Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ БАКР ЖАССОС ШАХСИЯТИ

АБУ БАКР ЖАССОС ШАХСИЯТИ

Имом Али ибн Аҳмад Розий Жассос ҳанафийлик мазҳабида машҳур усул фақиҳларидан бири бўлишига қарамай, тарихий манбаларда аллома ҳақида кам маълумот учрайди. Бунинг сабабини олимлар турлича талқин қиладилар. Жумладан, Лакнавий ўзининг “ал-Фаваид ал-баҳийя” асарида айтганидек, баъзи олимлар уни муқаллид деб ҳисоблагани ҳам унинг тўғрисида кам маълумот берилишига сабаб бўлиши мумкин [6: 27].

Абу Бакр Жассоснинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларнинг кўпчилиги, асосан, Саймарийнинг “Ахбор Аби Ҳанифа ва асҳабиҳ”, Хатиб Бағдодий­­нинг “Тарих Бағдод” ва Ибн Абул Авфо Қурашийнинг “ал-Жаваҳир ал-мудийя фи тобақот ал-ҳанафийя” каби асарларига суянган.

Қуйида Абу Бакр Жассоснинг исми, куняси ва тахаллуси ҳамда туғилган ва вафот этган саналари атрофлича тадқиқ қилинади.

Олимнинг куняси Абу Бакр, исми Аҳмад, отасининг исми эса Али бўлган. Розий унинг нисбаси бўлиб, Рай шаҳрида туғилганини англатади. Аҳмад ибн Али “Жассос” лақаби билан машҳур имом фақиҳ бўлиб, мутаржимлар унинг исми, куняси ва лақаби борасида иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳабига доир манбаларда олимнинг исм, куня ва лақаби турлича қўлланилади. Жумладан, “ал-Хулоса” асари муаллифи “диялар ва ширкат” бобида ҳамда “ал-Ҳидоя” муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний “қисмат” бобида, шайх Жалолуддин ўзининг “ал-Муғний” асарида, шунингдек, Сарахсий, Дабусий ва Паздавийлар олимни “Жассос” лақаби билан зикр этган. “ал-Мийзан” асари муаллифи “Абу Бакр Жассос” тарзида, яъни куня билан лақабни биргаликда зикр қилган. Шунингдек, айрим ҳанафий олимлар “Розий Жассос” тарзида ҳам зикр этадилар. “Ал-Қуня” асари муаллифи эса олимнинг куняси, исм ва лақабини биргаликда зикр этган. Шамсулаимма Сарахсий бошқа бир ўринда “Абу Бакр Розий” сўзларини ишлатган. Ибн Нажжор ҳам ўзининг “ат-Тарих” асарида олим ҳақида шундай деган: “уни Жассос деб аташади” [5]. Бу маълумотларнинг барчаси “ал-Жаваҳир ал-музия” асарида батафсил келтирилган. Муаллиф буларни зикр қилишидан асосий мақсадини қуйидагича изоҳлайди: “Буларни келтиришимдан мақсад шуки, ҳанафий олимлардан бири мен билан шу мавзуда бир неча бор баҳслашди. Унинг таъкидлашича, Жассос ва Абу Бакр Розий иккиси бошқа шахслар. У ҳанафий мазҳабига доир баъзи китобларда “бу Абу Бакр Розий ва Жасосонинг гапи”, деган, яъни Абу Бакр Розий билан Жассос сўзлари “ва” боғловчиси билан ажаратилиб зикр қилинган иборани учратганини айтди. Унинг далили шу эди. Лекин бу котибнинг нусха кўчиришдаги хатоси ёки мазкур шахс асарни мутолаа қилишдаги янглишиши ёки мусаннифнинг хатоси экани аниқ. Бу бордаги тўғри сўз мен юқорида зикр қилган маълумотлардир” [8].

Шунингдек, Муҳаммад ибн Абдулбоқий Зурқоний “шарҳ ал-маваҳиб ал-ладунния” асари иккинчи фаслининг еттинчи бўлимида олимнинг бобосини ҳусайн исми билан ёдга олган [7:28]. Манбаларда олимнинг отаси ва бобоси ҳамда фарзандлари ҳақида маълумотлар учрамайди.

Абу Бакр Жассоснинг исми борасида айрим олимлар турли фикрларни билдирганлар.

Жумладан, “Кашф аз-зунун” асари муаллифи “аҳкам ал-Қуръан” асари муаллифини муҳаммад ибн аҳмад ал-жассос ар-розий тарзда келтиради. Шунингдек, Кархийнинг “ал-мухтасар”ига шарҳ ёзган шориҳларни санаганда абу бакр муҳаммад ибн али ал-жассос ибораларини қўллайди. Ҳожи халифа Жассоснинг “усул ал-фиқҳ” асари ҳақида маълумот бераётганда эса муаллифни имом Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассос деб зикр қилади. Абдулҳай Лакнавий бу ҳолга изоҳ бериб, шундай дейди: “бу хилма-хилликка қаранг. Ҳожи халифа ўз асарида абу бакр жассосни гоҳида аҳмад ибн али, баъзан муҳаммад ибн али ва баъзан эса Муҳаммад ибн Аҳмад исмлари билан зикр қилган. Тўғриси биринчиси (яъни аҳмад ибн али)дир” [7: 28].

Хатиб Бағдодийнинг саймарийдан, у эса абу бакр муҳаммад ибн мусо хоразмийдан қилган ривоятига кўра, Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассос Розий 305/917 йилда ўзи нисбат бериладиган рай шаҳрида туғилган, 325 йил, яъни 20 ёшигача шу ерда истиқомат қилган, сўнг бағдодга келган [10].

Абу Бакр Розий ҳақида келтирилган маълумотларга кўра, у хуросоннинг рай шаҳридан бўлиб, ҳаётининг асосий қисмини Бағдодда ўтказгани сабабли унга Розий Бағдодий нисбалари берилган. Шу боис олимнинг она шаҳри ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, қадимий рай шаҳри ҳозирги эроннинг теҳрон шаҳри яқинида жойлашган. Бугунги кунда мазкур шаҳар йўқолиб кетган бўлиб, Теҳрондан саккиз км жануби-шарқда унинг айрим ёдгорликлари сақланиб қолган. Бу шаҳарга ислом дини халифа Умар ибн Хаттоб даврида кириб келган бўлиб, аббосийлар даврида Рай мусулмон оламининг илмий, савдо ва саноат марказларидан бири ҳисобланган. Умроний бу шаҳар аҳолиси ҳақида шундай деган: “Аҳоли уч тоифадан иборат: шофиъийлар, улар озчиликни ташкил қилади, ҳанафийлар, улар нисбатан кўпроқ ва шиалар. Шаҳар аҳолисининг асосий қисми шиалардан иборат. Қишлоқлардан эса, асосан шиалар ҳамда оз миқдорда ҳанафийлар яшайди, лекин шофиъийларни қишлоқларда учратиш мушкил. Суннийлар ва шиалар орасида жанглар бўлиб ўтган ва бу жанглар суннийларнинг ғалабаси билан тугаган. Кейинчалик бу низолар ҳанафий ва Шофиъий мазҳаблари орасида ҳам содир бўлиб турган” [11: 116]. Ислом тарихида мазкур шаҳардан кўплаб машҳур илм намояндалари етишиб чиққан. Жумладан, табиб Абу Бакр Розий (ваф. 912 й.), мутакаллим Фахруддин Розий (ваф. 1209 й.)ларни санаб ўтиш мумкин [4: 35,109]. Абу Саъд Самъоний ўз даврида рай шаҳрида қирқ кун сафарда бўлиб, ўттизга яқин кишидан маълумот олганини айтади ва улардан Абу Абдуллоҳ Жарир ибн Абдул Ҳамид Розий (ваф. 804 й.), Абу Заръа Убайдуллоҳ ибн Абдул Карим Розий (ваф. 878 й.), Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Розий (ваф. 932 й.) номларини санайди [1: 25]. Араб тарихчилари келтирган маълумотларга кўра, 314/927 йилда сомонийлар Райни эгаллашади [3: 29]. Шундан сўнг шаҳарнинг Мовароуннаҳр билан ҳар томонлама алоқалари кенгаяди.

Олим ўз умрининг асосий қисмини ўтказган Бағдод шаҳри тарихига назар ташласак, 762 йилда аббосий халифа мансур томонидан халифаликнинг пойтахти сифатида Дажла ва Фрот дарёларининг энг катта кесишмасида, савдо йўллари кесишмасининг яқин шарқ ва олд осиёни туташтирувчи қисмида бу шаҳарга асос солинган. Шаҳар ўрнида мил.авв. ХIX асрдаёқ шу ном билан аталган аҳоли маскани бўлгани манбаларда қайд этилган. Бағдод пойтахтга айлантирилгач, у “мадинат ас-салом” олган расмий номига эга бўлди. Шаҳар тез суръатда ҳар томонлама ривожланиб, майдони янада кенгайди. Х асрга келиб у савдо ва ҳунармандчиликнинг йирик маркази тусини олиб, араб маданияти ўчоғига айланди. Бу вақтга келиб шаҳар Дажла дарёси қирғоқлари бўйлаб 7-8 километргача чўзилган, ҳисоб-китобларга қараганда аҳолиси сони 1,5 млн. кишини ташкил этарди [12].

Ўрта аср мусулмон маданияти аббосийлар ҳукмронлигининг дастлабки уч асри мобайнида ҳар жиҳатдан ривож топди. Айниқса, бу вақтга келиб адабиёт, фалсафа, диний илмлар ва табиий фанлар гуллаб-яшнади. Иқтисодиёт ва савдонинг кенг ривожи биринчи навбатда Эрон, Ироқ, Ўрта Осиё ва Мисрга ўхшаш кўпдан бери аҳоли яшайдиган қадимий мамлакатларда содир бўлди.

Бу даврда халифалик ҳудудидан ташқаридаги вилоятлар – шарқий Европанинг олис ўлкалари, узоқ шарқ, Ҳиндистон ва Ҳабашистон билан савдо алоқалари ўрнатилди. X асрда бу мамлакатлардаги сиёсий тушкунлик ва ички ҳолатнинг барқарор эмаслигига қарамай, моддий ва маданий ривожланиш тўхтаб қолмади. Бу жиҳатдан олганда швейцариялик шарқшунос олим Адам Мец бу даврни “мусулмон уйғониши” деб атаганига қўшилиш мумкин. XI аср ва ундан кейинги даврдаги туркий сулолалар мусулмон маданиятининг фаол таъсирини бошдан кечирдилар. Мусулмон маданиятига чинакам жиддий зарба берган мўғуллар бир неча ўн йилликлар мобайнида ислом билан ашаддий ёвлашдилар ва у билан боғлиқ ҳамма нарсага қарши турдилар [2: 27].

Саймарий айтади: “шайх Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий уч юз етмишинчи йил, зулҳижжа ойида вафот этди (370/980), унга шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий жаноза намозини ўқиб, ўз қўллари билан қабрга қўйди” [9: 95]. Бу якшанба куни еттинчи зулҳижжа ойида, яъни олимнинг олтмиш беш ёшига тўғри келиб, шу санада вафот этганлигида хилоф йўқ. Дафн қилинган жойи маълум эмас, сезкин Бағдодда вафот этган, деган.

Бурҳониддин АХМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самоний. Ал-ансоб/ ҳошия: Муҳаммад Абдулқодир. Ж. 3. – Байрут: Дору-л-кутуб ал-илмия, 1998.
  2. Босворт К. Э. Мусулмон сулолалари. – Т.: Фан, 2007.
  3. Ибн Асир. Ал-Комил фит-тарих. – Байрут: Дору-л-кутуб ал-илмия, 1998. Ж. 7.
  4. Ислом энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2004.
  5. Ибн Абулвафо. Ал-Жаваҳир ал-мудийя фи тобақот ал-ҳанафийя. Ж.1 – Ҳайдаробод: Дираят ал-маъариф ан-низомийя, йили кўрсатилмаган. – Б. 84; Тақийюддин ибн Абдулқодир ат-Тамимий ад-Дорий ал-Иззий ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Ат-Табақот ас-сания фи тарожим ал-ҳанафия. Ж.1. – Риёд: дар ар-рифоъий, 1983. – Б. 412-413; Бурҳонуддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. Ж.2. – Макка: ал-мактаба ат-тижария – Мустафо Аҳмад ал-Боз, 1994. – Б. 365; Бадруддин ал-Айний. Ал-Баная – шарҳ ал-ҳидая. Ж.11. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 416; Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл ас-Сарахсий. Усул ас-Сарахсий. Ж.1. – Байрут: Дар ал-маърифа, 1997. – Б. 10.
  6. Муҳаммад ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя. – Миср: Дар ас-саъада, 1903.
  7. Муҳаммад ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя. – Миср: Дар ас-саъада, 1906.
  8. Муҳаммад ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя. – Миср: Дар ас-саъада, 1906. – б. 27; Тақийюддин ибн Абдулқодир ат-Тамимий ад-Дорий ал-Иззий ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Ат-Табақот ас-сания фи тарожим ал-ҳанафия. Ж.1. – Риёд: Дар ар-рифоъий, 1983. – б. 413.
  9. Фуад Сезкин. Тарихат-турос ал-арабий. Ж.2.
  10. Хайриддин Зириклий. Ал-Аълам – Қомус тарожим ли ашҳур ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташрқин. Ж.1. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – б. 171; Абу Бакр Аҳмад ибн Али ал-Хатиб ал-Бағдодий. Тарих Бағдод. Ж.5. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2001.
  11. Шиҳабуддин Ёқут ал-Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж.3. – Байрут: Дар Байрут, 1984.
  12. Энциклопедия туризма Кирилла и Мефодия.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …