Дунёдаги ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари ва миллий қадриятлари бор. Шу жиҳатларга кўра халқлар бири иккинчисидан фарқланади, уларнинг ижтимоий ҳаётида ўзига хослик кузатилади. Муайян заминда юзага келган, неча юз йиллар давомида шаклланган ва сайқал топган маънавий мезон ва меъёрлар, маданий мерос шу миллатнинг ва шу халқнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Замон тараққиёти ва давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама яқинлашишнинг тезлашуви мумтоз маданиятга ва маънавий қадриятлар системасига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган техника ва технологиялар, глобаллашув жараёнлари бундай бойликнинг моҳиятини янада чуқурроқ англашни тақозо этмоқда. Маънавий ва мафкуравий таҳдидлар турли кўриниш, шакл ва мазмунда намоён бўлаётганини ҳисобга олсак, кескин чоралар кўриб, уларнинг олдини олиш заруратга айланди. Оммавий маданиятнинг айрим йўналишлари ва ҳодисаларининг салбий таъсири ҳам маънавий таҳдидлар қаторига киради.
Оммавий маданият нимани тарқатишни, оммалаштиришни мақсад қилса, унинг асосига мақсадига мос ғояни қўяди ва ўз уринишларини турли усуллар ёрдамида ниқоблайди. Бугунги кунда маънавиятнинг бирламчи асосини ташкил этувчи ахлоқий меъёрларнинг заифлашиб, қашшоқлашиб бориши кўзга ташланмоқда. Ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи айрим “ижодкор” гуруҳлар ўз уринишларини яратган маҳсулотларини инсон ҳуқуқлари, эркинлиги, озодлиги, демократия билан боғлаб оқламоқдалар ва аксар ҳолларда бунинг уддасидан ҳам чиқмоқдалар. Ахлоқ меъёрларининг ҳуқуқ нормаларига бўйсундирилиши эса бу борадаги фикрловчиларнинг “тегирмонига сув қуймоқда”. Мисол учун бугун айрим Ғарб давлатлатларида бир жинсли никоҳларнинг легаллаштирилганини (қонунийлаштирилиши) ва уларга фарзанд асраб олишга ҳам рухсат берилаётганини айтиш мумкин.
Бу каби ҳамда оила-никоҳ масаласидаги анъанавий қадриятларга беписандлик, аёл ва эркак алоқаларини, биргаликда турмуш кечиришни ўта эркинлаштириш ахлоқий қадриятлар деформацияга учрашига ва айрим ҳолатларда уларнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмоқда. Оиланинг жамият олдидаги вазифаси нисбий бўлиб қолмоқда, унинг авлодлар давомийлигини таъминлашдек энг муҳим фундаментал вазифасига бефарқ қаралмоқда. Бу эса баъзи бир Ғарб давлатларида демографик муаммоларни кескинлаштирмоқда. Мазкур ҳолатлар нафақат маънавий таназзулга балки, моддий – иқтисодий ҳаётга ҳам сезирали таъсир кўрсатади, меҳнатга яроқли аҳолининг камлиги эса ишлаб чиқариш салоҳияти ва шу асосда мамлакатнинг иқтисодий қувватининг пасайишига олиб келиши мумкин. Ишчи кучига бўлган талабнинг ошиши меҳнат миграцияси асосида муҳожирларнинг ёппасига кириб бориши маданий муносабатларда сезирали ўзгаришларни юзага келтирмоқда. Янги муҳитга тез мослашиб, ўзини ерли аҳоли каби ҳис қилиш учун муҳожирлар жамиятдаги мавжуд меъёрларни қабул қилишлари зарур. Бу эса миллий маданиятлар диффузиясига, яъни бир-бирининг таркибига кириб боришига замин яратмоқда. Аслини олганда оммавий маданият ниқобида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатларнинг ҳеч бири халқнинг миллий маданиятига, умумбашарий қадриятларга тўғри келмайди. Бу хусусда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов шундай деган эди: “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентиризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса унинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда”.
Дарҳақиқат, глобаллашув шароитида мамлакатимиз ёшлари онгини заҳарлайдиган, маънавий дунёсига хавф соладиган мафкуравий таҳдидлар кириб келиши кучаймоқда. Натижада айрим ёшларимиз тўғри йўлдан чалғиб, адашиб қолмоқда.
Ҳозирги давр нуқтаи назаридан қараганда, оммавий маданият замонавий жамият маҳсули дейиш мумкин. Гап унинг келиб чиқиш тарихи ва шаклланиши ҳақида ҳам эмас, аслида давр ўтиши билан оммавий маданиятнинг асосини ижобий жиҳатлардан кўра салбий жиҳатлар кўпроқ ташкил этаётганидадир. Илгарилари унинг миллий минталитетга мослашиши кузатилган, бугун эса унинг акси кузатилмоқда. Оммавий маданият миллий маданий чегаралардан осонгина ўтиб, одамлар онги ва маънавий ҳаётини ўзига мослаштиришга, иккинчи даражага туширишга, ҳатто баъзи ҳолларда анъанавий қадриятларнинг йўқолишига олиб келмоқда. Чунки у инсон онгини, турмуш тарзини, бутун жамиятни стандартлаштиришни кўзлайди. Бугун кўп нарса оммавийлик касб этмоқда. Мисол учун, ҳамма мобил телефон ишлатади, бир хилда кийинади. Бунга асосан техника ва технологияларнинг ривожланиши, маҳсулотларнинг саноат усулида ишлаб чиқарилиши сабаб бўлмоқда. Узоққа бормайлик, бундан 30-40 йиллар бурун кабелли телефонлар саноқли одамлар хонадонида бўлган. Замонавий технология туҳфаларини қулайлик нуқтаи назаридан осонгина қабул қиламиз ва улар ишимиз бир неча баробар тез ва самарали бўлишига ёрдам беради.
Аммо оммавий маданият ижтимоий ҳодиса сифатида маънавият ривожига айрим ҳолларда зиддиятли таъсир кўрсатади. Бир томондан, оммавий маданият миллий маданиятнинг бойишига ҳам хизмат қилади. Ҳар қандай маданиятга қотиб қолган нарса сифатида қарамаслик лозим. Тараққиёт замон билан ҳамнафас бўлишни, у яратган янгиликларга мослашишни талаб қилади. У яратган маҳсулотлар универсаллиги, оммабоплиги, ихчамлиги, бозор талабларига тез мослашиши билан одамалар эътиборини жалб қилади, қизиқтиради ва ўзига ўргатади.
Яратилган маҳсулотлар қулайлик жиҳатидан тез қабул қилинади, инсоннинг бўш вақтини тўлдиришга, дам олишига ёрдам беради. Бошқа томондан, унинг мазмунан саёз ва катта қимматга эга бўлмаган маҳсулотлари одамлар маънавий юксалишига фойда бермайди, уларнинг онгини бойитишга эмас, бошқаришга қаратилган бўлади. Истеъмолчилик психологиясининг таъсирида айни пайтда урфда бўлган маҳсулотларни харид қилишга ўрганади. Реклама қилинаётган маҳсулотни харид қилган киши ўзини замонавий инсон, давр билан ҳамнафас дея ҳис қила бошлайди ва аксинча бўлганда ўзини замондан ортда қолгандай сезади. Маҳсулотга бўлган зарурий эҳтиёж ва унинг сифати ҳисобга олинмасдан, эътирозсиз қабул қилинади.
Оммавий маданият маҳсулотларида миллий белгиларнинг заифлиги ёки мутлақо йўқлиги миллий маънавиятга акс таъсир кўрсатадиган таҳдидлардан биридир. Маънавий таҳдидлар инсон ички оламига қарши қаратилган бўлиб, унинг онгини, дунёқарашини, руҳиятини издан чиқаради. Қизиғи шундаки, бу таҳдидлар ёш, миллат, тил, дин, ирқ, халқ танламайди. Лекин кўпроқ ҳаётий тажрибаси ва билими кам ёшлар онгига хавф туғдиради. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, турли шакл ва мазмундаги маънавий таҳдидларга қарши тура олиш долзарб аҳамият касб этаётир. Интернетнинг, айниқса ундаги ижтимоий тармоқларнинг жадаллашуви туфайли турли мазмундаги ахборот ҳар бир хонадон, ҳар бир киши ҳаётига кириб келаётир ва уларнинг учун зарурий эҳтиёжга айланмоқда. Интернет хизматлари мобил телефоннинг асосий вазифаларидан бирига айланиб улгурди. Бу эса интернет хабарларига тўсиқ ва чегара қўйиш имконини йўққа чиқарди. Замонавий цивилизация инъом этаётган қулайлик ва имкониятлардан, интернетдан воз кечиб бўлмайди. Лекин масаланинг бошқа зиддиятли ва инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатдиган томонлари ҳам борки, инсонни ўйлашга, мушоҳада юритишга ва амалий ишалар қилишга ундайди.
Ҳар қандай маданият тўсатдан юзага келиб қолмайди, у аста-секинлик билан шаклланади. Кичик, бир қараганда арзимас кўринган воқеалар орқали оммавий маданият одамларни қизиқтиради, ўзига ўргатади, кўниктиради ва онгини эгаллайди. Энг хавфли томони ҳам шунда. Оммавий маданият таклиф этаётган осон қабул қилинадиган енгил ва мазмунан саёз ҳар қандай намуналар инсон билими, дунёқараши, маънавиятини бойитишга хизмат қила олмайди. Тутуруқсиз қўшиқлар, филмлар, суръатлар, турли хилдаги роликлар “усти ялтироқ ичи қалтироқ” мазмундаги маҳсулотлар холос. Бу каби “маданий маҳсулотлар” инсонга билим бермайди, маънавиятининг бойишига хизмат қилмайди. Аксинча, инсонда нафс ва ҳирсни рағбатлантиради, асл қадриятларга бефарқлик ва лоқайдликни шакллантиради, фикр қарамлигига ва миллий руҳнинг йўқолишига олиб келади.