Home / МАҚОЛАЛАР / ФИТНА  ИНСОННИ ЗАЛОЛАТГА БОШЛАЙДИ

ФИТНА  ИНСОННИ ЗАЛОЛАТГА БОШЛАЙДИ

Бугунги кунда жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатиб бориш, айниқса ижтимоий тармоқлар телеграм, инстаграм, фейсбук каби интернет воситалари орқали турли хил фитналарга сабаб бўладиган мафкуравий хуружлардан огоҳ бўлиб яшаш давр талаби ҳисобланади. Ушбу воситалар орқали бир неча кишиларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир-бирини кофирга чиқариш, бировга туҳмат қилиш, шахсий, диний ижтимоий ҳолатларини масхара қилиш, турли норозилик кайфиятини уйғотиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда. Айниқса, ёшларимиз орасида бундай ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Улғайиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланиш, унинг онгида ватанга бўлган юксак туйғуни шакллантириб бориш ҳамда турли хил хуружлардан асраш, жамият олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Зеро жамият келажаги, халқ, миллатнинг бардавом бўлиши, юртимизнинг гуллаб яшнаши  ана шу тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши ва самарадорлигига боғлиқ.

Сўнги пайтларда баъзи хорижий оммавий ахборот воситалари, турли ижтимоий тармоқларда муқаддас ислом динини нотўғри талқин қилиб, ўзини ҳидоятга чорловчи уламо сифатида гавдалантирувчи сохта олимлар кўпаймоқда. Аслида уларнинг дин илмидан умуман хабари йўқ. Улар ўзларининг раҳнамолари ўргатган сўзларни такрорлашдан бошқа нарсага ярамайдилар. Улар ўз жоҳилликлари сабабли қанчадан-қанча инсонларни айниқса, ҳали дин тўғрисида тўлиқ илмга бўлмаган ёшларни адаштиришда давом этмоқдалар. Натижада бирон кишига ислом дини аслида эзгулик, яхшилик, хайр-саховат дини эканлигини тушунтирмоқчи бўлсангиз, дин деган сўзни эшитишни хоҳламайди. Дин ҳақида насиҳат қилсангиз, уларнинг баъзиларини онгида динни бир қўпорувчилик, бузғунчилик, қотиллик, деган тасаввур шаклланган. Буларнинг бари ўша сохта олимларнинг олиб борган хатти-ҳаракати, илм олмаслик, вақтни беҳуда нарсаларга сарф қилиш оқибатида пайдо бўлган тушунчалардир. Бундай ҳолатларда ёшлар фаолияти тақиқланган турли  оқимларга қўшилиб, бу қилган хатти-ҳаракатлари сабабидан ота-онаси, яқинлари жабр чекмоқда.

Интернет турли халқлар ўртасида турли низоларни келтириб чиқарувчи алоқа воситаси ҳисобланади. У ерда турли ёлғон хабарлар тарқатилади. Шу сабабли инсонларни оммавий норозиликлар чиқаришга даъват этади. Муқаддас ислом дини инсонлар орасига турли бўлмағур фитналарни солишни қаттиқ қоралаган. Фитнага алданган инсонни қалбида нотўғри тушунча пайдо бўлиб, ўз ака-укаси, ёру-биродарларини қилаётган ишини нотўғрига чиқаради. Натижада ўртада катта жарликлар пайдо бўлиб, меҳр-оқибат дея аталмиш муқаддас туйғу йўқолади. Аллоҳ таоло инсонларни турли ёлғон хабарларга ишонмаслик, уларни ўзгаларга тарқатмаслик тўғрисида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар[1].

Бу оятдан олинадиган фойда шуки, инсон ҳар-хил ёлғон хабарларни тўғрилигига ишонч хосил қилмасдан, унга ишониб кетиши, унга фикр билдириб, уни бошқаларга ҳам тарқатишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак экан.

Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз экани, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи экани, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасида сўралиш борлигини унутмаслик керак. Интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақтини сарфлаши қаттиқ қораланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши исломнинг ҳуснидандир”, дедилар[2] .

Интернетдаги имкониятлар кўпайиб кетганини баъзилар суистеъмол қилиб, ёлғон хабарлар, турли суратлар ва видеолавҳалар тарқатишга одатланишган. Мисол учун, Қуръони каримни беҳурмат қилгани учун қиёфаси жирканч ҳолатга келиб қолган бир қиз ҳақидаги сурат эълон қилинди. Бундай бўлиши мумкинмас. Қуръони карим бу каби ёрдамларга муҳтож эмас. Сохтакорлик ила тарқатилган мазкур хабар уламолар томонидан қораланган. Қуръони каримни эҳтиром қилиш кераклигини ўз йўли билан тушунтириш лозим. Зеро динимизда фитнага сабаб бўладиган сохта хабарларни тарқатишга рухсат йўқ[3].

Аслида вақт инсонга берилган баҳоси йўқ неъматлардан ҳисоблансада, соатлаб, ҳатто кунлаб вақтимизни ибодат, яхшилик, хайру саховат қилишга эмас, аксинча, интернетда бўлаётган турли хабарларни кўриб ўтириб, уларнинг на манбаини, на ишончлилигини суриштириб ўтирмай, яқинларимизга, таниш-билишларимизга тарқатиб юборишга исроф бўляпти.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир инсон ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ниҳоятда эҳтиёт бўлмоғи керак. Интернет дея аталмиш бу имкониятлардан фақат илм олиш мақсадида, яхшилик улашиш мақсадида фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Машраб Хидиров   
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
 
[1] (Ҳужурот сураси, 6-оят).
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. Т:.2012.Б.257
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. Т:.2012.Б.257

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …