Жорий йил юртимизда ислом олами мутафаккири, калом илмининг етук алломаси ҳисобланган Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудига 1150 йил бўлади. Ўсиб келаётган ёш авлодга буюк олимнинг пок шахсияти, бой илмий-ижодий меросини танитиш муҳим саналади. Шу боис ҳозирги пандемия шароитидан келиб чиқиб мотуридийшунос олимлар томонидан жойларда турли онлайн конференция, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизматининг хабарига кўра унда академия профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди. Онлайн давра суҳбатини Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов олиб борди. Тадбирда Россия Федерациясининг Булғор ислом академияси ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди, доцент Рамиль Адьгамов “Мотуридийлик ақидавий таълимотининг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида йиғилганларга маъруза қилди.
— Бугунга қадар аллома ҳақида кам маълумотлар сақланиб қолган, — дейди Булғор ислом академияси ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Рамиль Адьгамов. — Ислом динининг ривожланишида Абу Мансур ал-Мотурудийнинг ҳиссаси катта. Самарқандда Абу Мансур ал-Мотурудий асос солган калом таълимоти йиллар ўтиб, бутун ислом оламига кенг тарқалди. Мотуридийлик таълимоти XI асрдан бошлаб ислом оламида шуҳрат қозонади ва шу даврдан алломанинг шахсига қизиқиш кучаяди.
Қизиқарли ўтган давра суҳбати давомида аллома ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида янги тадқиқотлар асосида кўплаб маълумотлар берилди. Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом илмларидан бўлажак илм соҳибларига сабоқ беради. Аллома ўз ижодини калом ва баҳс санъати, Қуръон ва тавсир билимларини ўрганиш, фарз ва суннат амалларига доир илмий манбаларни ўрганишга бағишлаган.
Алломанинг “Тавилот аҳли ас-сунна”, Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳ ал-акбар” рисоласига атаб ёзилган “Шарх ул-фиқҳ ил-акбар” номли шарҳи, “Китоб ут-тавҳид”, “Китоб ал-мақомат”, “Китоб рад авомил лил-адила каъбий” (“Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишган бағишланган китоб”) каби асарлари бизга қадар етиб келган.
Қизғин савол-жавоб, кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир якунида мотуридийлик мактабида илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг экани ҳақида сўз юритилди. Талабалар алломанинг асарларини янада чуқурроқ ўрганишлари кераклиги таъкидланди.