Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ (810-870 й.) “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзиб бўлиб, уни халққа етказиш учун кўплаб дарслар ташкил қилган. Ушбу дарсларда у кишининг атрофида “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишга муштоқ бўлган ва ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган кўплаб одамлар тўпланган. Аҳли илмлар ўзларининг китобларини етказишда жорий қилган одатларига мувофиқ Имом Бухорий ҳам ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини айтиб ёздириш учун бир неча жойларда дарс ҳалқалари ташкил қилган.
“Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган бу жамоани ичидан китобни бошқалардан кўра кўпроқ эшитган ровийлар тоифаси машҳур бўлган. Улар китобнинг ривоятини мукаммал ўрганганлар. Ўзларидан кейинги ҳадис ва хабарларни ривоят қилувчи кишиларга бу китобни нақл қилганлар. Улар ҳам китобнинг ривоят ва хабарларини ўзларидан кейингиларга нақл қилган. Натижада дунёда китобнинг қадри баланд бўлган ва шаҳарларда номи тарқалган.
Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобидан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаш, эшитган нарсаларини ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматларини сарфлайдиган ровийлар кўпайиб кетган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган”, деб айтади.
Бу катта жамоанинг ичидан дастлабки ровийлар табақаси машҳур бўлган. Инсонлар ушбу ровийлардан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган ва қабул қилиб олган. Мана шу табақадаги ровийлар “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан эшитиб ривоят қилган кишилар ҳисобланишади.
Тарих бизлар учун Имом Бухорийнинг шогирдлари орасидан бугунги кунимизгача исмлари ва нусхалари машҳур бўлганларини сақлаб қўйган. Улар: Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Маҳомилийлардир.
Биринчиси: Насафнинг қозиси Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож ибн Хаддош ибн Худайж Насафийдир. У киши Хуросон, Ироқ, Шом ва Мисрдаги забардаст муҳаддислардан ҳадис эшитган.
У кишининг шайхлари: Қутайба ибн Саид, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Ҳармала ибн Яҳё Мисрий ва уларнинг табақасидаги ровийлар. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан таълим олган. Лекин, китобнинг охиридан ижоза билан ривоят қилган қисми йўқолиб қолган. Абу Фазл Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Шазон Исбаҳоний Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан шундай ривоят қилади: “Албатта, Имом Бухорий тўпламнинг охирида менга Ҳукмлар китобининг аввалидан китобнинг охиригача ижоза берган эди”.
Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг ривояти ривоятларнинг энг ноқисроғидир. Албатта, у кишининг ривояти Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривоятидан уч юзта ҳадис камдир.
Имом Хаттобий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзилган “Аъламул ҳадис” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Холф ибн Муҳаммад Хиёмдан, у Имом Бухорийни ўзидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан Имом Фирабрийнинг йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг йўли орқали ривоят қилган ровийлардан бири ҳисобланади.
Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан ўз шаҳри аҳлининг кўпчилиги ривоят қилган. Аҳли илмлардан кўпчилиги уни мақтаган. Улардан бири Ҳофиз Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий (ваф. 432 ҳ.)дир. У: “Иброҳим ибн Маъқил Насафий фақиҳ, ҳофиз, уламолар ихтилофини фарқловчи, фазилатли ва ҳимоячи эди”, деган.
Ҳофиз Заҳабий (ваф. 748 ҳ.): “У ҳофиз, аллома, Насафнинг қозиси ва олими, Муснадул кабир, тафсир ва бошқа китоблар муаллифидир”, деган. Иброҳим ибн Маъқил Насафий ҳижрий 295 йил вафот этган.
Иккинчиси: Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир ибн Савийя Насафий. У Исо ибн Аҳмад Асқалоний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ундан кўплаб таниқли уламолар ҳадис ривоят қилган. Ҳофиз Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий: “У сиқа ва ишончли эди”, деган. Ҳаммод ибн Шокир Насафий “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан эшитган. У ҳам Имом Бухорийдан баъзи жойларини эшитолмай қолган. Ҳаммод ибн Шокир Насафий ҳижрий 311 йил вафот этган.
Учинчиси: Ушбу табақадаги ровийлардан яна бири Имом Бухорийнинг ўзидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилувчиси Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.)дир. У кишининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрий.
