Home / МАҚОЛАЛАР / КИЧИК САҲОБАЛАР ВА КАТТА ТОБИЪИЙНЛАР АСРИДАГИ ФИҚҲ ВА ФАҚИҲЛАР

КИЧИК САҲОБАЛАР ВА КАТТА ТОБИЪИЙНЛАР АСРИДАГИ ФИҚҲ ВА ФАҚИҲЛАР

Фиқҳ илмининг ривожланиш босқичига кириши умавийлар даврига тўғри келади. Бу 41/662 йилдан бошлаб, 132/750 йилгача давом этган. Бу давр уламолари кичик саҳоба ва катта тобиъйнлардан иборат бўлган. Саҳобалар ўз қўллари билан тобиъийнлардан бўлган шогирдларини етиштириб чиқарган. Саҳобалар фиқҳий ижтиҳоддан иборат бўлган бой илмий мерос қолдирган. Тобиъийнларнинг фаолиятлари саҳобаларнинг фатво ва ижтиҳодларини тўплаш бўлди. Саҳобалардан топа олмаган масалалар борасида рай ва фатво йўли билан ижтиҳод қилишди. Саҳобалар қандай ижтиҳод қилгани ва ҳукмларни қандай чиқариб олганларини синчковлик билан кузатдилар.

Ислом ҳукми юритилган барча шаҳарларда мана шундай ҳақиқий таълим олган фақиҳлар фаолият олиб бориб, фиқҳ илмини тарқатдилар.

Макка шаҳрининг муфтий ва фақиҳи Ато ибн Абу Рабоҳ (ваф. 114/732 й.) эди. У Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг шогирди бўлган. Мадинанинг муфтий ва фақиҳи Саид ибн Мусаййаб (ваф. 94/713 й.) эди.

Яманнинг муфтий ва фақиҳи Товус ибн Кайсон (ваф. 106/724 й.) эди. У Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг катта шогирдларидан бири бўлган.

Ямома аҳлининг муфтий ва фақиҳи Яҳё ибн Абу Касир (ваф. 129/747 й.) бўлган. У киши ҳақида Шуъба: “ҳадис борасида Зуҳрийдан ҳам яхшироқ бўлган”, деган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг айтишича, Зуҳрий билан ихтилоф бўлиб қоладиган бўлса, Яҳё ибн Касирнинг айтгани бўлган.

Куфанинг муфтий ва фақиҳи Ироқдаги фиқҳ алломаларидан бири Иброҳим Нахаъий (ваф. 93/715 й.) бўлган.

Басра муфтий ва фақиҳи Ҳасан ибн Абулҳасан Басрий (ваф. 110/729 й.) бўлган.

Шом аҳлининг муфтий ва фақиҳи Макҳул ибн Абу Муслим Ҳузалий (ваф. 112/730 й.) ва Абу Идрис Хавлоний (ваф. 80/700 й.) бўлган. Илмни Маоз ибн Жабал, Абу Дардо ва Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумлардан олишган.

Хуросон аҳлининг муфтий ва фақиҳи Ато ибн Муслим Хуросоний (ваф. 135/752 й.) бўлган.

Миср аҳлининг муфтий ва фақиҳи Язид ибн Абу Ҳабиб Аздий (ваф. 128/745 й.), Абу Абдуллоҳ Букайр ибн Абдуллоҳ Ашаж (ваф. 122/740 й.) ва Лайс ибн Саъд (ваф. 175/791 й.) бўлган.

Қайравоннинг муфтий ва фақиҳи Суҳнун ибн Саид (ваф. 240/845 й.) бўлган.

Одамлар орасида дин, фиқҳ ва илм Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумларнинг юқоридаги шогирдлари орқали тарқалди.

Бу вақтда шаръий илм тарқалаётган эди. Муна шу давр охирларида – ҳижрий II асрдан бошлаб ислом илмлари ёзила бошланди. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг фатволари, Қуръон тафсири ва фиқҳ бўйича айрим илмлар ёзилди. Бу даврда ёзилган китоб бизгача етиб келган. Бу Имом Моликнинг “Ал-Муватто” асаридир. Илмнинг тарқалиши ва одамларнинг фиқҳни ўрганишларида Ҳижоз ва Ироқ мадрасаларининг ўрни беқиёсдир. Миср ва Шомга уч юз атрофида саҳобалар кўчиб борган бўлса, Ироқнинг ўзига шу ададдаги саҳобалар борган. Шундан кўриниб турибдики, саҳобаларнинг нафар жиҳатидан Ироқда кўп бўлиши, у ерда илм кўпроқ юксалганига далолат қилади. Чунки ҳар бир саҳоба катта олимдир. Шу сабабдан фиқҳ етакчилигида Ҳижоз аҳлига фақат Ироқ уламолари рақиб бўлишган. Ироқлик ва ҳижозликлар ўртасида кўп илмий мунозаралар бўлиб турган.

Ибн Халдун “Муқаддима”сида бундай дейди: “Тобиъийнларда фиқҳ икки йўлга тақсимланган. Биттаси раъй ва қиёс аҳли, улар Ироқ аҳли бўлган. Иккинчиси ҳадис аҳли, улар Ҳижоз аҳли бўлишган. Юқорида келтирганимиздек, Ироқ аҳлида ҳадис кам бўлган, шу сабабдан кўпроқ қиёсдан фойдаланган ва шу ишда моҳир бўлишган. Шунинг учун раъй аҳли дейилади”.

Бу даврда саҳобалар турли жойларга тарқалиб кетгани ва улар ўртасидаги хабарлар бир-бирига етиши заифлашгани боис, ижмоъ қилиш узрли бўлган. Бу вақтда ҳадис ривояти кенг тарқалиши баробари билан ҳадиснинг ёлғон ва тўқималари ҳам ёйила бошланган. Шунда уламоларнинг ишларидан энг муҳими, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари олинадиган одамларга шарт ва текширувларни қўйишдан иборат бўлган.

Бу даврда мусулмонлар Аҳли сунна вал жамоа, хавориж, шиа каби турли тоифа ва гуруҳларга ажралиб кетгандилар. Бу ихтилофларнинг фиқҳ илмига катта таъсири бўлди. Масалан, шиалар ўз асослари орқали ҳадисни олишдаги йўллари билан ажралиб чиқдилар. Улар Расулуллоҳ аҳлидан ва қариндошларидан бошқалар ривоят қилган ҳадисларни тан олишмаган. Хаворижларнинг эса халифалик ва бошқа жабҳаларда ўз фикрлари бўлган.

Шундай қилиб, ушбу асрда фиқҳ илмининг ривожланишининг асосий сабаби, диний манбалардаги матнларни кенг халқ оммасига тушунарли ва бу билан оддий одамларнинг ҳуқуқий масалаларини ҳал қилиш бўлган. Бу ишларга кичик саҳоба ва катта тобиъийнлар улкан ҳиссаларини қўшдилар. Уларнинг фаолиятлари эса, кейингиларга муҳим манба бўлиб қолди.

Қ. МАҲМУДОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …