Тарихий тараққиёт босқичларини ўзида мужассам этган муҳим белгилардан бири – инсоният фаолияти илдизлари сақланиб қолган маданий қатлам ҳисобланади. Бундай маданий ёдгорликлар асосида юртнинг қадимий тарихига оид маълумотларни маънавий қадриятларимиз асослари деб ҳисоблаш мумкин. Дунёнинг кўпгина ҳудудларида қадимий маданий қатламларга эга бўлган ёдгорликлар, шаҳарлар кўплаб мавжудлигини қадимги дунё тарихидан ўрганганмиз. Тан олинган қадимги Миср, Хитой, Ҳиндистон каби инсоният тарихининг теранлигидан гувоҳлик берувчи цивилизациялар қаторида юртимиз ҳудудидаги Бухоро ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шарқ маданий ёдгорликларини сақлаб келган халқларни ақл муҳандислари – донишмандлар, олимлар, билимдонлар; ақл пири-тафаккур устози-фаросатли кишилар; ақли жавоҳиршунос-етук, комил ва сўзнинг яширин сирларини яхши тушунувчи нозиктаъб кишиларнинг идроклиси каби маънавий тарихий хислатларга эга бўлган тарихий масканларимиздан бири қадим ва доимо навқирон Бухорога ҳам нисбатан ишлатилган ибора деб ҳисоблаш мумкин. Бундай юксак маънавий қадрият ибораларига эга бўлган муқаддас масканлар юртимизда кўплаб мавжудлигини инсоният тан олган. Бухоро тарихига манбашунослик нуқтаи назаридан ёндашиб ўрганиш ушбу мақоланинг асосий изланиш предмети ҳисобланади. Мавзуни ёритишдаги асосий мақсадлардан бири Бухоро тарихига оид бўлган тарихий манбалардан бири Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” номли асарида келтирилган тарихий маълумотларни ҳозирги давр нигоҳида қўшимча манбалар асосида ёритишга бағишланади. Бундай йўлнинг танланишига асосий сабаблардан юртимизда қадим аждодларимиз илмий меросини ўрганишга бўлган эътиборнинг юксаклиги ва Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган кенг қамровли илмий изланишлар доирасидаги тадқиқотларга ҳисса қўшиш. Ислом маданияти марказларидан бири Бухоро тарихини ёш авлодларга яна бир бор тақдим этишга, мавжуд тарихий фактлар ва муъаллифлар илмий маълумотларини тўлдиришга қаратилган. Мавзуни ёритишдаги асосий манбалар: Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти томонидан 1966 йилда нашр этилган Абу Бакр Муҳаммад Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Камалак нашриёти томонидан 1991 йилда ушбу асарнинг қайта нашри, Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти томонидан 1984 йилда нашр этилган “История Узбекистана в источниках” (тузувчи, таниқли тарихчи манбашунос олим Б.В. Лунин); 1988 йилда нашр этилган “История Узбекистана в источниках”. “Известия путешественников, географов и учёных ХVI-первой половины ХIХ в.” (тузувчи Б.В. Лунин); Аблат Ходжаевнинг “Великий Шёлковый путь: связи и судьбы (на основе китайских источников и литературы)”. Второе дополненное издание. Ташкент “Навруз” 2018.; Бўлдиева Собира. Тафаккур жавҳари меъморлари: Имом Бухорий ҳаётидан парчалар, Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида ҳикоялар. Тошкент “Ozbekiston” 2018 – каби собиқ советлар даври ва мустақиллик йилларида нашр этилган асарларда келтирилган маълумотлар таҳлили асосида ёритишга ҳаракат қилинган.
Мавзуни ёритишдаги услублар: тарихнинг узоқ ва яқин даврларига холис баҳо бериш, аввало, тарихий манба мақомига эга бўлган тарихий асарларни тўғри таҳлил этиш билан боғлиқ бўлган тарихий воқеликни ёзма манбалар асосида ёритиш, тарих фанинг амалий жиҳатларидан ҳисобланади. Мақолани ёритишда қиёсий таҳлил, муаммовий хронолигик, миқдорий таҳлил ва кўпгина манбашунослик илмий тадқиқотларда қўлланиладиган контент, яъни миқдор ва мазмуний солиштириш услубларидан фойдаланилди.
Натижалар: Шарқ маданияти тараққиётига, ислом динининг илмий жиҳатдан талқин этилиши ва ўрганилишида Бухоронинг тутган ўрни аҳамияти бениҳоя юксак ва қадрлидир. Шаҳар тарихи доимо ўзининг жозибадорлиги билан ажралиб турувчи жиҳатларидан бири ислом маданияти ёдгорликларининг ҳозирги даврда ҳам сақланиб келиниши умуминсоният маданий марказларидан эканлигини тасдиқлаб турувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Бухоро тарихини ёритиб берувчи асарлар орасида тарихий манба даражасига эга бўлган Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарини эътироф этиш мумкин. Асар ўтган асрнинг 60 йилларида Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти томонидан ўзбек тилида нашр этилди ва кенг оммага тақдим этилган асарнинг манбавийлик даражаси ҳозир ҳам юқоридир [1: 119].
Асарнинг асосий ютуқларидан бири – манбавийлик даражасига таъсир этувчи собиқ совет мафкурасининг тазйиқи деярли сезилмайди. Бу жиҳати билан унинг ҳақиқийлиги ва тарихийлиги билан ҳар қандай ижтимоий тузум даврида ҳам аҳамиятини сақлаб қолганлиги, мазмунини ўзгартирмаганлиги билан қимматлидир. Ўз даврида унинг қўлёзма шакллари “Тарихи Наршахий”, “Таҳқиқ ул-вилоят”, “Ахбори Бухоро” каби номлар билан унинг қўлёзма нусхалари ўша даврда ҳам машҳур бўлган [1: 6]. Асар тарихшунослигига оид маълумотларда унинг 943-944 йиллар орасида араб тилида яратилган бўлиб, кейинги даврларда унга бўлган қизиқишнинг кучли бўлганлиги сабабли тарихчи олимлар томонидан ўрганилган ва унинг матнларига қўшимчалар киритиб борилган. Масалан 1128 йилда Абу Наср Аҳмад Қубавий асарни қисқартирилган ҳолда форс-тожик тилида нашр этади. Нима сабабдан қисқартирилишлар қилинганлигини изоҳлаб ҳам беради. Ярим аср ўтганидан кейин Муҳаммад ибн Зуфар асарни нашр этади ва у ҳам қисқартиришлар киритади. Буларнинг асосий сабабларини ўрганилган тарихий маълумотларнинг вақт ўтиши билан киритувчилари ҳам бўлганлигини билиш мумкин. Юқорида номлари зикр этилган таржимонлар манбанинг мазмун жиҳатдан бойитиш учун ўша давр тарихий асарларидан ҳам фойдаланилганлигини хусусан, Мухаммад Нишопурийнинг “Хазоин ул-улум” номли асари ҳам эслаб ўтилади. Наршахийнинг асари кейинги даврларда франциялик Ч.Шефер (1892 й.), россиялик Н.Ликошин (1897 й), эронлик Мударрис Ризавий (1936 й), буюк британиялик (Кембридж), Р.Фрей (1954 й)лар таржималарни амалга ошириб унинг асрлар ўтиб тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширишган.
Наршахий ўз асарида Бухоронинг Х-ХII асрлар тарихига оид маълумотлар бериши, таржимонларнинг киритиб боришган қўшимчалари ҳисобига мазмунан кенгайди. Жами 36 бобдан иборат асар мундарижасига биноан унда қуйидаги масалаларни эслатиб ўтиш мумкин. III.БОБ – Бухорода подшоҳ бўлган хотин ва ундан кейин подшоҳ бўлган фарзандлари. IV.БОБ – Бухоро ва унга қўшиладиган жойлар. V.БОБ – Бухорода бўлган “Байт ут-тирож” тўқимачилик корхонасининг баёни. VI.БОБ-Бухоро номларининг баёни. VII.БОБ. – Бухоро аркининг бино этилиши ҳақида. IХ.БОБ – Подшоҳларнинг Бухорода бўлган манзиллари баёни. ХIII.БОБ – Бухоро ва унинг атроф ерларидаги анҳорлар. ХV.БОБ – Бухоронинг кишилар “Кампирак девор” деб атайдиган девори ҳақида. ХIХ.БОБ – Қутайба ибн Муслимнинг ҳукмронлиги ва Бухоронинг фатҳ этилиши. Моварауннаҳрнинг араб ва ажам ўртасида тақсим қилиниши. ХХVII.БОБ – Муқаннанинг ҳуружи ва унинг тобелари оқ кийимликлар. ХХVIII.БОБ – Сомонийлар ҳукмронлигининг бошланиши ва ундан кейинги боблар Сомонийлар ҳукмдорлари тарихига бағишланган [1: 9-10]. Асар бобларининг орасида Бухоро тарихига оид энг керакли маълумотларни шу боблардан олиш мумкин деб ҳисоблайман. Манбашунослик нуқтаи назаридан қараганда ушбу номланишлар арабча номланишларнинг ХХ асрдаги атамаларига мослаштирилган ва бу тўғрисида китоб таҳририяти ҳайъати томонидан амалга оширилганлигига изоҳ ҳам бериб ўтилган.
Тарихийлик нуқтаи назаридан асарнинг “Бухоронинг турли номлари баёни тўғрисидаги” боби шаҳар тарихига оид маълумотларни беради. Дастлаб асар таржимони Муҳаммад ибн Наср шаҳарнинг Нумижкат деб аталгани, бунинг асосий сабаби ўрта асрларда Бухоро яқинидаги шаҳар бўлиб, кейинчалик уларнинг қўшилиб кетганлиги тўғрисида маълумот берилади. Ҳаттоки, Муқанна қўзғолони баёнида ҳам Нумижкат атамаси ишлатилганлиги айтилган. Асарда Нумижкат қадимда Бухоронинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этган шаҳри бўлганлиги ва аҳоли узоқ вақт шундай тарихий атамани ишлатиб келган.
Рим тарихчиси Квинт Курций Руфнинг “Александр Македонский тарихи” 10 китобдан иборат асарининг 6 китобида Спитамен Александр Македонскийнинг саркардаси Кратернинг яқинлашиб келаётганилигидан хабар топиб Мароқанддан Бақтрога чекинди деб ёзади. Агарда тарихчи Арриан Бақтро шаҳрини Политиметнинг қуйи оқимида жойлашган шаҳар деб хабар беришига қараганда, Бухоро ҳақиқатдан ҳам Зарафшоннинг қуйи оқимида жойлашганлиги тарихий факт. Демак милоддан аввалги 4 асрда ҳам Бухоронинг шаҳар сифатида мавжуд эканлиги ҳам тарихий ҳақиқат [2: 131].
2019 йил сентябрь ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кенгаши Собира Бўлдиеванинг Бухоро ва унинг ёндош шаҳарлари тарихига оид илмий-бадиий эссеси муҳокамасини ўтказди. Эссе тарихий адабий услубида яратилган бўлиб, унда баён этилган тарихий маълумотлар Муҳаммад Наршахий асаридан тарихий манба сифатида фойдаланилган. Муаллиф китобининг “Масжиди ваҳий ёки Мағоки Аттор” номли бандида Бухоро шаҳрининг ёши тўрт минг йилга тенг деган фикрни билдиради. Шаҳарнинг шаклланишида Зарафшон дарёси қўйи оқимида сув тошқинлари асосида лойқа билан тўлган жойда пайдо бўлган деган фактни келтиради. Наршахий асарида Зарафшон дарёсини “Руди Мосаф” (Мосаф дарёси) деб атайди. Бу дарёнинг тўлиб тошиб оқиши суви кўп бўлгани, кўп ерларни ювиб ўпириб, кўплаб лойқаларни суриб келгани, натижада ботқоқликлар тўлиб қолгани, бу жойларга аста-секин одамлар келиб жойлашиши тўғрисидаги маълумотларни эссе муаллифи Наршахий асаридан келтирилган иқтибос билан тасдиқлайди [4: 218-220]. “Тарихи Бухоро” асарининг “Бухорода қозилик қилган кишилар ҳақида” деган бобидан ўрин олган бу маълумотларда Наршахий фасллар тўғрисидаги қисмида юқоридаги маълумотларни келтирмаган дейилади, асарнинг таржимонлари Абу Наср Аҳмад ва Муҳаммад Зуфарлар Бухоро шаҳрининг келиб чиқишига асос сифатида Нишопурийнинг “Хазоин ул-улум” асаридан қўшимча киритганлар деган фикрни таҳририят маълум қилади. Асарда унинг мазмуни қўйидагича: ҳозирда Бухоро ўрнашган бу мавзе, илгари ботқоқ бўлиб, унинг баъзи ерларини тўқайзор, дарахтзор ва кўкаламзорлар ташкил этган [1: 15]. Манбашунослик фани нуқтаи назаридан қараганда эссе муаллифи томонидан келтирилган маълумотлар мазмун жиҳатидан ўша давр ёки Наршахий услубининг ўзи деб изоҳлаш мумкин. Эссега биноан Мағоки Аттор масжиди Бухоронинг энг қадимги ёдгорлиги деб эътироф этилади. Таниқли шарқшунос олим Аблат Хўжаев 2018 йилда нашр этган монографиясида Моварауннаҳр аҳолисининг Хитой манбаларида асосан савдо ишлари билан шуғулланганликлари тўғрисида маълумотларни келтиради. Хитой манбаларида Бухороликларни сўғдийлар деб аташган. Масалан: сўғдийлар Чаньян шаҳридаги бозорлар атрофида жойлашгани, савдо ишлари билан шуғулланганликлари ва соҳанинг моҳир мутахассислари эканлиги эътироф этилади. Улар яшаб фаолият олиб борган жойларда оташпарастлик ибодатхоналари мавжуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумот Бухороликларнинг Муҳаммад Наршахий яшаб ижод этган даврдан олдин яъни ислом дини тарқалишидан ҳам олдин Хитойда савдо ишлари билан бўлганликлари тўғрисидаги тарихий ҳақиқатни тасдиқлайди. Хитой манбаларида Бухорони – Ань деб аташган. Шунингдек, бухороликлар Буюк Ипак йўлининг энг муҳим савдо йўллари кесишган йирик иқтисодий маркази Дуньхуань шаҳрида ҳам кўпчилик бўлиб яшаганликлари тўғрисидаги маълумотларни бухоролик савдогарлар томонидан юритилган савдо-сотиқ ишлари ёзувлари, уларнинг хўжалик ҳаётидаги буюмлари сўнги йилларда хитойлик археологлар томонидан олиб борилган қазишмаларида ҳам топилган. Олимнинг хабар беришича, Хитойда туркистонликлар ва бухороликларга тегишли бўлган қабристонлардаги қабртошлар ҳозирги даврда ҳам яхши сақланиб қолганлиги бу тарихий манба [3: 340-342].
Бухоронинг араб истилосидан кейин мусулмон динини қабул килиши ва жорий этилган араб имлосидаги манбаларда “Мадинат ус-суфрия” яъни “Мис шаҳри” деб аталишига шаҳарда ўша давр тараққиётининг асосий омилларидан бири темирчиликнинг – ҳунармандчиликнинг ривожланганлигини тасдиқласа, айнан бу соҳа махсулотларига бўлган доимий талаб асосида савдо-сотиқ ҳам юксалган. Шунингдек, араб манбаларида шаҳарнинг “Мадинат ут-тужор” – “Савдогарлар шаҳри” деб аталиши тўғрисидаги маълумотлар жуда кўплаб тадқиқотларда билдирилган. Мусулмон одатларига кўра ўн ишнинг тўққизтасини савдо-сотиқ ишлари билан амалга ошириш кераклигини талаб этилса, бу борада бухороликларнинг эришган ютуқларини Европада ва Осиёда юксак баҳоларга эга эканлиги тарихий ҳақиқат.
Мазкур асар таржимонлари Бухоро шаҳрининг атамаларига ҳам эътибор қаратишади. Ривоятларга таянган ҳолда Хуросон шаҳарларидан бирортаси ҳам бунчалик кўп номга эга эмас деб ёзишади. Салмони Форсий баён этган ривоятга кўра шаҳарларнинг бирини Қосимий форсчада Яшкард, иккинчисини арабчада Самарон – форсчада Самарқанд, учинчисини Фоҳира форсчада Бухоро деб аталганини айтади. Бухоро-Фоҳираликларни раҳмдил, эътиқодли ва покликларига баҳо беради [1: 27-28]. Наршахий асарининг тўртинчи бобида Бухоро ва унинг атрофидаги аҳоли масканлари ҳақида маълумот қолдиради. Масалан: Кармана Бухоронинг катта қишлоқларидан бири бўлгани, қадимда бу жойни “Бодяи хурдак” таржимада Кўзача маъносини англатган. Шунингдек, ҳозирги Навоий вилояти Нурота шаҳри тўғрисида – катта жой, Бухоро ва унга яқин ҳудудлардан одамлар ҳар йили зиёратга боришган ва уни бухороликлар Нури Бухоро ҳам деб аташган. Искажот ва Шарғ қишлоқларида деҳқончилик ривожланмаган бўлсада, деярли барча аҳоли савдогарлик билан шуғуллангани эслатилиб ўтилади. Асарда юқоридаги масканларда бозорлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари пайшанба куни, Тавоис-Арқуд деб номланган масканда савдо ишларида олди ва сотди ишларида сотиб олинган молни қайтариб бермаслик одати мавжуд бўлган. Кузда бу ерда ўн кунлик бозор ўзига хос ярмаркалар ўтказилган. Бу савдо маросимларида Фарғона ва Чочдан ҳам савдогарлар қатнашиб уларнинг сони ўн минг кишидан ошиб борган деб маълумотлар келтирилади [1: 20-22].
Бухоронинг ислом маданияти, ислом таълимоти тараққиётига, ислом динининг фан даражасида ривожига ўлкан ҳисса қўшган буюк шаҳар сифатида эътироф этилишида унинг буюк намояндаларининг ўрни дунёда машҳурдир. Наршахийнинг асарида Бухорода ислом маданиятининг ривожланишига ўлкан ҳисса қўшган аллома Абу Ҳафс Кабир Бухорий тўғрисидаги маълумотни бериш ўринли деб ҳисоблайман. Муаллиф асарнинг “Бухоро шаҳрининг араб ва ажам ўртасида тақсимланиши” бобида Ҳожи имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий шаҳарнинг “Дари Ҳақраҳ” маҳалласидан бўлгани унинг Бағдод шаҳрига бориб машҳур мусулмон фиқҳ олими Абу Ханифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга шогирд бўлиб таълим олгани ва унинг ўша давр тенги йўқ мутаххирлардан деб баҳолайди. Наршахий ул зотни ҳам зоҳид, ҳам олим Бухоро ўша киши туфайли “Қуббат ул-ислом” “Ислом динининг гумбази” деб аталганлигини ёзади. Бухоро аҳолисининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалиши ва имомлар, уламоларнинг ҳурматли бўлишларига у киши сабаб бўлган деган маълумотни келтиради [1: 53]. Асарда зикр этилган мутааххир атамаси тўғрисидаги фикрни билдирмоқчиман. Мутаххир дейилишига сабаб ислом фиқҳ оламида машҳур бўлган олим Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоийгача бўлган фиқҳшунослар мутақаддимин яъни аввалгилар, ундан кейинги ўтганларни мутааххирин, яъни кейингилар деб аташган. Агарда келтирилган изоҳий маълумот тўғри бўлса, Ҳалвоий 1060 йилда вафот этган. Шу сабабли Ҳожи имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийни мутақаддимин деб аталиши тўғри бўларди. Агарда Наршахий асарининг 1991 йилдаги қайта нашрида ушбу масалага муносабат билдирилган бўлса таклифимни қайтариб олишга тайёрман.
Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарини таҳлил қилиш жараёнида қуйидаги мулоҳазаларимни билдирмоқчиман: 1. Асарга 1966 йилда нашр этган таҳририят аъзоларининг текстли изоҳлари ўша давр тарихий матнлар ёритилиши услубларидан фарқ қилиши яққол намоён бўлган. 2. Асарнинг кириш қисмида таҳририят аниқ қўлёзманинг сақланиб қолмаганлиги сабабли унинг маълум вақтлардан кейин таржимонлар томонидан қўшимчалар қисмлари ҳам сезилиб туради. 3. Шу сабабли собиқ иттифоқ даврида нашр этилган тарихий манбалардан ва ҳозирги давр нашрларидан қиёсий таҳлил мақсадида фойдаланилди.
Бироқ, асарнинг тарихий манба сифатидаги аҳамияти унинг мавжудлиги келгуси авлодларни тарихий билимлар билан бойитишда маънавий қадрият ҳисобланади. Мазкур мақолани тайёрланишидан асосий мақсад тарихчи мутахассислар тайёрланаётган олий таълим муассасалари тарихшунослик, манбашунослик йўналишидаги, ихтисослашган гуруҳ йўналишларида ўтилаётган дарсларда фойдаланиш ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, Бухоро тарихи юртимизда тарихий тадқиқотларда энг кўп ўрганилган асарлардан ҳисобланади. Шунинг учун мақола юзасидан танқид ва мулоҳазаларни қабул қиламан.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Наршахий. Бухоро тарихи. Ўзбекистон ССР, ФАН нашриёти. –Т.: 1966.
- История Узбекистана в источниках. Составитель Б.В. Лунин. –Т.: Издательство ФАН, Узбекской ССР. 1984.
- Аблат Ходжаев. Великий шелковый путь: связи и судьбы (на основе китайских источников и литературы). Второе дополненное издание. –Т.: Издательство Навруз. 2018.
- Собира Бўлдиева. Тафаккур жавҳарлари меъморлари [Матн]: Имом Бухорий ҳаётидан парчалар, Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида ҳикоялар / –Т.: Ozbekiston НМИУ.2018.