Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДА ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ТУРИЗМ СОҲАСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТАДБИРЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОНДА ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ТУРИЗМ СОҲАСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТАДБИРЛАРИ

Ўзбекистонда 2016 йилдан эътиборан барча соҳалар қатори туризм соҳасида ҳам кенг миқёсда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўплаб мамлакатлар фуқароларига визасиз ёки енгиллаштирилган тартиб жорий қилинди. Мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Аммо, коронавирус пандемиясининг бошланиши мазкур соҳа фаолиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Шу сабабдан мазкур соҳа тарихини ёритиш ва уни илмий таҳлил қилиш ҳозирги кундаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Мазкур соҳани ривожлантириш бўйича биринчи навбатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди[1]. Ушбу Фармонга мувофиқ сайёҳлик мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди.

Мазкур давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан бир қатор мамлакатлар фуқароларига мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Яна кўплаб давлат фуқароларига эса виза бериш тартиби соддалаштирилди. Амалга оширилган мазкур тадбирлар тез орада ўз натижасини бера бошлади. Жумладан, 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йил бу кўрсаткич 6,7 миллион кишига етди. Ўзбекистон ўндан ортиқ нуфузли халқаро нашрларда энг жозибали туристик маскан сифатида эътироф этилди[2]. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўтказиладиган турли фестиваллар ва кўргазмалар орқали ҳам мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш мақсад қилинди. Амалга оширилган мазкур тадбирлар мамлакатимиз туризм салоҳиятини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Аммо, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалган коронавирус пандемиясининг 2020 йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда ҳам қайд этилди. Кейинги куни инфекцияга қарши чоралар сифатида мамлакатимиз ташқи ва ички сайёҳлар учун ёпилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жумладан, 1,5 мингдан ортиқ туроператорлар, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди. Бу гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир кўрсатди[3].

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат томонидан тегишли тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2020 йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони[4] эълон қилинди. Мазкур Фармонда белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг фаолиятини бошлаш, фуқароларига Ўзбекистон Республикасига киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда кириш туризмни босқичма- босқич қайта тиклаш, шунингдек 2020 йилнинг 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилиши ва бошқалар белгиланди[5].

Шу билан бирга, Президент Фармони ва Қарорлари билан мамлакатда ички туризмни ривожлантириш йўллари белгиланди. Жумладан, мамлакатимизда пандемия шароитида ички туризмни тиклаш бўйича хорижий тажриба ўрганилиб, унинг республикага мос жиҳатларини амалиётга жорий этиш кўзда тутилди. Шу йилнинг май ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишуви чоғида давлатимиз раҳбари томонидан биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлиги таъкидланди[6]. Бу эса ўз навбатида иқтисодиётнинг мазкур тармоғини пандемия шароитида янада қўллаб-қувватлаш ишларида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу борада халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам олиб борилди. Жумладан, туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирларининг видеоконференция шаклида бўлиб ўтган V йиғилишида туризм соҳасининг пандемия шароитидаги ҳолати, Кенгаш мамлакатларининг туризм секторини жонлантиришга доир тажрибаси, Турк кенгашига аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклашга оид чора-тадбирлар ҳамда давлатларнинг сайёҳлик йўналишларини илгари суришга қаратилган турли лойиҳа ва ташаббуслар муҳокама қилинди[7]. Ушбу тадбирлар коронавирус пандемияси даврида туризм соҳасини ривожлантириш стратегиясининг шакллантирилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Кейинги пайтларда ҳам пандемия шароитида туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилди. Жумладан, 2020 йил 19 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини санитария-эпидимиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори[8] қабул қилинди. Мазкур Қарорда пандемия шароитида туризни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар белгилаб берилди. Жумладан, 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб рейслар сони ва йўналишлар бўйича чекловлар бекор қилиниб, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги ҳаво эркинлигини назарда тутувчи “Очиқ осмон” режими Андижон, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилиши белгиланди[9].

Шу билан бирга, Қарорда юртимизга келаётган сайёҳларнинг саломатлигини асраш бўйича ҳам тегишли вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, унга мувофиқ мамлакатда “Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН” (Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED) санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимининг жорий этилиши, туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат ушбу тизимнинг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилиниши, шунингдек туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда мазкур тизимнинг мажбурий тартибда жорий этилиши ва бошқа тадбирлар белгиланди[10].

Шунингдек, қарорга мувофиқ дунёда биринчи марта Ўзбекистонда янги амалиёт жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўлаб берилиши кўзда тутилди[11].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, пандемия даврида иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва унинг фаолиятини янги шароитларга мослаштириш тадбирлари амалга оширилди. Бу борада Президент Фармони ва Қарорлари эълон қилинди. Уларда пандемия шароитида туризмни ривожлантириш йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистонда амалга оширилган бундай ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам муносиб баҳоланди. Шу ва бошқа омиллар пандемиядан кейинги тараққиёт учун муносиб замин бўлиши шубҳасиздир.

Жонибек ЖУМАЕВ
Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази
Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи
___________________________________________________________________________________
[1] Lex.uz
[2] Ўз.А. Туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди// Халқ сўзи 2020 йил, 28 май, № 112 (7614), -Б.1.
[3] Ўз.А. Туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди// Халқ сўзи 2020 йил, 28 май, № 112 (7614), -Б.1.
[4] Ўзбекистон Республикси Президентининг Фармони: “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” // Халқ сўзи 2020 йил, 29 май, № 113 (7615), -Б.1-2.
[5] Шарипов У. Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун катта имкониятлар бериляпти// Халқ сўзи 2020 йил, 29 май, № 113 (7615), -Б.1-3.
[6] Ўз.А. Туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди// Халқ сўзи 2020 йил, 28 май, № 112 (7614), -Б.1.
[7] Хонназаров Ғ. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши туризм вазирларининг V йиғилиши// Халқ сўзи 2020 йил, 24 июн, № 132 (7634), -Б.1-2.
[8] Lex.uz
[9] Ғаниев А. “Очиқ осмон” режими – туризм равнақида янги уфқларга йўл// Халқ сўзи 2020 йил, 24 июн, № 132 (7634), -Б.2.
[10] Lex.uz
[11] Қосимов Ж. Хавфсиз саёҳат: Ўзбекистонда бу қандай амалга оширилади// Халқ сўзи 2020 йил, 28 июн, № 136 (7638), -Б.1-2.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …