Маълумки, биз ҳозир дунёда мусулмон бўлмаган халқлар илм-фан тараққиётида анча илгарилаб кетган бир замонда яшамоқдамиз. Ўзимиз ҳар лаҳза фойдаланиб келаётган қўл телефонлардан тортиб бизга беминнат хизмат қилаётган автомобилларгача – барча-барчаси ана ўша инсонларнинг илмий кашфиётлари десак хато қилмаган бўламиз. Исломни аввалгидек азизлик ва ғолиблик ҳолатига, мусулмонларни бир пайтлар дунё тамаддунининг етук асосчилари бўлган ота-боболарининг мавқеига қайтариш учун саъй-ҳаракатлар қилиш ўрнига мўмин-мусулмонлар ўртасида ҳали у, ҳали бу масалаларни кўтариб чиқиб, фитна солаётган, уларнинг йўлларини залолат деб, фақат ўзларининг маслакларини тўғри деб даъво қилаётган кимсаларнинг борлиги қалби уйғоқ ҳар қандай мусулмонни чуқур қайғуга солиб қўяди. Ана шундай бузуқ даъволардан бири – бу, биз мусулмонлар ўн-ўн бир асрлар давомида эргашиб келган буюк имомлар асос солган фиқҳий мазҳабларни тарк қилиб, фақат Қуръон ва ҳадисга эргашишга чақиришдир. Тарихга назар соладиган бўлсак, бундан бир неча ўн йиллар аввал бундай чақириқлар мусулмонлар жамияти ичида учрамаслигини, ҳамма амалдаги ўша тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига асосан ибодат қилиб яшаганликларини кўришимиз мумкин. Тўғри, Ислом дини вужудга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан ўтганларидан бошлаб турли хил фирқалар ва тоифалар, ҳатто пайғамбарлик даъвоси билан чиққан кимсалар пайдо бўла бошлагани рост. Уларнинг барчалари худди совуннинг кўпиги сингари бир пайдо бўлиб, яна кўздан ғойиб бўлаверган. Улар орасида ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа вакилларига қарши фикрда бўлганлари ҳам кўплаб топилади.
Бизга Ислом динининг ўз моҳиятини йўқотмаган ҳолда етиб келишига ўзларининг беназир хизматлари билан ҳисса қўшиб ўтган буюк уламоларнинг барчалари биз амал қилиб келаётган мана шу тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига мансуб бўлишни ўзларига лозим тутишган. Улар диний илмларни қанчалик чуқур ўрганган, унинг ипидан игнасига қадар пухта ўзлаштирган бўлишмасин ўз исмлари ортидан “ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий” нисбасини зикр қилишни ўзларига шараф деб билишган. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳанафий, Ибн Ҳажар Ҳайтамий шофеъий, Ибн Ражаб ҳанбалий каби забардаст олимлар бунга ёрқин мисолдирлар. Биз бу рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, уддасидан чиқа олмаймиз ҳам.
Аммо минг афсуслар бўлсинки, ахборот технологиялари жуда ҳам тараққий топган ҳозирги даврда ўзларига шайхлик унвонини қўйиб олган кўпгина инсонлар ўзларининг бузуқ ва ботил даъволари билан мўмин-мусулмонлар ўртасига нифоқ уруғини сочиш орқали динимиз душманларининг тегирмонларига сув қуйиб келмоқдалар. Бизга диннинг етиб келишида кўприк вазифасини ўтаб берган не-не алломаларимизни адашганга, залолатга кетганга чиқармоқдалар. Буюк имомлар ва уларнинг мазҳабларига эргашиб диний аҳкомларни адо этиб келаётган мусулмонларни ўз ота-боболарига кўр-кўрона эргашиб куфрга кетган кофирларга ўхшатишмоқда. Ҳатто намозда имом ўтаётиб “Абу Ҳанифанинг мазҳаби асосида ўқиб берайми ёки Пайғамбар алайҳиссаломними?” деб сўрашга журъат қиладиган безбетликкача боришди.
Мазҳаблар тарихига назар соладиган бўлсак, улар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмаслигини кўрамиз. Зеро, Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳаёт бўлган ўша саодат асрида ҳам улар орасида фиқҳий аҳкомлар масаласида хилма-хилликлар бўлган. Ақидавий масалаларда барчалари бирдек нуқтаи назарда бўлган ана шу буюк саҳобалар ўзларининг илмларига асосланиб айрим масалалар юзасидан ҳукмлар чиқариб турганлари, улардан тўғриларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз ёки сукут сақлаш орқали тасдиқлаганлари бунинг ёрқин далилидир. Зотан, суннатга уламолар тарафидан берилган таърифнинг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Суннат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалга оширган ишлари, сўз ёки сукут сақлаш билан қилган тасдиқларидир.
Фиқҳий мазҳаблар бу, мужтаҳид имомларнинг Қуръон, Ҳадис, Ижмоъ ва Қиёсга асосланган илмий хулосаларидир. Улар осмондан олиб ёки нимадандир илҳомланиб гапирган эмаслар. Босган ҳар бир қадамлари, оғиздан чиққан ҳар битта гапларининг юқоридаги тўртта манбалар ичида нақлий далил-ҳужжатлари бўлган. Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг “Агар мен ўзимдан олиб гапирганимда маҳсининг усти эмас остига масҳ торишни, Пешобдан кейин ғусл қилиш, жунубликдан кейин таҳорат қилишни лозим деган бўлар эдим.”, деган сўзларини бир ёдга келтиринг-а. Ақлан олиб қараганда ҳам худди шундай бўлиши керак эди. Аммо Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу Қуръон ва ҳадисда келган нақлий ҳужжатларни қўйиб, ўз раъйига мувофиқ ҳукм қилмади.
Тобиъийнлар табақасидан бўлган мана шундай буюк имомларнинг гапларини бир четга суриб, ўз қарашларини илгари сураётган ҳозирги “шайхлар”га мутаассиблик қилаётган ёшларни кўрганимда уларнинг ҳар биттаси билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашгим, уларнинг қалб кўзларини очиб, ғафлатдан уйғотиб қўйгим келади. Салафларга эргашишимиз керак деб Ибн Таймия, Ибн Қоййим раҳимаҳумаллоҳ каби уламоларга таассуб қилиб келаётган мусулмон ёшларнинг чин маънодаги салафлар бўлмиш буюк мужтаҳид имомларга эргашганларни адашганга чиқараётганларини кўриб ҳайратда қоламан. Қуръон ва ҳадисга амал қилишимиз керак, Абу Ҳанифа ёки Шофеъий кабиларнинг гапларига эмас, деб жар солаётган кимсаларнинг бу даъволари ортида ноҳақлик ётган ҳақиқат эканини исботлаб бериш учун уларга Қуръон ва ҳадисдан далил келтирганингизда “Тўхтаб туринг қани, бу оят ёки ҳадис ҳақида Ибн Таймия ёхуд Ибн Қоййим нима деган экан?” дейишларини кўриб ёқамни ушлаб қоламан. Улар бу ишлари жарроҳлик столи устида ётган беморнинг олдига кўчадаги ҳар қандай кимсани таклиф қилиб, ўз ишининг устаси бўлган жарроҳларни четга суриб қўйиш эканини билмайдиларми?! Хоҳлаган одам Қуръон ёки ҳадисдан ҳукм чиқариб олаверадиган бўлса, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” деган гапи қаерда қолади?! Дунё ишларида ҳам ҳар соҳанинг ўз мутахассислари бор бўлгани ҳолда инсонларнинг икки дунё саодатлари шунга қараб қолган диний илмлар соҳаси хоҳлаган одам кириб чиқадиган карвонсарой бўлиб қолиши соғлом ақлга тўғри келармикан?!
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, мусулмонларни аҳиллик ва иттифоқликка, илм-фанда тараққиётга чақириш ўрнига интернет тармоқлари, ҳар хил ижтимоий саҳифалар орқали чиқиб олиб, уларнинг ўртасига парчаланиш, нифоқ ва низо уруғини сочаётган диндош биродарларимиз ён-атрофга, ўтмиш ва ҳозирга теран идрок билан назар солсалар яхши бўлар эди. Ўзлари ўша буюк мужтаҳид имомлардек ижтиҳод қилиб, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришдек ўта шарафли мартабага эришган бўлсалар, марҳамат, ўз ижтиҳодлари асосида амал қилаверсинлар. Аммо асрлар оша бизга етиб келган фиқҳий мазҳабларга амал қилиб яшаётган бошқа мусулмонларни ҳам ўзларининг ижтиҳодларига чақириб, уларнинг фикрларини чалкаштириб ташламасинлар. Зеро, уларнинг фиқҳий аҳкомлари шундай асослар устига барпо этилганки, ҳар бир масаланинг ортида албатта, Қуръон, ҳадис, ижмоъ ёки қиёсдан олинган ўз далил-ҳужжати бордир. Ижтиҳод майдони киши ўзига ёқадиган, ўзининг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган қилиб ҳукмлар чиқариб оладиган жой эмас. Дорихоналардаги барча дориларнинг қўлланмасида “шифокор билан маслаҳатлашиш” ҳақида кўрсатма мавжуд бўлган бир пайтда кишининг охиратдаги ўрнини белгилаб берадиган диний аҳкомлар масаласида ҳар ким ўз билганича амал қилиб кетавериши ўта нодонлик эмасми?!
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз мусулмонлар амал қилиб келаётган фиқҳий мазҳаблар буюк мужтаҳид имомларнинг Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсга асосланган илмий хулосаларидир. Улар бу илмий хулосаларни ўзлари бевосита суҳбатида бўлган буюк саҳобалар ва тобиъийнлардан олишган. Улар эса бизга Аллоҳнинг динини етказиб, шариат аҳкомларини кўрсатиб берган ва кўрсатиб беришга масъул бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. Бундан келиб чиқадики, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш ва мужтаҳид имомларга эргашиш Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш демакдир!