Home / МАҚОЛАЛАР / СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Бугунги кунда мусулмонлар ўртасига нифоқ солаётган, аҳли сунна вал жамоа бирдамлигига путур етказишга уринаётган оқимлардан бири шубҳасиз сохта салафийлардир. Бу оқим аъзолари Ислом динидаги ҳукм ва фатволарни замон тақозосига кўра эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда тадбиқ этишга чорлайдилар, ўн тўрт асрдан бери Исломнинг буюк алломалари, фақиҳу-мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

“Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони англатади.  Диний истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил ичида яшаб Ислом динига хизмат кўрсатган олимларга “салафи солиҳлар” дейилади. Ҳозирда эса баъзи кимсалар шариат ва суннат чегарасидан қутулмоқлик учун ўзларини “салафийлар” деб номлаб,  “салафи солиҳлар”нинг ҳақиқий издошлари эканларини даъво қилмоқдалар.

Сохта салафий оқимига кирган инсон ўз нафсига эрк бериб юбориши мумкин.  Улар илмсиз, оми кишиларни ўзларининг залолат ва ёлғонлари домига тортиш учун турли  алдов йўлларини ишга соладилар.

 Бу оқимнинг бошқалардан ажралиб турувчи жиҳати шуки, улар машҳур солиҳ салафларнинг ҳақ мазҳабини инкор қиладилар, бироқ шунга қарамай мусулмонларни, мутафаккир ва уламоларни яхши кўрамиз, уларни ниҳоятда ҳурмат қиламиз деб алдашга уринадилар. Улар шунингдек, ўзларининг сохта даъволарини (бузиб кўрсатаётган далилларини) тасдиқлаш учун уламоларнинг фикрларидан баъзиларини танлаб, тўғри келадиган, “керакли” жойларини ҳужжат қилиб олиб, ҳали ислом дини ҳақида маълум тасаввур ва илмга эга бўлмаган, унинг соф таълимотини ўзлаштирмаган, соғлом фикр ва дунёқараши шаклланиб улгурмаган айрим ёшларимиз ўртасида тарғиб этишга уринишмоқда.

Салафийлар мазҳаб имомларига эргашишни, яъни тақлид қилишни қоралайдилар. Салафийлик оқими аъзолари солиҳ салафларимизга ўзларини эргашгандек кўрсатиб, аслида найранг ишлатадилар. Яқинроқ танишсангиз, ўзларини салафийлар деб аташса-да, уларнинг солиҳ салафларга эргашмаётгани фош бўлади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, салафлар бу саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлардир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича баён қилганлар:

“Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики,  уларнинг  гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”. (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсизлик билан ёндошадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)

Айтиш жоизки, барча мужтаҳид имомлар (тўрт имом ва бошқа мужтаҳидлар) қуруни салаасага мансубдирлар. Солиҳ салафларимиз ана ўша зотлардир.Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Агар “салафий”лар солиҳ салафларни яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз деб айюҳаннос солаётган бўлсалар, нима учун ўша солиҳ салафларга тақлидни қоралайдилар?

“Салафий”лар оқимининг имомлари бўлган Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм раҳматуллоҳи алайҳима эса (салафийлар буни очиқ айтишмайди) солиҳ салафлар қаторига кирмайдилар. Кимларни салафлар дейиш мумкинлигини билиш учун бу улуғ зотлар яшаб ўтган даврларни келтирамиз:

Имом Абу Ҳанифа ҳижрий 80 йил;

 Имом Молик ҳижрий 94 йил;

 Имом Шофеъий ҳижрий 150 йил ;

Имом Ханбал ҳижрий 164 йил.

Мазҳаб имомларининг тўрттовлари ҳам Исломнинг дастлабки даврида яшаб ўтганлар. Шунинг учун ҳам уларни солиҳ салафлар деймиз. Қуръон ва суннатда эргашишга буюрилган зотлар ана ўшалардир. Ибн Таймийя ҳижрий 661 йилда, Ибн Қайюм эса ҳижрий 691 йилда туғилганлар, яъни улар имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳидан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, “салафий” оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, “салафий”лар бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қиладилар. Ҳақиқий солиҳ салафлардан бўлган мужтаҳид имомларга эргашувчилар танқид қилиб, жилд-жилд китоблар ёзишган.

Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлаймизки, ўзларини “салафийлар” деб атаётган тоифа аслида салаф уламоларимизга эргашишдан анча узоқдирлар. Айтиб ўтганимиздек, аввалги уч асрда ўтган уламолар салафлар бўлса, мазҳаббоши уламоларимиз айнан ўша давр вакилларидирлар. Агар сохта салафийлар даволарида ростгўй бўлганларида эди саҳобаларга эргашган, ҳар бир сўзини қуръон, суннат ва ижмо ила далиллаган мазҳаб соҳибларига эргашган бўлардилар.

Эргаш ОТАЖОНОВ  
 “Ҳўжа бобо” масжиди имом хатиби
/Хоразм вилояти/

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …