Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШЛАРГА МАНИПУЛЯТИВ ТАЪСИР КЎРСАТИШДА ИНТЕРНЕТНИНГ ЎРНИ

ЁШЛАРГА МАНИПУЛЯТИВ ТАЪСИР КЎРСАТИШДА ИНТЕРНЕТНИНГ ЎРНИ

Жорий йил 15 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан онлайн тарзда “Интернет орқали радикаллашув: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Унда юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият юритаётган ташкилотлар, таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари тадқиқотчилари ва мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг афзаллик ва қулайликлари, шу билан бирга бугунги ахборот маконида унинг мавжуд хатарлари хусусида сўз юритилди. Мутахассислар томонидан шу ва мавзу доирасидаги бошқа масалалар ҳақида маърузалар қилинди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев “Ёшларга манипулятив таъсир кўрсатишда интернетнинг ўрни” номли илмий мақола билан иштирок этди ва маъруза қилди.

        Мазкур мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Кейинги пайтларда ёшлар орасида шаклпарастлик, буюмпарастлик, либоспарастлик, ғарбона ҳаёт тарзига тақлид қилиш, миллий ғурур ва ориятдан бегоналашиш каби негатив тенденциялар яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг асосий сабаби, бундай ёшларнинг онгига Интернет сайтларининг негатив йўналишдаги манипулятив таъсири.

“Манипуляция” тушунчасига берилган таърифларни қараб чиқсак Оксфорд инглиз тили луғатидаги қуйидаги таърифга кўзимиз тушади: «Одамларга таъсир ўтказиш ёки уларни усталик (айёрлик) билан бошқариш, айниқса, уларга нописандлик билан (“тақдиринг қўлимда” деган ишора қилиб), пинҳоний бошқариш ва ишлов бериш ҳаракати»[1]. Бошқа бир таъриф (психолог Л.Пляханинг таърифи) бўйича “Манипуляция – бу кимгадир ёки нимагадир шахсан таъсир кўрсатишнинг ҳар қандай кўринишидир”[2]. Социолог олим Элёр Ибрагимовнинг маънавий-руҳий шаклдаги таърифига кўра: Маънавий-руҳий манипуляция деганда кишиларнинг маънавий қиёфаси, руҳияти ва фаолиятини мақсадни ошкор қилмаган ҳолда махфий, алдов ёки мажбурлаш тактикалари ёрдамида ўзгартиришга қаратилган маънавий, руҳий таъсир типи тушунилади»[3]. Бу таърифлардан кўриниб турибдики кимгадир, нимагадир атайлаб таъсир кўрсатиш усули манипуляция деб таърифланмоқда.

Манипуляция жараёнидада учта жиҳат кўзга ташланади: биринчидан, манипуляция объекти, яъни манипуляция қурбони; иккинчидан, манипуляция қилувчи субъект – манипуляциядан манфаатдор томон ва учинчидан, манипуляция натижаси (оқибати) кўзга ташланади. Демак, бундан шундай хулоса қилиш мумкин: бирор мақсадга эришиш учун, яъни манфаатдор шахснинг манфаатини қондириш учун, муайян шахсга, қурбонга, алдов (чалғитиш) йўли билан таъсир қилиб, мақсадига эришишда қўллаган усули – манипуляциядир. Шу жиҳатдан, кимки бошқа бир шахсни алдов йўли билан қармоғига илинтирса, ўша шахс бу шахсни манипуляция қилган ҳисобланади. Циркдаги кўзбойлағич томошабинни манипуляция қилади, лекин буни сиз алдов эканлигини сезиб турасиз. Қассоб чаққонлик билан лаҳм гўштга суяк ўраб беради, уни сиз сезмай қоласиз. Аниқроғи, уйга боргач, кейин сезасиз ва сизни лақиллатганлигини англайсиз. Буларнинг барчаси манипуляциядир.

Элёр Ибрагимов манипуляциянинг учта муҳим жиҳатини таъкидлаб ўтган:

Биринчидан, манипуляторнинг асл мақсади ошикор қилинмаслиги;

Иккинчидан, унинг маҳфий, яширин, пинҳоний тарзда амалга оширилиши;

Учинчидан, унинг алдов йўли билан ёки мажбурлаш, қўрқитиш, ваҳимага солиш йўли билан амалга оширилиши[4].

Манипуляция натижасида (оыибатида) шахснинг, қадрият мўлжаллари, мафкуравий, ахлоқий, маънавий мезонлари, миллий қадриятларга (ота-онага, оилага, ватанга) муносабати ўзгаради. Бу ҳолат эса манипуляция суъектининг яширин мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай шароитни вужудга келтиради.

Манипуляция субъектлари манфаатдор давлат, маълум ижтимоий мақсадларнинг кўпчилик кишилар томонидан қўллаб-қувватланишини истовчи сиёсий кучлар; трансмиллий корпорациялар, жиддий моддий ва молиявий имкониятларга эга бўлган фирма ҳамда компаниялар; ўз ижтимоий мавқеини оширишга уринаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар; таъсир доирасини кенгайтириш илинжида бўлган турли мафкуравий кучлар, мафкура идеологлари, ғоявий-экстремистик марказлар бўлиши мумкин?

Булардан ташқари, бугунги кунда жаҳонни ягона мафкуравий, сиёсий, ғоявий манфаатлар остида бирлаштиришга уринаётган таранснациональ уюшган мондиалистик кучлар бутун дунёда ҳамманинг устидан ҳукмронлик қилувчи ягона ҳукумат тузишга интилишмоқда. Уларнинг мақсади ер юзидан ҳар қандай лисоний, миллий, этник, диний, конфессионал ўзига хосликларни супуриб ташлаш, ягона тил ва ягона мафкура остида бирхиллашган дунёни мажбуран жорий қилиш. Бу мақсадни интернет-сайтлари воитасида турли хил манипуляцион усуллар билан амалга оширишни режалаштиришмоқда.

Бу усуллар айниқса ХХI асрда интернет сайтлари орқали интенсив равишда амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги манипуляция усулини амалга оширишда ёшларнинг қизиқувчанлиги, янгиликка, модага, ўзини намойиш қилишга интилувчанлигидан, уларнинг тажрибасизлиги ва мафкуравий иммунитети заифлиги ёки дунёқарашининг торлиги, миллий мафкурага садоқатининг сустлиги, миллий қадриятлардан бегоналашганлиги каби омилларга таянишади. Бу омиллар мондиалистик кучлар учун ёшларни ўз мақсадлари сари етаклаш учун энг қулай имконият яратади.

Бу кучлар учун ватанпарварлик, миллатпарварлик, миллий ғурур, миллий шаън, ахлоқий маданият, инсонпарварлик, ота-она, оила ва маҳалла қадриятлари, маънавият “халақит берувчи” омиллар ҳисобланади.

Бу кучлар халқларни, миллатларни, диний конфессияларни бир бирига қарама-қарши қилиб гиж-гижлашга, миллатлар аро диний конфессиялараро можаролар авж олишидан манфатдордир.

Улар ёшлар орасида ижтимоий тармоқлар воситасида зўравонликни, ахлоқсизликни, шафқатсизликни, ёвузликни, антигуманистик туйғуларни тарғиб этишга, ёшларни манқуртлаштиришга, зомбилаштиришга интилишмоқда. Турли хил диний-экстремистик жангари гуруҳлар тузиб, тинч яшаётган мамлакатларда иғвогарлик фитналарни қўзғашга ва бу жангари кучлар сафини зомбилашган ёшлар билан тўлдиришга интилишади. Интернет орқали узоқдаги объект онгига манипуляцион таъсир ўтказишда хилма хил воситалардан фойдаланишади.

Манипуляцион технологияларнинг интернет воситасидаги таъсири натижасида айрим ўзбек йигит ва қизларининг дунёқарашида содир бўлаётган ўзгаришларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Манипуляцион технологиялар таъсирида дунёқарашида салбий ўзгаришлар содир бўлган айрим тоифадаги йигит ва қизлар ҳақида сўз юритганда, бундай ёшлар дунёқарашининг Интернет сайтлари орқали маънавий-руҳий манипуляция қилиниши жиддий негатив оқибатларга олиб келмоқда.

Манипуляция натижасида анъанавий ижтимоий билимларга иштиёқсиз, ғарбона ижтимоий билим ва идеалларга мойил ёшлар гуруҳи пайдо бўлмоқда. Трансмиллий корпорацияларнинг истеъмолчилик психологиясини шакллантиришга қаратилган манипулятив ҳаракатлари, турли хорижий сиёсий институтларнинг геосиёсий мақсадларга бўйсундирилган манипуляцион технологиялари, Европада фаолият кўрсатаётган қатор ижтимоий институтларнинг ғарбча турмуш тарзини сингдиришга йўналтирилган тадбирлари айрим йигит ва қизларнинг жамият ҳақидаги анъанавий билимларга бўлган иштиёқини сусайтирмоқда; ёшларнинг билим олиш ва билимларни ўзлаштиришдан чалғитилиши, махсус китоблар, фильмлар, маълумотлар орқали истеъмолчилик, молпарастлик, бугунги кун билан яшаш кайфиятининг сингдирилиши – эътиқоди ўзгарувчан, беқарор йигит ва қизлар тоифасини ҳам юзага келтирди; реал воқеликка мос бўлмаган кайфиятдаги ёшлар пайдо бўлди, ёшларнинг баъзи вакилларида дунёқараши, ижтимоий фаолияти мотивлари миллий қадриятлардан бегоналашиб қолди. Натижада миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизга хос бўлмаган, ғайри ижтимоий қилиқларга мойил йигит ва қизлар пайдо бўла бошлади (лесбиянка, бир жинсли никоҳ, жинсини ўзгартиришга мойиллик ва ш.к.).

Ёшларни интернет сайтларининг манипулятив таъсиридан ҳимоялаш учун қуйидаги таклифларни илгари сурамиз:

  1. Ёшларнинг мафкуравий иммунитетини тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Иммунитетга эга ёшларга манипулятив таъсир қилиш қийинлашади.
  2. Ёшларда интернет сайтларидан фойдаланиш маданиятини тарбиялаш, яхши билан ёмоннинг фарқига бориш фаросатини кучайтириш лозим.
  3. Ватанпарварлик тарбияси ва соғлом эътиқод учун курашишни кундалик маърифий вазифага айлантириш лозим.
  4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Миллий мафкурани илмий жиҳатдан ҳимоялашга оид тадқиқотлар олиб борувчи фалсафа институтини қайта тиклаш лозим.
Бахтиёр ТЎРАЕВ,
Фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази
директори маслаҳатчиси
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотм маркази
матбуот хизмати
[2] Любовь Пляка (канд.психол.наук, доцент, практический психолог высшей категории).
[3] Ибрагимов Э.Ҳ. Маънавий-руҳий манипуляциянинг ёшлар дунёқарашига таъсири. 09.00.04 – ижтимоий фалсафа ихтисослиги бўйича фалсафа фанларидан фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. Самарқанд, 2020. Б.10.
[4] Ўша манба. Б.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …