Маълумки, бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия ҳолати давом этмоқда. Эпидемиологик вазият кўплаб соҳалар фаолияти ва ривожига тўсқин қўймоқда. Аммо инсон истиқболи учун ҳеч бир соҳа тўхтаб қолмаслиги керак. Шу мақсадда таълим тизими ҳам давр тақозосидан келиб чиқиб, ўз ривожланиш йўлини топиши зарур. Бу ўринда онлайн давра суҳбатлари, семинарлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCО” кафедраси томонидан ташкил этилди. Семинар “Пандемия шароитида диншунослик фанларини ўқитиш масалалари” мавзусига бағишланди. Унда академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети вице-президенти, профессор Женгиз Томар ҳамда филология фанлари доктори, профессор Амреқул Абуов ўз маърузаси билан иштирок этди. Онлайн семинарни Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов олиб борди.
— Тарихан илдизи бир бўлган турк миллати якдил оила бўлиб шаклланган, — дейди Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети вице-президенти, профессор Женгиз Томар. — Қардошлик, тотувлик туфайли бугунги кунда ҳам алоқаларимиз узвий давом этиб келмоқда. Аҳмад Яссавий, Имом Мотурудий, Мавлоно Юнус Эмро каби фузалоларимизнинг илмий меросини ўрганиш баробарида бугунги кунда ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларида бардавоммиз.
Университетимизда юқоридаги алломалар фаолияти талабаларга чуқур ўргатилади. Бугунги пандемия даврида ўқитувчиларимиз талабаларга юзма-юз кўришиб, сабоқ бермаса-да, бу ёшларнинг илоҳиёт, диний илмларни эгаллашга ҳалақит бермаслиги керак. Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали араб тили, Қуръон тафсири, Тажвид каби онлайн дарслар ўтказиш имкониятига эгамиз. Бу каби дарслар амалиёти университетимизда аллақачон йўлга қўйилди, — дейди суҳбатда Женгиз Томар.
Семинар давомида икки мамлакат олий таълим муассасаларида пандемия шароитида йўлга қўйилган ўқитиш тизими хусусида ўзаро фикр ва тажриба алмашилди. Диншунослик фанини ўрганишда дуч келинаётган муаммолар хусусида фикр юритилди.
— Бизнинг университетда ўн минг нафарга яқин ёшлар билим олади, — дейди Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети филология фанлари доктори, профессор Амреқул Абуов. — Аксарияти туркий тилли мамлакатлардан келиб ўқийдиган талабалар ҳисобланади. Университет яқинда дунёнинг етакчи мавқега эга университет мақомини қўлга киритди. Бу ҳам тўғри ўқитиш тизимизни олиб бораётганимиздан дарак беради. Пандемияда даврида университетимиз талабалари “Whatsapp”, “Zoom” интернет платформалари орқали сабоқни уйида давом эттирмоқда.
Тадбир якунида бу каби халқаро семинарларни тез-тез ўтказиш нафақат олий таълим муассасаларининг ривожланиши, балки талабалар билим салоҳиятининг ортишига хизмат қилиши таъкидланди.