Home / ЯНГИЛИКЛАР / Самарқанд яна жаҳон олимларига мезбонлик қилади

Самарқанд яна жаҳон олимларига мезбонлик қилади

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича Самарқанд давлат университетининг тарихи 1420 йили темурий ҳукмдор, улуғ астроном олим Мирзо Улуғбек Самарқандда қурдирган олий мадрасадан бошланади.

Мазкур ғоя ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, балки 2001 йилда Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб келганидан кейин Самарқанд давлат университети имкониятларини кенгайтириш, бу қадимий олий таълим даргоҳининг мукаммал тарихини яратиш, унинг қадим илдизлари Улуғбек мадрасаси билан боғланишини халқимизга, жаҳон ҳамжамиятига исботлаб кўрсатиш ҳақида зарур кўрсатмаларни берган эди.

Шундан сўнг университет раҳбарияти томонидан таълим муассасаси тарихи, унинг миллий ва жаҳон илм-фани, таълим тизими тараққиётига қўшган ҳиссаси борасида изланишлар бошлаб юборилди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳудудимизда IX-X асрлардан бошлаб кўплаб мактабу мадрасалар фаолият кўрсатгани, табаррук заминда Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор каби буюк сиймолар етишиб чиққани, улар тарихий меросидан жаҳон илм-маърифат аҳли унумли фойдаланаётгани ҳисобга олинса, олий таълим тизимимиз чуқур илдизларга эгалиги маълум бўлади.

Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида ўқув маскани таълимининг асосини ислом таълимоти ташкил этган, мадрасаларда диний фанлар билан бирга, дунёвий фанлар ҳам ўқитилган ва даврлар ўтиши билан уларнинг улуши ортиб борган. 1420 йилда Мирзо Улуғбек раҳнамолигида очилган мадрасада исломий фанлардан ташқари, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши, бу IX-X асрлардаги Уйғонишдан кейин иккинчи Шарқ Ренессансининг вужудга келишига туртки бўлган, деб хулоса қилиш мумкин.

Бу улкан маданият умумбашарий цивилизацияга қўшилиб, унинг узлуксиз ривожига омил бўлди, турли алоқа воситалари орқали Ғарбга ўтиб, янги Европа тафаккури тараққиётига таъсир кўргазди. Устоз Нажмиддин Комилов ёзганларидек, етти аср давомида араб халифалиги қўл остида турган Испаниянинг Кордова (Қурдоба), Севилья (Шиблия), Гранада (Ғарнота), Жабал ал-Тариқ (Гибралтар) вилоятларида Шарқ илм-маърифати кенг қанот ёйди. Испан қироллари араб тилини мукаммал билар, ўз саройларида араб шоир ва олимларини сақлар, барча испан зиёлилари арабча таълим олиб, шарқона урф-одат руҳида тарбияланар эдилар. Шарқ маданиятининг Европага кўчишида таржима, шубҳасиз, муҳим роль ўйнаган. XII асрлардан бошлаб араб тилида ёзилган илмий адабиётларни яна лотин тилига ағдариш авж олган, кейинчалик уларни испан, француз, кастил тилларига таржима қилиш кучайган.

Ислом билан Европа маданиятининг ўзаро алоқалари олимлар томонидан кам тадқиқ қилинган. Аксар Ғарб олимлари ўзларининг бугунги маданиятини қадимги юнон маданиятининг давоми, деб даъво қилишади. Муаммони тадқиқ этган маърифатпарвар олим, жадидчилик ҳаракати асосчиси Исмоил Гаспринский (1851-1914)нинг фикрича, юнон маданияти олдин ислом дунёсига ёйилган ва бир неча аср мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини озайтириб, Европага етказишган. Америкалик олим А. Драбер “Европа ақлий тараққиёти тарихи” китобида Суқрот, Афлотун, Арасту каби антик олимларнинг асарларини мусулмонлар танитганлигини гапириб, “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шам ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келган”, деб ёзади.

Маълумки, юнонлар илм-фани мусулмонлар ҳаётига VIII асрда Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ Ал-Мансур замонида кириб келади. Билимдон халифа ҳиндлардан илми нужумни, юнонлардан фанларнинг асосларини ўрганишни орзу қилади. Дунёвий қарашлари туфайли Эфес ибодатхонасида сазойи қилиниб, ўзга юртларга бадарға этилган патриарх Настор издошлари 431 йили Эрон, Ўрта Осиё, Арабистон шаҳарларига келиб қолишади. Абу Жаъфар уларни саройга чақириб, таржима ишларини бошлаб юборади. Антик даврнинг нодир асарлари тезда араб тилига ўгирилиб, Бағдод, Шом, Хоразмнинг кутубхоналарига юборилади. Бу борада Хорун ар-Рашид, Маъмун, Абу Жаъфар каби халифалар ҳомийлик кўрсатишади. Ўша даврда Испания – Европа илм-фани марказига айланади.

Шарқ олами, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда дунё эътироф этган икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи сифатида жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Форобий, Аҳмад Фарғоний ҳам ўз даврининг йирик қомусий олими, Европа илмига беқиёс ҳисса қўшган тарихий шахслар, деб тан олинади. XIV-XV асрларда илмий-маданий юксалишнинг иккинчи даври бошланди. 

 
Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг бутун бир авлоди ҳақида сўз юритар эканмиз, Амир Темур ва Темурийлар даври деб ном олган давр ҳақида, номи илм-маърифат осмонида бамисоли ёрқин юлдуз бўлиб порлаб келаётган Мирзо Улуғбек ва унинг Қозизода Румий, Али Қушчи сингари кўплаб сафдошлари ва шогирдлари хусусида гапиришга тўғри келади. Амир Темурнинг набираси бўлган, 40 йил Самарқандда ҳукмдорлик қилган Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади.

Европада асос солинган Болоня (Италия, XIII аср), Оксфорд (Буюк Британия, XIII асрнинг иккинчи ярми), Кембриж (Буюк Британия, 1209 йили), Сорбонна (Франция, ¬Парижда 1257 йили), Салерна ¬(Италия, IX аср¬), ¬Уппсала (Швеция, 1477 йили), Хайделберг (Германия, 1386 йили) университетларида ҳам олдин диний таълим берилган.. Мирзо Улуғбек 1420 йилда очган мадраса ҳам шундай вазифани адо этган.

Мирзо Улуғбек раҳбарлигида 90 олим ва талаба ҳузурида Батлимуснинг (Клавдий Птоломей) “Ал-мажистий” асари бўйича имтиҳон ўтказилган ва ундан муваффақиятли ўтган етук олим Шамсиддин Муҳаммад Хавофий 1420 йил 21 сентябрда биринчи мударрисликка тайинланган. Шунингдек, ушбу олий даргоҳда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший ва Али Қушчи каби етук олимлар ҳам дарс берган. Кейинчалик улар ўз соҳасининг энг йирик алломаларига айланди:

Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган астро¬номия жадвалини тузиб, астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог муаллифи;

Ғиёсиддин ал-Коший биринчи бўлиб ўнлик касрларни илмий истеъмолга жорий этди, эркин даражалар илдизларининг изчил яқинлашиб бориши ва уларни топиш методларини ишлаб чиқди;

Али Қушчи Истанбул университети (1453 йил) нинг асосчиларидан -бири бўлди.

XVI аср¬дан бошлаб Шарқ мамлакатларида салтанатлар қулаши, ҳокимият учун тинимсиз курашлар авж олгач, илм-фанга эътибор анча пасайди. Европа қитъасида ривожланиш даври бошланди. Манбаларда келтирилишича, Буюк Ипак йўли фаолиятининг тўхташи Шарқни тараққиётига таъсир кўрсатган бўлса, Ғарбда инқилобий ихтиролар, хусусан, немис И.Гутенберг томонидан босма станок кашф қилиниб, китоб чиқариш йўлга қўйилиши (1440), Х.Колумбнинг Американи (1492), Васко да Гама Африкани айланиб ўтиб, Ҳиндистонга борадиган денгиз йўлини очиши (1498), шунингдек, география, геодезиянинг фан сифатида эътироф этилгани, химия ва астрономияда йирик ютуқларга эришилгани – булар ҳаммаси Ғарб оламининг энг катта ютуғи сифатида тарих китобларига кирди.

Шуниси диққатга моликки, Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси 500 йил давомида турли тарзда фаолият кўрсатди. Аммо кейинчалик олий педагогика институти, педакадемия, сўнгра Ўзбек давлат университети, ҳозирда эса Самарқанд давлат университети сифатида янги давр, янги талаблар ва янгича йўналишда фаолиятини изчил давом эттирмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон таълим тизимида мисли кўрилмаган янгиликлар, ижобий силжишлар амалга оширилди. Мураккаб глобаллашув шароитида ёшлар таълим-¬тарбиясига ёндашув мутлақо янги сифат босқичига кўтарилмоқда. Президентимиз қарорига кўра, мактабгача таълим тизими шакллантирилиши, мактаб, академик лицейлар фаолияти такомиллаштирилиши, янги институт ва университетлар очилиб, олий таълимга қабул квоталарининг кенгайтирилгани, устоз-мураббийларни моддий ҳамда маънавий рағбатлантирилиши профессор-ўқитувчиларнинг обрўси ва нуфузини ошириб юборди. 

 
Атоқли шоир-ёзувчиларнинг ижод мактаблари, Президент мактаблари ташкил этилиши ҳам янги сифат босқичини бошлаб берди. Янги таълим концепциясига биноан, Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университетини жаҳондаги олий таълим муассасалари рейтингининг 1000 талик рўйхатига киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

2020 йилнинг 26 июнь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг “Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борада йирик дадил қадам бўлди, дейиш мумкин. Демак, Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик тўйи халқаро миқёсда нишонланади. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳур. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим билан бир қаторда, “абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас.

Демак, жаҳон олимлари яна Самарқандда йиғилади ва бугунги таълим муаммоларига холис муносабат билдиришади. Бу натижалар эса Ўзбекистон таълим тизимида дадил қадам бўлишига ишонамиз.

Бахтиёр Омонов, 
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги
ТАТУ профессори, сиёсий фанлар доктори
Манба: ЎзА

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …