Home / МАҚОЛАЛАР / СAМAРҚAНДДA ТУРИЗМНИНГ РИВОЖЛAНИШИ

СAМAРҚAНДДA ТУРИЗМНИНГ РИВОЖЛAНИШИ

Иқтисодиётнинг ноишлаб чиқариш соҳаси бўлмиш туризм маданий хордиқ чиқариш учун энг қулай соҳа ҳисобланади. Туризм соҳасидан тушган маблағ жаҳоннинг қатор давлатлари (Испания, Италия, Греция, Туркия, Франция ва б..) даромадининг маълум қисмини ташкил этади. ХХI асрга келиб кўпчилик шахслар бўш вақтларини самарали ўтказиб, дам олишга, соғлигини тиклашга келишлари билан бирга, дунёнинг бой тарих (меъморий обидалар ва музейлар, халқларнинг урф – одатлари, қадриятлари) ини билишга интилиши ҳам кучаймоқда.

Қатор тадқиқотчилар туризмнинг жамият ривожидаги аҳамиятини атрофлича ўрганиб, бу соҳа ривожи учун ўз муносабатларини билдирганлар. Aлександров A.Ю, Биржаков М.Б, Маринин М.М каби олимлар туризм соҳасини кенг таҳлил қилиб иқтисодий томонларини чуқурроқ ўрганганлар.[3, 4, 5, 6] Шунингдек, туризм соҳаси сиёсий ва маънавий ютуқларни ҳам қамраб олишини алоҳида таъкидлаш мумкин.  Буни жаҳон давлатлари қатори Ўзбекистон мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ўзбектуризм миллий компанияси томонидан ишлаб чиқилган классик туризм йўналиши бўйича хориждан келган меҳмонларни Хива, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларига уюштираётган саёҳати бунинг далилидир. Ушбу туристик йўналиш энг қадимги ёдгорликлар, тарихий-маданий обидаларга ташриф  буюриш билан боғлиқ бўлиб, саёҳатчиларга халқимиз қадриятлари билан танишиш имкониятларини бермоқда. Aждодларимиз қолдирган бой тарих, қадамжолар ва ўтган асрларда қурилган тарихий обидаларга ёзилган Қуръон оятлари, ҳадис ва ҳикматлар барчанинг диққатини бирдек ўзига тортмоқда.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳасида йўналтирилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши соҳа ривожига катта имкониятлар яратди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019-йил 5-январдаги ПФ-5611-сон Фармонига 2019 — 2025-йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепсияси ишлаб чиқарилди.[7]  Чет эллик сайёҳлар учун виза режими ҳамда давлатимизда бўлиш қоидалари ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш тартиби соддалаштирилгани, туризм инфратузилмасининг ривожланишига имкониятларни кенгайтирди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон туристик ташкилоти (WТО) га аъзо (1993 йил) бўлиб, 1999 йил 20 августда “Туризм тўғрисида”ги қонунини қабул қилиши – Туризм соҳасининг ҳуқуқий асосини яратилишига асос бўлди. 2004 йил Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон Туристик ташкилотининг доимий идораси очилди. [2] Ушбу тартиб ва имкониятлар археологик ҳамда маданий ёдгорликларга бой Самарқандни туризм маркази сифатида ривожланишида замин бўлди.

Тарихга бир назар ташласак, Самарқанд шаҳри дунё маданияти ва фани ривожида муносиб ўринга эга. Самарқандда Марказий Осиё халқларининг бир неча минг йиллик тарихи, миллий давлатчилик анъаналарини ўзида мужассам этган қадимий ва замонавий маданиятлар уйғунлашган.

Зарафшон ҳавзасининг ўрта воҳасида жойлашган Самарқанд ўзининг табиий-жўгрофий жойлашиши, ширин мевалари, зилол суви, меҳмондўст-бағрикенг халқи ҳамда савдо имкониятлари билан азал-азалдан жаҳон эътиборини ўзига тортиб келган. Мисол, VII аср бошларида Ўрта Осиёда бўлган хитойлик элчи Вей Цзе: “Самарқанднинг барча аҳолиси моҳир савдогар; бола беш ёшга кириши биланоқ унга савод ўргата бошлайдилар, ўқишни билиб олганидан сўнг уни савдо ишларини ўрганишга мажбур этадилар” – деб эътироф этган.[1-б.11]

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд дунё цивилизацияси бешикларидан бири сифатида, савдо маркази бўлиши билан биргаликда, маърифат ва маданият маркази ҳам бўлган. “Aвесто” да –аҳолиси кўп, чорвага бой Суғд мамлакати марказий шаҳарларидан бўлган Самарқанд аҳолиси деҳқончилик ва ҳунармандчилик ривожланган ҳудуд сифатида тарихда муҳрланган. Шаҳардан ташқарида, яъни работда темирчилар, кулоллар, ойнасозларнинг устахоналари жойлашган. Aмалга оширилган қурилиш ишлари натижасида Бибихоним Жомеъ масжиди, Улуғбек, Шердор мадрасалари ва Тиллакори масжидининг бунёд этилиши асрлар давомида Самарқанднинг маданий аҳамиятини оширган. Бу шарт-шароитлар Самарқандга илм талабида қўшни ҳудудлардан кўплаб илми толибларнинг келишига сабаб бўлган. Алломаларнинг ёзган китоблари, қолдирган бой мерослари Самарқандни дунёдаги нуфузини оширган. Самарқандга келаётган сайёҳлар сонининг йилдан-йилга ошиши, уларга хизмат қилувчи инфратузилмаларнинг такомиллашганидандир. [8]

Замонавий туризм хизмати учун кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасида Олий ўқув юртлари ва уларнинг қошида таълим муассасаларининг ташкил этилиши соҳа ривожида кенг имкониятлар яратилишига хизмат этмоқда. Ўзбекистон Президентининг Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм университети (2018 йил 28 июн,  3815-сонли қарори)нинг ташкил қилиниши бунга мисол бўла олади. Шунингдек, Самарқанд Давлат Университети, Самарқанд Чет тиллар институти, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтида етишиб чиққан кадрлар туризм соҳасида фаол хизмат кўрсатиб, соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу таълим муассасаларида билим олган талабалар турли йўналишда туризмни ривожланиши учун хизмат қилмоқдалар.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, замонавий аэропорт, савдо шахобчалари, маданий дам олиш уйлари, асраб-авайланган бой маданий меросни замон талабига мослаштирмай туриб халқаро туризмни ривожлантириб бўлмайди. Шу ўринда, туризм соҳасининг ривожи учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

-Самарқанддаги туристик фирмалар ўз имконият ва хизматлари ҳақида интернет тизимида, яъни сайтларида турли тиллардаги маълумотлар билан бойитиш;

– имкониятдан келиб чиқиб барча тарихий меъморий обида ва зиёратгоҳларда музейлаштириш ишларини амалга ошириш;

– бепул Wi-Fi зоналарининг хизмати ва сифатини яхшилаш;

– Самарқанддаги барча меъморий обидаларнинг иновацион технологиялар асосида 3D моделини босқичма-босқич ишлаб чиқиш ҳамда QR  тизимини йўлга қўйиш;

Ушбу тартибларни амалга оширилиши туризм соҳаси тараққиёти билан бирга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон қалбида давлатимиз имкониятлари ва халқимиз қадриятлари ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайишига хизмат қилади.

Эргашев Сухроб Мухиддинович
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музей илмий ходими
Эргашев Мансур Мухиддинович
19-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси
 Фойдаланилган адабиётлар
  1. “Самарқанд тарихи” масъул муҳаррир И.М.Муминов. Ўзбекистон ССР “Фан” нашриёти. I том. Т-1971. www.ziyouz.com кутубхонаси.
  2. “ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ” 8-том. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т-2014
  3. Александров А.Ю. “Международный туризм”. Уч.пособие для вузов.- М.: Аспект Пресс, 2000 г.
  4. Биржаков М.Б. “Введение в туризм”. С.Пб.: Издательский Торговый Дом “Герда”, М-2004 г.
  5. “Лицензирование и сертификацие в туризме”. Учебное пособие Дехтярь Г.М.: Финансы и статистика, М-2003 г.,
  6. Маринин М.М. “Туристские формальности и безопасность в туризме”. М-2000 г.

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …