Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида (ҳижрий 1291 10-зулҳижжа) Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа Урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780 – 1785) Самарқандга келиб қолган.
У дастлаб Самарқанд мадрасасида, сўнгроқ Бухорода яхшигина таҳсил кўрган. Анъанавий таҳсил, сўнг эса ўз устида қунт ва сабот билан ишлаш орқали у шариатнинг юксак мақомлари – қози, муфти даражасигача кўтарилади. 1899-1900 йилларда Беҳбудий бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига чиқади. Беҳбудий сафар чоғида кўп ажобий ходисаларга гувоҳ бўлди. Хусусан сафарда у янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди. Унинг ташаббуси ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи (С. Сиддиқий), Ражабамин (А. Шакурий) қишлоқларида янги мактаблар ташкил топади. Адиб ушбу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Кетма-кет унинг «Рисолаи асбоби савод» (1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» (1905), «Рисолаи жуғрофияи Русий» (1905), «Китобат-ул атфол» (1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблари пайдо бўлади. Маҳмудхўжа 1903-1904 йилларда Москва, Петербургга боради, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда бўлади. Булар саёҳат эмас, хизмат сафари эди. Масалан, Нижний Новгородда 1906 йилнинг 23 августида Русия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммоларига бағишланган қурултой чақирилади. Беҳбудий бу қурултойда Туркистонлилар гуруҳини бошқаради ва катта нутқ сўзлайди.
Беҳбудий назарида маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмасди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ, миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ керак эди. Бинобарин, миллат учун шундай ойна керак эдики, унда у ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин. Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуот сари бошлади. «Падаркуш» шу тариқа майдонга келди. Хуллас, 1911 йилда ёзилган «Падаркуш» драмаси 1913 йилдагина босилиб чиқади. Китоб жилдидаги «Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади», деган ёзув ва унинг Тифлис цензурасининг рухсати билан чоп этилиши шуни кўрсатадики, иш осон кўчмаган. Пьеса босилиб чиққандан кейин ҳам уни саҳнага қўйиш учун яқин бир йил вақт кетди. Муаллиф бу ҳақдаги хатларга жавобан кинояомуз: “Туркистонда бекор одам йўқки, халқ учун ишласа. Бекор киши йўқки, театру саҳнасига чиқиб, «масхарабозлик» қилса”, деб ёзган эди.
«Падаркуш» – ўзбек драмачилигининг ҳамма якдил эътироф этган биринчи намунасидир. Мутахассислар уни ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар сифатида баҳолайдилар. Муаллиф «Миллий фожиа» атаган, 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман жуда ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн. У жаҳолат ва нодонлик, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади. Орқа-олдини ўйламаган бойнинг Тошмурод исмли ўғли бор. Ўғли ўқимаган. Бой атрофдагиларнинг гапига кирмайди, ўғлини ўқитмайди, оқибатда у кўча безориларига қўшилади. Ресторанда маишатга пули етмай, шерикларини тунда уйига бошлаб келади. Бой уйғониб, уларни сезиб қолади. Лекин бойни ўлдириб, пулини олиб кетадилар.
Хулоса: жаҳолат ва нодонлик отанинг ҳам, боланинг ҳам бошига етади. Агар бутун миллат шу аҳволга тушсачи?!.. «Падаркуш» дастлаб Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилди. «Халқ ниҳоят кўп келиб, билет етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди», деб ёзади маҳаллий матбуот. Тошкентда 1914 йилнинг 27 февралида Авлонийнинг «Турон» труппаси Колизей (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да ўз фаолиятини мана шу «Падаркуш» билан бошлаган эди. Спектакль олдидан машҳур Мунаввар қори театрнинг жамият ҳаётидаги роли ва ўрни ҳақида нутқ сўзлайди. Бой ролини Абдулла Авлонийнинг ўзи ижро этади. Маҳаллий матбуот бу кунни «тарихий кун» деб ёзади.
1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланади. Апрель ойидан «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45 та сонидан кейин моддий танқислик туфайли чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан у «Ойна» журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик журнал асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб бориларди…
«Бошда ҳафтада бир марта ва иккинчи йилдан эътиборан 15 кунда бир қатла чиқиб, йигирма ой чамаси давом қилди… Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркиягача тарқалар эди… Жадидларнинг севикли журналлари эди».
Беҳбудий шу йиллари нашр ишлари билан қизғин шуғулланди. «Нашриёти Беҳбудия» номи билан ўз хусусий нашриётини очди. Фитратнинг «Баёноти сайёҳи ҳинди» асарини 1913 йилда русчага таржима қилдириб, нашр этди. Туркистон харитасини тузиб, босмадан чиқарди. Кутубхонани йўлга қўйди. Ўша давр вақтли матбуотида «Беҳбудий кутубхонаси» ҳақидаги хабарлар чиқа бошланган эди.
М.Беҳбудий миллий тил масаласига катта эътибор қаратди. Биргина унинг «Ойна» журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига тил-адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Айниқса, тил масалалари муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида бўлган. Беҳбудий миллатнинг тараққиёти учун бир неча тил билишни шарт ҳисобларди. Масалан, журналнинг 1913 йил август, биринчи – нишона сонидаёқ, «Икки эмас, тўрт тил лозим» деган мақола билан чиққан эди.
Фитратнинг журналда босилган мақолаларидан бири «Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдур», деб номланган. «Тушундигим замон кўнглум ёнар, йиғламоқ истарман, кўз ёшларим келмайдур», деб бошланар эди мақола. Адиб тараққиёт ва турмушда Оврўподан ер ва осмон қадар узилиб қолган Туркистоннинг фожиали аҳволидан сўз очган эди. (1915 й. 7-сон). «С.А.» имзоли кишининг «Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар» (1914 й. 35-сон) мақоласида бошқа тилларни ўрганиш қаторида ҳар бир миллат ўз тилининг муҳофазаси билан шуғулланиши шарт, деган фикр жуда кўп далиллар билан исбот қилиб берилади. “Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўша берсак, бироз замонда тил ва миллиятимизни йўқотурмиз. Миллиятимизни йўқотганда диёнатимиз ўз-ўзи ила албатта, йўқолур”, деб ёзади муаллиф ва «Бас, бизға тилимизни ажнабий сўзлардан муҳофаза қилмоқлик энг биринчи муҳим бир вазифадур», деб хулоса чиқаради. Журналнинг 1915 йил 11-12-сонларида босилган Беҳбудийнинг «Тил масаласи» мақоласида тилларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги баҳс давом этади. Улуғ маърифатчи тилларнинг бир-биридан ўринли луғат олишини табиий жараён деб қарайди. Энг бой тиллардан бўлган инглизчанинг ҳам «ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини» далил қилиб кўрсатади ва масаланинг бошқа жиҳатига – ягона адабий тил, тил бирлигига диққатни қаратади.
Мустамлакачилар «50 йил илм-маърифатдан четда сақлаб келган»лари (Куропаткин) Туркистонни осонлик билан қўлдан чиқармас эдилар. Фитна ва иғво тинимсиз давом этарди. Шундайлардан бири 1917 йилнинг баҳорида Бухорода юз берган эди. Амир февраль ўзгаришларини ҳисобга олиб, рус элчихонасининг маслаҳати билан ислоҳот эълон қиладиган бўлади. Ва бу фармонни ушбу элчихонанинг бошлиғи жаноб Миллер тайёрлайди. Ҳар хил англашилмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида собиқ генерал-губернатор, эндиликда Русия Муваққат ҳукуматининг Туркистон комиссари Куропаткин топшириғига кўра Самарқанд ижроия қўмитаси Бухорога бир неча кишилик ҳайъат юборди. Улар орасида Беҳбудий ҳам бор эди. 7 апрель ислоҳот эълони олдиндан мўлжалланганидек тантанага, тантана эса фожиага айланади. Амир ва ёшлар, муллалар ва жадидлар ўртасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо бўлади. Миллер бунинг айбини Беҳбудийга қўяди. Фақат Миллер эмас, Тошкентда 9 апрелда бошланган Туркистон ишчи ва солдат депутатлари советларининг биринчи ўлка съездида айрим рус депутатлари Бухоро фожиасининг сабабини Самарқанддан «ўз ихтиёрлари илан» борган депутатларга тўнкайдилар. Миллатни ич-ичидан қайраш ва низо чиқариш изчил давом этади. Беҳбудий мазкур съездда минбарга чиқиб, бор воқеани тушунтириб берган ва бу ҳақда «Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат» («Ҳуррият» газетаси, 1917 йил 1 май) деган махсус мақола ёзган эди.
Беҳбудий Тошкентда Туркистон рус совет ҳукумати раҳбарлари билан музокаралар олиб боради лекин у ҳам натижа бермайди. Оқибатда Беҳбудий 1919 йилнинг баҳори 25 мартда Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли бир тусда Қарши шаҳрида қатл қилинади. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахт бўлган Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутади. Ўнлаб марциялар ёзилади. «Беҳбудийнинг сағанасини изладим» деб аталар эди Фитратнинг бир шеъри. Айнийда бир эмас, уч шеър бор.
Сани мундин буён Турон,
кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон
тополурму тополмасму?
– деб бошланарди унинг шеърларидан бирида.
1926-37 йилларда 11 йил давомида Қарши шаҳри Беҳбудий номи билан юритилди. Бироқ унинг асл қиёфаси халқдан сир сақланди. Адиб номининг адабийлаштирилиши шунчаки бир ниқоб эди. Қарши шаҳрига унинг номи қўйилган ўша 1926 йилдаёқ у мансуб бўлган жадидчиликни аксилинқилобий, аксилшўровий ҳаракат сифатида қоралаш кампанияси бошлаб юборилган эди.
2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланади. Мутафаккирнинг илмий, ижодий, педагогик фаолияти ва мероси алоҳида аҳамиятга молик. ХХ аср ўзбек адабиёти ва санъатида, ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этган, миллат маърифати, озодлиги, ҳурлиги йўлида мардонавор курашган бу улуғ алломанинг сермашаққат ва сермаҳсул фаолияти тарих саҳифаларидан мангу ўрин эгаллади, авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолди.
Зеро, Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни ташкил этилиши ҳам юртимиз ёшлари қалбида юксак билим ва маърифатлик, ватанпарварлик туйғулари жўш уриб туради, фахр ва ифтихор туяди.