Home / МАҚОЛАЛАР / Муҳтожларга ёрдам бериш, хайр-эҳсон қилиш, саховатли бўлишнинг ҳикмати

Муҳтожларга ёрдам бериш, хайр-эҳсон қилиш, саховатли бўлишнинг ҳикмати

Бизга қўшни маҳаллада умри косибчиликда ўтган бир отахон истиқомат қилади. Бир ўғил, уч қизи бор – барчалари уйли-жойли бўлишган. Уларнинг оиласи маҳалладаги намунали хонадонлардан ҳисобланади. Сабаби, Зиёвуддин ота ва унинг аёли фарзандларига гўзал тарбия бериб, уларни соғлом фикрли этиб камол топтирганлар.

Дилбандлари оёққа туриб, эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етгунларига қадар ота-она тиним билмай ҳалол меҳнат қилишган. Косибчилик орқасидан рўзғорини бутлаб, ҳатто маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, дўст-биродарлари орасидаги муҳтожларга моддий-маънавий кўмак беришган.

Ҳаж мавсуми яқин эди ўшанда, кўпчилик улуғ сафарга тайёргарлик кўраётган паллада отахоннинг ўғли ҳузуримга келди ва хайрли йўлда сарф этиш учун маблағи борлигини айтди.

– Маҳалламизда серфарзанд бир оила бор, – деди у сўз бошлаб. – Камхарж бўлгани учун уларга ҳар замонда ёрдам бериб турардик. Яқинда билдим, катта ўғлининг ёши ўттизга яқинлашиб қолибди, аммо уни уйлантиришга имконлари бўлмаяпти. Шу боис, оиламиз аҳли билан келишиб, қўшнимиз ўғлининг никоҳ тўйига қарашиб юборадиган бўлдик. Ҳаж ибодатига деб йиғиб қўйган сармоямизни олиб чиқдик. Қўшнимизнинг ночор аҳволини билиб туриб, ҳаж сафарига чиқишга истиҳола қиляпмиз.

Маблағни ўзларига топширишимиз ҳам мумкин эди, лекин кўнгиллари ўксимасин, деган андишага бордик, эҳсонни сиз орқали, махфий амалга оширмоқчимиз. Агар мумкин бўлса, “Маҳалладаги энг намунали оила бўлганингиз учун мукофот”, дебми, хуллас, бир йўлини топиб, шу пулларни айнан ўғлининг тўйига сарфлаши учун топширсангиз, деган илтимос билан келдим.

Бир инсон кўнглини ранжитмоқ – Каъбани вайрон қилиш демакдир. Лекин бир ўксик дилни яйратмоқ, унга қувонч бахш этиш гўё вайрон бўлган Каъбани тиклаган, обод этган билан баробар деб айтилади ҳикматларда. Шу маънода, бу инсоннинг илтимосини ўзи айтганидай бажардик ва дуога қўл очдик: “Ё Аллоҳ, аввало, ушбу хайр-эҳсонни улуғ даргоҳингда мақбул айлагин, унга ҳаж ибодатининг савобини бергин, унинг каби нияти холис, одамлар кўнглини авайлаб-улуғлайдиган солиҳ фарзандларимиз сафини кенгайтиргин. Парвардигоро, шундай олижаноб бандаларингни икки дунё саодатига мушарраф айла!..”

Дарҳақиқат, инсон ҳаёти моддий ва маънавий борлиқдан иборат. Демак, киши маънавиятини юксалтириши ҳамда моддиятини тузатиш учун тинимсиз ҳаракат қилмоғи, ғайрат кўрсатмоғи талаб этилади. Ушбу ояти карима фикримиз тасдиғидир: «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур. Унинг қилган саъйи (ҳаракати) яқинда (қиёматда) кўринур. Сўнгра у тўла жазо (ёки мукофот) олур» (Нажм, 39–41).

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган ибора қулоғимизга кўп чалинмоқда. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!

Динимиз таълимотида оила ва фарзандларининг нафақалари ва тарбияларига умрини бахшида қилган кишиларга жуда юқори даража ва мартабалар, ажру савоблар берилажаги тўғрисида башоратлар бор.

Оят ва ҳадисларда фақат етим-есирларга эмас, балки барча моддий-маънавий ёрдамга муҳтож кимсаларга мурувват кўрсатиш, бақадри имкон ёрдам қўлини чўзишга даъват этилади. Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, – деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган.

Демак, динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинган.

Бежизга Қуръони каримнинг бир неча оятларида, кўплаб ҳадиси шарифларда уларнинг ҳаққига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда.

Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг ҳолидан ва етим болалар аҳволидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам ва шафқат кўрсатайлик.

Маълумки, мамлакатимизда эзгуликка муҳтож ташна қалбларга, етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, хабар олиб туришлари ҳам айни савоб ишлардандир.

Бизнинг аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган халқ бўлган. Шундай экан биз ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмайлик.

Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.

Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда яшаётган етимларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик.

Шунингдек, “Мурувват” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Нурилло Джамалов
Наманган шаҳри “Яҳёхон тўра” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …