Нутқ – Аллоҳ таолонинг инсониятга берган энг улуғ неъматларидан биридир. Бошқа неъматлар қатори уни ҳам мақсадли, оқилона ва фойдали йўлда ишлатиш талаб этилади. Чунки тилни, нутқни тўғри ишлатмаслик инсоннинг дунё-ю охиратига катта зарар етказади.
Тилни сақлаш, уни бекорчи гаплардан тийиш одоб-ахлоқдан ва фазилатли хулқлардандир. Тилни сақлаш аввало фақат яхши гапларни гапириш, бефойда ва ёмон сўзлардан, ғийбат ва чақимчилик гапларидан узоқлашишни англатади.
Ислом мўминларни тилларини сақлашга ва ножоиз, нотўғри гапларни сўзламасликка чақиради. Чунончи, Қуръони каримда: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир”, (“Қоф” сураси, 18 оят) деб огоҳлантирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхши гапни гапирсин ёки сукут сақласин” дедилар, дейилган. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган).
Сукут кишини кўплаб муоаммоларга йўлиқишидан тўсувчи, бало-офатлардан омонда бўлишига сабаб бўлувчи омилдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда очиқ-ойдин таъкидланган бўлиб, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа нажот топади”, деганлар. (Термизий ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки жағи ва оёқлари орасидаги нарсаларнинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар, деб айтилган. (Бухорий ривояти).
Ҳадислардан тушуниладики, инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам бало келтирувчи нарсаларнинг каттаси – тилидан чиққан ёмон сўзлари экан. Шунинг учун уни сақлаган киши буюк офатдан омонда бўлади.
Ҳуда-беҳуда сўзлаш аввало инсоннинг ўзи учун, қолаверса ён-атрофдагилар, жамият учун ҳам зарардир. Чунки айнан тил инсонлар орасига совуқчилик тушишига, жамият парокандалигига сабаб бўлиб қолади.
Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши гуноҳкор бўлишига етарлидир”, деганлар (Муслим ривояти).
Тил офатларини санаганда, ғийбат, ёлғон, чақимчилик, тортишув, ҳақорат ва сўкиш, масхара-мазах, бефойда гап, мақтанчоқлик ва ҳоказоларни келтиришимиз мумкин.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Оғзингдан кўра қулоқларингни кўпроқ ишлат. Оз гапириб, кўп тинглашинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган”, деган.
Шу сабаб, гапиришдан аввал ўйлаб, муаммо келтирмайдиган, бировнинг обрўсига, ҳурматига тажовуз қилмайдиган, гуноҳ ва маъсият бўлмайдиган, “ҳар бир жойнинг ўз гапи бор, ҳар бир гапнинг ўз жойи бор” деганларидек, вақт ва жойга муносиб гапларни гапиришга интилиш лозим бўлади.