Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

Ўтган тарихий силсила давомида жамиятнинг сиёсий тузуми ва маданий ҳаётида амалга ошган ўзгаришлар, ижтимоий фанларда ёзилган маълумотлар орқали ўрганилиб келинмоқда. Бу илмий соҳалар ичида маданий мерос объектлари тарихи ва архитектураси ҳақидаги маълумотлар алоҳида ўринга эга. Чунки, маданий мерос объектларига назар солиб, ўтган даврларда яшаб ўтган ота-боболаримизнинг қарашлари, дунё илм-фани ва санъатини қай тарзда англаганларини тасаввур қилишимиз мумкин. Маданий мерос объектлари қурилиши структураси, унда акс эттирилган ёзма маълумотларнинг мантиқий мазмуни, ўтмиш силсиласидан ҳар бир кишининг тасаввурида турлича мазмун акс этади.

Она Ватанимизнинг Самарқанд, Бухоро, Урганч, Термиз, Фарғона, Андижон, Шаҳрисабз каби шаҳарларида ўтган тарихий давр орасида қўплаб сарой, масжид, мадраса, минора, мақбара, тим ва карвонсаройлар қурилган. Ушбу шаҳарлар ичида Самарқанд алоҳида ўринга эга бўлиб, унинг тарихи кўплаб олимлар томонидан тадқиқ этиб келинмоқда. Самарқанд тарихи ҳақидаги илмий ишлар М.Е. Массон[1], А. К. Писарчик, Н.С. Полупанов[2], В.Л. Вяткин, В.В. Бартольд, А.Ю. Якубовский, А.И. Тереножкин ва бошқалар қаламида кенг ёритилган. Шунингдек, археолог И. А. Сухаревнинг «Очерки по истории Самарканда», М.С. Юсуповнинг шайбонийлар босқинигача бўлган давр тарихи асарлари ва қатор шу каби рисолалар[3] Самарқанд шаҳрининг тарихи, археологик ва қадимий даври ҳақидаги билимларимизни янада кенгайтиради.

Маълумотларга кўра: “Самарқанддаги 1607 та объект Ўзбекистондаги кўчмас маданий мерос объектларининг миллий рўйхатидан жой олган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октябрдаги қарорига асосан кўчмас моддий маданий мерос объектларнинг миллий рўйхати тасдиқланган. Рўйхатдан 8208 та кўчмас моддий маданий мерос объекти жой олган бўлиб, улардан 4748 таси археологик ёдгорликлар, 2250 таси архитектура ёдгорликлари, 678 таси монументал санъат ёдгорликлари ва 532 таси диққатга сазовор жойлар”[4] – деб, белгилаб ўтилган.

Қадимий тарих ва бой маданий меросга эга Ўзбекистон заминида халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий объектлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганининг ўзи ҳам бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан бирга қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизими янада такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларининг ташкил этилгани ўтмиш тарих маданий меросни кейинги авлодга бутунлигича етказиш соҳасидаги катта қадамдир. Шу билан бирга 2020 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»[5]ги қарори бу соҳада ислоҳотлар давом этаётганидан далолат. Амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса ёшларга етказишдан иборат эканлиги қайд этилди.

         Албатта, ютуқлар билан бирга ҳали охиригача ечилмаган муаммолар ҳам талайгина. Мисол учун:

– айрим меъморий обидалар транспортлар ҳаракатланадиган катта йўллар ёнида жойлашгани;

– вақт ўтгани сари ўрта асрларда қурилган биноларнинг том ва фасад ҳамда ички қисмларининг таъмирталаб бўлиб, уни табиий шароитга мослаштириш зарурияти;

– тарихий иншоотларнинг айримларида инновацион технологиялар (3D модели, QR штрих кодларга эга эмаслиги) тўлиқ қўлланилмагани;

– моддий маданий мерос объектларини илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш зарурияти;

Моддий маданий мерос объектларининг бутунлиги ва қийматини сақлаб қолиш учун лойиҳалаш, реставрация-тиклаш ишларини амалга ошириш ҳар доим ҳам давр талаби бўлиб келган ва бўлиб қолмоқда. Бу соҳа ишларини тубдан такомиллаштириш мақсадида давлатимиз назорати кучайтирилиб бораётгани таҳсинга сазовор. Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида, 2001 йил 30 август қабул қилинган: “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида[6]” қонун, 2019 йил 18 октябрь 881-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори[7] ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинган.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда юртимизнинг туризм салоҳияти, ўрни ва аҳамиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар келажакда ўз натижаларини беришига ишонамиз.

Сухроб ЭРГАШЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. М.Е. Массон “Падающий минарет” Издательство “Узбекистан” Т 1968
  2. А.К. Писарчик “Народная архитектура Самарканда XIX – XX вв”. Душанбе-1975 г, Н.С. Полупанов (Н.С. Полупанов. Жилой дом в старом Самарканде. «Архитектура СССР»,1937, № I.)
  3. В.А. Шишкин. Кала и Афрасиаб. В кн.: Афрасиаб. Работы Ин-та истории и археологии АН УзССР по изучению домонгольского Самарканда (1945-1966). Вып.1. Ташкент, 1969 г
  4. Самарканд тарихи. 1-жилд. Ташкент, 1971 й. ziyouz.com. кутубхонаси, 2-жилд, Т-1970 й. ziyouz.com. кутубхонаси;
  5. И. В. Пьянков. Древний Самарканд (Мараканды) в известиях античных авторов. Душанбе, 1972 г
  6. https://telegra.ph/Imom-Moturidij-hal%D2%9Baro-ilmij-tad%D2%9Bi%D2%9Bot-markazi-tashkil-ehtildi-08-12
  7. http://parliament.gov.uz/uz/laws/adopted/98/3537/
  8. https://www.lex.uz/docs/4559553

 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …