Жорий йил 30 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш, шунингдек янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун Кенгаш аъзолари томонидан муҳокама қилинди.
Ушбу Қонун халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕҲХТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Қонун лойиҳасига киритилган бир қатор янги моддалар ҳақида Кенгаш аъзоларига батафсил маълумот берилди ва ўзаро фикр алмашилди. Улар қуйидагилардан иборат:
✔️ дин соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилиши;
✔️ диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари хусусидаги қўшимча моддалар киритилиши;
✔️ диний ташкилот таъсисчилари сонининг 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилиши;
✔️ диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида таъсис ҳужжатларининг нотариал тартибда тасдиқлаш амалиётининг бекор қилиниши;
✔️ диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг аниқ асослари белгиланиши;
✔️ рўйхатдан ўтказувчи орган (адлия идоралари)нинг диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича ваколатининг бекор қилиниши;
✔️ диний ташкилот фаолиятининг фақат суд қарори асосида 6 ойгача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиш амалиётининг киритилиши;
✔️ диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш амалиётининг бекор қилиниши.
Кенгаш аъзоси – Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий бу борада шундай деди:
– Кенгашнинг ушбу йиғилишида фаолиятимиз учун муҳим бўлган қатор масалаларни муҳокама қилдик. Жумладан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун бўйича ҳам ўзаро фикр алмашдик. Эътироф этиш керак, бугун Ўзбекистонда биз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирамиз”.
Шунингдек, учрашувда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бўлган эътибор йилдан-йилга кучайтирилаётгани, бу, айни пайтда, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топгани қайд этилди. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам уларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
– Пандемия шароитида бизнинг саломатлигимизни ўйлаб кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида бугунги учрашувда алоҳида суҳбатлашдик. Биз ҳам ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз иш фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Конфессиялар Кенгаши йиғилишида кўплаб масалаларни муҳокама қилдик, хусусан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун ҳақида атрофлича маълумотлар олдик. Ҳар бир бўлим ва банд бўйича фикр алмашдик. Албатта, бу келгуси фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади” – деди, Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Мацулевич.
Учрашув якунида барча диний конфессия раҳбарларига Конфессиялар кенгаши аъзолиги гувоҳномаси топширилди.