2020 йил 9 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотмаркази томонидан Туркиянинг Мармара университети профессори, доктор Умар Челик билан онлайн семинар ўтказилди.
Суҳбат давомида профессор, доктор Умар Челик қуйидаги асосий масалаларга тўхталди:
Имом Мотуридий ислом оламида муҳим ўринга эга шахсият ҳисобланади. Унинг илмий мероси мусулмон дунёсида катта аҳамиятга эга. “Таъвилотул Қуръон” тафсири эса таъвил жанрида ёзилган илк асарлардан бири ҳисобланади.
Мен Самарқандга борганимда Имом Мотуридийнинг қабрини зиёрат қилдим. Унинг туғилган, яшаб, ижод қилган жойларини ўз кўзим билан кўрдим. Бу сафарим мен учун жуда таассуротли бўлган эди.
“Таъвилотул Қуръон” асарнинг Имом Мотуридийга тегишли эканини исботловчи бир неча омиллар бор. Жумладан:
– Имом Насафий ўзининг тафсирида “Таъвилотул Қуръон” Имом Мотуридийга тегишли эканини алоҳида таъкидлаган;
– “Валлоҳу аълам”, “Ва лиллаҳит тавфиқ” сўзларининг “Таъвилотул Қуръон” ва “Тавҳид” асарида бир хил қўлланиши;
– “Тавҳид” ва “Таъвилотул Қуръон” асарларида ўхшаш жойлар, бир хил қарашлар ниҳоятда кўп.
“Таъвилот”нинг бугунги кунда 40 та қўлёзма нусхалари сақланиб қолган. Шулардан 32 таси Туркия кутубхоналарида мавжуд.
“Шарҳу Таъвилотул Қуръон” асари ўта мураккаб. Балки шунинг учун унинг замонавий нашрига қўл урилмагандир. Биз Туркияда уни таржима ва нашр қилишга киришган эдик, бироқ мураккаб ўринлари кўплиги учун ҳозирда бу иш ниҳояланмади.
“Таъвилотул Қуръон” асари Фотима Хаймий, Юсуф Босаллум, Бакр Тўпол ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли каби бир қатор олимлар тарафидан ўрганилган. Бу учта нашр ичида Бакр Тўпол ўғли ва Аҳмад Вонли ўғлининг таҳқиқи энг мукаммалидир. Чунки у олдинги икки олим ишларидан кенг фойдаланган. Улардаги камчиликларни тўлдирган. Шунинг учун бу учта нашр ичида хилма-хилликлар мувофиқлаштирилгани Бакр Тўпол ўғли ва Аҳмад Вонли ўғлининг таҳқиқидир.