Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИНИНГ ТАСНИФ ЭТИЛИШ НАВЛАРИ

ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИНИНГ ТАСНИФ ЭТИЛИШ НАВЛАРИ

Ислом дини ер юзига тарқалиб, кўп ўлка мамлакатларга ислом қадами етиб боргандан кейин саҳобалар ҳам ўша юртларга илм тарқатиш мақсадида тарқалиб кетдилар. Шу билан бирга ҳадислар саҳобалар борган жойларга асл ҳолида, ўзгартирилмасдан тарқатилди. Ҳадислар оммавий равишда мусулмонларнинг ҳаётий эҳтиёжига айланиб, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига жадал кириб кела бошлади. Ҳадисларга таяниб иш тутиш оммавий тус ола бошлади. Натижада тўғри ҳадисларни аниқлаб жамлашдек масъулиятли, улуғ бир ишга қўл урган муҳаддислар, яъни ҳадис илми билан шуғулланувчи олимлар пайдо бўлди. Улар ҳадисларни ишончли манбалар асосида қайта кўриб чиқиб, ҳақиқийларини сохталаридан ажратишдек эзгу ва масъулиятли ишга қўл урдилар. Шундай қилиб ислом оламида муҳаддислар пайдо бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари бошлаб маълум бир тартибга келтирилмаган, бобларга ажратилмаган ҳолда тўпланган. Кейинчалик муҳаддислар ҳадис тўплашдаги маълум бир афзаллик ва хусусиятларни эътиборга олган, муайян тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда илмий равишда ҳадис тўпламларини тасниф эта бошладилар.

Муайян қоидалар асосида тўпланган бу ҳадис тўпламлари табиийки, навлари жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Ҳадис тўпламини тартиблашдаги қоидалар бир неча турли бўлиб, тартиблашда асосан тўпламнинг кенг қамровли эканлиги, маълум фиқҳий боблар асосида ёзилганлиги, ҳадисларни китобдан излашда маълум енгилликларга эга эканлиги, саҳобалар ёши ёки исмига кўра тартибланганлиги ва бошқа кўплаб усулларни ўз ичига олади. Биз қуйида ҳадис илми оламида энг машҳур бўлган ҳадис тўпламларини таснифлаш усулларига тўхталиб ўтамиз.

“Жомиъ – Барча масалаларни ўзида жамловчи услубига кўра тасниф қилинган ҳадис тўпламлари ҳадис тасниф этишдаги усулларни энг машҳури ва мукаммалидир. Муаллиф бу услубда ёзилган ҳадис тўпламида ақоид, ибодатлар, муамолотлар, тарих, тафсир, сийрат, одоб-ахлоқ, маноқиб (мартаба)лар, фитналар, қиёмат хабарлари ва бундан бошқа жамиятдаги ақидавий, фиқҳий, ижтимоий, сиёсий, тарихий ва иқтисодий муамолотларга доир ҳадисларни жамлаган. Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ”, имом Муслимнинг “Саҳиҳ” ҳадис тўпламлари шу услубда тасниф этилган китоблардир.

Муснад – суянтирилган услубига кўра ёзилган ҳадис тўпламлари. Бу услубда ёзилган ҳадис тўпламларида аввал саҳобани исми ва ундан сўнг ўша саҳобадан ривоят қилинган ҳамма ҳадис келтирилади. Бунда ҳадисни қайси мавзуга тааллуқли эканлиги инобатга олинмайди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад” ҳадис тўплами, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад” ҳадис тўплами шу услубда ёзилган.

“Сунан – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ибодатларда тутган йўллариуслубига кўра тасниф этилган ҳадис тўпламлари. Бу услубда ёзилган ҳадис тўпламларида ҳадислар фиқҳий тартибга кўра бобларга ажратилган бўлиб, уларда маълум мазҳаб аҳкомларини далилловчи ҳадислар ифода этилган. Бу услубда тасниф этилган ҳадис тўпламлари “Жомиъ” услубида ёзилганларидан фарқ қилиб, уларда ақида, одоб-ахлоқ, тарих, сийрат ва шунга ўхшаш масалаларга оид ҳадисларни учратмайсиз. Балки, унда фақат фиқҳий масалага оид ҳадислар ва аҳком ҳадислар билан чегараланган. Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Абу Довудларнинг “Сунан” ҳадис тўпламлари шу услубда ёзилган.

“Маъожим – алфавит тартибиуслубида тасниф этилган ҳадис тўпламлари. Бу турдаги ҳадис тўпламларида кўпинча мусаннифнинг устозларининг исмлари ривоят қилган ҳадислари билан алфавит ҳарфлари тартибига кўра жойлаштирилган. Имом Табаронийнинг “ал-Мўъжаму-л-асғар”, “ал-Мўъжаму-л-авсат”, “ал-Мўъжаму-л-акабийр” ҳадис тўплами ҳамда Имом Бухорийнинг “Китоб аз-зуафо ас-сағийр” (“Заиф ровийлар ҳақида кичик китоб”) рисоласи ҳам шу услубда тасниф қилинган. Бу китобда ҳадис ривоят қилувчилар ичида Имом Бухорий назарида ишончлилик жиҳатидан заиф – кучсиз ҳисобланган шахслар ҳақида маълумотлар берилган. Муаллиф ушбу асарида заиф ровийларнинг исмларини алифбо тартибида келтирган.

“Илал – иллатли ҳадислар. Ҳадисларни тасниф этилишида бу услуб ҳам алоҳида аҳамиятга молик бўлиб, саҳиҳ ҳадисни иллатли ҳадисдан ажратиш учун жуда зарур бўлган услубдир.[1] Бундай ҳадис тўпламларида фақат иллатли, заиф ҳадислар жамланган бўлади. Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг “ал-Илал” ҳадис тўплами ва Имом Дору Қутнийнинг “ал-Илал” ҳадис тўпламлари шулар жумласидандир.

“Ажзоъу – жузлар услубида ёзилган ҳадис тўпламлари. Ҳадис ровийлари орасидан бир ровийнинг ривояти ёки маълум бир мавзуда чегараланган ҳолда тўпланган ҳадис тўплами шу услубда тасниф этилгандир. Имом Бухорийнинг “Рафъу-л-ядайн фи-с-солат”, “Ал-Адаб ал-муфрад”, “Ҳалқ афъол ал-ибод” каби асарлари шу услубда ёзилган.

“Атроф – тарафлар услубида ёзилган ҳадис тўпламларида мусаннифи ҳадиснинг барча далолат қиладиган ҳар бир жиҳатларини зикр қилиб, кейин ҳар бир матнни турли санадлар билан етиб келиш йўлларини ҳамда ушбу ҳадис борасида мурожаат қилинадиган манбалар ҳақидаги маълумотларни ҳам баён қилади. Аммо бу услубда ёзилган китобларнинг айримларида ҳадис матни тўлиқ келтирилмайди. Имом Миззий (Абу Ҳажжож Юсуф ибн Абдурроҳман)нинг “Туҳфату-л-ашроф би маърифати-л-атроф” китоби, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Иттиҳофу-л-муҳрати би атрофи-л-ашарати” китоби, Ибн Асокир (Али ибн Ҳасан)нинг “Туҳфату-л-ашроф аълаа маърифати-л-атроф” китоби шу услубда ёзилган.[2]

“Мустадрак – излаб топилгануслубида ёзилган ҳадис тўпламлари. Бу турдаги ҳадис тўпламида унинг мусаннифи саҳиҳ ҳадислар тўплами муаллифлари ўз асарларида келтирмаган саҳиҳ ҳадисларни ўша муҳаддиснинг шартларига кўра бошқа китоблардан топиб тасниф этилган бўлади.

