Home / МАҚОЛАЛАР / IX аср ислом оламида илм-фан тараққиёти

IX аср ислом оламида илм-фан тараққиёти

Аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган миллий истиқлолга эришилганидан сўнг ижтимоий ҳаётнинг кўпгина соҳалари қатори маънавиятга, маданий меросга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Республикамизда босқичма-босқич амалга оширилаётган янгиланиш жараёни айниқса, маънавият соҳасида жадал давом этмоқда. Ёшлар онгида комилликка интилиш, аждодларимиз мероси, уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, умуман, маданият тарихига бўлган қизиқиш кучаймоқда.

Дунё цивилизациялари тарихида муҳим ўрин тутувчи ислом маданияти, илм фанининг шаклланиши ва ривожланишида Араб Халифалиги таркибига кирган барча халқлар қатори Марказий Осиё халқлари ҳам бениҳоя даражада улкан ҳисса қўшганлар. Ушбу маданият ва илм-маърифат юксалишига ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон аҳлининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, кенг миқёсда эътироф этилмоқда. Илм-маърифат ва маданият умуминсоний бўлиб, фақат бир халққа тегишли, фақат бир халқнинг ўзигина барпо қилган соф маърифат ва маданият бўлмайди. Ҳар бир миллий маърифат ва маданиятнинг асосий қисмини шу миллатнинг ўзи пайдо қилган бўлса-да, унда бошқа халқларнинг умуминсоний маърифат ва маданиятининг улуши ҳамда таъсири бўлади.

Кўп йиллар давомида шарқшуносликка оид адабиётларда VII-XI асрларда шаклланиб тараққий этган илм-маърифат ва маданиятни фақатгина араблар деб нотўғри талқин этиб келинди. Аслида эса бу маданият Араб халифалига таркибига кирган барча мамлакат халқлари томонидан рўёбга чиқарилган умумий маърифат ва маданият эканлигини, унда буюк аждодларимизнинг ҳам ҳиссаси буюк эканлигини эътироф этиш бугунги кунда ниҳоятда долзарбдир.

Мусулмон дунёсида пайдо бўлган маърифат ва маданий мероснинг нафақат Шарқ, балки Ғарб мамлакатларининг ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган роли, шунингдек, мусулмон илм-фани ва маданиятининг инсоният цивилизацияси ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини холисона ёритиш, уни тўлақонли тадқиқ этиш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.

IX асрга келиб ислом оламида илм-фан ўзининг юқори даражасига етди. Шу билан бирга мазҳаблар ва ғоявий-сиёсий оқимлар кучая борди. IX асргача давлат раҳбарларига қарши бормаган, ўзларини суннатга амал қиладиган ва жамоатдан ажралмайдиганлар гуруҳи суннийлар ёки “аҳли сунна вал жамоа” деб аталди.

 “Аҳли сунна вал жамоа” таркибига кирувчи фиқҳий мазҳаблар асосчиларининг икки нафари, Абу Ҳанифа, Имом Моликдан кейинги Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам IX аср бошларида ислом илм-фани ривожига катта ҳисса қўшишган. Шунингдек, ўша вақтда авж олган муътазила оқимига қарши жасорат кўрсатган алломалардан ҳисобланади.

VIII-IX асрларга келиб Ислом дини доирасида ақидавий ихтилофлар ҳам юзага келди. “Муътазила”, “жабарийя”, “қадарийя”, “мушаббиҳа” каби бир қатор адашган оқимлар юзага келгач, оддий мусулмонларга соф ақидани тушунтириб бериш эҳтиёжи туғилган эди.

Исмлари зикр этилган оқимларнинг бузғунчи ғояларига бир қатор аҳли сунна уламолари раддиялар берганлар. Натижада, мотуридия ва ашъария таълимотлари юзага келди. Бу таълимот соҳиблари ҳам IX-XI асрларда яшаб ижод қилган Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий ҳисоланади.

Ислом маданияти, илм-фани ривожининг энг юқори чўққиси Аббосийлар даврига тўғри келади. Давлат тузуми ва идорасими, урф-одатлар ва турмуш тарзими, маданият ёки меъморчилик бўладими, барча соҳаларда халифаликнинг шарқий вилоятлари, Эрон ва Мовароуннаҳрдан кўпроқ ибрат олинганини, бу минтақалардан чиққан арбобларга суянилганини кўрамиз.

IX асрда Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Яҳё ибн Абу Мансур, Холид ибн Абдумалик Марваррудий, Аҳмад Марвазий, Аббос Жавҳарий ва бошқалар астраномия фанига катта ривож қўшди. 

Муҳаммад Хоразмийнинг “Китабул жабр вал муқобала” рисоласи, алгебрик ҳаракат (ал-жабр) билан боғлиқ бўлган амалиёт номи билан ҳозирга қадар математиканинг бутун бошли бўлими “Алгебра” деб юритилади. “Ал-Хоразмий” номи ҳам математикага кирди.

Физика соҳасида Ибн Ҳайсамнинг хизматлари энг салмоқли бўлиб, у ўз замонаси оптикасининг ниҳоятда тўлиқ баёнини ишлаб чиққан, ҳозирги замондагига яқин бўлган кўз тузилиши ҳақида маълумотларни қўлга киритган эди. Абу Бакр Розий (854-925) ҳам физика, шунингдек, кимё, астрономия, тиббиёт билимдони ва алломаси бўлиб етишган эди.

Табобат доимо алоҳида эътибор билан тадқиқ этилган илмлар жумласига кирган. Бу фанга ҳам IX асрда катта эътибор қаратилди ва буюк алломалар тиббиётни ривожига катта ҳиссаларини қўшди.

Истилолар ва фатҳлар даврида араблар учун география улкан амалий аҳамият касб этган эди. География бўйича илк асар – “Китабул мамолик вал масолик” (“Мамлакатлар ва йўллар ҳақидаги китоб”) IX асрда қўлёзма ҳолида кўчирилган эди.

Тарих фани бўйича ҳам ўсиш даври бўлди. VIII-IX асрларда айрим истилолар ва Халифалик ҳаётидаги воқеалар қоғозга туширилди. IX-XI асрларда араб тарихнавислиги равнақ даврини бошдан кечирди.

Ислом маданияти тараққиётига фалсафий ва ижтимоий тафаккур ниҳоятда улкан таъсир кўрсатди. “Шарқ Арастуси”, “Иккинчи муаллим” номлари билан улуғланган Абу Наср Форобий (873-950)нинг қилган ижодини кўрсатиш мумкин.

Маъмун ва Муътасим биллаҳнинг саъй ҳаракати билан Мовароуннаҳрда Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар Ямон Жуъфий Муснадий (в. 229/843), Муҳаммад ибн Салом Пайкандий (в. 225/839), Абу Исҳоқ Сурморий, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий (в. 217/832), Яҳё ибн Жаъфар Бухорий Пайкандий (в. 243/857), Аҳмад ибн Наср Атакий Самарқандий (в. 245/859) каби буюк олимлар ислом таълимотларини ёйишда катта хизмат қилдилар.

Мовароуннаҳр минтақасида ҳадис илми билан боғлиқ исломий таълимотларнинг кенг тарқалишида икки буюк олимнинг хизмати катта бўлган. Улардан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Салом ибн Фараж Пайкандий (в. 255/839), иккинчиси Ҳофиз, Мужаввид Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Ямон Жуъфий Муснадий (в. 229/843)дир. Уларнинг иккиси ҳам Имом Бухорийга устозлик қилган.

Бу даврга келиб, дунёда энг машҳур бўлган тўртта олимнинг иккитаси мовароуннаҳрлик бўлган: “Дунёнинг ҳофизлари тўртта: Райда Абу Зуръ, Нисобурда Муслим, Самарқандда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий ва Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий”[1].

Ўлкада калом ва балоғат илмларининг илк асоси Аллома Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Самарқандий (в. 240/854) фаолияти билан боғлиқ. Бу даврда Мовароуннаҳр ўлкасида калом ва балоғат илми ҳам ривожланиш босқичига кирган эди.

Ҳадис билан бир қаторда тафсир илми ҳам секин-аста ёйила бошлади. Буни Заҳҳок ибн Музоҳимнинг ўлкада олиб борган фаолиятларида ҳам кўриш мумкин. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий (в. 181-255/797-869) Самарқандда бу вазифани давом эттирган. У Самарқандда ҳадис ва осор илмига асос солган ва ҳадисларни ҳимоя қилишда катта жонбозлик кўрсатган. Шу билан бирга, у комил муфассир ва олим фақиҳ инсон бўлган[2]. Демак, ҳижрий III асрга келиб, Мовароуннаҳр ўлкасида исломий таълимотлар ўз самарасини бера бошлаган. Ислом динининг илк таълимотлари Мовраоуннаҳр ўлкасида шу тарзда қарор топган.

Илм фаннинг бу даврда ривожланишининг асосий омилларига қарайдиган бўлсак, қуйидагиларни эътироф этиш мумкин. Халифаликдаги халқларнинг ягона Ислом динига эътиқод қилганлигидир. Ислом дини янги маданиятни асосини белгилаб берган ва Халифаликнинг барча халқларини унга эътибор қаратишга жалб этган. Бунда Қуръони карим ва ҳадислар ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Ўша даврдаги турли мамлакат халқларининг илғор маданияти имкон қадар бир-бирини бойитган. Бу ўринда ягона давлат тили – араб тилининг фақат Халифаликни ташкил этган халқлар ўртасида алоқа тилигина бўлиб қолмай, адабиёт ва илм-фан тилига ҳам айланганлиги катта рол ўйнаган. Буюк алломалар қайси халқ вакиллари бўлмасин, араб тилида ижод қилганлар. Бу омил халифалик таркибидаги турли халқларга бир-бирининг маданияти ютуқларидан фойдаланишга имкон берган.

Ислом инсоният тарихига энг мустаҳкам ҳисса қўшди, илм ривожининг ўша давр учун олий бўлган чўққига кўтарилишини таъминлади. Бу тараққиёт фақат Шарқ халқлари манфаатларига хизмат қилмай, умум маданият, цивилизация ривожига хизмат қилди. Хусусан, Марказий Осиё олимлари ислом илмларининг жозибадорлигига катта ҳисса қўшди. Умуман, бу давр олимлари бутун инсониятга хизмат кўрсатганлар. Ислом алломалари олиб борган тадқиқот натижалари ўлароқ, илм-фан Европага ўз таъсирини ўтказди. Ислом оламидаги илм-фаннинг ривожи иқтисодий, ижтимоий шароитни янада кўтарди ва умуминсоний цивилизацияга буюк хизмат қилди.

 Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

[1] Шамсуддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.10. – Байрут: Дорул фикр, 1991. – Б. 174.
[2] Шамсуддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.10. – Байрут: Дорул фикр, 1991. – Б. 174-175.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …