Абу Мансур Мотуридийдан кейин мотуридия таълимотининг ривожига катта ҳисса қўшган уламолардан бири Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид Паздавийдир. У зот 421/1030 йилда туғилган [3: 91]. Аллома акаси Абул Уъср Али Паздавийдан (ваф. 482/1089 й.) кейин ўз даврида ҳанафийлар шайхи бўлган. Дастлабки сабоқни отаси Абул Ҳасан Муҳаммад Паздавийдан олган. Катта бобоси Абдулкарим ибн Мусо Паздавий Абу Мансур Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлган [2: 3]. Аллома Самарқанд калом мактаби билан оиласи орқали танишиш имконига эга бўлган.
Абул Юср Паздавий ўз даврида бир қанча ҳанафий уламолардан таҳсил олган. Жумладан, Исмоил ибн Абдуссодиқ, Абу Яъқуб Юсуф ибн Мансур Саёрий, Яъқуб ибн Юсуф ибн Муҳаммад Найсабурий ва Шайх Имом Абул Ҳаттоблардан илм ўрганган. Хусусан, тафсир соҳасида Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий, Абд ибн Ҳумайд Кеший ва Абу Мансур Мотуридий тафсирларига суянган. Ҳадис борасида саҳиҳ ҳадислар ва Абу Довуднинг Сунан асаридан истифода этган [6: 109].
Абул Юср Паздавийнинг энг машҳур шогирдларидан Абул Муин Насафий ва “Ал-ақоидун Насафия” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмуддин Умар Насафий (ваф. 537/1142 й.) ҳисобланган. Паздавийдан ўғли Қози Абул Маолий Аҳмад, Усмон ибн Али Пойкандий ва Аҳмад ибн Наср Бухорийлар ҳам таълим олишган. Яна унинг шогирдлари орасида Рукнул аимма Абдулкарим ибн Муҳаммад Саноъий (ёки Сабоъий) Маданий, Муҳаммад ибн Тоҳир Самарқандий ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳуламий каби уламоларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
Абу Ҳафс Умар Насафий “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида “Абул Юср мутлақ олганда имомларнинг имомидир, турли ўлкалардан талабалар илм ўрганиш учун унинг олдига келар эди. У зот усул ва фуруъда кўплаб асарлар ёзган. Самарқанд қозилигига тайинланган ва бир муддат ҳадис имло қилдирган” деб зикр қилади [4: 321].
Абул Юср Паздавий Муҳаммад Шайбонийнинг “Ал-жомеъ ас-сағир” асарига “Ал-мураттаб” номли ҳошия ва яна фиқҳга оид “Ал-воқеот” ҳамда “Ал-мабсут” номли асарлар ёзган [7: 538]. Калом илмига оид “Усулу-д-дин” асарини ёзган. Паздавийнинг ушбу асари германиялик шарқшунос олим Ханс Питер томонидан Анқарада (Хўжа Исмоил Саид кутубхонаси. Инваф. № 1261) топилган ва 1383/1963 йилда таҳқиқ қилинган. Орадан кўп ўтмай, Ханс Питер бу асар бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган (Бонн университети. 1952) ва ушбу асарни 1963 йил нашр эттирган. Кейинчалик ушбу асар Шарофиддин Гулсук томонидан турк тилига таржима қилиниб, Истанбулда 1980 йил “Аҳли сунна ақоиди” номи билан нашр эттирилган.
Паздавийнинг асарлари орасида унинг “Усулу-д-дин” асари муҳим аҳамиятга эга. Аллома ушбу асарида энг кўп Абу Ҳанифанинг, иккинчи ўринда Абу Мансур Мотуридийнинг исми ва қарашларини зикр қилган. Паздавий Мотуридийни аҳли сунна вал-жамоа раисларидан бири сифатида қабул қилган ва аҳли сунна эътиқодини Мотуридийнинг қарашлари позициясидан келиб чиққан ҳолда тушунтириб берган. Айни вақтда аҳли суннанинг икккинчи имоми бўлган Абул Ҳасан Ашъарийни баъзи ўринларда очиқча танқид қилган. Паздавий бир муддат Самарқандда қози бўлган. Бу жиҳатдан унинг ушбу асари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашлари жамиятда пайдо бўлиши ва тарқалишига катта ҳисса қўшган деб эътироф қилинади.
Мазкур асар мазмун-моҳиятидан аҳли сунна вал-жамоа йўналиши ва мотуридия таълимоти қарашларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган “Аҳлуз зайғ вал бидъа” (“Адашганлар ва бидъатчилар”)нинг таъсирини камайтириш учун ёзилган.
Аллома мазкур китобини тўқсон олтита масалага бўлган, буларнинг биринчисида калом илмини ўрганиш ва ўргатиш ҳукми ҳақида баҳс юритган бўлса, охиргисида мотуридийларга мухолиф мазҳабларни баён қилиб ўтган. Муаллиф бу ҳақда қуйидагиларни зикр қилади: “Бу китобни 481 йил жумадул ула ойида / 1088 йил август ойида ёзиб тугатдим. Бу вақтда салжуқийлар ҳукмдори Маликшоҳ (1072-1092) Самарқандда Хоқон Аҳмад ибн Хизрни қамал қилиб турган эди. Инсонлар икки томоннинг куч-қудратини кўриб ўзларини йўқотиб қўйган эди. Эй Аллоҳим, бандаларингни бу фалокатдан халос этгин” [2: 265]. Шунингдек, Паздавий ўз асарида кўп маротаба Мотуридийга ҳам иловалар қилади. Масалан, ўз асарининг бошида “Китоб Аллоҳ таоло-тавҳид”га урғу бериб, унинг услуб ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида муҳим маълумотлар беради.
Абул Юср Паздавий “Усулу-д-дин” асарининг муқаддимасида тавҳид илми борасида ёзилган китоблар ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Мутақаддим уламоларнинг тавҳид илми борасида ёзган китобларини кўриб чиқдим. Уларнинг баъзилари Яъқуб ибн Исҳоқ Киндий (ваф. 260/873 й.), Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад Исфизорий (ваф. 515/1121 й.) ва у иккиси каби файласуфлар қаламига мансуб. Мазкур файласуфларнинг калом илмига оид асарлари тўғри йўлдан узоқ ва тўғри диндан ташқари бўлиб, уларга назар ташлаш жоиз эмас. Чунки бу асарлар инсонни ҳалокатга олиб боради. Шунинг учун уларни бирор киши ўз ҳузурида сақлаб туриши ва уларни ўқиши мумкин эмас. Чунки бу асарлар тавҳид исми билан ёзилган бўлса-да, ширк эътиқодлар билан тўладир. Шунинг учун мутақаддим уламолар уларнинг китобларидан бирортасини ўз ҳузурларида сақламаганлар.
Тавҳид илмига оид Абдулжаббор Розий (ваф. 416/1025 й.), Абу Али Жуббоий (ваф. 303/915 й.), Каъбий (ваф. 319/931 й.) ва Иброҳим Наззом (ваф. 232/846) каби мўътазила намояндаларининг жуда кўплаб асарларини ҳам кўрдим. Инсонни шак солмаслиги ва эътиқодини заифлаштирмаслиги ҳамда тўғри йўл соҳиби бўлган кишини бидъатга нисбат беришга сабаб бўлмаслиги учун уларнинг китобларини ушлаб туриш ва қараш жоиз эмас. Чунки мутақаддим уламолар уларнинг бирорта китобини ўз ҳузурларида сақламаганлар.
Шунингдек, Муҳаммад ибн Ҳайсам ва унга ўхшаш мужассима фирқа вакиллари ҳам бу фанга оид бир қанча асарлар ёзишган. Буларнинг китобларини ҳам сақлаш ва қараш мумкин эмас. Чунки улар бидъат аҳлининг энг ёмонроғидир. Уларнинг китобларидан баъзиси менга етиб келганди, лекин мен улардан бирортасини сақлаб қўймадим.
Абул Ҳасан Ашъарий (ваф. 324/936 й.) ва ундан бошқаларнинг бу фанга оид икки юзга яқин асар билан танишдим. Ашъарийнинг “Ал-мужаз ал-кабир” асари унинг китоблари ичида энг кенг қамровлисидир. Ҳақиқатда Абул Ҳасан Ашъарий мўътазила мазҳабини тузатиш учун кўплаб китоблар ёзган. Чунки у дастлаб мўътазила мазҳабида бўлган. Сўнг Аллоҳ тао-ло унга мўътазилийлар залолатини баён қилди. Ашъарий мўътазилий эътиқодидан тавба қилди ва мўътазилийларнинг ёзган асарларига раддия бериш учун бир қанча китоблар ёзди. У баён қилган эътиқодий масалаларда Имом Шофиъийнинг асҳоблари унга эргашдилар. Имом Шофиъий асҳоблари Ашъарий эътиқо-дига мувофиқ ҳолда жуда кўплаб асарлар ёзишди. Лекин аҳли сунна вал-жамоадан иборат асҳобларимиз таквин ва мукавван бир нарса ва шу каби баъзи эътиқодий масалаларда Абул Ҳасан Ашъарийни хато қилган, деганлар. Худо хоҳласа, масалалар зикр қилиш асносида буларни баён қиламиз. Ким Абул Ҳасан Ашъарий хато қилган масалалардан воқиф бўлса ва унинг хатосини билса, унинг китобларига назар солиши ва ўз ҳузурида ушлаб туришининг ҳеч қандай зарари йўқ. Асҳобларимиздан кўпи унинг китобларини ўз ҳузурларида сақлаганлар. Аҳли сунна вал-жамоанинг раислари унинг китобларига назар қилганлар.
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Саид ибн Куллоб Қаттон (ваф. 240/854 й.) ҳам бу фанга оид жуда қўплаб асарлар ёзган. У Абул Ҳасан Ашъарийдан олдин ўтган. Унинг китобларидан бирортаси менга етиб келмади. Унинг ақида борасидаги сўзлари аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мувофиқ келади. Фақат ўнтадан кам бўлган масалаларда унинг сўзлари аҳли сунна вал-жамоага хилоф келади. У хато қилган ўринларни асаримизда масалаларни зикр қилиш асносида баён қиламиз. Шунинг учун унинг хатосидан воқиф бўлган кишига унинг китоб-ларини ўз ҳузурида сақлаб туришининг зарари йўқ.
Шайх Имом Зоҳид Абу Мансур Мотуридий Самар-қандийнинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига мувофиқ тавҳид илмига оид китобини топдим. У зот аҳли сунна вал-жамоанинг раисларидан эди. У зот каромат соҳиби бўлган. Отам Шайх Имом раҳимаҳуллуҳ менга бобоси шайх имом зоҳид Абдулкарим ибн Мусо раҳимаҳуллоҳдан у зотнинг кароматларини ҳикоя қилиб берган. Бобомиз (Абдулкарим ибн Мусо) асҳобларимиз китоблари, “Китобу-т-тавҳид” ва “Таъвилоту-л-Қуръон” маъноларини яхши ўрганган.
Абу Мансур Мотуридийнинг ёзган “Китобу-т-тавҳид” асарининг маъноларида бироз ёпиқлик ва чўзиш ҳамда тартибида чигаллик бор. Агар шу нарсалар бўлмаганида у билан кифояланар эдик (яъни бошқа асар ёзмас эдик). Ҳақиқатда баъзи Самарқанд уламолари бу борада бир қанча асарлар ёзишган, лекин улар етарли эмас. Шу эътибордан аҳли сунна вал-жамоанинг йўлини шарҳлаб берувчи бу илмга оид бир мухтасар китоб ёзишни қасд қилдим. Китоб ёзишдан мақсадим хос кишилар воқиф бўлган илмлардан омма халқни ҳам хабардор қилишдир. Мени бу (Усулуд дин) китобини ёзишимга ундаган нарса шаҳарларимизда янги пайдо бўлган адашган фирқаларнинг сўзлари ҳамда фақиҳларнинг фиқҳ маъноларида чуқур ўрганишга ва таҳқиқ майдонида ғайрат билан киришишга мойиллигидир. Кимки мен бу китобда баён қилган эътиқодий масалаларни маҳкам ушласа, аҳли сунна вал-жамоа йўлида бўлади. Чунки бу йўл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалари ва улардан кейинги солиҳлар йўлидир” [2: 1-3].
Абул Юср Паздавий “Усулу-д-дин” асарининг биринчи масаласини калом илмини ўрганиш, ўргатиш ва у борада китоб ёзиш мавзусига бағишлайди. Паздавий аввало мазкур мавзу бўйича турли фирқаларнинг қарашларини қуйидагича зикр қилади: “Калом илмини ўрганиш, ўргатиш ва у борада китоб ёзиш борасида уламолар ихтилоф қилдилар. Баъзилари буларнинг барчаси жоиз, дейишди. Бу кўпчилик аҳли сунна вал-жамоа мутакаллимлари, ашъарийлар ва мўътазилийларнинг сўзи. Баъзи уламолар бу жоиз эмас, дейдилар. Бу кўпчилик муҳаддисларнинг сўзи. Уни ўрганиш, ўргатиш ва у тўғрисида китоб ёзиш борасида ихтилоф қилинган калом илми – диннинг асослари бўлган масалаларни баён қилишдир. Диннинг асосларини (эътиқодий масалаларини) ўрганиш эса ҳар бир киши учун фарзи айндир. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу илмни ўрганган ҳамда мўътазилийлар ва бошқа адашган фирқа вакиллари билан мунозара қилган. У зот устозлигининг илк даврида шогирдларига калом илмини таълим берган ва бу борада китоблар ёзган. У зотнинг ёзган китобларининг баъзиси бизгача етиб келган. Баъзиларини адашган фирқалар йўқ қилиб юборган. У зотнинг “Китобул олим вал-мутааллим” ва “Китоб ал-фиқҳи-л-акбар” номли асарлари бизгача етиб келган. “Китоб ал-олим ва-л-мутааллим” асарида бу илмни ўрганишнинг ҳеч қандай зарари йўқ экани баён қилинган” [2: 2-3].
“Китобул олим вал-мутааллим” асарида бу масала қуйидагича баҳс юритилган: “Мутааллим (Абу Мутеъ ал-Балхий) айтади: “Мен бир тоифа инсонларни кўрдимки, улар: “Бу йўлларга кирманглар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бу йўлга кирмаганлар (яъни адашган фирқа вакиллари билан баҳслашмаганлар), сен ҳам уларнинг йўлини тутгин”. Олим (Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ) айтди: “Ўша инсонларга айтгинки, агар мен ҳам саҳобалар ўрнида бўлганимда эди, улар қилган ишни қилган бўлар эдим (яъни адашган фирқа вакиллари билан баҳслашмаган бўлар эдим). Менинг ҳолатим саҳобаларнинг ҳолатидек эмас. Ҳолбуки, ҳозирги даврда бизни айблайдиган ва қонимизни ҳалол санайдиган турли фирқа вакиллари пайдо бўлди. Шундай экан, хато қилувчи ва тўғри эътиқод соҳиби ким эканини билишимиз зарурдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари рўпарасида душманлари бўлмаган. Шунинг учун улар қурол кўтаришга мажбур бўлишмаган. Бизнинг давримизда бизга қарши курашадиган кишилар пайдо бўлди. Шунинг учун уларга қарши курашиш керак (яъни калом илми орқали уларнинг хатосини кўрсатиб бериш керак)” [1: 40].
Абул Юср Паздавий ўзи яшаган даврда уламоларнинг калом илмини ўрганиш борасидаги фикрларини зикр қилиб, ўзининг ушбу масалада шахсий қарашларини қуйидагича баён қилади: “Бизнинг диёримизда кўпчилик фақиҳлар ва имомлар инсонларни калом илмини ошкора ўрганиш, ўргатиш ва у ҳақда мунозара қилишдан ман қилдилар. Натижада, баъзи адашган фирқалар пайдо бўлди. Биз бу борада Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашамиз. Чунки у зот усулда ҳам, фуруъда ҳам бизнинг имомимиз ва йўлбошчимиздир. У зот калом илмини таълим бериш, ўрганиш ва бу борада китоб ёзишга ҳам ижозат берган. Лекин умрининг охирида калом илмида мунозара қилишдан тийилган ва ўз навбатида шогирдларини ҳам мунозарадан қайтарган ҳамда шогирдларига калом илмини фиқҳни таълим берганидек ошкора ўргатмас эди” [2: 4].
Абул Юср Паздавий эътиқодий масалаларни далилсиз ўрганиш борасида қарашларини қуйидагича баён қилади: “Эътиқодий масалаларни далилсиз ўрганишнинг рукн ва шартлари бор, хусусан ушбу замонда. Бир кишига тавҳид масалаларидан баъзиси ноаниқ бўлса, унга имомларнинг далилсиз қавли кифоя қилмайди. Балки у ўша масалани далиллари билан ўрганиши лозим бўлади. Шунингдек, бирор зиммий мусулмон бўлиш учун ислом дини рукнлари бўлган масалаларнинг далилларини талаб қилса, баён қилиш лозим бўлади. Булардан маълум бўладики, калом илмини ўрганиш мубоҳ балки фарзи кифоя бўлади. Ким бу илмни ўрганмоқчи бўлса, ҳар қандай кишидан эмас, балки ушбу илмнинг билимдони сифатидан танилган аҳли сунна вал-жамоа уламосидан таълим олиши лозимдир” [2: 4-5].
Абул Юср Паздавий Мовароуннаҳрда, айниқса, Бухорода ҳанафий мазҳаби ҳамда мотуридия калом мактабининг ривожланишида улкан хизмат кўрсатган олим ҳисобланади. Манбаларда қайд этилишича, аллома 493 йил 9 шаввол/1099 йил 16 сентябрда Бухорода вафот этган [5: 78].
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абдурашид қори Баҳромов. Имоми Аъзам асарлари. – Т.: Мовароуннаҳр, 2003.
- Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид ал-Паздавий. Усулу-д-дин. – Қоҳира: Дорул кутубил арабия, 1963.
- Ибн Қутлубуғо. Тожут тарожим фий табақотил ҳанафийя. – Бағдод: Мактабатул мусанно, 1962.
- Насафий Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад. Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд / Назар Муҳаммад ал-Фарёбий таҳрири остида. – Саудия Арабистони: Мактабатул Кавсар, 1991.
- Самъоний Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий. Ал-Ансоб. Ж.I. – Байрут: Мактабатул асрия, 1998.
- Шарафиддин Голжук. Аҳли сунна ақоиди. – Истанбул: Хазирон, 1980.
- Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун ан асомои-л-кутуб ва-л-фунун: Ж.II. – Истанбул: 1941.