Имом Бухорийнинг бош асари ҳисобланган “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китоби турли номлар билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли кишилар билади. Абу Наср Калабозий ўзининг “ал-Ҳидаяту вал иршаду фи маърифати аҳлу сиқот ва сидод” асарида, Қози Иёз “Машариқул анвар фи сиҳаҳил асар” асарида, Ибн Солаҳ “Муқаддимату фи улумил ҳадис” асарида, Нававий “Таҳзибул асмаи валғот” асарида келган маълумотларга асосан Саҳиҳул Бухорий асарининг тўлиқ номи қуйидагича: “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллама ва сунаниҳи ва айямиҳи”.
Китобнинг номини сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари, суннатлари ва айёмлари ҳақида қисқа, саҳиҳ, муснад тўплам”деган маъно келиб чиқади. Бу асарнинг бундай номланишини аллома Айний ҳам ўзининг “Умдатул Қорий” асарида тасдиқлаган.
Аммо, Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳумуллоҳ бу асарни “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадиси Расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”, яъни, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳақида жамловчи, саҳиҳ, муснад тўплам”деб номлади.
Бу асарнинг тўлиқ номланиши борасида айтилган сўзнинг энг мувофиқи юқорида айтилган биринчи фикрдир. Чунки тўлиқ сарлавҳадаги “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари” деган сўз “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси” деган сўздан кўра кенгроқ маънони ўз ичига олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг ичига айтган ҳадисларидан ташқари кўпгина суннатлари ҳам киради.
“Саҳиҳ” деган сўздан олдин “муснад” деган сўзнинг келиши эса, бу китобда келган ҳар бир ҳадис ровийлар санадига эга эканлигидан далолатдир.
Яна юқоридаги жамоат бу асарни номлашда “ал-мухтасар” деган сўзни зиёда қилди. Бунга сабаб қилиб,Имом Бухорийни шу асарни ёзишга ундаган қуйидаги устози Исҳоқ ибн Роҳавайҳ айтган сўзини келтириш мумкин. Хатиб Бағдодий машҳур “Тарихи Бағдод” китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг: “Устозим Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдик. У киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари бўйича ишонарли, мухтасар бир китоб жамласаларингиз-чи”, деб қолди. Мана шу гап қалбимга ўрнашиб қолди ва “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асаридаги ҳадисларни тўплашни бошладим”. Бу воқеанинг эътиборли тарафи шундаки, устозлари “мухтасар” (қисқа) деган сўзга урғу берган.Имом Бухорийнинг:“Мен саҳиҳ ҳадислардан иборат, чўзилиб кетмаган китоб ёздим” ва “Мен бу китобни олти юз мингта ҳадис ичидан туздим” деб айтган сўзлари ҳам бу асарнинг мухтасар бўлганига далилдир.
Албатта Имом Бухорий ўзининг бу асари Ислом қонунлари эҳтиёжи тушадиган барча соҳани ўз ичига олишини хоҳлаган. Ҳақиқатдан ҳам бу асар тафсир, ақоид, ҳадис, фиқҳ, сияр, сафар, фитналар, қиёматнинг белгилари, одоб-ахлоқ, фазилатларга оид ҳадисларни ўзида мужассам этгандир. Уламолар асарнинг “ал-Жомиъ” деб номланишига мана шуларни далил қиладилар.
Саҳиҳул Бухорийда келган ҳар бир муснад ҳадис у кишининг наздида саҳиҳ ҳадис бўлган. Буни у кишининг ўзи: “Жомиъ” китобимга фақатгина саҳиҳ ҳадисларни киритдим. Чўзилиб кетмасин деб, баъзи саҳиҳ ҳадисларни ҳам тарк қилдим”, деб ҳам эътироф этган. Шундай бўлсада бу асардаги ҳадисларни Дориқутний ва у кишидан бошқа баъзи кишилар танқид остига олган. Аммо, бунга ўз ўрнида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Фатҳул Борий” китобида етарлича жавоб қайтарган. Нима бўлгандаям, Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларни тўплашдаги ижтиҳоди бу танқидлардан устундир.
Имом Бухорийнинг сарлавҳада “Сунаниҳи ва айямиҳи” деб айтган сўзи, худди умумий нарсадан кейин хос нарсани айтишга ўхшайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг ичига суннатлари ва ўтган кунлари ҳам киради.
Бу асарнинг тўлиқ сарлавҳаси устида қилинган мулоҳазалардан шу нарса маълум бўладики, Имом Бухорийнинг асл мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган саҳиҳ ва ровийлар санади ишончли бўлган ҳадисларни тўплаш бўлган. Бу йўлда Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадис сўз ё феъл ёки иқрор бўлиш жиҳатидан бўлишини фарқламаган. Аммо, унда мавқуф ва муаллақ ҳадислар ёки саҳоба ва тобеъинлар фатволарини келтириши асл мақсад учун эмас, балки саҳиҳ ҳадисларга эргашган ҳолда келтирган.