Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИ АҚШДА КАШФ ЭТГАН ОЛИМ

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИ АҚШДА КАШФ ЭТГАН ОЛИМ

Ислом динида тасаввуфий тушунчалар моҳияти, валийлик атамаси, сўфийлик каби тушунчаларни дунёвий илмлар (антропология, космология, археология, қадимшунослик ва ислом илоҳияти) асосида илк маротаба очиб берган мутафаккир аллома ­Ҳаким Термизийдир. У дунёда машҳур анъанавий Аристотел-неоплатоник фалсафий ғояларига мурожаат қилмасдан, исломда тасаввуфий қарашларни тизимлаштирган илк олимдир. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий[1] бўлиб, у яшаган йиллари тахминан 132-142/750-760 йиллардан 255/869 йилгача бўлган давр кўрсатилган.

Ҳаким Термизий 80 дан (баъзи адабиётларда 400дан) ортиқ илмий асарлар муаллифи ва Шарқ тасаввуфшунослигининг машҳур намояндаси ҳисобланади. Ҳаким Термизий чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун “Ал-ҳаким” (доно) деган тахаллусни олган. Ғарб ва Шарқда унинг асарларини тадқиқ этишга бағишланган кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган бўлиб, уларнинг ичида Николас Ловсон Ҳирнинг илмий фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. 1928 йил Николас Ловсон Ҳир АҚШнинг Массачусеттс штатида туғилган. У дастлабки таълимни АҚШда олганидан сўнг ўқишни Миср ва Англияда давом эттирган. 1955 йил Н.Л.Ҳир Принстон университетида докторликка лойиқ топилган ва меҳнат фаолиятини Станфорд (1958-1962), Гарвард (1962-1965), Йеил (1962-1963), Вашингтон каби университетларда (1965-1990) давом эттирган. У 1990 йилдан буён Вашингтон университетининг истеъфодаги профессори ҳисобланади.

Америкада Ҳаким Термизий асарлари илк бора Николас Ловсон Ҳир томонидан ўрганилган. 1953-1954 йилларда Н.Л. Ҳир англиялик профессор А.Ж. Арберри раҳбарлигида исломий тасаввуфни тадқиқ этган. 1955 йилда у “A critical edition and translation of the Bayan al-Farq bayn al-Sadr wa-al-Qalb wa-al-Fu’ad wa-al-Lubb of al-Hakim al-Tirmidhi [2] (Ҳаким Термизийнинг “Кўкрак, қалб, ички юрак ва моҳият ўртасидаги фарқ баёни” китобининг танқидий нашри ва таржимаси – К.Н.)” номли диссертацияси учун Америкада докторликка лойиқ топилган. У ислом дини ва исломий тасаввуфни ўрганишга оид юзга яқин тадқиқотлар эълон қилган. Шулардан ўндан ортиғи бевосита Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга йўналтирилган. 1961 йил “Баян ал-фарқ”нинг инглиз тилидаги таржималари “A Sufi Psychological Treatise” (Сўфийликнинг психологик рисолалари – К.Н.) шаклида “Muslim World” (Мусулмон дунёси)нинг тўрт сонида эълон қилинган [5]. 2003 йил эса китоб шаклида “Three Early Sufi Texts (илк уч сўфийлик матнлари)” номи билан чоп этилди [1: 192]. У 1959 йил “Some Biographical and Bibliographical Notes on Al-Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – К.Н.)” номли мақола орқали алломани Америка илмий жамоасига таништирган [3: 121-134]. 1960 йил муаллиф “Америка шарқшунослари жамияти” семинарида “Al-Hakim al-Tirmidhi’s Kitab al-‘Ilal” (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг китаб ал-илал) номли маъруза билан қатнашган. 2006 йил Н.Л. Ҳир томонидан “A Sufi Work on the Stations of the Heart” (Юрак маконларида бир сўфи тадқиқоти) номли мақола эълон қилинган [4].

Яқинда ушбу америкалик олим билан Ҳаким Термизий фаолияти бўйича олиб борган тадқиқотлари, умуман Николас Ловсон Ҳирнинг буюк алломага бўлган эҳтироми, эътирофи ва муносабати масаласида суҳбат амалга оширилди. Қуйида ўқувчилар эътиборига илмий мулоқотни ҳавола қиламиз.

Н. Каримов: Ассалому алайкум ҳурматли Николас Ҳеер! Аҳволларингиз қандай?  Мен ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг таянч докторанти сифатида термизийлар илмий меросининг хорижда ўрганилиши бўйича тадқиқот олиб боряпман. Ҳурматли Николас Ҳеер! Сизнинг Ҳаким Термизий ёзма меросига бағишланган ишларингиз маълумотга бойлиги, чуқур илмий асосга эгалиги билан ажралиб туради. Ҳаким Термизийга бағишланган илк диссертациялардан бири ҳам айнан сиз томонингиздан ҳимоя қилинган. Бу мавзуга қизиқиш қачон ва қандай пайдо бўлган?

Профессор Н. Ҳеер: Ҳаким Термизий ижодига қизиқиш 1954-1955 йилларда Англиянинг Камбридж университетида таҳсил олиб юрган пайтларимда вужудга келган. Профессор А.Ж.Арберри мени исломий тасаввуфга йўналтирган. Ўша йилларда Миср кутубхоналаридан Ҳаким Термизийнинг кўплаб асарлари топилиб, улар устида тадқиқотлар олиб борилаётган эди. Профессор А.Ж.Арберри раҳбарлигида Ҳаким Термизийнинг “Баян ал-фарқ байн ас-садр ва-ал-қалб ва-ал-фуъад ва-ал-лубб” номли асарини ўргана бошладим. 1955 йил айнан мазкур китоб бўйича АҚШнинг Принстон университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим.

Н. Каримов: Термизий ёзма мероси бўйича узоқ йиллар тадқиқот олиб борган, Ҳаким Термизий асарларини ўрганишга оид кўплаб тадқиқотлар муаллифи Бернд Ратке ва Жон ОъКанеларнинг “The concept of Sainthood in early Islamic Mysticism” китобида “Баян ал-фарқ” асарининг муаллифи Ҳаким Термизий эмас деб кўрсатилган. Бу масалага фикрингиз қандай?

Профессор Н. Ҳеер: “Баян ал-фарқ” асари ким томонидан ёзилганлиги узоқ йиллардан буён жиддий баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Бунинг асосий сабаби мазкур асарнинг фақатгина битта нусхаси топилганлигидир. Б. Радтке ва Ж. ОъКанелар ҳам мазкур асар Ҳаким Термизийга бутунлай тегишли эмас деб айта олмаган. Баъзи бир мулоҳазалар туфайли диссертацияда мен ҳам Ҳаким Термизийни муаллиф сифатида кўрсатмаганман. “Баян ал-фарқ” асари муаллифи масаласида Ҳаким Термизийга нисбат берилади сингари тахминий фикрни билдирганман.

Н. Каримов: Аммо, “Баян ал-фарқ” китобида ишлатилган атамалар “Хатмул авлиё” асаридагилар билан шакл ва мазмун жиҳатдан жуда ўхшашлигини кўриш мумкин. Унда “Хатмул авлиё” китобининг муаллифи ҳам баҳсли масала бўлиши керак. Шундай эмасми?

Профессор Н. Ҳеер: Юқорида таъкидлаганимдек, бу баҳсли масаладир. Янги тадқиқот якуний хулосаларга олиб келиши мумкин.

Н. Каримов: Ҳаким Термизий шахсияти ва илмий меросининг кўлами ҳақида фикрингиз?

Профессор Н. Ҳеер: Маълумки, Ҳаким Термизий жуда кўп қиррали ижодкор бўлган. 1959 йил чоп этилган “Some Biographical and Bibliographical Notes on Al-Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – К.Н.) номли мақоламда қайд этганимдек, унинг олтмишдан ортиқ асарлари турли кутубхоналарда сақланиб келмоқда. Ҳозирги кунда топилган асарларининг сони саксондан ошиб кетди. Ҳаким Термизий битта сўз билан айтганда тубсиз уммон. Унинг илмий меросини қанчалик кўп ўргансангиз бу уммонни боши ҳам охири ҳам йўқдек туюлади. Унинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Туғилган ва вафот этган йиллари ҳам маълум эмас. Алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги асосий манба “Бадувву шаън Абу Абдуллоҳ Термизий” китобидир. Мазкур асардан Термизийнинг ёшлик чоғлари ҳақида маълумот олиш мумкин.

Н.Каримов: Ҳаким Термизий туғилиб ўсган жой ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н. Ҳеер: Маълумки, Ҳаким Термизий туғилиб ўсган ҳудуд исмидаги нисбатдан ҳам келиб чиқилса Термиз шаҳридир. У бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг таркибидаги шаҳарлардан бири бўлиб, Афғонистонга яқин жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Кўп йиллар олдин шахсан Термизга бормоқчи бўлганман. Афсуски, совет ҳукумати бунга ижозат бермаган. Виза олишга кўплаб уринишларим бесамар кетган.

Н. Каримов: Бугун Ўзбекистон мустақил давлат. Бу юртда ота-боболар номи тикланиб, уларнинг илмий мероси алоҳида қизиқиш билан ўрганилмоқда. Қадамжолари таъмирланиб, обод этилган. Ҳозир келишни истамайсизми?

Профессор Н. Ҳеер: СССР парчалангандан сўнг Ўзбекистонда рўй берган воқеалардан хабарим бор. Ҳозир ҳам жуда хоҳлайман. Аммо, афсус кексалик ҳалал беради. Ёшим 90да. Бу ёшда узоқ саёҳат қийин масала.

Н. Каримов: Ҳаким Термизий илмий меросининг қайси жиҳатлари ўрганилган? Термизийга оид қандай тадқиқотлар амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?

Профессор Н. Ҳеер: Айтиб ўтганимдек, Термизий кўп қиррали олим сифатида машҳурдир. Оддийгина унинг исмдаги “ал-ҳаким” сўзининг ўзи унинг математика, мантиқ, мусиқа, тиббиёт ва астрономия каби соҳалар билимдони бўлганидан дарак беради. Тўғриси, алломанинг ҳеч бир жиҳати тўлиқ ўрганилмаган. Амалга оширилган ишлар эса денгиздан томчилардир. Демак, Термизийнинг исталган жабҳасида янгиликлар қилиш мумкин. Аммо, биринчи навбатда турли кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларининг танқидий матнини яратиш керак.

Н. Каримов: Марказий осиёлик аллома Ҳаким Термизийнинг ўзига хослиги нимада? Қандай жиҳатлари билан ажралиб туради?

Профессор Н. Ҳеер: Марказий осиёлик кўплаб алломалар ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар асарлари илмий асосланганлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ҳаким Термизий комил инсон ғояси асосларини ишлаб чиққан ва кейинчалик ўзи бошқалар учун намуна сифатида қабул қилинган. Тарихда диний ва дунёвий илмларни Термизийчалик уйғунлаштирган олимлар жуда кам учрайди. Ўша даврда кўплаб сўфийлик мактаблари мавжуд бўлган аммо Термизий ҳеч бирига аъзо бўлмаган. Кўплаб асарлари бошқа сўфийлик мактабларининг саволларига жавоблар шаклида ёзилган. Ғаззолий, Ибн Арабий, Ибн Қаййим каби буюк олимлар ижодини Термизий асарларисиз тушуниб бўлмайди. Уларнинг асарлари гўё аллома ёзма меросининг мантиқий давомидир. Қолаверса, кўплаб тариқатларнинг тамойилларига ҳам бевосита Термизий ғоялари асос қилиб олинган. “Валий” ва “валийлик” масаласида “Хатмул авлиё” китоби ҳанузгача ўзининг ягоналиги билан бошқалардан ажралиб туради. Сўзларни ўз ўрнида қўллаш санъати борасида ҳам янги изланишлар амалга оширса бўлади. У биринчилардан бўлиб араб ва форс тилларини уйғунлаштирган ҳолда мукаммал асарлар ёзган.

Н. Каримов: Бугунги кунда Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга оид илмий ишлардан хабардормисиз? АҚШда амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н. Ҳеер: Биласизми, қандайдир мавзуни узоқ йиллар тадқиқ этсангиз ўша мавзу сизни борлиғингизга айланади. Шу сабабли ёшим кексалигига қарамасдан аллома ҳақидаги илмий ишларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳозирги кунда Миср, Туркия, Исроил каби давлатларда Термизий ижоди жиддий тадқиқ этилмоқда. Хусусан, исроиллик олима Сара Свири аллома ёзма меросига оид баҳсли масалаларни эълон қилиб келади. АҚШда эса Термизийнинг тасаввуфга оид ишлари кўпроқ ўрганилади. Шарқ давлатларидаги сўфийлик тариқатларининг илдизлари Ҳаким Термизий асарлари билан қиёсийланади. Аллома асарлари орқали асл моҳият очиб берилади. Чунки, исломий тасаввуфни шаклланишида Ҳаким Термизийнинг алоҳида ўрни бор.

Н. Каримов: Термизий ижоди билан шуғулланишни истаганлар бўлса сиз уларга йўл-йўриқ кўрсатасизми? Илмий раҳбар бўлишга нима дейсиз?

Профессор Н. Ҳеер: Ҳаким Термизий илмий мероси борасида қандай иш қилинишидан қатъий назар мен учун қизиқ ва муҳимдир. Қандай йўл-йўриқ кўрсатиш керак бўлса, мен доим тайёрман. Аммо, ёшим кексалиги сабабли расмий раҳбарлик қийин масаладир. Аммо, норасмий хорижий эксперт бўлиш мени мамнун этади. Биласизми, фақатгина “Баян ал-фарқ” китобини таржима қилишимни ўзи дунёга мени олим сифатида танитди. Илмий жамоатчиликда ўз ўрнимга эга бўлишимга сабабчи бўлди. Энди, Термизий асарларининг билимдони бўлган, уларнинг мазмун-моҳиятига кириб борган инсон тақдири ҳақида ўйлаб кўринг-а! Шубҳасиз, аллома илмий мероси инсонни руҳан ва жисмонан баркамоликка етаклайди.

      Нодир КАРИМОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик институти докторанти
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Al-Hakim Al-Tirmidhi, Abu’abd Al-Rahman Al-Sulami Al-Naysaburi.Three Early Sufi Texts. Trans. N.L.Heer, Kenneth L Honerkamp. 2003.
  2. Al-Hakim al-Tirmidhi. Bayan al-Farq bayn al-Sadr wa-al-Qalb wa-al-Fu’ad wa-al-Lubb. Cairo: Isa al-Babi al-Halabi. 1958.
  3. Heer N. L. Some Biographical and Bibliographical Notes on Al-Hakim al-Tirmidhi//The World of Islam: Studies in Honour of P. K. Hitti. London: Macmillan, 1959.
  4. Heer N.L. A Sufi Work on the Stations of the Heart. Seattle, Washington, 2006. http://hdl.handle.net/1773/4884.
  5. Nicholas Heer. A Sufi Psychological Treatise//The Muslim World. 1961, no.1:25-36, no.2:83-91, no. 3:163-172, no.4:244-258.
  6. Убайдулла Уватов “Икки буюк донишманд” китобида баъзи муаррихлар, масалан, аш-Шаароний ўзининг “Ат-табақот ал-кубро” асарининг 78-саҳифасида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳусуйн ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий шаклида келтирганлиги қайд этилган.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …