Home / МАҚОЛАЛАР / XVII-XX АСР БОШЛАРИДА ФРАНЦИЯДА ИСЛОМ ДИНИГА ОИД ТАДҚИҚОТЛАР ВА ДИНИЙ ИЛМЛАР РИВОЖИ

XVII-XX АСР БОШЛАРИДА ФРАНЦИЯДА ИСЛОМ ДИНИГА ОИД ТАДҚИҚОТЛАР ВА ДИНИЙ ИЛМЛАР РИВОЖИ

Ислом дини ва унинг инсоният тарихий тараққиётидаги ўрни масаласи барча даврларда ҳам қизиқарли тадқиқотлар олиб борилишига сабаб бўлган. “Ислом диний таълимот бўлгани билан бир қаторда ижтимоий тараққиёт жараёнига охирги минг йилдан зиёдроқ вақт ичида таъсирчан, қимматбаҳо маънавий озуқа бериб келаётган тарихий омил ҳамдир. Демак, исломни фақат диний таълимот сифатида эмас, жаҳон маданияти тараққиётининг маънавий омилларидан бири сифатида қарамоғимиз ҳам лозим” [6: 3]. Агар тарихга назар ташласак, ислом динининг моҳиятини англаш, талқин қилиш ва унга ёндашувлар турли даврларда турлича бўлган.

Европаликларнинг Шарқ дунёсини ўрганишга бўлган катта қизиқиши “Шарқшунослик” фани доирасида “исломшунослик” йўналишининг шаклланишига олиб келди. Хусусан, Францияда шарқшуносликнинг ривожи ва бу соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар асосан “исломшунослик”, “қиёсий тилшунослик” каби фанларнинг ривожи билан белгиланади. Исломшунослик – бу диншуносликнинг ислом тарихи, манбалари ва маросимларини ўрганувчи, тадқиқ қилувчи соҳаси. Ислом тарихи манбалари, ақидалари, маросимлари, Қуръони карим, Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлари ва фаолиятлари, ҳадисларни ўрганиш, тадқиқ қилиш исломшунослик фанининг асосий вазифаси ҳисобланади [9: 119].

Ҳозирги кунда жаҳонда қарийб 1,2 млрд. киши ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг 2/3 қисмидан кўпроғи Осиёда яшайди ва бу қитъа аҳолисининг 20% ортиқроғини ташкил этади. Дунёда мусулмон жамоалари мавжуд бўлган 120 дан ортиқ мамлакатдан 35 тасида мусулмонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил этади [9: 113]. Францияда истиқомат қиладиган мусулмонларнинг сони эса 5 млн.дан ортиқдир. Мана шундай йирик кўрсаткичларга эга бўлган ислом дини ва унинг манбаларига бағишланган тадқиқотларнинг сони даврлар оша ортиб бориши ҳам табиий ҳолдир.

Тарихдан маълумки, VIII аср бошларида Шарқ мамлакатлари билан бир қаторда Европага ҳам ислом дини кириб борди. Европа давлатларига исломнинг кириб боришида Пиреней ярим ороли дарвоза вазифасини ўтаган. Айниқса, Андалусия давлати тарафидан қилинган кўплаб ҳужумлар VIII асрнинг биринчи ярмидаёқ ҳозирги Испания, Португалия, Италиянинг баъзи ороллари ва Франциянинг чорак қисмини ислом билан таништиришга муваффақ этди. Бу ўлкада шаклланган мусулмон маданияти бошқа кўринишда асрлар оша бутун Европа мамлакатлари, жумладан, Франция, Португалия, Германия, Италия, Австрия маданияти ва турмуш тарзига сингиб, таъсир кўрсатиб борди. Ислом динининг нисбатан қисқа фурсатларда катта ҳудудларга шиддат билан ёйилиши, мусулмон маданияти ва санъатининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси мавзулари европалик, жумладан, франциялик шарқшунослар эътиборини бошданоқ жалб этиб келган.

Европада уйғониш даври бошланишига ҳам мусулмон маданиятининг салмоқли таъсири бор. Европа халқлари айнан Испанияда мусулмонлар томонидан ёзилган ва юнон тилидан араб тилига ва араб тилидан бошқа Европа тилларига таржима қилинган асарлар билан танишганидан сўнггина, илм-фан, маданий ҳаёт кабиларга қизиқиш ошиб борган.

Ислом тарихи ва Қуръонни ўрганиш Европада IX асрдан бошланган. Америка, Европа ва Россия исломшунослиги ва Қуръоншунослигида олиб борилган тадиқотлар кўплиги, маълумотларга бойлигига қарамай, уларда чекланганлик, бирёқламалик бор эди [9: 123].

Шарқнинг яшиндек чақнаб ривожланиши албатта Европанинг хавотирини оширар эди. Ислом динига қарши тўғридан-тўғри кураша олмай, мусулмон маданиятини буколмаган Европа энди бошқача йўл тутиб, исломни ўз-ўзидан келиб чиққан ҳолда камситиш, обрўсизлантириш йўлини қидира бошлади. Европадан, яъни христиан оламидан сиқиб чиқариш ва ўрни келганда христианлик таълимоти тарғиботида ундан фойдаланиш каби мақсадлар исломни ва унинг муқаддас манбалари – Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш эҳтиёжини келтириб чиқарди. Вақт ўтиши билан ислом уламолари, яъни муфассирлар томонидан Қуръони карим бир неча асрлар давомида тафсир ва шарҳ қилиниб, Ғарбда ҳам секин-аста Қуръон маънолари таржимаси пайдо бўла борди. Бундай эҳтиёжларнинг ортиб бориши эса ислом динига оид йирик тадқиқотларнинг олиб борилишига сабаб бўлди.

Дастлабки шундай тадқиқот 1140 йиллар арафасида Клюни (Франция) монастирининг бош руҳонийси Пётр Достопочтенный (1122-1156) кўрсатмасига асосан амалга оширилди. Шунда Қуръон биринчи маротаба умумевропа тилларининг онаси бўлган лотин тилига таржима қилинди. Шунингдек, қатор ҳадислар, пайғамбарлар ҳақидаги ривоятлар ва ислом динининг бошқа муқаддас манбалари ҳам таржима қилиниб, бу ишларнинг барчаси иккинчи салиб юришига тайёргарлик учун олиб борилди.

Бу таржималар ислом дини ақидаларига қарши раддияларга асос сифатида хизмат қилди. Клюни монастири Қуръоннинг биринчи таржимаси амалга оширилган жойга айланиши тасодиф эмас албатта, бу христианликнинг ислом динига қарши турадиган мафкуравий (баъзида ҳарбий ҳам) маркази эди. Кейинчалик ушбу монастир христиан Европасини мусулмон оламига қарши бирлаштиришда сезиларли роль ўйнади [1: 201-216].

Францияда ислом динига оид фундаментал тадқиқотлар Қуръонни ўрганиш ва унинг таржимаси билан шуғулланиш йўналишида олиб борилди. Бунда етук таржимонлар, шарқшунослар ва олимлар асосий ўрин эгаллаб, уларнинг яратган таржималари асосида Қуръони карим бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинди.

Қуръони карим маъноларини лотин ва француз тилларига таржима қилган Роберт де Кеттон (Robert de Ketton, айрим манбаларда Robertus Retenensis), Андре Дю Рие (André Du Ryer, 1580-1660), Луи Марраччи (Louis Marracci, 1612-1700), Клод-Этьенн Савари (Claude-Étienne Savary, 1750-1788), Альбе́р Казими́рский де Биберштейн ( Albert Kazimirski de Biberstein, 1808-1887) каби таржимонларнинг олиб борган таржима ишлари ўз даври учун йирик илмий тадқиқот ҳисобланган. Француз шарқшунослари ва тилшунослари томонидан қилинган Қуръон маънолари таржималари, таржима муаллифларининг танлаган услублари, қилинган таржималар орасидаги фарқлар ҳамда уларга бошқа олимлар томонидан билдирилган фикрлар исломшуносликда алоҳида ўрин тутади.

Французларнинг ислом дини ва ислом маданиятини ўрганишга бўлган улкан қизиқишлари кейинчалик европаликларни тасаввуф билан ҳам тўқнаштирди. Баъзида уларнинг тасаввуф тариқатларидаги феномен ҳодисалардан ажабланиш ва таъсирга берилиш ҳолатлари ҳам кузатилган.

XIX асрнинг бошларида французларнинг Алжирга экспансияси бошланиши таъсирида исломни янада чуқурроқ тушунишга эҳтиёж ошиб борди. Алжирда француз, шу билан бирга Европанинг бошқа шарқшунослари суфизм каби феномен билан тўқнаш келдилар. Алжир ҳудудларининг кўплаб тасаввуф тариқатлари таъсири остида бўлинганлиги ва улар томонидан мустамлакачиларга қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари фаол тарзда ташкил этилиши француз ҳукуматини ҳайратда қолдирди. Шу пайтдан бошлаб тасаввуф ва француз исломшунослиги академик ва амалий кўринишдаги икки оқимга бўлинди. Биринчи оқим – классик тасаввуф мероси ва умуман ислом адабий ёдгорликларини тушуниш ва таржима қилиш, иккинчи оқим – хизмат вазифаси (ҳарбийлар, давлат арбоблари, саёҳатчилар) юзасидан ислом динига оид саволлар билан шуғулланадиган барча кўринишдаги дилетантларни қамраб оларди. Бундай амалий исломшунослик ислом динини социологик ўрганишга асос солди [10: 173]. Кейинчалик ушбу анъана Марказий Осиё исломшунослигида ҳам қўлланилди.

XIX асрнинг сўнгги ўн йиллигида ҳам француз исломшунослигининг диққат марказида тасаввуф масалалари турар эди. Ушбу даврда инглиз шарқшуносларининг “тасаввуф – бу ҳиндуизм ва буддизмнинг ислом негизидаги доктринаси” деган концепция ҳукмрон эди. “Ҳинд таълимоти”га нисбатан биринчи бўлиб француз тадқиқотчиси Ж. Гарсэн де Тасси қарши чиқиб, сўфийлик таълимотини ҳинд пантеизмидан ажратиш зарурлигини талаб қилди. 1880-1890 йилларда сўфийлик феномени мустамлака бошқарувига кўрсатаётган таъсири туфайли француз олими ва сиёсатчиларининг диққат-эътиборини жалб этди. 1897 йилда Алжир генерал-губернатори Ж. Камбоннинг кўрсатмасига биноан О. Депон ва К. Копполанининг “Les confréries religieuses musulmanes” – “Мусулмон диний тариқатлари” номли фундаментал асари нашр қилинди [2]. Ушбу китобда ислом динининг умумий тарихи, сўфийлик таълимотининг назарияси ва амалиёти, энг асосийси мустамлака ҳукумати учун сўфийлик тариқатларининг қаршилик кўрсатиш ҳаракатларини ҳарбий йўл билан бартараф этиш тўғрисидаги тавсиялар ҳам бор эди. Китоб Англия ва Россияда ҳам жуда катта эътибор билан қабул қилинди, чунки Буюк Британия – Ҳиндистонда, Россия – Ўрта Осиёда шу каби муаммоларга дуч келмоқда эди.

Бу соҳадаги илмий тадқиқотлар ислом динини маданий аспектлар доирасида ўрганилишига олиб келиб, ўз навбатида европаликларнинг ислом маданиятига кенгроқ кириб боришига шароит яратди. Натижада, Марказий Осиёдаги ислом феномени ҳам французлар эътиборидан четда қолмади.

Вақт ўтгани сайин Францияда ислом дини ва унинг манбаларини ўрганиш учун малакали мутахассислар етишмаслиги аниқланди. Шунда махсус Шарқ тиллари ўқитиладиган илмий мактаблар ташкил этилиб, унда етук малакали мутахассислар тайёрлана бошланди. Бундай илмий мактабларнинг бошқа турлари ҳам ташкил этилиб, уларда энди Шарқ тиллари билан бир қаторда диний билимлар ҳам берилиб борилди.

Францияда диний илмларни эгаллаш ва малакали тадқиқотчиларни тайёрлаш мақсадида ўша даврда қатор ишлар амалга оширилди. 1879 йилда “Коллеж де Франс” – “Collège de France” номли таълим муассасасида динлар тарихи кафедраси очилди, 1880 йилда “Динлар тарихи” журналига асос солинди, 1885 йилда Парижда “Гиме” – “Guimet” музейи очилди, 1886 йилда “Илмий-амалий тадқиқотлар олий мактаби” – “École pratique des Hautes Etudes (EPHE)” да 5-секция, яъни диний фанлар бўлими ташкил этилди [3: 5-25].

Илмий-амалий тадқиқотлар олий мактаби – университет типидаги ушбу ташкилот Парижда жойлашган бўлса-да, ҳеч қайси университет билан боғлиқ эмас эди. Унинг фаолият тури ўзига хос бўлиб, 1868 йилда Виктор Дюрьи (Victor Duruy) томонидан асос солинган [5: 188]. Ташкилот тўғридан-тўғри Таълим вазирлигига бўйсуниб, унинг асосий вазифаси талабаларни махсус илмий тадқиқотларга тайёрлашдан иборат эди. Мактабда 6 та секция мавжуд эди. Улардан учтаси аниқ фанлар билан шуғулланса, тўртинчиси – тарихий ва филологик фанларга, бешинчиси – теологик фанларга, олтинчиси – иқтисодий ва ижтимоий фанларга бағишланган.

Сўнгги учта секцияда шарқшунослик фанлари асосий ўринни эгаллаган. Бу учта секцияда ўтиладиган фанлар методик ўқитиш объекти ҳисобланиб, ҳафтада бир марта одатда семинар тарзида ўтказилган. Талабалар уч йиллик таълимдан сўнг диссертация тайёрлаб, дипломли мутахассисга айланган.

Мактабга қабул қилиш учун ҳеч қайси талабадан унвон талаб қилинмаган. Диний йўналиш учун талабалар жуда эҳтиёткорлик билан танлаб олиниб, уларда изланишларга нисбатан доимий ҳавас лаёқати сезилиб туриши шарт эди. Маърузаларга қатнашиш илмий қизиқиш орқали амалга оширилиб, ўқитувчи талабанинг эҳтиёжи ва изланишини олдиндан кўра билиши ҳамда тўғри йўналтира олиши шарт эди.

Мазкур илмий мактабда асосан амалий соҳадаги билимларга катта эътибор қаратилган, яъни “Оломон елиб-югуриб юрган пайтда ўриндиқда ўтириб эмас, балки ёпиқ бўлган лабораторияларда, китоблар ва қўлёзмалар ичида изланишни ўргатадиган асарлар орасидагина профессор улғаяди, шакл-ланади” [8: 21] деган ибора мавжуд эди. Қисқача айтганда, Илмий-амалий тадқиқотлар олий мактаби учун тингловчилар эмас, амалиётчилар керак эди. 5-секцияда 2 та семит (араб) халқлари динлари кафедраси мавжуд бўлиб, диншунослик соҳасида олимлар, тадқиқотчилар тайёрлашда ниҳоятда катта ўрин эгаллаган.

Моҳиятан, Францияда диншунослик муаммолари XVIII асрдан юзага кела бошлаган. Бундай муаммолар пайдо бўлишига сабаб нисбатан янги йўналиш бўлган диншуносликнинг ривожланган филология, мифология соҳаларидаги диний муаммоларга жавоб бериши ёки диний муаммоларни ҳал этишда ушбу соҳалардан фойдаланиш ҳақидаги гипотезалар бўлган яъни диншунос ҳақиқий филолог, файласуф, тарихчи, археолог бўлиши керакми?, бу соҳа вакиллари ушбу фанлардан сабоқ олиши керакми? – деган саволларга жавоб топиш зарур эди.

Шу каби саволлар диншунослик фанининг бошқа соҳалар билан муносабатини аниқлашга замин яратган. Ушбу муаммоларни бартараф этишда эса француз олимлари ўзаро келишиб EPHE – илмий жамиятини тузишга қарор қилганлар. Шарқ маданияти ривожида “Байт-ул-ҳикма”нинг ўрни нечоғлик беқиёс бўлса, француз диншунослиги ўзига хос чўққига етишида EPHEнинг вужудга келиши сабабчи бўлган десак муболаға бўлмайди. EPHE ўқувчи ёки талаба эмас, олим етиштириб чиқаришни ўз олдига мақсад қилган муассасадир. Энг қизиғи шундаки у ердаги талаба учун назарий билим эмас, кўпроқ амалий билим керак эди, яъни EPHE талабаси ўриндиқда ўтириб эмас, балки лаборатория, кутубхона ва турли коллекциялардан китоблар ҳамда қўлёзмаларни қидириб топиши, изланиб тадқиқотлар олиб бориши керак эди. Мактабга қабул қилишда эса гувоҳнома, унвон талаб этилмас ва миллати инобатга олинмас эди.

Француз олимларининг диншунослик фанига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлиб, уларни илмий асосда ўрганиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Шу боис, диншунослик фани тараққиётида Ғарб, хусусан Франция ўзига хос йўлни босиб ўтган ва француз олимларининг бу соҳадаги фаолиятлари, ёндошувлари ва услубларини чуқур тадқиқ этиш лозим. Дин ва дин тарихини ўрганишда системали услубларга таяниш, яъни анализ, синтез, абстракли моделлаш, тарихшунослик, типологик, феноменологик ва герменевтик услублар алоҳида ўрин эгаллайди.

Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти – l’Institut national des langues et civilizations orientales – INALCO. Францияда илк шарқшунослик илмий маркази сифатида пайдо бўлиб, бугунги кунгача турлича ном билан аталиб келинган. Ҳам таълим, ҳам илмий тадқиқотлар маркази сифатида фаолият кўрсатган ушбу таълим даргоҳи турлича номланиб келинган.

– 1669: Ёш тилшунослар мактаби – École des jeunes de langues

– 1795: Шарқ тиллари махсус мактаби – École spéciale des Langues orientales

– 1914: Жонли Шарқ тиллари миллий мактаби – «L’École des langues orientales vivantes» (LELOV)

– Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти – l’Institut national des langues et civilizations orientales – (INALCO) [4].

Ўша пайтда Шарқни ўрганиш турли моддий ва маънавий ёдгорликларни излаб топиш, ўрганиш ва таржима қилиш каби жараёнлар асосида ташкил этилган. Франция қироли Людовик XIV (1638-1715) ва давлат маслаҳатчиси Жан Батист Кольбернинг ташаббуси билан 1669 йилда Шарқий мамлакатларни ўрганиш учун мутахассислар тайёрлайдиган Ёш тилшунослар мактабига асос солинади. Буюк француз инқилоби даврида француз шарқшунослигида айрим ўзгаришлар кузатилиб, ушбу мактаб эндиликда Шарқ тиллари махсус мактаби деб номланди.

Жонли шарқ тиллари махсус мактаби эса уч йиллик амалий ўқув машғулотлари ўтказиладиган, таржимонлар тайёрлайдиган ўқув муассасаси бўлиб, Парижда Конвент қарорига кўра 1795 йилда ташкил топди [7: 395].

Ушбу мактабда арабистика, африканистика, византия-шунослик, мисршунослик, ҳиндшунослик, эроншунослик, семитология, японшунослик, туркология, синология каби шарқни ўрганиш соҳалари кенг йўлга қўйилди. Тил ўрганиш тарих, география ва маданият фанлари билан қўшиб олиб борилган. Ёзма манбаларни илмий тавсифлаш, каталог-лаштириш, манбанинг келиб чиқишини аниқлаш, таржима қилиш ва илмий изоҳлаш шарқшунослик соҳасининг асосий вазифалари ҳисобланган. Кейинчалик қўлёзма манбаларга эпиграфик материаллар (қабр тошлари, металл идишлар ва бошқа буюмлардаги битиклар) қўшилиши натижасида шарқ эпиграфикаси ривожлана бошлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ислом динининг Европага кириб келиши тарихини илмий тадқиқ этиш, унинг маънавий бойлиги ва қадриятларини янада теранроқ мушоҳада этишга ҳамда ислом маданиятининг Европа халқлари тамаддуни тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини тўлароқ тасаввур қилиш ва англашга имкон яратади.

Ушбу йўналишда олиб борилган тадқиқотларни ўрганиш-дан кўзланган асосий мақсад, бизнинг ота боболаримиз, яъни буюк муҳаддис, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф алломаларимизнинг бой илмий ва маънавий мероси Ғарбда қандай ўрганилган ва унинг жаҳон интеллектуал меросидаги мавқеи ҳамда умумжаҳон маънавий мероси ривожидаги ўрнини аниқлаш, тарихий тафаккур ривожига қўшган ҳиссасини англаш долзарб масаладир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Adam A. Les etudes arabes et islamiques à la Faculté des Lettres d’Aix-en-Province //Revue de l’Institute de Sociologie. Vol.40. 1967.
  2. Depout O., Coppolani X. Les confréries religieuses musulmanes. Publié sous patronage de M. Jules Cambon, gouverneur générale de l’Algérie. Alger. 1897.
  3. Despland M. Les sciences religieuses en france : des sciences que l’on pratique mais que l’on n’enseigne pas // Archives de Sciences sociales des Religions, 2001, 116 (octobre-décembre) 5-25. http://assr.revues.org
  4. https://fr. wikipedia.org/wiki/Institut national des langues et civilizations orientales
  5. Vocabulaire de l’Éducation: Educatoin et Sciences de l’Éducation. Publiè sous la direction de Gaston Mialaret. – Paris, Presses Universitaires de France, 1979.
  6. Абдуллоҳ Мубашшир ат-Тарозий. Олам узра тарқалган Ислом. – Т.: Тошкент ислом университети, 2002.
  7. Алексеев В.М. Наука о Востоке. – М.: Наука, 1982.
  8. Бабаджанов Д. Француз олимларининг диншуносликка қўшган ҳиссалари (Малакавий битирув иши). ТИУ, 2003.
  9. Ислом. Энциклопедия. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2003.
  10. Лаумулин М Т. Развитие востоковедения во Франции и изучение Центральной Азии // Восток, 2003, №3.
Дурдона РАСУЛОВА,
СамДУ мустақил изланувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …