимларни кўрсатиб бериш бўлган. Ҳаким Термизий эса уларнинг айримлари кўп маъноли сўзлар эканига ҳам эътибор қаратган.
Ҳаким Термизийнинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида сўзлар таҳлил қилинар экан, ҳар бир сўзга етарлича оят ва ҳадислардан, ўтмишдаги донишмандларнинг ҳикматли гапларидан мисоллар келтириб боради. Сўзларнинг ҳар хил маъноларда келгани билан уларнинг умумий битта маъноси борлигини исботлашга ҳаракат қилади. Масалан, “зикр” сўзининг намоз, хабар, ваъз-насиҳат, шараф, Қуръон маъноларида келгани билан уларнинг аслида биттагина “эслатма” маъносидан униб чиқишини исботлайди. “Китоб ал-фуруқ”да 164 та маънодош сўзлар изоҳланган бўлса, мазкур асарда олим 81 та сўзни изоҳлаб кўрсатган.
“Таҳсил назоир ал-Қуръон”да луғатга кўра “оғишмоқ”, “майл қилмоқ” маъносидаги “ҳадй” сўзининг 15 хил маъноси берилган. Аввал Ҳаким Термизий ушбу сўзнинг луғавий маъносини тушунтиради. Сўнгра, ушбу сўзнинг энг асосий истилоҳда қўлланиладиган маъноси “ҳидоят” эканлигини зикр қилади. Ана ундан кейин унинг 15 хил маъносини бирма-бир Қуръон оятларидан олинган мисоллар билан бирга келтириб ўтади. Унинг баён, ислом, тавҳид, дин, дуо, басират (узоқни кўра билиш), маърифат, Қуръон, расул (пайғамбар), рушд, тўғрилик, тақво, тавфиқ, тавба, ўтиш жойи сингари маъноларга эга эканлиги айтиб ўтилган. Жалолиддин Суютий эса айни сўзнинг 17 хил маъноси бор, деб туриб, унинг 19 хил маъносини келтириб ўтган. Имом Суютийнинг талқинида “ҳадй” сўзининг сабот, баён, дин, имон, дуо, расул, китоб, маърифат, набий, Қуръон, Таврот, истиржоъ (қайтмоқ), ҳужжат, тавҳид, суннат, ислоҳ, илҳом, тавба, иршод (рушд) каби маънолари бор экан.
Ҳаким Термизийнинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асари тилшуносликда муҳим аҳамиятга эга. Унда келтирилган сўзларнинг маънолари, ҳар бир сўзда юклатилган маънолар жилваланишлари, синоним, омоним ва антоним сўзларни таҳлил қилиш, шунингдек, луғатлар яратишда аҳамиятлидир. Умуман олганда, мазкур асар тилшуносликнинг лексикология ва лексикография бўлимлари тадқиқотчилари учун муҳим қўлланма манба бўлиши мумкин.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Муҳаддислар Ибн Ҳиббон (2/309), Аҳмад (3/11729) ва Абу Яъло (2/1379) ривоятлари.
- Муфассир Ибн Абу Ҳотам ривояти (44/13294).
- Муфассир Ибн Абу Ҳотам ривояти (5/1473).
- Муҳаддис Ибн Абу Шайба ривояти (10/30789).
- Жалолиддин ас-Суютий. ал-Итқон фий улум ал-Қуръон. Ж.1. – Лубнон: Дору-н-нашр, 1996.
- Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги. – Тошкент, 2015.
- Тошкент ислом университети Манбалар хазинаси. № 1/II.
- Ҳаким ат-Термизий. Таҳсил назоир ал-Қуръон. Таҳқиқ ва забт: Ҳусни Наср Зайдон. – Миср: Матбаау-с-саодат, 1969.