Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛК ФИҚҲ МАКТАБЛАРИ: ИРОҚ ВА ШОМ МАКТАБИ

ИЛК ФИҚҲ МАКТАБЛАРИ: ИРОҚ ВА ШОМ МАКТАБИ

Аввалги мақолада маълумот бериб ўтилган Макка ва Мадина фиқҳ мактаблари каби саҳобалар даврининг охирларида Ироқ ва Шомда ҳам илк фиқҳ мактаблари шаклланди. Чунки, бу ҳудудларга ҳам Қуръон, суннат, ҳалол ва ҳаромдан таълим бериш учун фақиҳ саҳобалар юборилган эди.

Ироқ мактабининг асосини Басра ва Куфада шаклланган фиқҳ мактаблари ташкил этди.

Басра мактабининг шаклланишида катта ўрин тутган саҳобалардан бири Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудир. У киши фақиҳ саҳобалардан эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини Басрага волий қилиб юборганларида одамларни тўплаб, уларга қуйидагиларни айтдилар:

“Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Роббингизнинг Китобини ва Набийингизнинг суннатини ўргатишим учун ва йўлларингизни тозалаб беришим учун юборди”[1].

Бундан у кишининг уммат орасида илмда пешво эканликлари, одамларга исломдан таълим бериб, уларнинг йўлларини тозалаб берадиган даражада фақиҳ эканликлари маьлум бўлади.

Бундан ташқари Абу Мусо Ашъарийдан кўплаб фиқҳга оид ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Имом Бухорийнинг “Ат-тарих ас-сағир” китобида қуйидагича келади:

“Абу Зуръа Собит ибн Қайсдан, у Абу Мусодан марфуъ равишда “Пешинни салқинлатинглар” ҳадисини ривоят қилган”[2].

Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад” асарида эса қуйидагича келади:

Саид ибн Абу Ҳинд Абу Мусодан ривоят қилади:

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тилла ва ипак умматимнинг эркакларига ҳаромдир, аёлларига ҳалолдир”, дедилар[3].

Басра фиқҳ мактабининг яна бир йирик вакилларидан бири Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудир. У киши ёшликларидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлиб, илм ўрганганлар.

Кўпчилик бирор масала бўлса, ечимини Анас ибн Моликдан сўраб турганлар.

Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад” асарида қуйидагича келади:

Қатода Анас ибн Моликдан ривоят қилади:

  Анас: “Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайд ибн Собит саҳарлик қилишди. Қачонки, Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликдан фориғ бўлганида, бомдод намозига турди”, деди.

Шунда биз Анас ибн Моликка: “У зотнинг саҳарликдан фориғ бўлишидан то намозига киргунича орада қанча вақт бўлган эди?”, дедик. У: “Бирор киши беш оят ўқиган миқдорича”, деди.

Бу каби кўплаб фиқҳий масалаларда Анас ибн Моликнинг катта илмга эга фақиҳ саҳобалардан бўлганини билишимиз мумкин.

Кейинги даврларда Басра фиқҳ мактаби ривожига Имом Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрин, Абул Олия Рофий ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абдулҳасан Ясор ва бошқалар катта ҳисса қўшдилар.

Худди шу даврда шаклланган Куфа мактабининг ривожланишида катта ўрин тутган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.

У ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида ўқишни хоҳласа, Ибн Умму Абднинг қироатида ўқисин”, деганлар. Бу ерда Ибн Умму Абд ‒ Абдуллоҳ ибн Масъуддир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ундан ўзга илоҳ йўқ Зотга қасамки, Аллоҳнинг китобида мен унинг қачон ва қаерда нозил бўлганини билмайдиган сура йўқ. Ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини биламан”, деганлар.

Ушбу манбалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони карим қироати ва илмида катта илмга эга фақиҳ саҳобалардан эканлиги маълум бўлади. Кўплаб Ироқ фақиҳлари ундан таълим олишган.

Куфа фиқҳ мактаби ривожига кейинги даврда тобиъийнлардан Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Масруқ ибн Аждаъ, Қози Шураҳ, Амр ибн Шураҳбил Маҳдоний ва бошқалар хизмат қилдилар. Улардан сўнг Мансур ибн Мўътамар, Иброҳим Нахаъий ва Саид ибн Жубайрлар ушбу мактабни ривожлантирдилар.

Улардан сўнг бу икки мактаб асосида шаклланган Ироқ фиқҳ мактабини  Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг шогирдлари ривожлантирдилар.

Илк фиқҳ мактабларидан Шом мактабининг ўрни ҳам аҳамиятлидир. Бу мактабнинг йирик вакилларидан бири Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудир.

У киши дастлабки даврларда Мадинада фатво бериш билан шуғулланган. Сўнг Шомга ўтиб, у ерда исломдан таълим бера бошлаган.

 Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у киши ҳақида: “Муоз Шомга чиқди. Унинг чиқиши аҳли Мадинага фиқҳда тақчиллик туғдирди”, ‒ дер эди.

Муоз ибн Жабалнинг шу даражада илмга эга эканлигини ушбу ҳадисдан ҳам билиб олиш мумкин. У кишининг бир ҳудуддан бошқа бир ҳудудга кўчиб ўтиши одамлар ўртасида илмнинг тақчиллигига сабаб бўлиб қолган.

Бундан ташқари, Шом диёрига улуғ саҳобалардан Убода ибн Сомит ва Абу Дардо розияллоҳу анҳулар ҳам келиб, диндан таълим берганлар.

Шом мактабининг йирик вакилларидан бири Абдураҳмон Авзоийдир. У 88/707 йилда Ливаннинг Баълабакка шаҳрида таваллуд топди. У Молик ибн Анас, Жаъфар Содиқ, Суфён Саврий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад Сирийн, Абу Ҳанифа Нўъмон, Лайс ибн Саъд каби йирик фақиҳлар билан бир даврда яшаган.

Абдураҳмон Авзоийни “Имоми аҳли Шом” деб улуғлашган. У кишининг алоҳида фиқҳий мазҳаби бўлган. Лекин кейинчалик унутилиб кетган.

Шу тариқа саҳобалар даврининг иккинчи ярмида Макка, Мадина, Ироқ ва Шомда дастлабки фиқҳий мактаблар юзага келди ва кейинги даврда улар асосида алоҳида мазҳаблар шаклланди. Улар ушбу мазҳаблар учун пойдевор вазифасини ўтади.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. ‒Т.: SHARQ нашриёти, 2011. ‒ Б.80.
[2] Имом Бухорий. Ат-тарих ас-сағир. Маҳмуд Иброҳим Зайр таҳқиқи. ‒Байрут: “Дарул-маърифа”, 1986 й. ‒Б.268.
[3] Абд ибн Ҳумайд Кеший. Ал-Мунтахаб мин Муснади Абд ибн Ҳумайд / Абдуллоҳ Аҳмад ибн Иброҳим Абу Айнайни тахрижи. – Ироқ: Мактаба Ибн Аббос, 2009. 2 жилд. ‒Б.39-40.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …