Жаҳон тарихи ғоялар тарихидир. Унда турли хил ғоялар кураши, бирлашуви, ажралиши, янгиланиши жараёнларини кузатиш мумкин. Ҳозирга қадар яшаб, жамият ривожланишига ҳисса қўшаётган ғоялар умуминсоний даражага кўтарилганлигининг сабаби ҳам уларнинг кўпчиликнинг эҳтиёжларидан келиб чиққанлигидадир. Ўзбекистонда миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бўлган юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, комил инсон кабилар асрлар давомида барча алломалар фаолиятида тараққийпарвар мавқега эга бўлиб келган. Яқинда эълон қилинган Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириши концепцияси лойиҳасини ҳам ушбу анъананинг давоми дейиш мумкин. Мазкур концепциянинг бош ғояси “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”бош мақсад сифатида илгари сурилаётган бўлса, миллий юксалиш ғоясининг асосий тушунчаларидан бири сифатида жаҳолатга қарши маърифат ғояси ҳам эътироф этилган. Жаҳолат диний ёки дунёвий шаклда намоён бўлиши мумкин, унинг кўринишларига қарши маърифат асосида кураш олиб бориш тарихий тафаккур, илмий билимлар, юксак одоб-ахлоқни тақозо қилади. Ушбу мақолада тарихда яшаб ўтган буюк аждодларимиз мисолида ушбу тамойилнинг тарихий илдизларига назар ташлаймиз.
973-1048 йилларда яшаб ижод қилган Абу Райҳон Беруний ўзидан 150 дан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. Унинг ҳаёт йўли ва фаолиятини ўрганиш асносида шарқшуносликда берунийшунослик деб аталган алоҳида соҳа вужудга келди. Берунийнинг илмий мероси кенг қамровли бўлгани сабабли уни ўрганилиши ҳам жаҳон миқёсига чиқди. Унинг ҳаёт йўлини тадқиқ этишда ўзи ёзган асарлар бирламчи манба вазифасини бажаради.
Абу Райҳон Беруний ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлганлигини ўз асарларида ёзиб қолдирган. Шу сабабдан бўлса керак 16 ёшидаёқ мустақил астрономик тадқиқотлар олиб борган[4: 28]. Ўзининг илмий тадқиқот методи тўғрисида эса шундай ёзган эди: “Мендан сўралган саволларга олиб келадиган сабабларнинг яқинроғи ўтмиш миллатларининг ва илгари даврларнинг воқеаларини билмоқдир. Чунки хабарларнинг аксари ўтмиш миллатларнинг аҳволлари, расм ва шариатларининг баёнидан иборат бўлиб, уни билмак ақлий нарсага суяниш, сезиладиган нарсаларга солиштириш билангина бўлмай, балки китоб аҳлларига ва турли раъй эгаларига асосланишни талаб қилади. Тарих исботида уларнинг сўз ва раъйларини бир-бирига солиштириш керак бўлади. Лекин бундан аввал нафсни кўпчилик мубтало бўлган ўйин-кулгудан, таассуб ғалваларидан, кайф, ҳаво ва ғурурга берилиш ва шунга ўхшаш ёмон хулқлардан тозаламоқ лозимдир[2: 40]”. Ушбу фикрлардан кўринадики, илм билан шуғулланиш, аввало, инсоннинг ўзидаги жоҳилликдан қутулишни, ўзидаги салбий феъл – атвордан халос бўлишни талаб қилади, яъни жоҳилликдан қутулишни ўзингдан бошла, деган маънода.
Берунийнинг бундан кейинги ҳаёт йўли ҳам биз фикр юритаётган мавзуга доир мисолларга тўла. Жумладан, аллома яшаган даврда мунажжимлик – астрологияга ишониш кучли бўлган. Саройда мунажжимларнинг мавқеи кучли бўлиб, Берунийнинг ўзи ҳам астрономия билан бирга астрология билан ҳам шуғулланган. Аммо бу зарурат юзасидан бўлиб, алломанинг ўзи Ердаги ҳодисаларни қуёш чиқиш ва ботишига қараб аниқлаб бўлмаслиги, чунки юлдузлар доим чиқиб ва ботиб туришини таъкидлайди. Масалан, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида аллома Рай шаҳрида яшаган пайтида бир мунажжим билан боғлиқ баҳси ҳақида ёзиб қолдирган. Бу одам Ой манзилларига қарашли юлдузларнинг Ой билан учрашувларини ҳисоб билан аниқлаб, манзилларнинг риботлари ва жафрларидан турли ҳукмлар чиқарар ва бўшлиқдаги ҳодисаларни олдиндан билишни истаган, Беруний мунажжимни бундай сохта йўлдан қайтармоқчи ҳамда тўғри йўлган солмоқчи бўлганини, лекин у ўзининг нотўғри фикрларини рўкач қилиб туриб олганини ёзиб қолдирган[2: 17]. Шунга қарамай, аллома ўз асарларида ғайриилмийликка қарши туриб, уларнинг мазмунига сингдириб борган.
1017 йилда Хоразм ғазнавийлар давлатига қўшиб олингач, Берунийнинг ҳаётида ҳам таҳликали давр бошланган. Мухолиф кучлар вакили сифатида аллома Маҳмуд Ғазнавий томонидан Ғазнага олиб кетилади, ўзаро муносабатларда жиддий хавф туғилади. Аммо кейинчалик султонга яқин кишилар воситачилигида Беруний билан султон ўртасидаги низолар кўтарилиб, олим учун яна осойишта ҳаёт кечириш имкони туғилган[5: 38].
1017-1048 йилларни ўз ичига олган Ғазна даври Абу Райҳон Беруний учун ижод борасида сермаҳсул, бироқ кўплаб зиддиятларга ҳам бой бўлган. 13 йил давомида Маҳмуд Ғазнавий қўли остида яшаган алломанинг ҳукмдор билан муносабатлари ҳақида қисман маълумотлар сақланиб қолган. Берунийнинг ўзининг “Минералогия” асарида ёзишича, султон уни баъзан хақоратлар, қўпол муносабатда бўларкан[1: 29]. Лекин Маҳмуд Ғазнавий олим билан фикр алмашган ва хулосаларига қўшилган пайтлар ҳам бўлган экан.
Аллома ва ҳукмдор орасидаги муносабат ҳақида бир ривоят сақланиб қолган. Айтишларича, Султон Маҳмуд тўрт эшикли саройга кирибди ва Берунийга қуйидагича топшириқ берибди: “Ҳозир мен қайси эшикдан чиқиб кетаман, жавобингизни қоғозга ёзиб беринг”. Олим жавобни ёзиб қоғозни тўрт буклаб султоннинг қўлига тутқазибди. Ҳукмдор мулозимларига буюриб янги эшик очишни буюриб ўша эшикдан чиқибди, саройдан ташқарида эса қоғозни ўқибди. Унда шундай ёзилган экан: “Сиз тўрт эшикнинг ҳеч биридан чиқмайсиз, янги бешинчи эшикдан ташқарига чиқасиз”.
Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” асари уни ҳиндшунослик фанининг асосчисига айлантирди. Шунингдек, тадқиқотчилар алломанинг мазкур асари толерантликнинг ажойиб намунаси эканлигини ҳам эътироф этадилар. Айнан шу асарда қуйидаги фикрларни учратамиз: “Ахмоқлик давоси йўқ бир касалликдир; шундайки, уларнинг эътиқодича, дунёда ўз ерларидан бошқа ер йўқ, ўзларидагидан бошқа илм йўқдир. Ўзларини юқори тутиб, бемаъни ҳаракат қиладилар ва кибрланиб билимсиз қоладилар. Ўрганган нарсаларига бахиллик қилиб, ўз жинсларидан бўлса ҳам, ноаҳл кишига ўргатмайдилар. Шундай бўлгандан кейин бошқаларга қандай ўргатсинлар! Чунки улар мамлакатларидан бошқа мамлакат борлигига, у мамлакатда ҳам халқнинг яшашлигига ва ўзларидан бошқа халқларда ҳам илм борлигига ишонмайдилар. Ҳатто уларга Хуросон ва Форсдаги бирон илм ёки олим ҳақида сўзланса, сўзловчини жоҳилга чиқариб, ахмоқлик касаллиги сабабли унга ҳам ишонмайдилар. Агар улар сафарга чиқиб, бошқаларга аралашсалар, ўз фикрларидан қайтар эдилар. Ҳолбуки бурунги ҳиндлар бу даражада хабарсиз эмас эдилар” [3: 35]. Гарчи бу ерда гап ҳиндлар ҳақида бўлса-да, умумий маънода жохилликнинг белгилари баён қилинган деб айтиш мумкин. Ўз ўрнида Беруний фикрларини давом эттириб, мазкур ҳолатда қандай йўл тутганлигини ҳам ёзиб қолдирган, яъни “Мен ҳиндларнинг астрономлари қошида устоз олдида турган шогирддек эдим, чунки улардаги нарсаларга ошно эмас эдим ва вазият аҳволларини билмас эди. Улар билан танишишга бироз йўл топилгач, улар фанидаги қолоқликни ва бунинг учун браҳманларникидан баъзи далилларни келтирадиган ва ҳисоблардаги тўғри усулларни кўрсатадиган бўлдим. Шунда улар менга хайрон қолиб ажабланар ва мендан фойдаланишга интилар эдилар, улар қайси ҳинд олимлари билан учрашганимни, ҳатто бу илмларни уларнинг қайси бирисидан ўрганганимни сўрар эдилар. Мен эса уларга ўз даражаларимни кўрсатар ва улардан жуда устун келар эдим. Ҳатто мени сеҳргар деб, улуғ кишилари олдида эса илм денгизи ёки сув деб мақтар эдилар. Бу ҳол эса “сув ачиб бузилса, уни тузатиш учун сирка зарур ва азиз бўлади”, дейилган мақолни эсга келтиради”[3: 36]. Демак, Абу Райҳон Беруний ўз фаолияти мисолида илм ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш учун нечоғли сабр, жасорат ва қунт зарурлигини ёзиб қолдирган.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ишлаб чиқилаётган миллий ғояни ривожлантиришнинг янги концепциясида ҳам миллий юксалиш ғоясининг асосий тушунчалари қаторида жаҳолатга қарши маърифат тамойилининг белгиланиши ҳам тарихийлик ва ворисийликнинг амал қилаётганлигидан дарак бериб турибди. Аждодларимиз қолдирган илмий-маданий меросни ўрганиш миллий тараққиёт йўлимизни янада ойдинлаштиришга кўмак беради.
-
Аль-Бируни Абу-Рейхан Мухаммед ибн Ахмед. Собрание сведений для познание драгоценностей /Минералогия/. –Т.: Издательство АН УзССР, 1963.
-
Беруний Абу Райҳон. Танланган асарлар. Т.1. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. –Т.: Фан, 1968.
-
Беруний Абу Райҳон. Танланган асарлар. Т.2. Ҳиндистон. –Т.: Фан, 1965.
-
Булгаков П.Г. Жизнь и труды Беруни. (Великому хорезмскому ученомув связи тысячелетием со дня рождения. 4 сентябрь 973-4сентябрь 1973). –Т.: Фан, 1972.
-
Семенов А.А. Бируни – выдающийся ученый средневековья. В сб.: Бируни – великий ученый средневековья. –Т., 1950.