Бундай асарларнинг ҳадисшуносликда аҳамияти жуда катта бўлиб, шулардан энг асосийси бошқа саҳиҳ ҳадисларни мавжудлигини аниқлаш ва ҳукм олишда муташобеҳ ҳадисни таржиҳ қилиш[3] имконини беради. Имом Ҳоким Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳамдавайҳнинг “ал-Мустадрак ала ас-соҳиҳайн”[4], Абу Зар Абд ибн Аҳмад Ҳиравийнинг “ал-Мустадрак ала ас-соҳиҳайн”, Али Намозий Шоҳирудийнинг “Мустадраку Сафинати Бихор” ҳадис тўпламлари шундай турдаги китоблар сирасига киради.[5]

“Мустахраж – бошқа санад билан чиқарилган услубида ёзилган ҳадис тўпламлари. Бу турдаги китоблар муаллифи маълум бир саҳиҳ ҳадис тўплами муаллифи ўз тўпламида келтирган ҳадислар матнини у келтирмаган бошқа бир санад билан келтиради. Аксар ҳолларда бундай ҳадис санадининг занжири ўша муҳаддиснинг устози ёки ундан юқоридаги ровий билан бирлашади. Мустахраж услубида ёзилган ҳадис тўпламлари асосан икки саҳиҳ ёки улардан бирига ёзилган. Абу Нуайм Асбаҳонийнинг “ал-Мустахражу аъла ас-саҳиҳайн”, Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламига ёзилган мустахраж китоблар жуда кўпчиликни ташкил қилади; Абу Бакр Исмоилий Журжонийнинг “Мустахражу Журжоний”, Абу Бакр Барқонийнинг “Мустахражу Барқоний”, Абу Бакр ибн Мардивайҳ Асбаҳонийнинг “Мустахраж”и, “Мустахражу Ғатрифий”, “Мустахражу Муҳаммад ибн Аббос” шулар жумласидандир. Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган мустахраж асарлар ҳам кўпчиликни ташкил қилиб, Абу Аввона Яъқуб ибн Исҳоқнинг “Мустахражу ал-Исфароий”, Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ражонинг “Мустахражу Найсобурий” шулар жумласидандир. Мустахраж тўпламларида айрим ҳолларда ҳадисларнинг матни аслидаги матндан фарқ қилади. Шу сабабли шаръий ҳукм олишда мустахраж тўпламлардаги ҳадислар саҳиҳ тўпламларидаги асл матн каби далил бўлолмайди. Шундай бўлсада мустахраж ҳадис тўпламлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, саҳиҳ ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни ривоят қилиниш йўлларини кўпайтириб, унинг даражасини олий санадга кўтаради.[6]   

“ат-Тақосиму ва-л-анваъ – қисмлар ва навларуслубида ёзилган ҳадис тўплами. Тадқиқоқтларимиз натижасида бу услубда ёзилган фақат биргина китоб – муҳаддис Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” ҳадис тўпламини учратдик.

Муҳаддис Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” ҳадис тўплами алоҳида аҳамиятга эга асар бўлиб, бу асарни таълиф этилиш жараёнида мусанниф олдин китоблар таснифотида маълум бўлмаган, олдин учрамаган ўзига хос услубни намойиш этганлигидир. У ҳам бўлса ҳадис тўпламининг “қисмлар ва навлар” услубига кўра таълиф этилганлигидир. Мусаннифнинг бу ғаройиб услуби ундан олдин ҳам, кейин ҳам бирорта муҳаддис томонидан қўлланилмаган.

Бу китоб сунан услубида ёзилган китоблардан янгича тартибда таълиф қилингани билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим ва иккисига ўхшаган китоблар. Муаллиф Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни беш қисмга ажратган, улар; Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар (буйруқлар ва қайтариқлар), Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган хабарлар (ахбор), Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ санаган ишлар (рухсатлари) ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлари (афъол).

Ҳар бир қисмни қуйидаги навларга ажратган:

Амрлар (буйруқлар) бир юз ўн нав;

Наҳийлар (қайтариқлар) бир юз ўн нав;

Хабарлар саксон нав;

Мубоҳлар (рухсатлар) эллик нав;

Феъллар (қилган ишлари) эллик навдан иборат.

Ушбу беш қисм жами тўрт юз навдан иборат бўлиб, ҳадислар юқоридаги навларнинг барчасини ўз ичига олади.[7]

“Сулосиёт – уч ровийли ҳадислар услубида ёзилган ҳадис тўпламлари. Муҳаддислар наздида ўзи билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида фақат уч ровий бўлган ҳадислар “сулосий ҳадислар” деб саналган. Санади 3 та ровий орқали ривоят қилинган ҳадислар энг саҳиҳ деб топилган ҳадислар бўлиб, ҳадис санадидаги табақаларда ровийларнинг оз бўлиши ҳадиснинг саҳиҳлигига далолат қилган. Масалан, ҳадис санаддаги тобиъийнлар табақасида икки ровий орқали ривоят қилинган бўлса, у ҳолда ҳадис “ҳасан” (ривоят қилиниш услуби чиройли) мартабасида бўлган. Агар бу табақада бир ровий орқали етиб келган бўлса, у ҳадисни “саҳиҳ” деб эътироф этилган. Санаддаги ровийлар озлиги муҳаддисни санад жиҳатидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлаштиради. Табиийки, бу ҳадиснинг мутлақо саҳиҳлигини таъминлайди. Шу сабабли муҳаддис олимлар ўзларидан олдинги имом муҳаддисларни тўпламлари орасидан ана шундай санади уч ровийли ҳадисларни ажратиб олиб, уларни алоҳида китоб шаклига келтирганлар. Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламидан ажратиб олинган “Сулосиёту-л-Бухорий”, Имом Термизийнинг “Сунан” ҳадис тўпламидан ажратиб олинган “Сулосиёту-т-Термизий”, Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”идан олинган “Сулосиёту Муслим” шундай ҳадис тўпламларига киради.

“Арбаъийн – қирқ ҳадисуслубида ёзилган кичик ҳажмдаги ҳадис тўпламлари ҳам мавжуд бўлиб, унда мусанниф ҳадис соҳасида бошланғич таълимдаги илми толибга ёдлаш осон бўлиши учун маълум бир мавзуларга оид қирқ дона ҳадисни келтиради. Шунингдек, “Минг бир ҳадис”, “Юз бир ҳадис” шаклидаги кичик ҳадис тўпламлари ҳам мавжуд бўлиб, бундай ҳадис тўпламлари халқ орасида кенг тарқалган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини тўплаб уларни китоб ҳолига келтириш йўлида муҳаддислар нафақат уларни йиғиб тўплам ҳолига келтиришни, балки бу ҳадисларни ўрганувчи илми толибларни ёд олишларини осонлаштириш, ҳадисларни китобдан топишни осонлаштириш йўлларини ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Юқорида биз келтирган турли услубдаги ҳадис тўпламларини ҳам ҳар бирини ўзига хос афзаллик жиҳатлари бор. Уларни айримлари ҳақида ўз ўрнида қисқача маълумотларни бериб ўтдик. Албатта, бу асарларнинг хусусиятлари ва афзаллик жиҳатлари биз айтган қисқа таърифлар билан чекланиб қолмайди. Ҳадис тўпламларини ҳар бирини бошқасидан афзаллик жиҳатлари алоҳида тадқиқотлар натижасида янада аниқроқ ва батафсилроқ намоён бўлади.

Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1]Д.АбдулАзиз ибн Абдурроҳман. Ал-Иллату иънда-л-усулийина. Куллияти-ш-шариъа. Риёз – 1980.
[3]Маъноси муқобил ёки маъноси хилоф икки ҳадисдан бирини олишда унинг санади, ривоят қилиниш йўллари жиҳатидан энг кучлисини ажратиб олиш.
[4]Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳамдавайҳнинг “ал-Мустадрак ала ас-соҳиҳайн”. Дору кутуби-л-илмийя. Байрут – 1990.
[7]  Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон.  Муҳаммад Али Сўнмаз ва Холисой Демир тадқиқи. “Дору Ибн Ҳазм” нашриёти. 2012й. –Б 52.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …