Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 5 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти ҳамкорлигида онлайн семинар ташкил этилди.
Семинарда юртимиз ва хорижий илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий доиралари вакиллари, Марказ ходимлари ва диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси ўқитувчиси Ўктамбек Султонов “Шайх Зайниддин Куйи Орифоний шахсияти: тарихий фактлар ва ривоятлар таҳлили” мавзусида маъруза қилди.
Онлайн мулоқотда маърузачи Шайх Зайниддин Куйи Орифоний насаби, маънавий мероси юзасидан олиб борган бир неча йиллик илмий тадқиқот натижалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, семинарда бугунги кунда халқ орасида Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида жойлашган “Шайх Зайниддин бобо мақбараси Амир Темур томонидан барпо қилинган” деган қарашларга маърузачининг тадқиқотлари давомида аниқланган ва манбаларда бу борада келтириб ўтилган маълумотлари ҳам таҳлил қилинди.
Ҳозир эътиборингизга Ўктамбек Султоновнинг маърузасидан ўрин олган “Кўкчадаги мақбара Амир Темур томонидан қурилган(ми?)” деб номланган илмий муаммо бўйича билдирган мулоҳазаларини ҳавола этмоқдамиз.
Кўкчадаги мақбара Амир Темур томонидан қурилган(ми?)
Бугунги кунда зиёлилар ва айниқса халқ орасида Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида жойлашган Шайх Зайниддин бобо мақбараси ҳам Аҳмад Яссавий мақбараси каби Амир Темур томонидан барпо қилингани ҳақидаги маълумот кенг тарқалган. Лекин, бу маълумотни қўллаб-қувватловчи аниқ фактлар йўқ. Аслида Шайх Зайниддин бобонинг бугун Тошкентда жойлашган мақбараси қачон ва ким томонидан бунёд этилгани мунозарали. Сабаби у зот билан учрашган ёки ул зот номи билан аталувчи мақбаранинг Амир Темургача бўлган ҳолати ҳақида сўз юритган бирон муаллифни кўрсатиш қийин. Ҳозирча бизга “Мулҳақот ас-суроҳ” муаллифи Жамол Қаршийнинг 671/1272-1273 ва 688/1290-1291 йилларда икки бор Тошкентга келгани маълум. У ўз асарида Тошкент ҳокимлари ва айрим уламолар ҳамда ўзи зиёрат қилган Қаффол Шоший мозорини тавсифлаб ўтган. Жамол Қарший кўп саёҳатлар қилган. Борган ўлка ва шаҳарларидаги ҳаёт бўлган таниқли шахслар билан учрашган ёки вафот этганларининг мақбараларини бориб кўриб таассуротларини ёзиб қолдирган. Демак, Жамол Қарший икки бор Тошкентга келганда ҳам Шайх Зайниддин бобо қабри устида эътиборни тортадиган даражада мақбара бўлмаган ёки у ҳали ҳаёт бўлган шаҳарда унчалик таниқли бўлмаган бўлиши мумкин.
Кўкчадаги мақбара ҳақиқатда Амир Темур тарафидан барпо этилганми?
Келинг ушбу саволга айрим манбаларда келтирилган маълумотлардан жавоб излаймиз. Амир Темур томонидан Туркистонда Аҳмад Яссавийга мақбара қурилиши Шарафиддин Али Яздийнинг 1419-1428 йиллар оралиғида ёзилган “Зафарнома” асарида баён қилинган. Туркистондаги қурилишдан тахминан 30-40 йиллар кейин ёзилган бу асарда Шайх Зайниддин бобо номи ҳам, унга мақбара қуриш воқеаси ҳам тилга олинмаган. “Зафарнома” Амир Темур фаолияти, ҳарбий юришлари, олиб борган бунёдкорлик ишлари сарой котиблари томонидан қайд қилиб борилган ишончли битиклар асосида ёзилган. Ҳатто бу ҳақда муаллиф асар учун асос бўлган материаллар ҳамда асарнинг ўзи махсус котиблар томонидан қаттиқ текширувдан ўтказилгани ҳақида алоҳида фасл ажратиб изоҳлаб берган. Шундай экан, Туркистондаги каби Тошкентда мақбара қурилиши воқеаси қандай қилиб ўша давр “экспертлари” ёки муаллифнинг эътиборидан четда қолган бўлиши мумкин? Албатта, Амир Темур Тошкентга келган пайтларда Шайх Зайниддин бобо қабри устида қандайдир кичикроқ иншоот мавжуд бўлган бўлиши табиий. Ҳатто, бундай иншоот Амир Темур ҳукмронлиги йилларида авлиёнинг авлодлари ташаббуси билан бунёд этилган бўлиши ҳам мумкин. Меъморшунослик тарихи мутахассислари бу ердан айнан Соҳибқирон давридаги ғиштлар қолдиқларини ҳам топиши мумкин. Лекин, бу дегани мақбара Амир Темур “ташаббуси” билан бунёд этилган дегани эмас. Бизга аниқ далил керак, худди Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси қурилгани каби. Акс ҳолда юртимиздаги бу каби иншоотлар аслида Амир Темур томонидан бунёд этилган эди деган, асоссиз даъволар чиқаверади.
Шайх Зайниддин бобо мақбарасининг Амир Темур томонидан барпо этилгани эслатилган китоблардан бири форсийдан ўзбек тилига “Жангномаи Амир Темур кўрагон” номи билан таржима қилинган достондир. Ушбу асар 1910 йилда Тошкентдаги “Ильин” босмахонасида чоп этилган. Китоб таржимони Салоҳиддин Тошкандийдир. Асар сўнгида соҳибқироннинг Аҳмад Яссавий мақбараси иншоотидан сўнг Тошкентга келиб Кайкобус ариғидан сув чиқаргани, Шайх Зайниддин бобо мозори обод қилиниб, ишлаш учун қул-чўрилар ажратилгани ҳамда бир гунбаз қурдиргани баён этилган. Катта эҳтимоллар билан Шайх Зайниддин бобо мақбарасининг Амир Темур томонидан барпо этилгани тўғрисидаги маълумот ХХ аср бошида айни шу асардан сўнг тарқалган бўлиши мумкин. Чунки, XVI-XIX асрларда тошкентликлар орасида бу мазмундаги ривоят ёки ҳикоятлар мавжуд бўлгани маълум эмас. Масалан, Шайх Зайниддин бобонинг Тошкентга келиши ҳақидаги оғзаки ривоятларни қайта ишлаб қоғозга туширган Олимшайх азизоннинг “Ламаҳот” (1626 й.) асарида, XIX асрда яшаб ўтган Тошкент тарихи билимдони Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” (1860-80 йй.) асарида ёки колониал давр тарихий ҳужжатларида ҳам бу ҳақда бирор бир қайд учрамайди. Агар бўлганида Олимшайх азизон Шайх Зайниддин бобо авлоди сифатида бу маълумотни ғурур ва ифтихор билан ўз асарида қаламга олган бўларди. Салоҳиддин Тошкандийга келсак, у ҳам достонга бошқа муаллифлар каби ўзининг айрим тўқималарини киритгани табиий. Масаланинг яна бир томони Салоҳиддин Тошкандий ҳам Шайх Зайниддин бобонинг авлодларидан бўлган. Шу сабабли у ўз аждоди мақбарасининг Амир Темур ташаббуси билан қурилгани ҳақидаги маълумотни қўшишни хоҳлаган бўлиши мумкин.
Эҳтимол Шайх Зайниддин бобо мақбараси бугунги қиёфадаги иншоотнинг бунёд бўлишини Шайбонийлар давридан қидиришимиз керакдир. Ҳар ҳолда ўша даврда Тошкентда юз берган воқеалар бу тахминни ҳам ўйлаб кўришга ундайди.
Тошкентнинг Шайбонийлар қўлига ўтиши ортидан бу ерда Суюнчхўжахон б. Абулхайрхон (ҳ.й. 1503-09, 1512-25) хонадонининг амалда 70 йиллик мустақил ҳукмронлиги ўрнатилди. Унинг ўғиллари Келди Муҳаммад султон (ҳ.й. 1525-33) ва Наврўз Аҳмадхон – Бароқхон (ҳ.й. 1533-51; 1551-56), Бароқхоннинг ўғиллари Дарвишхон (1551-79) ва Бобо султон (1579-82) ўз ака-укалари билан Тошкент воҳасидан ташқари, Фарғона водийси ва Сирдарё бўйи ҳудудларига ҳам эгалик қилган. Хонадон вакиллари айни ўша пайтда Тошкентда кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишларини олиб боради. Суюнчхўжахоннинг Кайкобус боғи (1525 й.), Бароқхон мадрасаси (XVI асрнинг 20-50-йиллари), Келди Муҳаммад Султоннинг ўз отаси Суюнчхўжахон учун қурдирган мақбараси (Гумбази Бароқхон, 1531-32), Дарвишхоннинг Кўкалдош мадрасаси (1569) шунингдек, Қаффол Шоший (1541-42) ва Ҳазрат Уккоша (XVI асрнинг 50-60-йиллари) мақбараларини ободонлаштирилиши, Тошкентнинг катта ийдгоҳи таъмири (XVI асрнинг 50-60-йиллари) биз билганларимиз холос.
Айни шу даврда Шайх Зайниддин бобо мозори ҳам четда қолмаган. Сабаби мақбара вақф мулкларини солиқлардан озод қилиш ҳақидаги бизга маълум бўлиб турган илк ёрлиқнинг 1557 йилда Дарвишхон томонидан берилгани ҳам бежиз бўлмаса керак. Чунки бундай мақбара қуриб битказилганидан кейин уларнинг фаолият юритиши аввало вақф мулклари ҳисобидан амалга оширилган. Тошкентда Куйи-Орифоний хўжаларнинг фаоллашуви, ўз насабномаларини тиклашининг айни шу асрда юз бергани ҳам тасодиф эмас. Ҳар ҳолда мақбара деворига унинг XVI асрга оид эканлиги ҳақидаги эслатма бекорга қўйилмаган бўлса керак.
Бу албатта, менинг “Сиддиқий хўжалар: Шайх Зайниддин Куйи Орифоний авлодлари” мавзусида 2015 йилдан буён олиб бораётган тадқиқотим давомида тўпланган маълумотлар эди. Мулоҳазаларимни имкон қадар қисқа ва лўнда баён этишга ҳаракат қилдим.
Жорий йилнинг 5 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда иштирок этган юртимиздаги исломшунос, шарқшунос ва темурийшунос олимлар ҳам бу борадаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Очиқ, самимий ва савол-жавобларга бой бўлган ушбу семинарда олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан ушбу тадқиқот ишини ҳамкорликда давом эттиришга келишиб олинди.
Тадқиқот иши натижасини албатта, эътиборингизга ҳавола этамиз.