Home / МАҚОЛАЛАР / ЗАМОНАВИЙ ХАВОРИЖЛАР ҲАҚИДА ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИ-С-САЛОМ ХАБАРЛАРИ

ЗАМОНАВИЙ ХАВОРИЖЛАР ҲАҚИДА ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИ-С-САЛОМ ХАБАРЛАРИ

Ислом дини жамиятни маълум бир тартибга солиш ва  инсониятнинг икки дунёдаги ҳаётини гўзаллаштириш учун нозил қилингандир. Аммо, соф исломий эътиқодни нотўғри талқин қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида диндан фойдаланиш оқибатида мусулмонлар орасида турли фитналарни келиб чиқиши тарихда ҳам ҳозирда ҳам мавжуд бўлган кўз юмиб бўлмас ҳолатдир. Аслида, бундай бузғунчи кайфиятдаги фирқаларга Ислом дини қандай қарайди? Асл исломий моҳият нималардан иборат? Диндан баъзи бир кишилар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши, жамият учун ўта хатарли ишлардан бири эканлигини жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматини огоҳ этадилар. Мусулмонлар жамоаси адашиб залолатга кетмаслиги учун бу каби турли хил фитначи оқимларнинг чиқиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 14 аср муқаддам ўзларининг ҳадиси мубораклари орқали башорат берган эдилар. Қуйида шундай ҳадислардан бирини шарҳлаган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик;

وعن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : » إن أناسا من أمتي سيتفقهون في الدين ويقرءون القرآن يقولون نأتي الأمراء فنصيب من دنياهم ونعتزلهم بديننا ولا يكون ذلك كما لا يجتنى من القتاد إلا الشوك كذلك لا يجتنى من قربهم إلا – قال محمد بن الصباح : كأنه يعني – الخطايا » . رواه ابن ماجه

Абдуллоҳ ибн Аббосдан[1] ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менинг умматим орасида бир тоифаси динда жуда тез илм ҳосил қиладилар ва Қуръон ҳам ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб, уларнинг молу давлатларини тортиб оламиз ва ўзларини кофир деб эълон қиламиз, – дейдилар. Бундай қилиш мумкин эмас! Тикангулдан тикандан бошқа ҳосил олиб бўлмаганидек, уларга яқин бўлишдан фақат хатолар ҳосил бўлади.”[2]

Ҳадиснинг умумий маъноси: Эътиқодимиз, бажарадиган амалларимиз ёки ақлимиз амал қиладиган ишларнинг энг тўғриси Аллоҳ ва расули кўрсатган йўлдан юрмоқдир. Шунингдек, Аллоҳ буюрган ҳаққа эргашиш ёки ботилдан қайтиш билан бир қаторда турли адашган фирқалар ва уларнинг иддаоларини билиш ҳам бизга вожиб бўлади. Аммо ислом дининг асл моҳиятидан бехабарлик, диний ақидаларни шахсий қарашлар ва ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш ортидан ислом динига эътиқод қилувчилар орасида турли хил оқимлар ҳам юзага келади. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уммати ичида пайдо бўладиган ана шундай фирқалар чиқиши ҳақида хабар бериб, уларнинг зараридан эҳтиёт ва огоҳликка чақириб: “Менинг умматим орасидан бир тоифаси динда жуда тез илм ҳосил қиладилар ва Қуръон ҳам ўқийдилар” дедилар.  

Яъни, уммати орасидан динни жуда тез ўрганганлиги сабабли оят ва ҳадисларни асл маънодан бошқача талқин қиладиган, бошқача эътиқод қиладиган, бузуқ фикрли бир фирқалар пайдо бўлади. Ислом динида илк пайдо бўлган ана шундай тоифалардан бири хаворижлар бўлган. Улар диний билимларни пухта эгалламасдан туриб, Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилишади, улардан фақат ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръонни фақат ўз фикрига суяниб тафсир қилса, агар тўғри тафсир қилса ҳам хато қилибди,”[3]– деб Қуръон оятларини тафсирида фақат уммат уламолари сўзига қулоқ солишга буюрганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: “Улар: Бошлиқларимизга бориб, уларнинг молу давлатларини тортиб оламиз ва ўзларини кофир деб эълон қиламиз, – дейдилар” ибораси билан уларнинг асл мақсадлари дин эмаслиги хабар қилмоқда.

Айнан уларнинг мана шу ақидаларига қарши Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида “Мусулмон кишини ўлдириш кофирликдир, уни ҳақорат қилиш эса фосиқликдир, молининг ҳаромлиги қонининг ҳаромлиги билан баробардир”, деганлар.[4]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини давомида: “Бундай қилиш мумкин эмас!” дедилар. Чунки, Ислом динида бировнинг ҳақига тожовуз қилиш, босқинчилик ҳаром қилинган. Бу ҳақда бир қатор оятлар ҳам ворид бўлган:

“Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳақингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” (Бақара, 188).

“Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки, ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир.” (Нисо, 29-30).

Дин аҳкомлари ҳақида қисқа фикрлайдиган ва бу ҳукмларни ўзларининг ҳавою ҳаваслари йўлида фойдаланадиган кишилар Расули акрам ҳаром деб айтсаларда, бировнинг молу давлатини ўзларига ҳалол санамоқдалар. Бу иддаолар тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони каримга ва У зотнинг элчиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқишдир. Дин аҳкомлари хусусида уламо ва ҳукамолар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: “Ҳазрат Али Расулуллоҳдан: “Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдан ҳукми бўлмаган бирор иш содир бўлса нима қиламиз?” деб сўраганларида Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар: “Мўминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар”.

Тикангул дан тикандан бошқа ҳосил олиб бўлмаганидек, уларга яқин бўлишдан фақат хатолар ҳосил бўлади.”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги ҳамма ўсимликлар ҳам инсонга фойда бермаганидек, дин номидан сўзлагувчи ҳар бир кас ҳақ йўлга етакламаслигини жуда аниқ ва чиройли тарзда тушунтириб бердилар. Ундай бузуқ ниятли кишиларга эргашиб залолатга кетиб қолишдан эҳтиёт бўлиш ҳар бир мусулмон кишининг айни бугунги кундаги долзарб бурчидир.

Ҳадис ва унга берилган шарҳлардан ислом дини фирқаланиш ҳамда диндан турли хил вайронкор ғояларни амалга оширишда фойдаланиш қатъиян қарши эканлиги маълум бўлади, аксинча ислом дини бағрикенгликка, тинчликка ва ўзаро меҳр-муҳаббатга чақиради, зеро, Расулуллоҳдан  “Динларнинг қайсиси Аллоҳ таолога маҳбуброқдир, деб сўралганда “Тўғрилик ва бағрикенгликдир”,  деб жавоб бердилар.

Нодир Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Абдуллоҳ ибн Аббос – Абдулоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб – 619м.й.да Макка шаҳрида таваллуд топган, 686 м.й.да Тоифда вафот этган. Машҳур саҳобий, умматнинг етук муфассири,  фақиҳ олими, ундан 1160 дона ҳадис ривоят қилинган.
[2] Имом Табризий Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. Мишкату-л-масобиҳ. Китабу-л-илм. 262-ҳадис.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал-Қазвиний. Сунан Ибн Можа. 264-ҳадис. 310-б.
[3] وعن جندب قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : » من قال في القرآن برأيه فأصاب فقد أخطأ » . رواه الترمذي وأبو داود
[4] Имом Табароний ва Абу Убайд Қосим ибн Саломлар ривояти. Ушбу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Масъуд, Саъд ибн Молик ва бошқа бир қанча саҳобалар ривоят қилишган.
 عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : « قتال المسلم كفر وسبابه فسوق و حرمة ماله كحرمة دمه

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …