Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙ: МАНТИҚ ИЛМИНИ ЎРГАНИШ КЕРАКМИ?

АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙ: МАНТИҚ ИЛМИНИ ЎРГАНИШ КЕРАКМИ?

Зайниддин Муҳаммад Абу Ҳомид бинни Муҳаммад Аҳмад Ғаззолий Тусий (1058-1111) мусулмон оламида “Ҳужжатул ислом” унвони билан машҳур бўлган илоҳиётшунос олим ва файласуфдир. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг ижодий мероси нафақат ислом оламининг балки бутун инсоният маънавий меросининг ажралмас қисмидир. Шу боис кўплаб Шарқ ва Ғарб олимлари унинг диний, фалсафий асарларини тадқиқ қилганлар [4: 12-27.] Лекин Европа ва Россия олимларининг тадқиқотларида Ғаззолийнинг мантиқий қарашлари ҳақида тўлиқ маълумот берилмайди. Республикамиз ғаззолийшунос олимлари ҳам бу ҳақда илмий тадқиқот олиб бормаганлар. Фикримизча, бундай ҳолатга сабаб Абу Ҳомид Ғаззолийни мантиқшунос олим эмас, балки илоҳиётшунос олим сифатида кўпроқ машҳурлигидир. Шу билан бирга унинг мантиққа оид ёзган асарлари ҳақида маълумотнинг ниҳоятда камлиги ва бу асарларнинг араб тилидан бошқа тилларга қилинган таржимасининг тўлиқ эмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Мантиқ тарихини, хусусан, ислом мантиғи тарихини ўрганишда Имом Ғаззолийнинг мантиққа оид ёзган асарлари қимматли илмий манба бўлиб, уни ўрганиш мантиқшунос олимлар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Биз, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг мантиқий қарашлари ҳақидаги мақоламизни илмий жамоатчиликка тақдим қилиш орқали, унинг мантиқий меросини ўрганишга тадқиқотчиларнинг эътиборини жалб қилмоқчимиз.

Имом Ғаззолий таъбири билан айтганда, “Илм ақлда дарахтдаги мева, қуёшдаги зиё ва кўздаги нур ўрнида юради” [3: 206]. Илм ўрганиш тафаккур қилиш орқали амалга ошади. Тафаккурлаш, яъни ақллилик борасида одамлар бир-биридан фарқ қиладилар. Абу Ҳомид Ғаззолий ақлий қувватларнинг ортиши таълим ва тарбияга боғлиқ деб кўрсатади. Олим илм ўрганиш, билимнинг чинлигини аниқлашда ақлли инсон энг аввало ўзига, тафаккурига мурожаат қилиши керак дейди. Билим олиш ва билимнинг чинлигини аниқлаш учун эса мантиқ илмини ўрганиш талаб қилинади.

Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид дин” асарининг биринчи “Илм китоби”да илмларнинг келиб чиқиши, фазилати, манфаатларини батафсил таҳлил қилади. У фалсафа илмларини яхши ёки ёмонга аниқ ажратмайди. Фалсафани тўрт қисмдан иборат фан деб кўрсатади: биринчи қисми ҳандаса ва ҳисоб илми, иккинчиси мантиқ илми, учинчиси илоҳиёт илми, тўртинчиси табиий фанлар илми. Олим мантиқни далил ва унинг шартлари, ҳад (таърифлаш) ва унинг даражалари ҳақида баҳс юритадиган фан деб таърифлайди [3: 57].

Имом Ғаззолийнинг мантиқ илмини яхши билган ва мантиққа оид асарлар ёзган. Н. Решар олимнинг мантиққа оид ёзган қуйидаги асарларининг рўйхатини келтиради:

  1. Миъйар ал-илм фи фанн ал-мантиқ (Илмнинг меъёрлари ёки мантиқ санъати. “The measuring – standart of knowledge”) .
  2. Миҳаққ ан-назар фил мантиқ (Мантиқда ўрганиш мезонлари. “The touchstone of speculation”).
  3. Мақосид ал-фалосифах (Файласуфларнинг мақсадлари. “The goals of the philosophers”). Бу асар уч қисмдан (мантиқ, метафизика ва физика) иборат бўлиб, файласуфларнинг шу соҳалардаги қарашлари ҳар бир қисмда батафсил тадқиқ қилинган.
  4. Китаб ал-маъориф ал-ақлия вал ҳикма ал-илаҳиях (Ақлий билиш ва илоҳий донишмандлик “Book of rational knowledge and metaphysical wisdom”)
  5. Китаб ал-қустас ал-мустақим (Тўғри тарози. “The true balance”) [7: 165].

Н. Решар юқоридаги маълумотларни К. Броккелманга* асосланиб беради.

  1. Диалектика ҳақида трактат (Ал-мунтахал илм ал-жадал) Имом Ғаззолийнинг бу асари ҳақида М. Джаннаби маълумот берган [4: 213].

Oлимнинг мантиқ илмига эътибор бериши ва унга оид асарлар ёзишига асосий сабаб шуки, у назарий илмларнинг рационал, мантиқий методларини тушунтиришни ўзига мақсад қилиб қўяди. Ғаззолий инсоннинг ақлида пайдо бўладиган ғоялардан ундан яширин бўлган нарсаларга қандай қилиб ўтишни тушуниш ва тушунтириб беришни ўзининг энг асосий вазифаси деб билади [5: 176].

Олимнинг мантиқий қарашлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун, унинг “Китаб ал-қустас ал-мустақим” асаридаги хулоса чиқаришга оид фикрларини таҳлил қиламиз. Асарда мантиқ масалалари савол-жавоб кўринишида баён қилинади. Ғаззолийнинг таълимийлардан бўлган суҳбатдоши: “Мукаммал билимга талабгор бўлган инсон билимнинг чинлигини нима билан аниқлайди: “ар-рай ал-қиёс (фикр ва аналогия) биланми ёки имомнинг сўзлари биланми? – деб, мурожаат қилади [2: 314]. Ғаззолий саволга жавоб берар экан, билимнинг чинлигини аниқлаш учун инсон ўз тафаккурига таяниши ва у кўрсатган бешта мезондан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтади. Олим ўз фикрини баён қилишда аналогия (ўхшатиш)дан фойдаланади ва уни Қуръони карим суралари билан асослайди.

Имом Ғаззолий мен билимларни тўғри тарози билан ўлчайман, шунда ундаги чин ва ёлғонни, тўғри ва эгрини Яратганга эргашиб, унинг содиқ пайғамбари орқали Қуръонда айтилганларга асосланиб аниқлайман дейди. У Қуръони каримнинг “Ар-раҳмон” сурасидаги “Осмонни баланд қилиб қўйди ва мезонни (меъёр ва адолатни) жорий қилди, токи меъёрдан тажовуз қилмагайсиз. (Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз” [1: 531.] мазмунида келадиган оятидаги “тарози” сўзини фақат савдо-сотиқдаги тарози деб тушуниш нотўғри деб, таъкидлайди. Бунда “тарози” мезон маъносини англатади, шу боис, чин ва ёлғонни ажратувчи ўлчовни ҳам билдиради. У “тарозининг тошлари” сифатида бирламчи, зарурий билимлардан фойдаланади. Бундай билимларга қуйидагилар киради: 1. Аксиомаларга ўхшаш бирламчи билимлар (мен мавжудман, буюм бир вақтда ҳам абадий, ҳам яратилган бўлмайди, икки бирдан катта). 2. Интроспектив кузатиш натижаси бўлган билимлар (қорним оч, қўрқдим ва ҳоказо). 3. Ташқи сезги органлари берган маълумотлар (қор оқ, ой думалоқ). 4. Тажрибавий билим (олов куйдиради, тош пастга тушади). 5. Нақлий билимлар ва ишончли одамлардан олинган билимлар [5: 177].

Ғаззолий тарозининг тўғри эканлигини тажриба ва ҳис-туйғуга асосланиб билиш мумкинлигини, тажрибадан келиб чиқиб, тарозининг тўғри ўлчаётгани ҳақидаги хулосанинг зарурий келиб чиқишини таъкидлайди. Олим бунда тенгга тенг, тенгдир деган аксиомага асосланади. У моддий ўлчов билан идеал нарсаларни ўлчаш фарқ қилишини таъкидлаб, суҳбатдошига мен сенга билимни ўлчаш учун, сен билган тарозидан ҳам аниқроқ тарозини кўрсатаман, булар Қуръонда кўрсатилган беш ўлчов бўлиб, сенинг ҳақиқий иймонинг ва раҳбаринг Қуръон, усулинг кузатиш ва кўриш эканлигини билдираман, дейди [2: 318].

Суҳбатдошининг бу беш ўлчов нима эканлиги ҳақидаги саволига Ғаззолий билимларнинг чинлигини аниқлаш учун тенглик, тааллуқлилик ва қарама-қаршилик ўлчовлари бор дейди. У ўлчовларни нима учун бундай номлаганини тушунтириб, биринчи ўлчовни тенглик деб атадим, чунки унда иккита тенг қимматли асос бор, худди тарози паллалари каби дейди. Иккинчи ўлчовни тааллуқлилик деб атайди, чунки буюмга хос бўлган барча нарсалар ҳар қандай ҳолатда ҳам унга тааллуқлидир деб билади. Учинчи ўлчовни эса, қарама-қаршилик деб атайди, сабаби у инкор ва тасдиқ ўртасида икки қисмнинг жойлашиши билан боғлиқ бўлиб, булардан бирининг тасдиғидан иккинчисининг инкори, бирининг инкоридан эса бошқасининг тасдиғи келиб чиқади ва икки қисм ўртасида қарама-қаршилик бўлади.

Ғаззолий тенглик ўлчовларини ўз навбатида уч турга бўлади: катта, ўрта ва кичик, ҳаммаси бўлиб бешта ўлчовни кўрсатади.

Ғаззолийнинг катта ўлчов ҳақидаги фикрларини таҳлил қилиб, унинг Аристотел силлогизмининг биринчи фигурасига мос келишини кўриш мумкин. Бунга кўра агар учта термин ўзаро шундай муносабатда бўлса, яъни охиргиси бутунича ўртасида, ўртаси бутунича биринчисида бўлса ёки бўлмаса, унда икки четки терминлардан силлогизмнинг пайдо бўлиши зарурийдир. Ғаззолий бундай ўлчовда тарозининг маълум бўлган тоши бу – ё сезгилардан ёки тажрибадан ёки ақлнинг табиий йўналишидан олинган зарурий бирламчи билимлардир деб, кўрсатади. Масалан: “Ҳамма чувалчанглар ҳайвондир” – бу чувалчангнинг ҳайвон эканлигини тасвирловчи мулоҳаза. Ҳамма ҳайвонлар сезиш хусусиятига эгалиги тажрибадан маълум. Чувалчанг ҳайвоннинг бир тури бўлгани учун, ҳайвонга тегишли белги (сезиш хусусияти) унга ҳам хос [2: 322-323].  

Ғаззолий ўрта ўлчовни таърифлашда ҳам Қуръони каримга асосланади ва «Жума» сураси, 6-7 оятларидан [1: 553] мисол келтиради. Ўрта ўлчовни Ғаззолий шундай таърифлайди: ҳар қандай икки буюмдан бирига бирон белги тааллуқли бўлса, иккинчисида бу нарса инкор қилинса, улар бир бирига зид бўлади, яъни бири иккинчисини инкор қилади ва у орқали тасвирланмайди. Бирида инкор қилинган нарса бошқасида тасдиқланса, унда улар ўзаро зид бўлади [2: 327]. Ғаззолий суҳбатдошига ўрта ўлчовни аниқроқ тушунтириш учун қуйидаги мисолни келтиради: “Тош ҳаракатсиз. Инсон ҳаракатсиз эмас. Демак, инсон тош эмас”. Бундай хулоса чиқариш силлогизмнинг II фигурасига мос келади. Ҳаракатсизлик тошга нисбатан тасдиқланади, инсонга нисбатан инкор қилинади. Натижада уларнинг бир-бирига зидлиги ҳақида хулоса чиқарилади.

Ғаззолий кичик ўлчовни Қуръони каримдан олдим дейди [1: 139] ва уни шундай тушунтиради: “Мусо одам. Мусога китоб юборилган. Демак, баъзи одамларга китоб юборилган”. Бу мисолдаги, биринчи асос сезгилар билан билинса, иккинчи асос эътироф билан маълумдир. Фикрнинг бундай қурилиши силлогизмнинг учинчи фигурасига мос келади. Кичик ўлчовга Ғаззолий шундай таъриф беради: агар иккита белги бир буюмга тааллуқли бўлса, унда улардан бири зарурий равишда бошқасига тааллуқли деб олинади, лекин шу белгини унинг ҳаммасига хос деб бўлмайди [2: 330]. Бунда хулоса зарурий келиб чиқмайди. Худди “Инсон ҳайвондир” ва “Инсон жисмдир” десак, “Баъзи жисмлар ҳайвондир” деган хулоса тўғри бўлади (“Ҳамма ҳайвонлар жисмдир” каби), лекин “Ҳамма жисмлар ҳайвондир” десак, хулоса нотўғри бўлади. Ғаззолийнинг фикрича, агар инсонда баъзи фикрларга нисбатан шубҳа пайдо бўлса, кичик ўлчовнинг мақсади шубҳаланаётганни ишонтиришдир.

Ғаззолий ўлчовларга катта, ўрта ва кичик номларини бериш сабабларини шундай тушунтиради: “Катта ўлчов кўп нарсаларга, кичиги эса кам нарсаларга қўлланилади, ўртачаси бўлса улар оралиғидадир. Катта ўлчов ўлчовларнинг энг кенги бўлиб, унинг ёрдамида умумий ва жузъий тасдиқ, умумий ва жузъий инкорни билиш мумкин, яъни у билан тўрт турдаги билимларни ўлчаш мумкин. Иккинчиси билан эса, фақат инкорни, яъни умумий ва жузъий инкорни биргаликда ўлчаш мумкин. Учинчисининг ёрдамида эса, фақат жузъийлар ўлчанади, чунки унда терминларнинг бири бошқасининг қисмига ёзилади, агар ҳар иккиси бир буюмга тааллуқли бўлса” [2: 330]. Ғаззолийнинг таъкидлашича, кичик ўлчов билан умумий мулоҳазани ўлчаб бўлмайди.

Ғаззолий кейинги тааллуқлилик ўлчови ҳақида фикр юритганда ҳам, Қуръон каримдаги “Агар иккиси (Ер ва осмонда) Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди” [1: 323] мазмунидаги оятни келтиради. Ғаззолий бу усул билан ҳам номаълум нарсаларни ва ғайб оламини билиш мумкинлигини мисоллар билан тушунтириб беради [2: 332].

Бу ўлчовни Ғаззолий шундай таърифлайди: буюмга хос бўлган барча нарсалар ҳар қандай ҳолатда ҳам унга тааллуқлидир, демак тааллуқликни инкор қилиш зарурий равишда шу нарсанинг ўзини инкор қилишдир. Тааллуқлиликнинг мавжудлиги зарурий холда тааллуқли бўлган нарсанинг мавжудлиги асослайди [2: 332]. Ғаззолий бу усулдан амалий фаолиятда фойдаланиш муҳим эканлигини кўрсатади. Олимнинг тааллуқлилик ўлчови ҳақидаги фикрлари мантиқ илмидаги шартли-қатъий хулоса чиқаришга мос келади. Шартли-қатъий хулоса чиқариш деб, катта асоси шартли мулоҳаза, кичик асоси оддий қатъий мулоҳаза бўлган силлогизмга айтилади. Унинг 4 хил кўриниши мавжуд бўлиб, Ғаззолийнинг келтирган мисолларида уларнинг ҳаммаси таҳлил қилинган.

Ғаззолий охирги қарама-қаршилик ўлчовини тушунтиришда Қуръони каримдаги «Сабаъ» сурасининг 24-оятига асосланади. Бу ўлчовни таърифлаб, Ғаззолий шундай деб ёзади: “Икки қисм билан чекланган нарсаларнинг ҳаммасида бирининг тасдиғидан иккинчисининг инкори келиб чиқади ва бирининг инкоридан бошқасининг тасдиғи келиб чиқади. Лекин бўлиш чексиз бўлмаслиги шарти билан” [2: 333-334]. У фикрини шундай тушунтиради: Бир одам икки хонаси бор уйга кирган бўлса, кетидан биз бу хонага кириб, уни кўрмасак, у бошқа хонада деб биламиз, сабаби, у биринчи ёки иккинчи хонада бўлади. У биринчи хонада эмас, демак, иккинчи хонада деб, фикр юритамиз. Бу усулдан ҳам номаълум нарсаларни билиш учун фойдаланиш мумкин. Қарама-қаршилик ўлчови мантиқ илмида айирувчи – қатъий хулоса чиқариш номи билан маълум.

Ғаззолийнинг биз таҳлил қилган беш ўлчови мантиқ илмидаги дедуктив хулоса чиқаришнинг айрим кўринишларига мос келади. Тенглик мезонини ташкил этувчи катта, ўрта ва кичик ўлчовлар аввал айтганимиздек, силлогистик хулоса чиқаришнинг I, II, ва III фигураларига мос келади. Маълумки, силлогизм фигураларининг умумий қоидалари, ҳар бир фигуранинг махсус қоидалари, тўғри хулоса берувчи модуслари (шакллари) мавжуд бўлиб, уларга амал қилиш хулосанинг чин бўлишини таъминловчи шартлар ҳисобланади. Ғаззолий масаланинг бу томонини батафсил кўриб чиқмайди ва умумий маълумотлар билан чекланади. Тааллуқлилик ўлчови шартли силлогизмларнинг фақат бир турини қамраб олган. Соф шартли ва шартли-айирувчи силлогистик хулоса чиқариш кўринишлари эътибордан четда қолган. Қарама-қаршилик ўлчовида соф айирувчи силлогизм деб номланувчи хулоса чиқариш ҳақида маълумот берилмаган.

Ғаззолий бу ҳақда билмаган десак, хато қилган бўламиз. Чунки ундан аввал яшаб, ижод этган машҳур мантиқшуносларларнинг (Форобий, Ибн Сино ва б.) асарларида хулоса чиқариш масалалари батафсил ўрганилган ва баён қилинган. Ғаззолий уларнинг ижодларини яхши билган. Бу ҳақда унинг ўзи бу ўлчовлар ҳақида ундан аввалгилар ҳам билганини ва кейингилар эса уларга бошқа номлар бериб, даъво қилишганини таъкидлайди [2: 333-334].

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг номаълум нарсаларни билишнинг ва билимнинг чинлигини аниқлашнинг беш ўлчови ҳақидаги қарашларнинг таҳлилини якунлаб, айтиш жоизки Ғаззолий яшаган даврда мантиқ “арабча бўлмаган” илмлар сирасига кирганлиги, унинг атамалари кўпчилик учун тушунарсиз бўлганлиги боис, мантиқ илмини инкор қилувчилар кўп бўлган.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг ҳақиқатни билиш йўлидаги изланишлари мантиқ илмига бўлган муносабатининг ўзгаришига олиб келди. Унинг беш ўлчов ҳақидаги қарашлари мантиқ илми анъаналарининг ўзгаришига олиб келмаган бўлса ҳам, фикр чинлигини аниқловчи ўлчовларни Қуръони каримдан олганлиги ва уларнинг номини ўзи ўйлаб топгани ҳақидаги таъкидлари мантиқ илмининг мадрасаларда ўрганилиши учун кенг йўл очди [7: 502].

Ғаззолий илоҳият илми ва фиқҳда мантиқий хулоса чиқариш, исботлаш, далиллашни қўллашда мантиққа оид билимларнинг зарурлигини эътироф этди. Унинг мантиққа оид ёзган асарлари мантиқ илмига бўлган муносабатнинг ўзгаришига таъсир кўрсатди. У мантиқ илмини барча, айниқса илм талабгорлари ва илмли бўлганлар ўрганиши зарур деган хулосага келади ва мантиққа оид рисолаларида одамларни “тўғри тарози”дан фойдаланишга, яъни мантиқий хулоса чиқариш ва далиллашга ўргатaди.

Дилбар ФАЙЗИХОДЖАЕВА,
ЎзМУ доценти
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири // Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2007.
  2. Абу Ҳамид ал-Газали. Ал-кустас ал-мустаким // Перевод отдельных глав из трактата “Правильные весы”. Перевод с арабского, исследование и комментарий В.В. Наумкина. Памятники письменности Востока. XLVII. – М.: Наука, 1980.
  3. Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий. Иҳёу улумид-дин. Илм китоби. – Т.: Мовароуннаҳр, 2003.
  4. Аль-Джанаби М.М. Теология и философия ал-Газали. – М.: изд. Дом Марджани, 2010.
  5. Игнатенко А. Познать Непознаваемое (аль-Газали о рациональном познании трансцендентного- ал-ғайб) //Средневековая арабская философия. Проблемы и решения. М.: Издательская фирма”Восточная литература” РАН, 1998.
  6. Street Tony. Arabic logic// Handbook of the History of Logic. Vol.1. Elsevier 2004.
  7. Reschar N. The development of arabik logic. University of Pittsburgh Press. 1963.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …