Муҳаддислар ўз олдиларига барча турдаги ҳадисларни ёзишни мақсад қилиб олганлар. Бир гуруҳ муҳаддислар фақат саҳиҳларини жамлаган бўлсалар, бошқалари саҳиҳ билан ҳасан ҳадисларни тўплашга эътибор қаратганлар. Шунингдек, бошқа гуруҳ олимлар Расулуллоҳ (с.а.в.) номларидан тўқиб чиқарилган сохта ҳадисларни тўплаб алоҳида китоблар ёзганлар.
Маълумки, ҳадис илмида ҳадислар муҳаддисга етиб келиши бўйича икки тур – мутавотир ва оҳодга бўлинади [4: 93]. Оҳод тур эса, учга бўлиниб, улардан бири машҳур ҳисобланади. Истилоҳда машҳур ҳадис деб, иснод йўлларининг ҳар бирида учта ва ундан ортиқ шахслар томонидан ривоят қилинган ва мутавотир даражасига етмаган ҳадисларга айтилади [1: 19]. Шу билан бирга машҳур ҳадис саҳиҳ, ҳасан, заиф ва ҳатто, сохта (тўқима, мавзу) бўлиши ҳам мумкин.
Машҳур саҳиҳ ҳадисга мисол тариқасида, Имом Бухорий ривоят қилган “Сизлардан бир киши жума намозига келса, ғусл қилиб олсин” деган ривоятини келтирса бўлади. Машҳур ҳасан ҳадисга мисол тариқасида, Имом Можа ривоят қилган “Исломда ўзига ҳам бировга ҳам зарар етказиш йўқ” ҳадисини мисол қилиш мумкин.
Машҳур ҳадиснинг “истилоҳий шартлари”га жавоб бермайдиган, яъни уч ёки ундан ортиқ ровийлар занжирига эга бўлмаган, аммо турли соҳа вакиллари ёки халқ орасида кенг тарқалган “ноистилоҳий машҳур ҳадислар” мавжуд. Бунда ҳадиснинг фақат бир ёки икки исноди бўлиши ёки умуман исноди бўлмаслиги мумкин. Бу каби ривоятлар одамлар орасида кенг тарқалгани сабаблигина “машҳур ҳадислар” деб аталади.
Ноистилоҳий машҳур ҳадислар бир неча турга бўлинади [1: 24]:
– Асосан ҳадис аҳллари орасида машҳур бўлган ҳадислар. Масалан, Анас ибн Моликнинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ой давомида рукудан кейин Риъл ва Заквон қабилаларини дуоибад қилдилар” ҳадиси.
– Аҳли ҳадис, уламолар ва омма орасида машҳур бўлган ҳадислар. Масалан, “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили ва қўли билан озор бермайдиган кишидир” ҳадиси ва бошқа бир қатор турларини келтириш мумкин.
Машҳур ҳадиснинг истилоҳий шартлари эътиборга олинмаган ҳолда илм ва бошқа соҳа аҳллари орасида кенг тарқалганлиги эътиборидан ҳам ишлатилиб, у ноистилоҳий (ҳадис илмидаги истилоҳий талабларга жавоб бермай, луғавий жиҳатидан эътиборга олган ҳолда) машҳур ҳадислар дейилади. Бунда ҳадис истилоҳининг луғавий маъноси эътиборга олинган бўлади. Бу ҳолда ҳадиснинг фақат бир ёки бир неча исноди ёҳуд умуман исноди бўлмаслиги мумкин.
Шу билан бирга муҳаддислар ҳар бир замонда одамларнинг тилида машҳур бўлган ҳадисларни ҳам тўплаганлар. Ҳадисларнинг даражаси эътиборидан эмас балки, кенг тарқалганидан, яъни “тилларда достон” бўлганидан олимлар бундай ҳадисларни алоҳида китобларга ёзганлар. Бундай китобларда саҳиҳ, ҳасан, заиф ва ҳатто мавзу, яъни “сохта ҳадислар” ҳам жамланган. Шу билан бирга олимлар китоблардаги ҳадисларнинг даражасини ҳам кўрсатиб ўтганлар.
Чунончи муҳаддис яшаган даврда ва муайян жойда машҳур бўлган ҳадисларни бу турдаги асарлардан билиб олиш мумкин. Бундай асарларнинг фойдали жиҳатлардан бири муҳаддислар томонидан ҳадиснинг ишончлилик даражасини кўрсатиб ўтилганидир.
Зеро, ҳадис илми тарихидан шу нарса маълумки, турли соҳа эгаларининг ўз машҳур ҳадислари бўлган ва бу ҳозиргача давом этиб келмоқда. Бундай ҳадислар муайян соҳа эгаларининг ўз ишларига бўлган дунёқарашни ҳам белгилаб беради. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, машҳур ҳадислар орасида мавзу ҳадислар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиб тўқилган ёлғон сўз) ҳам бор бўлиб улар мусулмонларнинг нотўғри эътиқод ва амал қилишларига олиб келади. Бу эса ҳадис илми нуқтаи назаридан тўғри иш ҳисобланмайди.
Исломдаги турли оқимлар, фирқанинг ўз ақида ва таълимотларини оқлаб кўрсатишга уринишлари натижасида ҳадислар тўқиб муомалага киритганлар. Натижада, оддий халқ аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлса-да, илмсизлиги туфайли адашган гуруҳларнинг сохта ҳадисларига ишонганлар. Бу билан ўз эътиқодларига зарар келтирганлар.
Шу каби сабаблар натижасида муҳаддислар одамлар орасида машҳур бўлган ҳадисларни жамлаб улар орасидаги ишончли ҳадисларни заифидан ажратиб, уларни ривоят қилган ишончли бўлмаган ровийларини кўрсатиб бердилар. Агар ҳадис сохта ва унга амал қилиб бўлмайдиган бўлса ундан огоҳлантирдилар ҳамда баъзи ўринларда сохта ҳадисларга қарши бўлган ишончли ҳадисларни ҳам ёзиб ўтганлар. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай ҳадисларнинг аксарияти заиф, сохта ёки асли йўқ ривоятлардир.
Ҳадис илмида машҳур бўлган бундай китоблардан машҳурларидан қуйидагиларни келтириб ўтиш ўринли:
Ҳусайн ибн Иброҳим Абу Абдуллоҳ Жузақоний (ваф. 543/1148 й.) “ал-Аботил ва-л-манокир ва-с-сиҳоҳ ва-л-машоҳир” асарини ёзган. Заҳабий: “Унда мавзу ва воҳий ҳадислардан жамланган. Уни мутолаа қилдим ва ундан фойдаландим”, деган. Асар катта аҳамиятга эга ва шу соҳада ёзилган илк тўпламлардан ҳисобланади. Унда сохта ва заиф ҳадислар ва уларнинг иллатлари баён қилиб берилган. Кейинги олимларнинг деярли барчаси ушбу манбадан ўз асарларини ёзишда фойдаланганлар.
Муҳаммад ибн Баҳодир ибн Абдуллоҳ Заркаший (ваф. 794/1392 й.) эса “ат-Тазкирот фи-л-аҳодис ал-муштаҳиро” асарини таълиф этган. Китобнинг иккинчи номи “ал-Лаолий ал-мансуро фи-л-аҳодис ал-муштаҳиро” деб юритилади. Муҳаддис бу асарини ўзидан олдин ўтган олимларнинг сўзларига таяниб ёзган.
Бу асар ўз йўналишида машҳур бўлиб, кенг тарқалган асарлардан ҳисобланади. Баъзи олимлар унга мухтасар ёзган бўлсалар, бошқа олимлар қўшимчалар қўшганлар. Олимларнинг яна бир гуруҳи эса асарни қайта алифбо тартибида қайта тузиб чиққан. Кейинги олимларнинг деярли барчаси ушбу асардан ўз китобларини ёзаётганида фойдаланганлар.
Ҳофиз Саховий (ваф. 902/1497 й.) “ал-Мақосид ал-ҳасана фима иштаҳара ала-л-алсина” асарини таълиф этган. Олимнинг бу асари машҳур ҳадисларнинг кўпини ўзида жамлаган энг муҳим китоблардан ҳисобланади. Ибн Имод Ҳанбалий: “Бу асар Суютийнинг “ад-Дурар ал-мунтасиро фи-л-аҳодис ал-муштаҳиро” номли асаридан кўра кўпроқ ривоятни жамлаган”, деган. Шу сабабли олимлар бу асарга доимо тўхталиб ўтганлар. Уни алоҳида дарсларда ўқитганлар. Унга Суютийнинг шогирди Али ибн Муҳаммад Моликий “ал-Васоил ас-санийя мин ал-мақосид ас-саховийя” номида мухтасар ёзган.
Саховий бу асарини алифбо тартибида ёзган, сўнг китоб охирида мавзуларга бўлган. Шунингдек, олим ҳадисларнинг ишончли ёки заифлик даражасини кўрсатиб ўтган. Мавзу ва асли йўқ ҳадисларни ҳам баён қилиб, олимларнинг ҳадис ҳақидаги фикрларини ҳам келтирган [3: 108]. Бу асар Мисрда Абдуллоҳ Муҳаммад Сиддиқ томонидан чоп этилган ва ундаги ҳадислар сони 1356 тани ташкил этади [2: 594].
Суютийнинг “ад-Дурар ал-мунтасиро фи-л-аҳодис ал-муштаҳиро” номли асари алоҳида аҳамиятга эга. Аллома Каттонийнинг айтишича, Суютий бу асарда Заркашийнинг “ат-Тазкиро” асарини қисқартирган, унга қўшимчалар ҳам қўшган [2: 595]. Ундаги ҳадислар сони 493 тадир.
Нуриддин Абу Ҳасан Самҳудий (ваф. 911/1505 й.) “ал-Ғаммоз ала-л-ламмоз фи-л-аҳодис ал-мушта-ҳиро” асарини ёзган. Асар алифбо тартибида ёзилган. Баъзи ўринларда ҳадиснинг бир қисмини келтирган, унинг ҳукмини айтган, шунингдек, ўрнига қараб мавзу ҳадиснинг қўпол ва мантиқсизлигини кўрсатиш мақсадида саҳиҳ ҳадисни ҳам келтирган. Келтирган ҳадислар санадидаги заиф ёки ёлғончи ровий исмини зикр қилган. Асарда 351 та ҳадис мавжуд.
Ибн Дайба номи билан танилган Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад Шайбоний Шофиъий (ваф. 944/1537 й.) “Тамйиз ат-тоййиб мин ал-хабис фима ядур ала алсинат ан-нос мин aл-ҳадис” асари. Устози Саховийнинг “ал-Мақосид” номли асарини мухтасар қилган. Муаллиф китобнинг аслига эргашган ҳолда алифбо тартибида тузган ва қўшимчалар ҳам қўшган. Ундаги ҳадислар адади 1679 тани ташкил этади [2: 594].
Ибн Тулун Димашқий Ҳанафий номи билан танилган Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад (ваф. 953/1546 й.) “аш-Шазарот фи-л-аҳодис ал-муштаҳи-ро” асари билан танилган. Олим бу асарида уч китоб: Заркашийнинг “ат-Тазкира”, Суютийнинг “ад-Дурар” ва Саховийнинг “ал-Мақосид” асарларини мухтасар қилган ҳолда ёзган. Шу билан бирга бу китобларда бўлмаган баъзи ҳадис ва осорларни ҳам қўшган. Ҳадис ва осорлар алифбо тартибида ёзилиб, баъзи асли йўқ бўлган машҳур ишларни ҳам келтирган. Ундаги ҳадислар 1166 тани ташкил этади.
Муҳаммад ибн Бадруддин Нажмуддин Омирий Қураший Ғаззий (ваф. 1061/1656 й.) “Итқон ма яҳсун мин ал-ахбор ад-доира ала ал-алсин” асарини ёзган. Бу асар машҳур ҳадислар жамланган энг муҳим асарлардан ҳисобланади. У ўз асарига ўзидан олдин ўтган Заркаший, Суютий, Саховий кабиларнинг ишларини жалб қилиб, ўзи томонидан ҳам кўп нарсалар қўшганлиги билан бошқа асарлардан ажраб туради. Ҳатто, бу асарларга ишора қилиб, чўзилиб кетмаслиги учун турли рамзларни ҳам ишлатган. Китобда 2414 та ҳадис алифбо тартибида жойлаштирилган.
Муҳаммад ибн Абдулбоқий Зарқоний Мисрий Азҳарий Моликий (ваф. 1122/1710 й.) “Мухтасар ал-мақосид ал-ҳасана фи баён касир мин ал-аҳодис ал-муштаҳира ала ал-алсина” асарида алифбо тартибида 1241 та ҳадисни жамлаган.
Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдулҳодий “Кашф ал-хафо ва музайл ал-илбос амма иштаҳара мин ал-аҳодис ала алсина ан-нос” асарини ёзган. Бу ўз йўналишидаги энг катта асарлардан бири бўлиб ва ўзида энг кўп машҳур ҳадисларни жамлагани билан бошқаларидан ажралиб туради. Олим бу асарни ёзишда ўзидан олдинги муҳаддисларнинг ишларидан ҳам унумли фойдаланган. Китобда 3281 та ҳадислар алифбо тартибида жойлаштирилган. Шу билан бирга ҳадисни ривоят қилган муҳаддисларни, ҳадис матлари бошқача бўлса уларни ҳам келтириб, бир оз шарҳлаб ҳам ўтган. Шарҳларни бошқа турдаги ҳадис китобларидан ҳам фойдаланган ҳолда келтирган. Ҳадисларнинг ишончлилик даражасини ҳам айтиб, сохта ҳадисларнинг баёни ҳам келган.
Муҳаммад ибн Аҳмад Саадий Санъоний Яманий (ваф. 1181/1767 й.) “ан-Навофиҳ ал-атара фи ал-аҳодис ал-муштаҳира” асарини ўзидан олдинги асарларга таяниб ёзган. Ҳадисларнинг саҳиҳ, ҳасан, заиф, ботил, асли йўқ деган даражалари билан келтирган. Китобда 2717 та ҳадис алифбо тартибида келтирилган.
Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад ибн Али Мисрий Шаъроний Ансорий (ваф. 973/1565 й.) “ал-Бад ал-мунир фи ғариб аҳодис ал-башир ан-назир” асарида тахминан 2300 та ҳадисни алифбо тартибида ёзган. Каттонийнинг айтишича, Суютий ва Самҳудийларнинг асаридан танлаб олинган ҳадисларни келтирган [3: 109].
Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, ноистилоҳий, яъни истилоҳий бўлмаган машҳур ҳадисларни жамлаш турли замонларда ўз муҳимлигини йўқотмаган. Шунинг учун бундай манбаларнинг деярли барчаси ҳозирги замонда нашр этилган.
Шунингдек, олимлар Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Ҳасан Мисрий Моликий (ваф. 939/1532 й.) “ал-Васоил ас-санийя мин ал-мақосид ас-Саховийя ва-з-завоид ал-асютийя”, Иззуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Қодирий Халилий Шофиъий (ваф. 1122/1710 й.) “Мухтасар ал-масноид ал-ҳасана фи баён касир мина-л-аҳодис ал-муштаҳира ала-л-алсина”, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жоруллоҳ Яманий Саъдий (ваф. 1181/1767 й.) “ан-Навофих ал-атиро фил-аҳодис ал-муштаҳиро”, Муҳаммад ибн Дарвиш Абу Абдуллоҳ Байрутий (ваф. 1276/1859 й.) “Асна ал-матолиб фи аҳодис мухталифа ал-маротиб” каби асарларини ёзганлар.
Хулоса қилиб айтганда, одамлар ва турли соҳа вакиллари орасида кенг тарқалиб машҳур бўлган ҳадислар муҳаддислар томонидан алоҳида китобларга жамланган. Шу билан бирга муҳаддислар бу ҳадисларнинг ишончлилик даражасини ҳам кўрсатиб, саҳиҳ, ҳасан, заиф ва мавзу (сохта)ларга бўлганлар. Агар келтирилган ривоят сохта ва асли йўқ бўлса, уларни ривоят қилган ровийларни, қайси китобларда келганини ҳам баён қилинган. Бундай асарларда сохта, асли йўқ ҳадисларнинг келтирилгани уларни сохта ҳадис тўпламларидан ҳам ҳисобласа бўлади.
Шунингдек, ушбу тур китобларда келган ҳадислар муайян даврда машҳурлик даражасига кўтарилганини кўриш мумкин. Зеро, ҳозирги кунда ҳам халқ орасида машҳур бўлган ҳадисларни тўплаш ўз аҳамиятини йўқотмаган.
-
Маҳмуд Таҳҳон. Тайсир мусталаҳ ал-ҳадис. – Ар-Риёз: Мактаба ал-маориф, 1987.
-
Муҳаммад ибн Жаъфар Каттоний. Ар-Рисола ал-мустатрафа ли баён машҳур кутуб ас-сунна ал-мушаррафа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2011.
-
Саййид Абдулможид Ғовжий. Ал-Важиз фи таъриф кутуб ал-ҳадис. – Димашқ: Дор Ибн Касир, 2009.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. – Т.: Шарқ, 2011.