У киши Бухоро қишлоқларидан бири Фирабр қишлоғига нисбат берилиб Фирабрий дейилган. Имом Самъоний ўзининг “Ал-ансоб” номли асарида: “Фирабр Амударё билан Бухоронинг ўртасидаги шаҳардир. Фирабр шаҳри билан Амударёнинг ўртасидаги масофа бир фарсах атрофидадир. Мен Мовароуннаҳрдан қайтаётганимда Фирабрда бир неча кун турганман”, деб айтган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кишиларни барчаси ҳижрий 231 йил туғилганига иттифоқ бўлишган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийдан икки марта эшитган. Бир марта ҳижрий 248 йил Фирабрда ва иккинчи марта ҳижрий 252 йил Бухорода эшитган. Ҳақиқатда, Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг энг машҳур ровийси деб танилди. Чунки, инсонлар ҳозиргача “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривоятидаги санад билан ўрганиб келаяптилар.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ушбу сўзини изоҳлаб шундай деди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий бу гапини ўзи билган нарсага мувофиқ айтган. Яъни, Абу Абдуллоҳ Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади деб ўйлаган. Лекин, ўша пайтда “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган кишилардан бири Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина Паздавий ҳаёт бўлган. У киши Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан тўққиз йил кейин яъни, ҳижрий 329 йил вафот этган”.
“Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган кишиларнинг орасидан Абу Абдуллоҳ Фирабрийга Аллоҳнинг назари тушган. Аллоҳ таоло Абу Абдуллоҳ Фирабрийга Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир неча сабабларни тайёрлаб қўйган ва уни баъзи ишлар билан хослаган. Шу боис, у кишининг ривояти ривоятларнинг энг яхшироғи, тўлиқроғи ва санади олийроғига айланган.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу асрда ва бундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳам ҳадис эшитган. Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли асарида шундай деган: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳадис эшитган. У киши “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим” китобларини Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ривоят қилган ровийларнинг орасида бордир”.
Ибн Нуқта раҳимаҳуллоҳ Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган санад билан ривоят қилади. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Мен ҳижрий 258 йили Фирабрда бўлганимда Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган эдим”, деди.
Имом Заҳабий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у киши Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳижрий 231 йил туғилган. Қутайба ибн Саид эса ҳижрий 240 йил бошқа шаҳарда вафот этган”, деб ёзади.
Юқорида ўтган гапларнинг хулосаси шуки, Абу Абдуллоҳ Фирабрий уч кишидан ҳадис ривоят қилган.
Биринчиси: Имом Бухорий. Бунда хилоф йўқ;
Иккинчиси: Қутайба ибн Саид;
Учинчиси: Али ибн Хашрам Марвазийдир.
Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитганига далил келтирган. Буни Имом Нававий ҳам “Саҳиҳул Бухорий” китобининг шарҳида зикр қилган.
Баъзи уламолар Имом Заҳабийнинг “Сияру аъломи-н-нубало” китобидаги: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у киши Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳижрий 231 йил туғилган. Қутайба ибн Саид эса ҳижрий 240 йил бошқа шаҳарда вафот этган. Иккаласининг орасида шаҳарлари бошқа бўлиши билан бирга эшитишни узоқлаштирадиган тўққиз йил бор-ку”, деган гапини хато дейишган.
Аммо Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани собитдир. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кўплаб уламолар бунга далил келтирган. Асосий ҳадис китобларида Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ҳадислари бор.
Имом Байҳақий ўзининг “Ас-сунан ал-кубро” ва “Шўъбул иймон” номли китобларида “Ҳофиз Абу Аҳмад ибн Адийнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан, унинг Али ибн Хашрам Марвазий ва бошқа кишилардан ривоят қилган ҳадисларни” келтирган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани “Саҳиҳул Бухорий” китобининг баъзи нусхаларида собитдир.
Олий санадни талаб қилган кўплаб талабалар Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ҳадис ривоят қилан.
Уламоларнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳақида айтган баъзи сўзларини келтирамиз.
Имом Абу Валид Божий (ваф. 474 ҳ.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва машҳур кишидир”, деган.
Абу Муҳаммад Ришотий (ваф. 547 ҳ.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятида асосий таянчдир”, деган.
Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва парҳезкор кишидир”, деган.
Ибн Рушайд Фиҳрий (ваф. 721 ҳ.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деган.
Яна: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли), амийн (ишонарли), “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деганлар.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг деярли барчаси ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг учинчи куни яъни, Душанба куни 90 ёшида вафот этганини таъкидлашган.
Аммо, Ибн Рушайд Фиҳрий ўзининг “Ифадату-н-насийҳ” номли китобида шундай деди: “Биз Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг вафот этган кунини Абу Зарга боғланган олий санад билан ривоят қилдик. Абу Зар: “Мен Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган эдим”, деди. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Менга етиб келган маълумотларга кўра Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг ўнинчи куни вафот этган”, деди”.
Тўртинчиси: Пазда қишлоғининг бошлиғи Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина ибн Савийя Паздавий Насафий. Ҳофиз Заҳабий уни: “У катта ва суянадиган шайхдир”, деб васф этган. Амир ибн Мокула: “У Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўрганган ва у Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўрганган кишиларнинг охиргисидир. У сиқа (ишончли) киши бўлган”, деган.
Ҳофиз Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий ўзининг “Насаф тарихи” номли китобида шундай деган: “У Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўрганган кишиларнинг охиргисидир. Уламолар унинг ривоятини эшитган пайтида кичкина бўлгани учун заиф деб ҳисоблашган. Улар айтадилар: “Унинг эшитгани Амирул мўминнинг дўсти Тўбоннинг бошлиғи Жаъфар ибн Муҳаммаднинг хатидан маълум бўлган. Улар китобнинг барчасини Ҳаммод ибн Шокирнинг нусхасидан ўқиганлар. Ундан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўз шаҳрининг аҳли эшитган ва у ҳаётлик чоғида эшитиш учун унинг олдига келишган”.
Абу Талҳа Паздавий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривояти билан машҳур бўлган. Абу Талҳа Паздавий ҳижрий 329 йил вафот этган. Абу Талҳа Паздавийнинг ривояти заиф дейилгани учун машҳур бўлмаган.
Бешинчиси: “Сунан” номли китобнинг муаллифи, қози, имом, аллома ва муҳаддис Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Саид ибн Абона Бағдодий Маҳомилий. У ҳижрий 235 йилда туғилган. У “Саҳиҳул Бухорий” китобини биринчи марта ҳижрий 244 йилда ўн ёшида эшитган. У Имом Моликнинг дўсти Аҳмад ибн Исмоил Саҳмийдан, Ҳаммод ибн Зайднинг дўсти Аҳмад ибн Миқдом Ажлийдан, Амр ибн Али Фаллосдан, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ва бошқа кўплаб муҳаддислардан ҳадис эшитган. У Ироқ аҳлига фатво беришда 60 йил бошлиқ бўлган.
Ундан Даълаж ибн Аҳмад, Имом Табороний, Имом Дароқутний, Ибн Шоҳийн ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.
Ибн Жумайъ Сойдовий: “Қози Маҳомилийнинг ҳузурида Суфён ибн Уяйнанинг асҳобларидан 70 киши бўларди”, деб айтган. Абу Бакр Довудий: “Абу Абдуллоҳ Маҳомилийнинг мажлисида ўн минг киши ҳозир бўларди”, деган.
У ҳижрий 207 йил Куфада ўзининг ҳовлисида фиқҳ илми учун мажлис ташкил қилди. Ҳамиша илм аҳли ва ақлли кишилар унинг олдига келиб турарди.
Муҳаммад ибн Искоф: “Мен тушимда бир киши: “Албатта, Аллоҳ таоло Бағдод аҳлидан бу балони Маҳомилий туфайли даф қилади”, деяётганини кўрдим”, деди. У ҳижрий 320 йил қозиликдан истефога чиқди. У ўзининг бошқаришида мақтовга сазовар бўлган эди.
Маҳомилий бир нечта мажлисларда ҳадис айтиб ёздирган. У ҳижрий 330 йил Робиъу-л-охир ойининг ўн иккинчисида ҳадис айтиб ёздирди. Сўнгра касал бўлиб қолиб ўн бир кундан кейин вафот этди. Бу Рамазон ойига саккиз кеча қолганда Робиъу-л-охир ойининг йигирма учинчиси пайшанба куни эди.
Унинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитгани собит бўлган. Лекин “Саҳиҳул Бухорий” китобини тўлиқ эшитгани шак бўлиб қолган. Шунинг учун “Мен “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Маҳомилийнинг йўлига кўра тўлиқ ҳолатида ривоят қилаяпман” деган киши хато қилган бўлади.
Албатта, Абу Талҳа Паздавий “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган кишиларнинг охиргисидир, дейилган. Ваҳоланки, Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган Қози Ҳусайн ибн Исмоил Маҳомилий ундан кейин яшаган. Лекин унинг ҳузурида “Саҳиҳул Бухорий” китоби бўлмаган. Албатта, у Имом Бухорий Бағдодга охирги келишида ҳадис айтиб ёздирган мажлисларда ундан эшитган.
Албатта, юқорида зикр қилинган кишилар “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан эшитиб ривоят қилган аввалги ровийлар ҳисобланишади. Ўзларидан кейинги “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган барча ровийларнинг санадлари уларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишимиз бизларга манфаат келтиради ва бугунги куннинг талаби ҳамдир.