Home / МАҚОЛАЛАР / ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ ТАСАВВУФИЙ – ИРФОНИЙ ҚАРАШЛАРИДА ТАВБА МАСАЛАСИ

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ ТАСАВВУФИЙ – ИРФОНИЙ ҚАРАШЛАРИДА ТАВБА МАСАЛАСИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар орасида буюк аждодларимиз илмий меросини ўрганиш ва ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида беназир алломаларимизнинг пурмаъно ҳикматлари ва асарларидан самарали фойдаланиш ҳамда ўрганишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Хусусан, Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин” [5].

Маълумки, ўрта асрларда илм-фаннинг жадал ривожланиши билан бирга, тасаввуф илми ҳам юксак даражада тараққий этди. Тасаввуф илмининг юксак даражада тараққий этишига асосий сабаб эса, тасаввуф аҳлининг Аллоҳга иймон келтиришда инсон моҳиятини англашга алоҳида эътибор қаратгани диққатга сазовордир. Муаззам Шарқнинг буюк мутасаввиф олими Жалолиддин Румий ҳам ўз даврининг ниҳоятда серқирра ва машҳур алломаларидан ҳисобланади. Жалолиддин Румийнинг фалсафий қарашларини ўрганиш ва англаш баробарида биз фалсафанинг бир қатор долзарб масалаларини ҳам ўзлаштира бошлаймиз. Тасаввуфнинг илк даврларидаёқ мақомат ва тариқат асослари ишлаб чиқилган. Абу Мансур Саррож тариқатнинг мақомларини қайд этган ва улардан биринчисини тавба мақоми деб зикр этади. Шарқ тасаввуф адабиётларида тавба мақомига жуда кўп дуч келамиз. Хусусан, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарида ҳам бу мақом билан боғлиқ бир қатор ҳикоятлар ва ҳикматлар бисёр. Масалан, “Маснавийи маънавий”нинг 5 жилдида “Насуҳ тавбаси” ҳикояти келтирилади. Унга кўра, қадимда Насуҳ исмли бир эркак бўлган экан. Аммо унинг қошу кўзи, овози худди аёлларники сингари эмиш. У ўзининг ташқи қиёфасидаги бу белгилардан фойдаланиб, шайтон измига кириб, аёллар ҳаммомида даллоклик*[1] қиларкан. У ўзининг бу қилмиши Ҳаққа хуш келмаслигини англаб, бу йўлдан қайтмоқчи бўлар, аммо шаҳвоний нафси унга устунлик қиларди. Кунларнинг бирида ҳаммомга келган маликанинг қимматбаҳо зираги йўқолиб қолибди. Канизаклар ҳаммомнинг ҳамма бурчагини тинтиб чиқишибди, аммо зирак топилмабди. Шунда малика ҳаммомнинг эшикларини беркитишни ва ҳаммани ечинтириб, текширишни буюради. Буни эшитган Насуҳ қўрқувдан титрай бошлайди. У тинмай Тангрига шундай илтижо қиларди:

Эй худо, айбимни беркитсанг агар,

Тавба қилдим, этмагаймен бошқа гал.

Боз қабул эт, Тангри, тавба айлагум,

Тавба деб юз бир камарни бойлагум.

Тавбани бузсам, юзим бурсам яна,

Майли, сўнгра оҳу – воҳим тинглама [2: 206]. ( 2266-2268 байт)

Насуҳ ҳозир сири фош бўлишини ва малика уни жаллод қўлига топшириши муқаррарлигини билиб, кўз ёш тўкиб турганда, канизаклардан бири йўқолган зирак топилганлигини хабар беради. Насуҳ Аллоҳга шукроналар айтиб, ич-ичидан тавба-тазарру қилиб ҳаммомдан чиқиб кетаётганида бир канизак уни малика ўз ҳузурига чорлаётганини айтади. Насуҳ канизакка:

Ўзга даллок изласин Шаҳбону то,

Қўлларим ишдан чиқиб, бўлмиш адо. (2322 байт)

Тавба қилдим, бузмагаймен, эй Худо,

Бўлмагунча токи жон тандин жудо (2325 байт)

дея жавоб беради ва ҳаммомни тарк этади.

Ушбу ҳикояда чин, самимий тавба қандай бўлиши кераклиги ёрқин мисол орқали баён этилган.

“Таҳрим” сураси 2- ояти бундай бошланади: “Эй иймон келтирганлар. Аллоҳга насуҳ тавбаси ила (яъни, ниҳоят самимий бир шаклда) тавба қилинг”.

Оятдаги “насуҳ” сўзининг маъноси тафсирларда батафсил тушунтирилади. “Насуҳ” сўзи – самимий ва покиза қалб ила қилинган, жиддий, холис каби маъноларни ташийди. Ҳаққа қайтиб, юраги ёниб, хато ҳаракатини, гуноҳини қайта такрорламасликка қатъий қарор қилишни ифодалайди.

Бундай залворли маънони зеҳнларга чуқур сингдириш учун Румий ҳазратлари ушбу ҳикоятга мурожаат қилган. Астойдил қилинган тавба маъносидаги “насуҳ” сўзини бир шахснинг исми, ҳикоя қаҳрамони сифатида қаламга олган [4: 190].

Биз юқоридаги ҳикоятда Насуҳ қилган қилмишларига тавба қилганини таҳлил этдик. Аммо, тавба ўзи нима, инсон қандай ҳолатда тавба қилади деган ҳақли саволларга жавоб топмадик.

Беназир олим, тасаввуф илми билимдони Н. Комилов ўзининг “Тасаввуф” китобида тавбага шундай таъриф беради: “Тавба – қайтиш демак, яъни камолотга, олий ахлоқий сифатларга қайтиш. Тавбани боб ул-абвоб эшикларнинг эшиги ҳам дейдилар, чунки тариқатга қадам қўйган одамнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади. Тавбанинг ҳақиқати шуки, солик Худога етишиш йўлида ғов бўладиган жамики нарсалардан юз ўгиришга қасамёд этади, бутун интилиши, таважжуҳини Аллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади..” [3: 27].

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” асарида эса тавбанинг икки тури борлиги баён қилинади. Булардан биринчиси инсоннинг қилган гуноҳи, нотўғри иши учун парвардигорга истиғфор айтиши бўлса, иккинчиси баъзан шайтон измига кириб, кўнглимиздан бадбин ўй-хаёлларни ўтказишимиз ёки кимгадир зарар етказувчи ҳолатлар ҳақида хаёлан ўйлашимиз ва тезда бу фикримиздан қайтиб, ботинан тавба қилишимиздир.

Жалолиддин Румийнинг фалсафий-ирфоний қарашларида тавба мавзусига бот – бот мурожаат қилинган. Тавба руҳий ҳолатдир. Румий тавба мавзусига ўз асарларида дуалистик жиҳатдан ёндашган. Яъни тавбанинг баъзи ўринда хос тавбаси, баъзи ўринда эса авом тавбаси деб талқин этган. Румий хос тавбаси иборасини Ҳақ йўлига кирган, сўфийлик хирқасини кийган кишиларга нисбатан қўллаган бўлса, авом тавбаси тушунчасини оддий кишиларга нисбатан қўллаган.

Мавлоно Румий шундай дейди: “Тавбага бир ёруғлик керак, тавбага бир чақмоқ, бир булут шарт. Кўнгил чақмоғи ила икки кўз булути бўлмагач, яъни кўз ёши тўкмагач, таҳдид ва ғазаб оташи қандай ўчсин?” Инсон қачон тавба қилади, қачонки у ўз қилаётган нотўғри қилмишлари учун қаттиқ ҳаёт зарбасига учраса, бу ҳолат чақмоқ сингари шуурига таъсир этса, қора булут пардалари билан қопланган қўзлари очилиб, қилмишлари учун пушаймонлик кўз ёшларни тўкса, бу истиғфор тавбаси бўлади. Истиғфор тавбаси туфайли инсондаги таҳдид, яъни қўрқув ва ғазаб оташи сўнади. Юқорида биз тавба сўзининг луғавий маъносини “қайтиш” деб изоҳладик. Демак, тавба гуноҳдан яхшиликка қайтишни ифодаловчи тушунчадир. Тавба инсонниг посбони, шоҳу гадонинг соябонидир. Муборак ҳадиси шарифларда ҳам мўминлар қилган барча гуноҳлари учун тавба қилиши ва Тангри уларни албатта кечириши зикр этилади. Инсонда умрининг сўнггигача тавба қилиш имкони бор. Зеро, ҳадисларда ҳам қиёмат келгунига қадар тириклардан тавбанинг қабул бўлиши билдирилади. Тавба инсонни шармандаликдан асрайди. Шунинг учун Улуғ Тангри тавба қилмоқликни ҳар бир мўминга фарз айлаган. Тасаввуфда ҳам тавба олий мақом даражасига кўтарилган. Тавба хусусида “Маснавийи маънавий”да яна шундай сатрлар бор:

Тавба тулпори ажаб тулпор эрур,

Лаҳзада авжи фалакка юксалур [2: 47]. ( 465-байт)

Бу мисрада тавба учқур тулпорга қиёсланмоқда. Тулпор учқур бўлса, тезда манзилга етказади. Худди шундай, қилинаётган тавба ҳам чин дилдан бўлса, Аллоҳ уни қабул айлайди ва инсон руҳий покланиш манзили томон дадил одимлайди.

Румийга кўра, бировнинг ҳаққига хиёнат қилган, бировнинг ҳаққини еган одам ўз нафсига маҳбус бўлади. Бундайлар андак тавбани ўзларига эп кўрсалар, нафс хуружидан қутуладилар. Агар инсон чин дилдан тавба қилиб йиғласа, бу фарёддан Арш ларзага келади ва Арш худди онадек унга қўшилиб инграйди, чин дилдан истиғфор кўз ёшини тўкаётган кишига қўл чўзиб, унинг гуноҳларини осмонга олиб кетади. Шу тариқа истиғфор айтгувчининг гуноҳлари кечирилади. Шундан сўнг Тангри инсон айбини ёпади ва унга ризқ-рўз улашади, дейди Румий.

Румийнинг фалсафий-ирфоний қарашларида инсон концепцияси марказий ўринни эгаллайди. Инсондаги турли характерлар диалектик таҳлил қилинади. Хусусан, Румий инсон чин дилдан тавба қилса, бу унга савоб бўлиб ёзилишини баён қилади. Гуноҳкор банданинг ўз айбига иқрор бўлиб, иймон йўлида тавба-тазарру қилиши эса чин мўминлик белгисидир. Демак, чин дилдан, кўзда ёш, қалбда ихлос билан қилинган тавбайи насуҳ сабаб нафақат гуноҳлар кечирилади, ҳатто савобга айлантирилар экан. Қуръони каримнинг 25-сураси, 70-оятида шундай марҳамат қилинади: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ яна ўшаларнинг ёмонлик – гуноҳларини яхшилик – савобларга айлантириб қўюр” (25-сура, 70-оят) [1].

Аллоҳ таоло гуноҳи кечирилишини сўраб, тавба – истиғфор қилаётган бандасининг гуноҳини кечирмасликка ҳаё қилиши мўътабар манбаларда айтилган. Ушбу ҳолат Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ида қўйидагича баён этилади: “Ҳар вақтки, аҳволи паришони гуноҳкор бандаларидан бири тавба ва ружуъ қўлини қабул бўлур умиди билан даргоҳи самадониға кўтарса, Аллоҳ таоло унга илтифот этмас эса, яна ул банда талаби мағфират қилсин. Аллоҳ таоло 2 марра (марта) эъроз айлар эса, яна тазарру ва фиғон билан талаби мағфират этсин. Сўнгра Аллоҳ таоло айтур: Эй фаришталарим, батаҳқиқ, бандамдан ҳаё қилдим. Ваҳоланки, у бандамнинг мендан бошқа маъбуди йўқдир. Бас, батаҳқиқ ман уни мағфират этдим, яъни, ул бандамнинг дуосини қабул айладим ва мақсудини ҳосил қилдим. Зеро, бандамнинг кўп дуою фарёдидан уялурман” [5: 195].

Инсоннинг ҳар бир қилган ҳаракати саволдир ва севинч ёки қайғуси жавоб бўлади. Гўзал жавоб учун Аллоҳга шукрона келтириш, ёмон жавоб учун эса, Аллоҳга тавба қилиш лозим. Шукр ва тавба саволларнинг хилидан бўлиши ҳамда тавбадан кейин унинг (ўша саволнинг) хилидан бошқа савол бермаслик зарур [2: 160].

Бошига кулфат тушганда тавба-тазарру қилиб, кейин тавбасини унутадиган кишилар ҳақида Румий шундай дейди: “Киши тавба қилиб, пушаймонлик чекса, сўнг уни унутиб синаган нарсасини яна синамоққа киришса, абадий оламга гирифтор бўлгай. Тавбасида саботу қувват, ҳузур ва ҳаловат топмаса, тавбаси қабул бўлмаса, наъузу биллоҳ, у илдизи қирқилиб, кун сайин қовжираб боргувчи дарахтга ўхшар”.

Тавба иймон-эътиқодли инсонларнинг хирқасидир. Инсон фақат ўзи буюк деб билган, ҳурмат қилган зот олдида узр сўрайди, авф тилайди. Бу дунёда ҳеч бир банда бегуноҳ эмас. Жалолиддин Румий VII асрдан буён инсонларга қарата шундай хитоб қилади: “ Юз бора тавбангни бузган бўлсанг-да, яна кел. Умидсизланма, юз биринчи марта тавбага ният қил. Тавбанинг ғарб томонда бир эшиги бор, қиёматга қадар очиқдир. У қуёш Ғарбдан чиққунига қадар очиқдир, у эшикдан юз ўгирма”.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Қуръони карим.
  2. Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадир У. Маҳкам тарж. Янги аср авлоди, 2013й., 160-б
  3. Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. Ж. Камол тарж. 5-китоб. – Т.: 2005, 206-б.
  4. Комилов Н. Тасаввуф. 1-китоб – Т.: 2009. 27 – бет
  5. Маснавий ҳикояларига шарҳлар. Нашрга тайёрловчи А. Тилавов. – Т.: 2011. 190- б.
  6. Мирзиёев Ш. “ Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзланган нутқдан.
Васила ЧЎЛИЕВА,
НавДПИ тадқиқотчиси
____________________________________________________________________________________

[1] Даллок – ходим, массажист.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …