Home / МАҚОЛАЛАР / МИЁН ШОҲ ФАЗЛ АҲМАД СИРҲИНДИЙНИНГ «РИСОЛАИ ШАРИФ» АСАРИ НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАЪЛИМОТИГА ОИД НОДИР МАНБА

МИЁН ШОҲ ФАЗЛ АҲМАД СИРҲИНДИЙНИНГ «РИСОЛАИ ШАРИФ» АСАРИ НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАЪЛИМОТИГА ОИД НОДИР МАНБА

XVIII-XIX асрларда Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқати тарихини ёритувчи қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар ҳамда эпиграфик манбаларда воқеалар айнан муайян бир муршид ёки унинг авлоду шогирдлари томонидан воқеалар баён этилганлиги билан аҳамиятлидир.

Кўплаб манбаларда тариқатда фаолият олиб борган шахсларнинг ҳаётий кечинмалари ва турли ҳодисалар баён этилган бўлса, айрим манбаларда мазкур сулук тартиб-қоидалари берилганлиги, тариқатда фаолият кўрсатган муршиду муридларнинг ўзаро тариқий муносабатларини очиб беради.

Мана шундай манбалардан бири нақшбандия-мужаддидия мактаби вакили Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий томонидан ёзилган «Рисолаи шариф» номли асардир.

Миён Фазл Аҳмад.

Миён Фазл Аҳмад Бухоро ҳукмдорлари Амир Шоҳмурод Амир Ҳайдарнинг пири бўлганлиги[1] маълум. Ва бу борада олиб борилган тадқиқотларда[2] ҳам Миён Фазл Аҳмад ҳақида бир қатор янги маълумотлар тўпланишига эришилган бўлса-да, аммо у томонидан ёзилган асарлар ҳақида мурожаат қилинмаган.

Миён Фазл Аҳмад нақшбандия-мужаддидия мактаби шаҳзодаларидан бири бўлиб, ёшлиги Пешавор шаҳрида ва асосий фаолияти Бухорода ўтган бўлишига қарамасдан, умрини охирини яна Пешаворда ўтказиб, мазкур шаҳарда 1232/1816 йилда вафот этган.

Миён Фазл Аҳмаднинг устози Шоҳ Муҳаммад Расо, унинг устози Муҳаммад Порсо, унинг устози Ҳужжатуллоҳ Нақшбанди Соний, унинг устози Миён Маъсум ва ул зотнинг устози (ва отаси) Имом Раббонийдир.

Амир Шоҳмурод ва Амир Ҳайдар Миён Фазл Аҳмадни ўзларига пир тутганлиги эътиборга олинса, у нақшбандия-мужаддидия тариқатидаги етук муршидлардан бири эканлиги маълум бўлади.

Миён Фазл Аҳмаднинг отаси шайх Ниёз Аҳмад[3], ўғли Миён Бузург Фазл Аҳад Маъсумий (ваф. 1286/1870)[4], яна бир ўғли Миён Ғулом Қодир[5] ва набираси Миён Фазл Қуддус (1324/1904) Хўқандда яшаганлиги айтилади.

Туркиялик тасаввуфшунос олим Неждат Тосун томонидан олиб борилган тадқиқотда Миён Фазл Аҳмаднинг “Рисолаи мардон” номли форсча асар ёзганлиги[6] айтиб ўтилган.

Миён Фазл Аҳмаднинг нақшбандия-мужаддидия тариқатига оид яна бир «Рисолаи шариф» номли асари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар ҳазинасида инв.№277 рақам остида сақланмоқда.

Мазкур қўлёзма муқовасиз, жами 8 а-б варақдан таркиб топган.

«Рисолаи шариф» – форс тилида сариқ шиқилдоқ қоғозга ёзилган (матн ўлчами: 14х8,2 см.) бўлиб, нақшбандия-мужаддидия тариқатининг тартиб қоидалари қайд этилган.

Рисола одатий Басмала ва Аллоҳга ҳамд, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар билан бошланиб, «баъзи дўсту йоронларнинг таклифи ва илтимосига биноан, аълияи нақшбандиянинг бошидан то охирига қадар бўлган тартиботларини ёзишни илтимос» қилганликлари сабабидан бу рисола ёзилганлиги муаллиф томонидан таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, Шайх Аҳмад Сирҳиндий (Имом Раббоний)нинг «Мактубот» асарида тариқат одобу қоидалари батафсил баён этилганлиги, бу борада бошқа ёзишмаларга эҳтиёж йўқлиги эслатиб ўтилган бўлсада, яқинларга, ўқигувчиларга тушунарли, осон бўлсин[7], деб ҳам мазкур рисолага қўл урилганлиги айтилган.

Рисолада тариқат вакиллари бажариши керак бўлган кундалик вазифалар ва кўрсатмалар аниқ белгилаб берилган.

Унга кўра, шайх аввал икки ракат «истехора» намозни ўқиш, кейин қалбда ҳис қилган ҳолда истехора дуосини қилиш ва зикрда доимо Аллоҳни қалбда ҳозир билмоқлик ҳусусида тушунчалар берилган.

Тариқат муршиди кўрсатмаси билан тарбияланувчи шогирдлар томонидан бир неча вирд-навофил (нафл ибодатлар)ни бажаришлари кўрсатилган. Бунда Одам алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бажаришган амаллар ҳақида тушунчалар бериб ўтилган. Мазкур вазифалар адо этилса «илмул яқийн» мартабаси топилиши айтилган.

Муайян вазифаларни адо қилиш асносида «Худованд мақсуди ман туйи ва ризойи ту», яъни «Аллоҳим мақсадим Сен ва Сенинг ризолигингдир», деган зикрни махфий тарзда қалбдан айтишлик таъкидланган.

Яна турли «гина»лардан халос бўлишлик, фитна-фасодлардан узоқда юришлик, аҳли илмларга хизмат қилишлик билан тариқат қоидаларига риоя қилиб бориш тушунчалари бирма-бир кўрсатилган.

 Шунингдек, рисолада кундалик адо этилиши лозим бўлган нафл ибодат ва уни бажариш тартиботлари ҳақида кенг маълумотлар қайд этилган.

Рисолани сўнги саҳифасида мазкур рисола содда ва равон-тушунарли тилда ёзилганлиги сабабидан таҳрир (қўшимча)ларга муҳтож эмаслиги айтилиб, Рисола муаллифи мужаддиди вақт Ҳазрат Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий (қаддассаллоҳу сирруҳу)[8] эканлиги қайд этилган.

Матн сўнггида 1268/1851 йил санаси қайд этилган, аммо рисолани кўчирган хаттот номи кўрсатилмаган. Фақатгина мўмину мўминалар қаторида котиб ўзини ҳам Аллоҳ мағфират этишини эслатиб ўтган холос.

Мазкур «Рисола» билан бирга турган яна бир 2 а-б варақли нодир қўлёзманинг боши ва охири мавжуд эмас (ҳозирча ушбу рисола муаллифи ва унинг номини аниқлаш имкон бўлмади)[9]. Қўлёзманинг жами тўртта саҳифасида Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг Мавлоно Муҳаммад Дўст Саҳҳоф ва Мавлоно Муҳаммад Али Ахсий ҳақларида сўз кетиб, улар ҳақида қизиқарли воқеалар баён этилган.

Албатта, бу каби қўлёзмалар – аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида бизга қимматли маълумотларни тақдим этишини таъкидлаб ўтиш зарур. 

Зеро, Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий ўзининг мазкур рисоласида «Дилнинг мулки зикр ва ҳузурдир»[10], деган ҳикматли сўзида кенг маъно ва унинг тариқатдаги фаолияти акс этиб турибди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий. Рисолаи шариф. Қўлёзма, форс тилида. Матн ўлчами: 14х8,2 см. 1268/1851. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқо маркази манбалар хазинаси инв.№ 277.
  2. Аноним. Қўлёзма, форс тилида. Палеографик жиҳатдан XVIII асрнинг охирлари ва XIX аср бошларида ёзилган. Матн ўлчами: 13,7х7,3 см. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинаси инв.№ 278.
  3. Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Мужаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX вв. // Суфизм в Ценральной Азии (зарубежные исследования). СПбГУ, 2001.
  4. Анке фон Кюгельген. Легитимация средниазиатской динстии мангитов в произведениях их историков (XVIII-XIX вв.). Алматы: Издательство «Дайк-Пресс», 2004.
  5. Абдусаттор Жуманазар. Машраб. Т.: Akademnashr, 2015.
  6. Kawahara Yayoi. On private archives related to the development of the naqshbandiya-mujaddidiya in the Fergana valley / History and Cultute of Central Asia. Tokyo. 2012.
  7. Nejdat Tosun. Orta Asya’da tasavvuf // Orta Asya’da ıslam (temsilden fobiye). Cılt:I. Ankara-Türkistan, 2012.
Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
____________________________________________________________________________
[1] Kawahara Yayoi. On private archives related to the development of the naqshbandiya-mujaddidiya in the Fergana valley / History and Cultute of Central Asia. Tokyo. 2012. page 242.
[2] Бу ҳақида батафсил қаранг: Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Мужаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX вв. // Суфизм в Ценральной Азии (зарубежные исследования). СПбГУ, 2001. стр. 305-308. 275-330 с. Анке фон Кюгельген. Легитимация средниазиатской динстии мангитов в произведениях их историков (XVIII-XIX вв.). Алматы: Издательство «Дайк-Пресс», 2004. – Стр. 103-104. 516 стр.
[3] Абдусаттор Жуманазар. Машраб. Т.: Akademnashr, 2015. – Б. 179.
[4] Nejdat Tosun. Orta Asya’da tasavvuf // Orta Asya’da ıslam (temsilden fobiye). Cılt:I. Ankara-Türkistan, 2012. s. 513-514.
[5] Абдусаттор Жуманазар. Машраб. Т.: Akademnashr, 2015. – Б. 179-180.
[6] Nejdat Tosun. Orta Asya’da tasavvuf // Orta Asya’da ıslam (temsilden fobiye). Cılt:I. Ankara-Türkistan, 2012. 513 s.
[7] Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий. Рисолаи шариф. Қўлёзма, форс тилида. Матн ўлчами: 14х8,2 см. 1268/1851. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқо маркази манбалар хазинаси инв.№ 277. 1-б – 2-а варақлар.
[8] Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий. Рисолаи шариф. Қўлёзма, форс тилида. Матн ўлчами: 14х8,2 см. 1268/1851. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқо маркази манбалар хазинаси инв.№ 277. 8-а варақ.
[9] Рисола номи ва муаллифи номаълум. Қўлёзма, форс тилида. Палеографик жиҳатдан XVIII асрнинг охирлари ва XIX аср бошларида ёзилган. Матн ўлчами: 13,7х7,3 см. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинаси инв.№ 278. 2 а-б варақ.
[10] Миён Шоҳ Фазл Аҳмад Сирҳиндий. Рисолаи шариф. Қўлёзма, форс тилида. Матн ўлчами: 14х8,2 см. 1268/1851. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинаси инв.№ 277. 8-а варақ.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …