Home / МАҚОЛАЛАР / МУСУЛМОН БОТАНИК

МУСУЛМОН БОТАНИК

Ислом цивилизацияси турли хил илмий ва маданий соҳаларнинг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшган. Мусулмон олимларининг тиббиёт, доришунослик ва доривор ўсимликларни ўрганиш бўйича ҳам кўплаб ютуқлари бор. Султон ва халифаларнинг кўпчилиги аввал ўтган халқларнинг тиббиётга оид асарларини таржима қилдириш учун катта маблағлар ажратишган, табибларга сахийлик қилишган ва барча шаҳарларда шифохоналар қурдиришган. Ислом келганидан сўнг ҳар бир асрда бир қанча табиблар машҳур бўла бошлашган. Табиблар турли хил тиббиётга оид тажрибалар қилишган, ўсимликларни ўрганишган, тиббий дори воситаларини амалиётга киритишган ва жароҳатлар учун шифобахш таъсирга эга дорилар ихтиро қилишган. Тиб ва доришунослик илми аббосийлар даврида гуллаб-яшнаган. Ўша пайтда Бағдоднинг ўзида 800 дан зиёд шифокор бўлган. Aндалусия аҳолиси ҳам тиббиёт ва ўт-ўланларни ўрганишга қаттиқ аҳамият берган. Мусулмонлар жуда кўплаб касалликларнинг даволаш услуби ва сабабларини била олганлар. Aна шундай буюк олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтордир!

Ибн Байторнинг тўлиқ исми – Aбу Муҳаммад Aбдуллоҳ ибн Aҳмад Малақий Aндалусий бўлиб, Зиёуддин дея лақабланган. Шунингдек, олимни «ан-наботий» (النّبَاتي) ва «ал-ашшаб» (العشّاب) деб ҳам лақаблашган бўлиб, бу сўзлар «ботаник» деган маънони беради. Ибн Байторнинг отаси ветеринар бўлган. Ветеринар сўзи араб тилида «тобийб байторий» (طبيب بيطري) бўлади. Шунга кўра, уни отасига нисбат бериб, Ибн Байтор дея номлашган. Ибн Байтор ўрта асрлардаги энг кўзга кўринган олимлардан саналади. У ўз даврининг доришунослик (фармокология) ва ўсимликшунослик бўйича энг машҳур олими ва кимёвий муолажа соҳасидаги тадқиқотчилардан бўлган. Ибн Байтор Aндалусиянинг Малага шаҳрида ҳижрий 593, милодий 1197 йили таваллуд топган. Севилия шаҳрида, Ибн Румийя номи билан шуҳрат топган Aбул Aббос бошчилигидаги Aндалусия олимларининг энг саралари қўлида, илм эгаллаган. Йигитлик чоғида ўсимликшунос ва ботаник олимларга шогирд бўлиш, ўсимликлар тўплаш ва уларнинг таъсири ва хусусиятларини ўрганиб чиқиш мақсадида кўпгина ўлкаларни кезиб чиққан. Унинг биринчи саёҳати Мағриб (ҳозирги Марокаш, Тунис ва Жазоир ҳудудлари)га бўлган. Бу саёҳати давомида Марокашга борган, Тунис ва Жазоирдан ўтган. Шунингдек, Миср ва Шомнинг кўплаб шаҳарларини зиёрат қилган. Бир муддат Қуддусда яшаб қолган ва Ҳижозга саёҳатга отланган. Олимлардан бири Ибн Байторга грекларнинг юрти (Юнонистон)га боришини маслаҳат берган. Ибн Байтор ўша юртга илмий саёҳат уюштирган, тиббиёт ва доришунослик ҳақидаги грекларнинг илмини ўрганган. Йўлида учраган барча ўсимликларни тўплаган ҳолида Рум диёрининг энг чеккасигача етиб борган.

Aйюбий султони подшоҳ Комил Ибн Байторни ҳузурига таклиф қилган. Олимга ҳурмат кўрсатиб, уни Қоҳирадаги ботаниклар бошлиғи этиб тайинлаган. Ибн Байтор бу вақт давомида ҳам илмий сафарлардан тўхтаб қолмаган. Кейинчалик, олим подшоҳ Солиҳ Нажмуддин Айюб хизматига ўтган. Ибн Байтор подшоҳ билан яқин бўлган ва юришларда ҳам у билан бирга сафарга чиққан. Подшоҳ Солиҳ сўнгги юришидан, Шомдан Қоҳирага қайтганда, Ибн Байтор Дамашқда қолган ва ўша ерда ҳижрий 646, милодий 1248 йили, 53 ёшларида вафот этган.

Ибн Байторнинг амалга оширган ишлари:

Турли хил тажрибаларни амалга ошириш учун илмий услуб асосларини ишлаб чиққан;

Катта тиббий энциклопедия саналувчи китоб ёзган бўлиб, бу тадқиқоти турли хил тоифадаги 1400 моддани ўз ичига қамраб олган. Бу моддаларнинг кўпчилиги тиббий ўсимликларга оид моддалар бўлиб, улардан 300 ёки 200 таси аввал маълум бўлмаган янги ўсимликлар ҳисобланган;

Дорилар учун вақт белгилаган ва тун давомида қабул қилиш керак бўлган дорилар билан кундузи қабул қилиниши керак бўлган дориларнинг моҳиятини тушунтириб берган;

Турли касалликларни даволашда ишлатиладиган баъзи ўсимликларнинг аҳамиятини тушунтириб ўтган;

Ибн Байтор қадимги доривор ўт-ўланларнинг янги хоссаларини кашф қилган ва аввал бўлмаган, янги доривор гиёҳларни тавсифлаган.

Ибн Байтор доришунослик ва доривор ўсимликларга оид кўплаб илмий рисолалар ва китоблар ёзиб қолдирган. Булар қуйидагилар:

«Шифобахш гиёҳ дорилари ҳақида фойда». Китоб 20 фаслга бўлинган. Ибн Байтор бу китобини касаллик ва муолажага кўра тартиблаган.

«Дори ва озуқалар атамаларини жамловчи китоб». Бу китобда Ибн Байтор ўсимлик, ҳайвон ва минерал моддалардан олинадиган турли хил тиббий дорилар ва шифобахш гиёҳларни тўплаган.

«Заҳарларни даволаш ҳақида рисола». Бу китоб баъзи дориларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган заҳарлар ҳақида. Бу китобнинг нусхаси Миср китоблар маркази (Дар ул-кутуб ал-мисрийя)да мавжуд.

«Диоскорид китобига шарҳ» – бу китоб юнон-араб луғатидан иборат. Ибн Байтор бу китобида кўплаб дорилар ва ўт-ўланларни шарҳлаган.

Аброр Ҳасан ўғли
ЎзХИА талабаси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …