Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий (ваф. 434/1043) қаламига мансуб «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўли билан танишув» асарига шарҳ») асари тасаввуф, калом ҳамда бошқа исломий ва ижтимоий фанларга (жумладан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, фалсафа, психология в.б.га) оид муҳим манба ҳисоблансада, шу кунга қадар, асосан, тасаввуфшунослик нуқтаи назаридан бирмунча кенг ўрганилган. Бироқ ушбу асарнинг калом илмидаги ўрни ва аҳамияти, жумладан, Мустамлий Бухорийнинг каломий қарашлари кенг ва чуқур тадқиқ қилинмаган, унинг қарашларида қайси калом мактабларининг таъсири қанчалик эканлиги аниқланмаган. Жумладан, айримлар «Шарҳ ат-Таъарруф» муаллифининг каломий қарашларида Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944) таъсирини кўрсалар, бошқа баъзилар унинг калом масалаларида Абу-л-Ҳасан Ашъарий (260/874-324/936) таълимотига эргашганини таъкидлашади.
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ақидавий масалаларга бағишланган қисмини ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, Мустамлий Бухорий мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларида ихтилофли бўлган масалалардан фақатгина тўрттасида ашъарийларга, ўн биттасида эса мотуридийларга эргашган.
Жумладан, Мустамлий Бухорий қуйидаги ўринларда ашъарийларнинг мотуридия ақидасига мувофиқ келмайдиган қарашларини маъқуллаган:
- Иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш. Мотуридийлар нарсаларнинг яхши ёки ёмон эканлигини моҳиятан ва ақл ёрдамида аниқлаш мумкинлигига ишонишса [8:54], ашъарийлар эътиқодича иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини фақатгина шариат амр ва наҳий орқали белгилаб беради [11:107]. Мустамлий Бухорий мотуридийлардан фарқли равишда иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини ақл ёрдамида аниқлаш мумкин эмас, балки иш-ҳаракатларнинг яхши ёки ёмон эканлиги Аллоҳнинг ҳукмига тобедир, деган қарашга эга [3/2:494].
- Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиш-бўлмаслиги. Мотуридийлар Ҳаким зот бўлмиш Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиши мумкин эмас, десалар [14:178], ашъарийлар Аллоҳнинг барча ишлари адолат бўлиб, у барча нарсаларнинг ҳақиқий эгаси экан, эга ўз мулкини ўзи истаганича тасарруф қилиши мумкин, деган қарашга эга [1:335; 12:30]. Мустамлий Бухорийнинг эътиқодича, инсон Аллоҳнинг ишларининг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш учун керакли салоҳиятга эга эмас. Аллоҳга амр ва наҳий қиладиган Ундан юқорироқ турадиган бирор нарса бўлмаганлиги сабабли унинг ишлари ёмон деб сифатланмайди [3/2:494-496].
- Тоат қилувчини азоблаш ва осийни мукофотлаш. Мотуридийлар Аллоҳ томонидан тоат қилувчининг азобланиши ва осийнинг мукофотланишини шаръий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам жоиз эмас, деб топганлар [15:172]. Аммо ашъарийлар Аллоҳ томонидан тоат қилувчининг азобланиши ва осийнинг мукофотланишини ақлий томондан жоиз деб билишади. Чунки, уларнинг эътиқодича, бу иш Аллоҳ томонидан ўз мулкини тасарруф этиш бўлиб, зулм ҳисобланмайди. Мустамлий Бухорий бандани азоблаш ва мукофотлашни ақлга мувофиқ эмас, балки ваъд ва ваъидга мувофиқ Аллоҳга вожиб деб билар экан, мукофот ва жазони банданинг ишига эмас, балки Аллоҳнинг иродасига боғлиқ деб билади [3/2:476-477].
- Бахтиёрлик ва бахтиқаролик. Мотуридийларнинг эътиқодича, бахтиёрлик (мўминлик) ва бахтиқаролик (кофирлик) ҳозирги замонга (айни вақтга) хос бўлган ҳолатлар бўлиб, азалий ва абадий эмасдир [14:161]. Ашъарийларнинг эътиқодича, эса Аллоҳ бахтиёр қилиб яратган банда бахтиёр, Аллоҳ бахтиқаро қилиб яратган банда бахтиқародир [5:225; 4:36; 12:46]. Мустамлий Бухорий ҳам ашъарийлар каби бахтиёрлик ва бахтиқаролик олдиндан белгиланган ҳолатлар бўлиб, инсоннинг амаллари уни белгилаш ёки ўзгартиришга ҳеч қандай таъсир кўрсатолмайди, деган қарашга эга [3/2:668].
Айтиб ўтганимиздек, Мустамлий Бухорийнинг мотуридия калом мактаби қарашларига мувофиқ келадиган қарашлари бирмунча кўпроқдир. Жумладан, у қуйидаги масалаларда мотуридия ақидаларига эргашган.
- Имон билан боғлиқ масалалар
1.1. Имоннинг таърифи. Мотуридийларнинг кўпчилиги кўнгил тасдиғидан ташқари тил иқрорини ҳам имоннинг бошқа бир устуни сифатида билишади [15:165]. Ашъарийлар наздида эса имон Аллоҳни қалб билан тасдиқлаш бўлиб, тил ва амалдаги тасдиқ имоннинг фарълари – иккинчи даражали тармоқлари ҳисобланади [7:123; 13:84]. Мустамлий Бухорийнинг эътиқодича эса имон икки қисмдан – кўнгил билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор келтиришдан иборатдир [3/3:1035].
1.2. Имоннинг кўпайиши ва камайиши. Мотуридийлар эътиқодига кўра имон кўпайиш ва камайиш қобилиятига эга эмас. Ашъарийлар эса имоннинг кўпайиши ёки камайишини мумкин деб биладилар [32/5:210-211; 1:181-182; 13:144]. Мустамлий Бухорий мотуридийларга эргашган ҳолда, имоннинг кўпайиши ёки камайишини инкор этади [3/3:1035].
1.3. Имонда истисно. Мотуридийлар имонда истисно қилишни жоиз деб билмаганлар. Уларнинг эътиқодича, истисно шубҳа ва иккиланиш белгиси бўлиб, имон бирор бир иккиланишсиз ва қатъий бўлмоғи лозим [14:280; 15:165]. Аммо ашъарийлар имонда истисно қилишни жоиз деб билганлар. Уларнинг эътиқодича, истисно банданинг ўзида имоннинг борлиги ёки йўқлигига нисбатан бўлган шубҳаси эмас, балки ўзидаги имоннинг ўлимига қадар бўлган даврда сақланиб туриши ёки сақланиб турмаслигига нисбатан бўлган шубҳасидир [4:29; 9:215-216]. Мустамлий Бухорий «Шарҳ ат-Таъарруф»да имондаги истисно масаласига тўхталиб, имон ва эътиқоднинг шубҳа объекти бўла олмаслигини аниқ-равшан баён этган [3/3:1036].
1.4. Имонда тақлид. Мотуридийлар тақлидий имонни тўғри деб билиб, имоннинг асоси тасдиқ бўлиб, тақлидий имонда бундай тасдиқ мавжуддир, деганлар [15:166]. Ашъарийлар мотуридийларга қарама-қарши ўлароқ «Имон асосий масалалардан бўлиб, ақидалар ва диний асосларда тақлиднинг ўзи етарли эмас. Эътиқод учун қатъий далил керакдир», дейишган [13:85]. Мустамлий Бухорий ўз китобининг бир неча ўрнида, худди мотуридийлар каби, тақлидчининг мўмин эканлигини уқтириб ўтган [3/2: 324-325,536-537].
1.5. Имон ва ислом. Мотуридийларнинг эътиқодича, имон ва ислом луғавий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилса-да, моҳияти жиҳатидан бир тушунчадир, яъни, ҳар бир мўмин мусулмон ва ҳар бир мусулмон мўминдир [14:498-499/1:187-188]. Ашъарийлар эса имон ва исломни бошқа-бошқа нарсалар деб биладилар. Уларнинг эътиқодича ислом имондан бошқа нарса бўлиб, ҳар бир мўмин мусулмон, аммо ҳар мусулмон ҳам мўмин эмасдир [5:48; 32/5:206-207]. Мустамлий Бухорий ўзининг бу тўғридаги қарашини қуйидагича баён қилган: «Биз шариат ҳукми бўйича кимдаки ислом кўрсак, уни мўмин деб атаймиз. Ислом имон бўлиб, ислом зоҳир ва имон ботиндир» [3/3:1078].
- Аллоҳнинг сифатлари билан боғлиқ масалалар
2.1. Таквин (бўлдириш). Мотуридийлар Аллоҳ сифатларининг зот сифатлари ва иш сифатларига бўлинишига қарши чиқишади ҳамда барча иш сифатларини таквин деб номланувчи бошқа бир сифатга мансуб ҳисоблаб, ушбу сифатни азалий ва абадий деб билишади [14:28-29; 8:53; 12:17; 15:173]. Ашъарийлар эса мотуридийлардан фарқли равишда таквиннинг Аллоҳнинг ҳақиқий сифати эмаслиги, балки нисбий бир ҳолат эканлиги, шунга кўра у зот сифати эмас, балки ишлар сифати бўлиб, кейин пайдо бўлганлиги, Аллоҳнинг яратиш ва ризқ беришдан олдин яратгувчи ва ризқ бергувчи бўлмаганлигини уқтиришади [8:53; 12:17]. Мустамлий Бухорий таквин масаласида мотуридийлар изидан боради. У Аллоҳнинг ишлари сифатларини азалий сифатлар жумласидан ҳисоблаган [3/1:330-331].
2.2. Аллоҳга нисбат берилган сифатлар. Мотуридийлар Қуръон ва ҳадисда Аллоҳга нисбат берилган юз, қўл, кўз ва шу каби бошқа сифатлар борасида кўпроқ танзиҳий (поклаб ёд этувчи) қарашга эга бўлиб, уларнинг эътиқодларича ушбу сифатларнинг тўғри маъносида Аллоҳга нисбат берилиши Аллоҳнинг ушбу сифатларга эга бўлган барча мавжудотларга ўхшатилишига олиб келади [14:37]. Шунга кўра улар бундай сифатларни тавҳид принципи билан мувофиқ бўлган тарзда тафсир қилишга уринганлар ёхуд уларнинг ҳақиқий маъносини маълум қилишни Аллоҳнинг ўзига қўйиб берганлар [2:374]. Абу-л-Ҳасан Ашъарийнинг эътиқодича эса Аллоҳга нисбат берилган юз, қўл ва кўз каби сифатларни уларнинг тўғри маъносида тушунмоқ керак [6:290]. Мустамлий Бухорий Аллоҳга нисбат берилган сифатларни уларнинг тўғри маъносида талқин қилишдан сақланиб, уларни таъвил қилиш тарафдори бўлган [3/1:311].
2.3. Эшитиш ва кўриш. Мотуридийлар эътиқоди бўйича эшитиш сифати эшитиладиган нарсалар, кўриш сифати эса кўринадиган нарсаларга боғлиқ бўлиб, ушбу икки сифат бир-биридан фарқ қилади [10:40]. Уларнинг ишонишларича, эшитишнинг эшитиладиган нарсаларга, кўришнинг эса кўринадиган нарсаларга боғлиқ эканлиги инкор қилиб бўлмайдиган икки тушунчадир [12:10]. Ашъарийлар эса бунга қарама-қарши ўлароқ эшитиш ва кўриш эшитиладиган нарса ва кўринадиган нарсалардан ташқари ҳар қандай бошқа нарсага боғлиқ бўлиши мумкин, деганлар [10:40]. Уларнинг эътиқодича, кўринадиган нарсаларни кўриш орқали англаш Аллоҳга вожиб эмас, балки ўша нарсани эшитиш орқали англаш Унга жоиздир. Аммо Аллоҳнинг одати шундай шаклланганки, унинг англаши кўриш орқали амалга ошади. Эшитиш сифати борасида ҳам қоида шундайдир [10:40]. Мустамлий Бухорий ҳам мотуридийлар каби эшитиш ва кўриш сифатлари боғлиқ бўлган нарсаларни бир-биридан алоҳида деб билган [3/1: 323, 258].
- Бошқа масалалар
3.1. Жабр ва ихтиёр. Мотуридийлар ва ашъарийлар на мутлақ жабрни, на мутлақ ихтиёрни маъқуллаганлар. Улар касб (ўзлаштириш) назариясини ўртага ташлаганлар. Ушбу назарияга кўра, Аллоҳ ишларни яратади, инсонлар эса уларни ўзлаштириб оладилар. Бироқ мотуридийлар бу масалага кўпроқ таклиф (бурч) ва жазо (мукофот ёки жазо) нуқтаи назаридан, ашъарийлар эса Аллоҳнинг машийяти (иродаси) нуқтаи назаридан ёндашганлар. Мотуридийлар эътиқодига кўра инсон ўз ишига таъсир кўрсата оладиган куч ва истакка эга бўлиб, бу таъсир ишнинг тоат ёки маъсият характерига эга бўлишига сабаб бўлади [15:167-168]. Ашъарийлар бунга қарама-қарши равишда касбни қуйидагича тафсир қилганлар: банда бирор ишни қилишни истаса, Аллоҳ ўша ишни унда яратади, бунда инсоннинг исташининг ўзи Алллоҳ кучи билан яратилади. Шунга кўра, инсон ишни ўзлаштириб олишдан ташқари унга бирор бир таъсир ўтказа олмайди. Мустамлий Бухорий ўзининг бу тўғридаги батафсил баҳсида инсонни ҳақиқий иш эгаси деб билган. У жабр ва икроҳ (кишини ўзи истамаган ишига мажбурлаш)га қаршилик қилиб, инсонни ўз ишларида ихтиёрли (мустақил) деб таништирган. Унинг эътиқодича инсон ўз ишларида ихтиёрли бўлмаганида эди, яхши ишлари учун мукофотлаш ва ёмон ишлари учун азоблашдан маъно бўлмасди [3/1:442-443, 454-456].
3.2. Аллоҳнинг кофирга неъмат бериши. Мотуридийлар эътиқодига кўра, Аллоҳ кофирга неъмат беради, аммо бу неъмат фақатгина бу дунёда унга насиб қилади [15:168-169]. Ашъарийлар мотуридийларга қарама-қарши ўлароқ шундай қарашга эгалар: «Кофир бу дунёда ҳам, охиратда ҳам неъмат эгаси бўлмайди. Аллоҳ унга берган тириклик ва ризқ уни Аллоҳга душманлик қилишга эмас, балки Аллоҳга тоат қилиш ва Унинг розилигига эришишга сарфлаш шарти билангина неъмат ҳисобланади. Акс ҳолда у неъмат ҳисобланмайди» [4:43; 15:169]. Мустамлий Бухорийнинг бу масаладаги қарашлари мотуридийлар қарашларига ўхшаб кетади. Чунки у ҳам кофирнинг бу дунёда неъматга эга бўлишига ишонади. Унинг эътиқодича кофир мўмин каби бу дунёнинг неъматларидан фойдаланади, аммо охират неъматлари фақатгина мўминларга аталган [3/2:535].
3.3. Тоқатдан ташқари ишга бурчли қилиш. Мотуридийларнинг эътиқодича Аллоҳ бандаларини тоқатидан ташқари ишларни қилишга бурчли қилмайди [15:171]. Ашъарийлар эса Аллоҳнинг қудрати мутлақ бўлиб, у бандаларини кучлари етмайдиган нарсаларга ҳам бурчли қилиши жоиздир, деганлар [4:127; 13:83]. Мустамлий Бухорий ҳам, гарчи бандаларга уларнинг тоқатидан ташқари ишларнинг юкланиши мумкинлигини эътироф этса-да, амалда, худди мотуридийлар каби, Аллоҳ уларни фақатгина уларнинг имконияти даражасидаги ишларни бажаришга бурчли қилишига ишонади [3/4:1568].
Мустамлий Бухорийнинг ақидавий масалаларга оид қарашларида мотуридия ва ашъария калом мактаблари таъсири масаласига бағишланган ушбу мақолада қуйидаги асосий хулосаларга келдик:
- Мустамлий Бухорий каломга оид масалаларга аҳли суннат вал-жамоат ақидаси нуқтаи назаридан ёндашган бўлиб, бунда асосан суннийликда мавжуд бўлган икки калом мактаби – мотуридия ва ашъария таълимотларига таянган.
- Мустамлий Бухорий мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларида ихтилофли бўлган масалалардан тўрттасида (иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш; Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиш-бўлмаслиги; тоат қилувчини азоблаш ва осийни мукофотлаш; бахтиёрлик ва бахтиқаролик) ашъарийларга, ўн биттасида (имоннинг таърифи; имоннинг кўпайиши ва камайиши; имонда истисно; имонда тақлид; имон ва ислом; таквин (бўлдириш); Аллоҳга нисбат берилган сифатлар; эшитиш ва кўриш; жабр ва ихтиёр; Аллоҳнинг кофирга неъмат бериши; тоқатдан ташқари ишга бурчли қилиш) мотуридийларга эргашганганлиги унинг каломга оид қарашларида ашъария таълимотидан кўра мотуридия таълимоти таъсири кўпроқ бўлганлигини кўрсатади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Жалолий, Лутфуллоҳ. Мотуридия тарихи ва ақидалари. – Қум: Динлар ва мазҳабларни ўрганиш ва тадқиқ этиш маркази, 1386/2007.
- Шариф, Миён Муҳаммад. Исломдаги фалсафа тарихи [Таржимон ва нашрга тайёрловчи: Насруллоҳ Пуржаводий]. – Теҳрон: «Университет нашр маркази», 1362/1983.
- ал-Мустамлий ал-Бухорий, Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад. Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф. 5 рубълик. 1, 2, 3, 4 ва 5-рубълар. Муҳаммад Равшан таҳрири остида. Теҳрон: «Асотир». 1363–1366/1984–1987. – 2332 б.
- Абу Азаба, Ҳасан ибн Абдулмуҳсин. Ар-Равзат ал-баҳийя фи ма байн ал-ашоира ва-л-мотуридия [Али Фарид Даҳруж тадқиқи ва таҳрири остида]. – Байрут: «Дор ус-сабил ар-рашод», 1416/1996.
- Ашъарий, Абу-л-Ҳасан Али ибн Исмоил. Ал-Ибона ан усул ад-диёна [Башир Муҳаммад Уюн таҳрири остида]. – Дамашқ-Байрут: «Дор ул-баён», 1420/1999.
- Ашъарий, Абу-л-Ҳасан Али ибн Исмоил. Мақолот ул-исломиййин ва ихтилоф ал-мусаллин [Ҳелмут Риттер таҳрири остида]. – Байрут: «Франц Штайнер», 1400/1980.
- Ашъарий, Абу-л-Ҳасан Али ибн Исмоил. Ал-Лумаъ фир-радд ала аҳл аз-зийғ ва-л-бидаъ [Ҳамуда Ғароба таҳрири остида]. – Қоҳира: «Ал-Мактаба ал-азҳария лит-турос», 1993.
- Ал-Баёзий ал-Ҳанафий, Камолиддин Аҳмад. Ишорот ул-маром мин иборот ал-имом Аби Ҳанифа ан-Нуъмон фи усул ад-дин [Юсуф Абдураззоқ таҳрири остида]. – Миср: «Ширкат ул-Мустафо ал-боний», 1368/1989.
- Ат-Тафтазоний, Саъдиддин. Шарҳ ул-мақосид фи илм ал-калом [Абдураҳмон Умайра таҳрири остида]. – Байрут: «Олам ул-кутуб», 1409/1989.
- Ат-Тафтазоний, Саъдиддин. Шарҳ ул-ақоид ан-насафия [Аҳмад Ҳижозий ас-Саққо таҳрири остида]. – Қоҳира: «Мактабат ул-куллиёт ал-азҳария», 1408/1988.
- Ал-Жувайний, Абдулмалик ибн Абдуллоҳ. Ал-Иршод ила қавотиъ ал-адилла фи усул ал-иътиқод [Закариё Амирот таҳрири остида]. – Байрут: «Дор ул-кутуб ал-илмия», 1416/1995.
- Шайхзода, Абдураҳим ибн Али. Мотуридийлар ва ашъарийлар ўртасидаги ихтилофли масалалар баёнига бағишланган «Ягоналар тизими ва фойдалар мажмуаси» асари. – Миср: «Матбаа ал-адабия», 1317/1899.
- Субҳий, Аҳмад Маҳмуд. Калом илми ҳақида. 2-жилд. – Байрут: «Дор ун-наҳзат ал-арабия», 1405/1985.]
- Мотуридий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад. Ат-Тавҳид [Абдулғани Ноблусий таҳрири остида]. – Байрут: «Дор ул-кутуб ал-илмия», 1427/2006.
- Мотуридий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад. Таъвилот аҳл ас-сунна [Маждий Бослум таҳрири остида]. – Байрут: «Дор ул-кутуб ал-илмия», 1426/2005.