Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ “НАВОДИРУН НИҲОЯ” ДЕВОНИНИНГ УЧ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ ВА УЛАРНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

АЛИШЕР НАВОИЙ “НАВОДИРУН НИҲОЯ” ДЕВОНИНИНГ УЧ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ ВА УЛАРНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

“Наводирун ниҳоя” Алишер Навоийнинг 1485-87 йиллар давомида ўзи тузган иккинчи девондир. Бу девонга аввалги девон “Бадоеъул бидоя”дан сўнг битилган ўзбек тилидаги ғазаллар жамланган.

“Наводирун ниҳоя” девони матни ҳозирги жорий алифбода илк бор Алишер Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан чоп этилган 20 жилдлик асарлар тўпламининг 2-жилдида эълон қилинган. Ушбу нашрни филология фанлари номзоди М.Раҳматуллаева тайёрлаганлар. Шунингдек, девон ғазаллари асосида П. Шамсиев, Ё. Исҳоқов, Ҳ. Сулаймонов, Б. Валихўжаев, Б. Абдуллаев, А. Ҳайитметов, С. Ғаниева каби олимларнинг ҳам тадқиқотлари мавжуд.

Бизгача девоннинг қўлёзма манбалари саноқли миқдорда етиб келган. Бизга маълумлари:

  1. Тошкент, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 11675 инв. рақами билан сақланаётган девон нусхаси. У 1487-1488 йили Ҳиротда машҳур хаттот Абдулжамил котиб томонидан юксак каллиграфик санъат билан кўчирилган.

Бизнинг қўлимиздаги нусха ана шу ноёб девоннинг фото кўчирмаси бўлиб, матн устидаги мулоҳазаларимиз шунга асосланади. Асар жами 149 варақ ёки матн 1б ҳамда 149а саҳифа ҳажмида бўлиб, бир неча саҳифа камчиликлари бор. Улар: 1а ; 28а, б ; 29а; 58а; 67б; 68б; 70а; 143б; 149а. Девоннинг бу нусхасидаги ғазаллар миқдори – 819, тўлиқ. Ҳар саҳифага 15-16 қатор матн битилган бўлиб, икки устундир. Хати равон, настаълиқ, сиёҳи – қора.

Жами 819 ғазалдан 210 таси ҳошияга битилган. Ҳошияда яна айрим тушиб қолган байт ёки тузатилган сўзлар ҳам учрайди.

  1. “Наводирун ниҳоя” девонининг яна бир мўътабар нусхаси яна шу институтнинг қўлёзма фондида 1995 инв.рақами остида сақланади. У XV аср хаттотлик санъатининг атоқли намояндаси Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда кўчирилган. Биз бу нусханинг ҳам фото-суратидан истифода этмоқдамиз. Қўлёзма нусхаси 205 варақдан иборат бўлса-да, “Наводирун ниҳоя” девонини ташкил этувчи ғазаллар 1а-185а саҳифаларга жойлашган. Жами – 628 ғазал. Қўлёзманинг 185а саҳифасида сўнгги ғазалдан сўнг “девони жадид”нинг “тугонган”лиги ҳақида мисра мавжуд. Шундан сўнг икки саҳифа бўшлиқдан кейин 186б саҳифадан ғазалдан бошқа жанрлардаги шеърлар битилган бўлиб, маълум бўлишича улар “Бадоеъул бидоя” девони таркибига кирган мустазодлар, муҳаммаслар, мусаддаслар, таржибанд, қитъа ва рубоийлардир.

Аввал таъкидланганидек, фото нусхада айрим етишмовчи саҳифалар мавжуддурки, улар: 1б-2а; 36б-39а; 83б-84а; 109б-110а; 177б-179а.

Матн ҳар саҳифага икки устунда, 13 қатордан битилган. Сиёҳи – қора. Хати – гўзал настаълиқ. Ҳошияларда 18 та ғазал ҳамда айрим тузатишлар ифода этилган. Алифбонинг ҳар янги ҳарфига оид ғазаллари олдидан нақшинкор лавҳлар чизилган. Қўлёзма орасида 7-8 та миниатюра расмлар ҳам бор.

  1. Девоннинг яна бир нусхаси Теҳрон (Эрон) қўлёзма хазинасида сақланиб, у заҳматкаш олима С. Ғаниева томонидан 1991 йил “Навоий дастхати” номи билан Тошкентда, “Фан” нашриётида факсимил нашр этилган.

“Наводирун ниҳоя” девонининг ушбу нашрида матн 138 варақдан иборат. Саҳифалар сони – 275. Ҳар саҳифага икки устунда 14-15 сатрдан матн битилган. Хати оддий настаълиқ. Жами 557 та ғазал. Девон тўлиқ эмас, “алиф”дан “коф”гача. Ҳошияда айрим тушиб қолган байт, мисра, иборалар ҳамда 14 та ғазал битилган. 111а варақ (221-саҳифа йўқ) ўрнига 98а саҳифа такрор келган.

557 та ғазалдан 157 таси аввалги икки қўлёзмада йўқ. Улардаги 17 та ғазал Теҳрон нусхасида мавжуд эмас.

Теҳрон нусхадан аниқланган аввалги 2 нусхада мавжуд бўлмаган 157 та ғазалдан 2 таси “Бадоеъул бидоя” девонига кирган бўлиб, қолган 155 ғазал “Хазойин ул-маоний” девонларига қуйидагича тақсим қилинган:

“Ғаройиб ус-сиғар”  –    25;

“Наводир уш-шабоб” –  66;

“Бадоеъ ул-васат”   –      35;

“Фавойид ул-кибар” –    29.

Бу қўлёзма манбалар девоннинг илмий-танқидий матнини яратишда муносиб асос вазифасини ўтайди. Айниқса, бевосита Навоий ҳамкорлигида, муаллиф матни асосида амалга оширилган, даврнинг машҳур хаттотлари томонидан пешма-пеш кўчирилган девон нусхалари жуда мўътабардир. Бу икки манба тарихийлиги жиҳатидан ҳам, мукаммаллиги жиҳатидан ҳам юқори ўринда туради. Шунингдек, девоннинг учинчи нусхаси ҳам ўзига хос қийматга эга. Бу уч манба асарнинг мукаммал илмий-танқидий матнини яратишга асос бўла олади. Матнларнинг қиёсий-таҳлилий ўрганилиши девоннинг тўлиқлиги, айрим имловий, матний камчиликларнинг бартараф этилиши ҳамда муаллиф асл матнининг тикланишига олиб келади. Ғазалларнинг салмоғи эса бир-бирини тўлдиришлар эвазига жами 1018 тага етди.

Девон матнини тузишда навоийшуносликнинг манбашунослик ва матншунослик соҳасида амалга оширилган барча тадқиқотлари тажрибаларини чуқур ўрганган ҳолда уларнинг намунавий қонун-қоидаларига амал қилинди. Жумладан, тарихийлик омилига асосланиб, асарнинг қадимий нусхаси таянч вазифасини ўтади. Шунингдек, қиёсий-танқид матн тузишнинг асосий омили қилиб олинди. Ва яна, Абдулжамил котиб томонидан кўчирилган нусха нисбатан тўлиқ, кўчирилган вақти аниқ, имловий тўкислигини ҳисобга олган ҳолда унга биринчи таянч нусха сифатида ёндашилди. Ғазалларнинг жойлашиш тартиби ҳам шу қўлёзма асосида сақланиб, бошқа нусхалардан тўлдиришлар ўз ўрнида орага киритилди.

Қўлёзмаларни юқорида айтганимиз тажрибалардан келиб чиқиб, шартли равишда алифбонинг дастлабки уч бош ҳарфи билан белгиладик. Бу илмий аппаратда қисқа ва лўндаликни таъминлайди. Шунингдек, илмий-танқидий матн тузишнинг омилига асосланиб, ғазаллар матни синчиклаб сўзма-сўз, мисрама-мисра, байтма-байт қиёсий ўрганилди. Аниқланган камчиликлар, хатолар матн ости илмий аппаратида қайд қилиб борилди.

Ҳар уччала қўлёзманинг хусусиятлари ҳақида яна шуларни айтиш мумкин:

1) Ғазаллардаги радифларнинг тўлиқ ёки қисман тушириб қолдирилиши онгли равишда қилинган. А нусхада бу ҳол нисбатан камроқ учрайди, Б нусхада эса аксарият ғазалларнинг радифлари матлаъ ҳамда мақтаъдагина битилган. Қолган байтларда тўлиқ ёки қисман тушириб қолдирилган.

2) “Наводирун ниҳоя” девонини шоир 40-45 ёшларида тузган. Бу фикр девоннинг А нусхасидаги асосий матн (ҳошияда битилган ғазаллардан ташқари) учун тўғридир. Девон оққа кўчириб бўлинган вақтда шоир 45 ёшда бўлган бўлса, кейин битган ғазалларини йиллар давомида котиб девон тартиботи асосида ўз ўрнида ҳошияларга кўчириб борган. Шу билан девон Навоий 50 ёшдан ўтганда ҳам битган ғазаллари билан бойитиб борилган. Бу ҳол шоирнинг “Хазойинул маоний” девонини тузгунга қадар давом этган. Бу фикримизга биз асос қилиб икки нарсани келтирамиз:

а) А нусха ҳошияларидаги ғазаллар (айримларидан ташқари) Б нусхада мавжуд эмас. Б нусха фикримизча кам тўлдирилган.

б) Ҳошияда битилган ғазалларнинг бирида шоир ўзининг 50 ёшга етганлигини таъкидлаб ёзади:

Менки эллик йил чекиб ғам, топмадим хушвақтлиғ,
Топғаменму умрнинг эмдики ўтмиш хушроғи.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Абдулжамил котиб нусхаси ҳошияларида битилган ғазаллар таҳлилидан девон тузиб тугатилгандан кейин ҳам йиллар давомида янги ғазаллар билан мунтазам тўлдириб борилган, деган хулоса келиб чиққан эди. Бу тўлдиришлар ҳошияда амалга оширилган бўлса, Теҳрон нусхасидаги ғазалларнинг жойлашишидан бу нусха “Хазойинул маоний” тузилгунга қадар яратилган, деган хулосага келиш мумкин. Чунки, ҳошияларда келган ғазаллар бу нусхада бевосита матн ичида кўчирилган.

Дастлабки қиёсий таҳлил натижалари ҳақида шуларни айтиш мумкин: ҳар нусханинг ўзига хослиги бўлганидек, Теҳрон нусхаси ҳам матннинг айрим камчиликларини бартараф қилишда хизмат этмоқда. Масалан, юқорида таъкидланган икки қўлёзмада ҳам бир ғазалда тушиб қолган икки мисра В нусха асосида тикланди. Бу мисралар бир байтнинг мақтаъи ҳам кейинги байтнинг матлаъидир. Нашрда бу ғазал 6 байт ҳажмида берилган.

Чу қолди сайрида руҳул амин, не тонг ул ҳам
Гар ўлмади сафарингнинг ниҳоятиға расо.
Малоик ўлмадилар ул ҳарам аро маҳрам,
Рижол хилвати даврида ул сифатни нисо.
 

Яна бир мисол:

Неча оҳ урсам бўлур кўздин бағир хуноби фош,
Истамак бу эрса кўзда не ажаб ул навъ ёш
 

мисраси билан бошланган ғазал “Наводируш шабоб”га киритилган бўлиб, “Наводирун ниҳоя” девонидаги бу ғазал фақат матлаъи билангина мос келади, ғазалнинг давоми бутунлай бошқачадир:

Кўнглума кўздин кириб ғайри хаёлин қўзғади
Зарра хаёли қўзғалур чун гирди равзандин қуёш.
Чун мени қилди бало тоғи жунун тош отмангиз
Негакимердин олиб отмас киши тоғ узра бош.
Решдур бўғзум бало заҳри ичардин йўқ ажаб
Холима йиғлардин арзу ўтган ун топмоқ ҳарош.
Ўқи етгач ким бўлур жон бирла кўнглум музтариб,
Изтироб эрмас бошоқ устида айларда талош.
Дарди жоминг ҳам азобим бодадур, эй муғбача,
Пири дайр иқболидин шаҳларға йўқ мендек маош.
Эйки кўрмайсен Навоий оҳи ўти моҳиятин,
Бир сутундек шуълаи кўк сақфиғача кўргил тутош.
 

Бундан кўринадики, Навоий “Хазойинул маоний” девонини тузаётганда айрим ғазалларни қаттиқ таҳрир этган ёки бутунлай ўзгартириб юборган. “Наводирун ниҳоя”даги ғазаллар ижоднинг аввалги маҳсуллари бўлиб, уларни билиш, ўрганиш Навоий ижодининг тараққий босқичини кўрсатиб беришга асос бўлади. Зеро, Алишер Навоий ижодиётида ёшлик ва пири комиллик давридаги маҳоратида деярли фарқ сезилмайди. Шундай бўлса-да, “Наводирун ниҳоя” девони Алишер Навоий ижодининг маълум даври маҳсули сифатида алоҳида аҳамиятга эгадир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Навоий дастхати. Теҳрон (Эрон) қўлёзма нусхаси. Факсимил нашр. -Т.: Фан, 1991.
  2. Тошкент, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 11675 инв. рақами билан сақланаётган девон нусхаси.
  3. Тошкент, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 1995 инв. рақами билан сақланаётган девон нусхаси.
Маъмура РАШИДОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …