Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ НАСР ҲАДДОДИЙ САМАРҚАНДИЙ – ҚУРЪОН ВА ҚИРОАТ ИЛМЛАРИНИНГ ЕТУК НАМОЯНДАСИ

АБУ НАСР ҲАДДОДИЙ САМАРҚАНДИЙ – ҚУРЪОН ВА ҚИРОАТ ИЛМЛАРИНИНГ ЕТУК НАМОЯНДАСИ

Мовароуннаҳр Ўрта Осиёнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий жиҳатдан тараққий этган маркази ҳисобланган. Самарқанд, Бухоро, Шош, Термиз каби шаҳарларда бир неча мадрасаларга асос солиниб, илм-фаннинг турли соҳалари ривожланган.

Маҳаллий аҳолининг ислом дини ва араб тилини ўрганишга иштиёқи ошиб, бу жараён Қуръони карим илми, фиқҳ, ҳадис, аниқ ва табиий фанлар тараққиётининг энг юқори чўққисига чиқарган. Бу эса ўз навбатида илмнинг турли соҳаларида ўз ижодий фаолиятларини олиб борган бир қанча фақиҳ, муҳаддис, каломшунос ва қомусий алломаларнинг Шарқ заминида етишиб чиқишига туртки бўлди.

Мовароуннаҳр тарихи, маданияти ва маънавиятини юксак даражага кўтаришда самарқандлик алломаларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлган. Бу соҳада нафақат Самарқанд шаҳри балки, унга қарашли бир қанча қишлоқларидан етишиб чиққан муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломаларни ҳам тилга олиб ўтишимиз мумкин.

Шундай алломалардан бири – Абу Наср Аҳмад Самарқандий бўлиб, тўлиқ исми – Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий Ҳад-додийдир. Аллома ўз даврида Самарқанднинг энг кўзга кўринган қориларидан бири бўлган [1]. Ҳаддодий деб номланишида икки хил қараш мавжуд, бири – алломанинг темирчилик билан шуғулланганлигига далолат қилса, иккинчи сабаби Ҳаддода қишлоғида туғилганига ишорадир [2: 7]. Самарқандий деб нисбат берилганлигига сабаб, унинг Самарқандда таҳсил олиб, шу жойда бир қанча муддат истиқомат қилганлигидир.

Тарихчи олим Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжаму-л-булдон” асарида келтиришича, Ҳаддода – ҳозирги Эроннинг Рай вилоятидаги Домғон ва Бастом оралиғидаги катта бир қишлоқ номидир.

Аллома ўз даврининг таниқли олим ва мутафаккирларидан илм олган. Жумладан, Қуръон илмлари, тафсир ва қироат бўйича устозлари:

  1. Самарқанд аҳли орасида Қуръони каримдан дарс берувчи устоз сифатида ҳурмат қозонган Абу Яҳё Муҳаммад ибн Сулаймон Хайётдан Қуръони каримдан таҳсил олган. Йигирма йил давомида устози билан ёнма-ён бўлиб, кўп маротаба Қуръонни хатм қилган ва шу давр мобайнида устозидан кўп фойдали илмларни ўзлаштирган. Устози Абу Яҳё ўз навбатида Абу Фазл ибн Абу Ғассондан Қуръони карим илмларидан таълим олган.
  2. Ибн Жазарийнинг келтиришича, аллома 370/981 йиллар атрофида Самарқанднинг яна бир машҳур қориларидан бири – Абулқосим Муҳаммад ибн Муҳаммад Фустотийдан Қуръони карим бўйича таҳсил олган.
  3. Ибн Жазарийнинг келтиришича, аллома 360/971 йилдан кейин Самарқандда Қуръони карим тиловатидан таълим берувчи устозлардан яна бири Абу Саъид Жаъфар ибн Муҳаммад Сижистонийдан таълим олганлиги ҳақида таъкидлаган.
  4. “Носих ва-л-мансух” асари муаллифи Абулқосим Зарийр Ҳибатуллоҳ ибн Салома Бағдодий бўлиб, қироат илмини тўлиқ Зайд ибн Абу Билолдан ўзлаштирган. Ўз навбатида ундан Ҳасан ибн Али Аттор ва Шайхулислом Абу Исмоил Ансорийлар қироат илмини тўлиқ ўзлаштиришган.

Абулқосим Бағдодий Қуръони карим тафсирини ёддан билувчи энг кучли олим бўлиб, Мансур масжидида ўзининг дарс халқаси бўлган. Манбаларда унинг тўқсон беш хил тафсирни ривоят қилганлиги келтирилган. Ҳижрий 410/1020 йилда Бағдодда вафот этган.

  1. “Ал-ғояту фи-л-ашр”, “Мазҳабу Ҳамза фи-л-вақф” ва “Табақоту-л-қурро” асарлари муаллифи Абу Бакр ибн Маҳрон Аҳмад ибн Ҳусайн Исфаҳоний Нишопурий бўлиб, Абу Бакр Наққош, Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Муқсим ва бошқалардан Қуръони каримдан таҳсил олган. Ўз навбатида Маҳдий ибн Тарора шайх Ҳазлий, Али ибн Аҳмад Бустий шайх Воҳидийлар ундан таҳсили илм қилишган. 381/991 йилда вафот этган.
  2. Абу Ҳафс Умар ибн Иброҳим Каттоний Бағдодий Қуръони каримдан таълим берувчи ва ишончли (сиқа) муҳаддис бўлган. Ибн Мужоҳид ва Муҳаммад ибн Жаъфар Ҳарбийдан қироатни тўлиқ ўзлаштирган. Иброҳим ибн Арафа Нафтавайҳдан тажвид илмидан таҳсил олган. Қуръони каримни Ашноний ва Муҳаммад ибн Ҳасан Наққошлардан ўрганган. Ўз навбатида Исо ибн Саъид Андалусий ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ ва бошқалар алломадан таҳсили илм қилишган. Каттоний Бағдоддаги масжидида Қуръондан таълим берган. 390/1000 йилда вафот этган.
  3. Ўз даврининг машҳур имоми Абу Бакр Аҳмад ибн Наср ибн Мансур Шазоий бўлиб, Умар ибн Муҳаммад Коғадий, Ибн Мужоҳид ва Ибн Ахрамлардан Қуръон илмларини ўзлаштирган, ўз навбатида Абулфазл Хузоъий, Ҳасан ибн Али Шомухий ва Али ибн Ҳасан Козрунийлар ундан таҳлим олишган. 373/984 йилда Басрада вафот этган.
  4. Улуғ қироат олими Муҳаммад ибн Аббос Хаззоз Бағдодий бўлиб, Ибн Жазарий Ҳаддодийнинг Бағдодда 370/981 йиллар атрофида ундан таълим олганлигини таъкидлаган.
  5. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Сулаймон Абул-қосим Бағдодий бўлиб, қироат илмини Муҳаммад ибн Ҳорун Таммор ва Соҳиб Рувайсларда тўлиқ ўзлаштирган. Ўз навбатида Муҳаммад ибн Ҳасан Козриний, Абулъало Муҳаммад ибн Али Воситий ва Абулҳасан ибн Аллофлар ундан қироат бўйича таҳсил олишган.

Бу олим ҳақида Ҳофиз ибн Фаррот: “Бу каби олимни учратмадим” – деб таъкидлаган. У 368/979 йилда вафот этган.

  1. Али бин Уқба бўлиб, Ямут ибн Музраъдан қироат турларини ривоят қилган. Абу Наср Ҳаддодий эса ундан ривоят қилган [2: 9].

Ҳадис илмилари бўйича устозлари:

  1. Аҳмад ибн Али ибн Манжавайҳ Абу Бакр Исфаҳоний бўлиб, Ҳаддодий у ҳақда ўзининг “Ал-мадхал” (600-бет) асарида зикр қилган.
  2. Абу Саъод Абдурраҳмон ибн Муҳаммад бўлиб, Ҳаддодий ўзининг “Ал-мадхал ли илми-т-тафсир Китабиллаҳ” (451-бет) асарида ундан ҳадис келтирган [2: 10].

Араб тили грамматикаси ва адабиёти бўйича устозлари:

  1. Абу Саид Сирофий Ҳасан ибн Абдуллоҳ бўлиб, Басра наҳв илми (араб тили грамматикаси)нинг энг билимдони бўлган. Қуръон бўйича Ибн Мужоҳиддан, луғат бўйича Ибн Дурайддан, наҳв бўйича эса Абу Бакр ибн Саррождан таълим олган. Толиби илмлар ундан Қуръони карим, қироат, Қуръон илмлари, наҳв, луғат, фиқҳ, фароиз (мерос илми) ва каломдан таҳсил олишган. Ҳанафий маҳабида бўлган. Ундан ўз навбатида ўғли ва Ҳаддодий таълим олишган. 368/979 йилда вафот этган.
  2. Абулҳасан Мансур ибн Ҳасан Аҳвозий бўлиб, Ҳаддодий ундан атф турларини ривоят қилган.
  3. Абулҳасан Али ибн Иброҳим Аттор Балхий.
  4. Абу Амр Азудий.

Бундан ташқари, алломанинг Абу Наср ибн Зодон, Абулқосим Абдуллоҳ ибн Ҳасан каби олимлардан таълим олганлиги ҳам келтирилади [1: 70].

Шогирдлари:

Аллома шогирдлари ҳақида мавжуд манбаларда деярли ҳеч қандай маълумот учрамайди. Алломанинг катта ўғли Наср, “Ал-комил фи-л-қироот” асари муаллифи Ҳазлий Абулқосим Юсуф ибн Али ибн Жаббора ҳамда кичик ўғли Муҳаммад Неъматуллоҳлар ундан қироат илмидан таҳсил олганлиги бизга маълум.

Асарлари:

Бизга маълум бўлишича, алломанинг учта асари мавжуд:

  1. “Ал-мадхал ли илм тафсир Китабиллаҳи таъала”;
  2. “Ал-муваззиҳ фи илми-т-тафсир”;
  3. “Ал-ғанийя фи-л-қироот” афсуски, бу китоби бизгача етиб келмаган. Ибн Жазарий бу асарнинг жуда қимматли асар бўлганлигига ишора қилган.

Манбаларда алломанинг вафоти ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган. Ибн Жазарий ўзининг “Ғояту-н-ниҳоя” асарида алломанинг 400/1010 йилдан кейин вафот қилганлиги ҳақида келтирган.

Аллома 60 йил атрофида умр кўрган деб фараз қилсак бўлади, чунки у ҳижрий 360/971 йилда Самарқандда Сухтиёнийдан қироат илмидан таҳсил олган. Шунга кўра, уни 15 ёшларда бўлган деб фараз қилсак, 400/1010 йилгача яшаган бўлса 55 га кирган бўлади. Ундан кейин ҳам озроқ умр кечирган бўлса, 405-410/1015-1020 йиллар атрофида вафот этган [2: 12].

Самарқанд қишлоқларида яшаб илмий фаолият олиб борган жуда кўп алломаларнинг номлари аниқланган. Самарқандга қарашли қишлоқлардан чиққан олимлар ҳаёти ва фаолиятларини тадқиқ этиш Самарқанд тарихи, ислом илмлари ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда, улар билан танишиб боришимиз қалбларимизда аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросига нисбатан ворислик ва ифтихор туйғуларини уйғотишдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
СамДУ мустақил тадқиқотчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қаранг. Ибн Жазарий. Ғояту-н-ниҳоя фи табақоти-л-қурро. http://www.al-mostafa.com
  2. Абу Наср Аҳмад ибн Аҳмад Самарқандий Ҳаддодий. Ал-муваззиҳ фи-т-тафсир. Софван Аднон Довудий таҳқиқи. – Дамашқ: Дору-л-қалам, 1988.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …