Home / МАҚОЛАЛАР / МАХДУМИ АЪЗАМ ТАЪЛИМОТИДА “ШАРИАТ”, “ТАРИҚАТ” ВА “ФУТУВВАТ”НИНГ УЙҒУНЛИГИ

МАХДУМИ АЪЗАМ ТАЪЛИМОТИДА “ШАРИАТ”, “ТАРИҚАТ” ВА “ФУТУВВАТ”НИНГ УЙҒУНЛИГИ

Тасаввуф мусулмон олами маънавий маданиятининг асосларидан бири сифатида шарқ халқларининг ахлоқий, эстетик ва фалсафий шаклланишига ижобий таъсир кўрсатдики, уни ва унинг намояндаларини яна ҳам чуқурроқ ўрганиш ва мукаммалроқ ёритиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир.

Махдуми Аъзам XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI асрнинг биринчи ярмида Марказий Осиё халқлари маънавий ҳаётида катта из қолдирган, нақшбандия тариқати ривожини янги даврда таъминлаган ва маълум тизимга солган, тасаввуф муаммолари бўйича йирик асарлар ёзган улуғ инсондир [2; 3][1].

Махдуми Аъзамнинг жуда катта асл ва ўзига хос орифий илмга эга бўлганлигини маноқиблар тасдиқлайди. Унинг ўзи илмнинг турли соҳалари, айниқса, тасаввуф, нақшбандия тариқатининг назарий ва амалий муаммоларини ечимларига оид илмий – тасаввуфий ғоялари 30 дан ортиқ рисолаларида баён қилинган.

Аҳли тасаввуф орасида “Аввал Қуръони карим, суннатда тасаввуф” деган ақида тасодифий айтилган фикр ёки дунёни илоҳий кўришнинг натижасигина эмас, балки тасаввуф илми ва амалиётида ҳам тасдиқланган ҳолатдир. Чунки, аввали илм Қуръони каримдадир, амал пайғамбарнинг суннатларини давом эттирмоқ, ихлоснинг боши эса иймондир. Аллоҳнинг ягоналигига, биру борлигига иймон келтириш – калимаи шаҳодат (“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”, яъни “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг элчиси”)ни билиш ва англашдан бошланади.

Махдуми Аъзам рисолаларида Қуръони каримда келтирилган оятлар ва ҳадисларга таянган ҳолда, ижтимоий ҳаётнинг турли масалалари ёки бирон бир зиддиятли воқеани ечимига оид хулосалар беради. Масалан: “Рисолаи одоб ус-соликин” асарида Муҳаммад (с.а.в.)нинг (“Ўз нафсини билиб Роббини билувчи инсон ўз Робби маърифатига восил бўлади) деган машҳур ҳадис шарҳи берилиб, унда соликнинг ўз пири-муршиди олдидаги тариқатий ва дунёвий-инсоний одоб тарзлари баён этилади. Бу рисола ёшларга устозга муносабат одоби ва нафсни тарбия қилишга кўмаклашади. “Насиҳат ус-соликин” рисоласида эса, “Мўминнинг қалби Аллоҳнинг курсисидур”  (Мўминлар қалби улуғ Аршдир) ҳадиси асосида ахлоқ қоидалари ва Аллоҳ буюрган маънавий қониқишга келишда қалбга қулоқ солиш, унинг ойнасини ғубордан тозалаш баён қилинади. Бу рисола ёшларни ўз-ўзини англаш, қалбига қулоқ солиш, қалбини поклашга ёрдам беради. “Танбият ус-салотин” рисоласида ҳукмдорларнинг фазилатлари, уларнинг оддий халққа адолатли бўлиши лозимлигини “подшоҳнинг бир соатлик адолати олтмиш йиллик ибодат савобига тенг” ҳадиси атрофида олиб борилган мушоҳадалар билан асослаб, раҳбарларни адолатли бўлишга чақиради. “Рисолаи биттихия” рисоласида эса, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Қолан-наби алайҳиссалом: “Ад-дунё мазраатул-охират” (Дунё – охиратнинг экинзоридир) ҳадиси шарифлари атрофида мушоҳадалар юритилган. Рисолада ёшларга умрни ҳар дамидан самарали фойдаланишга, умри охирида яхши (ҳосил олиш) натижаларга эришиш учун эътибор бериш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритилади.

Махдуми Аъзам рисолаларида Одам Атонинг яратилиш тарихига қайта-қайта мурожаат қилиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман” [1] (Бақара сураси, 30-оят) сўзларини зикр қилган. Аллоҳ таоло, аввало, ақлни яратган, шунинг учун ҳар бир банда ақл билан иш тутмоғи лозимлигини уқтириб, “Оқил ва  орифга биргина ишора кифоя қилиши”ни алоҳида қайд этган. Қуръони каримдаги “рижолун садақу мо аҳаду” [1] (Аҳзоб сураси, 23-оят) оятидан келиб чиқиб, одамларни ўз аҳду паймонларига садоқатли бўлишга даъват қилган. Айни вақтда “хайр-ун-наси ман йанфаъ-ун-наса”, яъни “Инсонларнинг яхшиси – одамларга кўпроқ фойдаси текканидир” мазмунидаги ҳадисдан келиб чиқиб, одамларни бир-бирига ўзаро ёрдам беришга, қўлидан келганича бировга яхшилик қилишга чақирган. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг, “аддабани Раббий биаҳсани таъдиби”, яъни “Парвардигорим мени энг яхши одоб ила сийлади” мазмунидаги ҳадисидан келиб чиқиб, одамларни маънавий баркамол бўлишга даъват этган. Шу ўринда “Ўзини англаган, Парвардигорини билади”, мазмунидаги ҳадиси шарифи ва ояти каримани бир неча маротаба эслатиб ўтган. Бу йўлда ўйлаб иш тутиш лозимлигини, “бир соатлик тафаккур бир йиллик ибодатдан афзал” мазмунидаги ҳадис талқинидан келиб чиқиб, такрор-такрор уқтирган. Тоат-ибодатга муккасидан берилиб кетишни қоралаган. Тоат-ибодатни халққа, жамиятга нафи тегадиган ишлар билан бирга қўшиб олиб бориш кераклигини, чунки ҳадисда айтилганидек, “ибодат ўн қисмдан иборат бўлиб, шундан тўққизтаси ҳалоллик талаби бўлса, қолган биттаси эса ибодат” эканлигини алоҳида  таъкидлаган. Бу билан Махдуми Аъзам ҳар бир инсоннинг луқмаси унинг бажарган хизмати эвазига келсагина ҳалол бўлишига катта урғу берган. Шу тариқа у одамларни покликка, софликка, эътиқодли ва имонли бўлишга даъват этган. Бу ўткинчи фоний дунё охират учун замин эканлигини ҳеч қачон эсдан чиқармасликни, айни вақтда, инсон гуноҳ қилмайман-ми, дея ўзини ҳаддан зиёд назорат қилмасдан, билганича, оқилона иш тутишини маъқуллаган. Махдум Аъзам агар бирор банда гуноҳ қилиб қўйгудек бўлса, Аллоҳ таолодан гуноҳларининг мағфират қилинишини сўраб тавба қилсин деган, чунки ҳадис ҳукмига биноан “тавба қилувчи банда гуноҳсиз банда сингаридур”. Мутасаввуфнинг таъкидлашича, “ҳар бир банда ўз мақсади йўлида дадил ва жиддий бўлмоғи лозим. Шундагина у муродига етишади. Одамлар ушбу фоний дунёда шариат, тариқат ва ҳақиқат сифатларини касб этиб, ўзгаларни амри-маъруфга ва мункар қилинган ишлардан сақланишга даъват қилсинлар”. Чунки, ушбу айтилган фикрлар “хайрли ишларга йўл кўрсатувчилар, ул ишларни қилувчилар сингаридурлар” ҳадис ҳукмига мосдир.

Махдуми Аъзамнинг фикрича, модомики Аллоҳ таоло ўз бандасини Ердаги халифаси (сояси) қилиб яратган экан, бунга муносиб бўлиш учун юқоридаги сифатларни эгаллаб, одамларни эзгуликка ундаш савоби азимдир. Чунки Қуръони каримда таъкидланганидек, “лаин шакартум лааъзиданнакум”, яъни “агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” [1] (Иброҳим сураси, 7-оят). Бундай одобни пухта эгаллаганлар Маккаи мукаррамани фатҳ қилурлар. Комил инсоннинг дил ойнаси – одиллик, илм, ҳикмат каби камолот сифатлари зоҳир бўлгандагина, у келгуси авлод учун муносиб ибрат бўла олади.

Хулоса қилиб айтганда, Махдуми Аъзам илоҳийлик ва инсонийлик, динийлик ва дунёвийлик айнан эмаслигини яхши билган, илоҳий тартиблар баён қилинган Қуръони карим ва ҳадислар инсон ҳаётини яхшилашини, уни маънавий, ахлоқий етук қилишини рисолаларида асослаб берган. Жамиятда яшаш, кишиларга хизмат қилиш, Аллоҳга чуқур эътиқод Махдуми Аъзам Косоний илмий-фалсафий ва ижтимоий-ахлоқий меросининг бош даъвати бўлган.

Хуршид САМАТОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти катта ўқитувчиси,
фалсафа доктори (PhD)
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қуръони карим. Таржимон ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети”, нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006.).
  2. Ислам. Энциклопедический словарь. – М.: Наука, 1991.
  3. Тринменгэм Дж. Суфийские ордена в Исламе. – М.: Наука, 1991.
[1]  Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий-Косонийнинг фаолияти ва мероси нари турсин ҳатто унинг исми шарифи ҳам ўтган асрнинг 90-йилларида Ғарбда нашр этилган аксарият йирик нашрларда зикр этилмаган эди.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …